1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳаждаги баъзи истилоҳлар

11:00 / 14.06.2023 1707 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Қубайс тоғи – Масжидул Ҳаромнинг ёнгинасидаги тоғ. Сафо тепалиги ҳам аслида мана шу тоғнинг этагидаги кичкина бир тоғ ҳисобланади. Ҳозирда Абу Қубайс тоғининг устига подшоҳ саройи қурилган. ривоятларга кўра, Аллоҳ таоло дунёдаги барча тоғлардан олдин мана шу тоғни яратган. Нуҳ алайҳиссалом тўфонларидан сўнг биринчи бўлиб Абу Қубайс номли киши ўша тоғ тепасига уй қурган экан. Шу сабабли бу тоғ Абу Қубайс номини олган.
Айёмун наҳр – қурбонлик кунлари. Зулҳижжа ойининг ўнинчи, ўн биринчи, ўн иккинчи кунлари.
Бадана – етти киши номидан қурбонлик қилиш мумкин бўлган йирик жонивор. Буларга туя, мол ва қўтос киради.
Бақеъ – Мадинаи Мунавваранинг энг катта қабристони. У ерга минглаб саҳоба ва тобеинлар дафн қилинганлар. Унда ҳазрати Фотима, ҳазрати Усмон, ҳазрати Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳумларнинг қабрлари аниқ кўриниб туради.
Боби Абдулазиз – Масжидул Ҳаромнинг иккита катта минораси ўртасидаги катта дарвозалардан бири. Мана шу дарвоза орқали кириб келган одамнинг рўпарасида Каъбатуллоҳнинг рукни ямоний (Ҳажарул асвад ўрнатилган бурчакдан олдинги бурчак) қисми кўринади. Бу дарвозани Бобус-Суъуд ҳам дейилади. Масжидун Набавийнинг шарқий томонидаги учта дарвозадан бирининг номи ҳам Боби Абдулазиздир.
Боби Билол – Сафо тоғи билан Боби Абдулазиз дарвозаси ўртасида жойлашган бир минорали дарвоза.
Боби Жибрил – Масжидун Набавийдаги Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида кирадиган дарвоза. Мана шу дарвозадан ташқарига чиққанингизда рўпарангизда Бақиъ қабристони кўринади. Ичкарига кирганингизда ўнг тарафингизда (шимол томонда) асҳоби суффанинг турган жойлари, чап тарафда (жанубда) ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳонинг ҳужралари жойлашган.
Бобул умра – Масжидул Ҳаромнинг катта дарвозаларидан бири бўлиб, у ҳам иккита миноранинг ўртасида жойлашган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қазо умрани адо этгани келган вақтларида шу дарвозадан кирганлар.
Бобул фатҳ – Масжидул Ҳаромнинг энг катта дарвозаси. У иккита катта миноранинг ўртасида жойлашган. Макка фатҳ этилган куни ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳарамга мана шу дарвозадан кириб келганлар.
Бобул Фаҳд – Ҳарамнинг янги қисмидаги подшоҳ Фаҳд қурдирган дарвоза. У янги қисмдан чиқишдаги энг катта дарвоза ҳисобланади. Иккита катта миноранинг ўртасида жойлашган.
Бобун-нисо – аёллар эшиги. Бу дарвоза Масжидун Набавийнинг қадимий дарвозаларидан бўлиб, у Боби Жибрилдан сал нарироқда жойлашган. Аёллар масжидга мана шу дарвозадан киришади.
Бобус-салом – Масжидул Ҳаромнинг Сафо ва Марва орасидаги дарвозаларидан бири. Байтуллоҳга илк бор кираётган киши учун мана шу дарвозадан кириш афзалдир. Сафо ва Марва орасида жуда кўп дарвозалар бўлиб, уларнинг номлари ҳар бир дарвозанинг тепасига ёзиб қўйилган. Масжидун Набавийнинг ҳам бир дарвозаси мана шу ном билан аталади.
Вуқуф – луғавий маъноси «туриш» дегани. Ҳаж борасида эса, бу сўз ҳожиларнинг Арафот ва Муздалифада махсус тарздаги туришига нисбатан ишлатилади.
Дам – луғатда «қон» маъносини англатади. Истилоҳда эса шукрона учун ёки эҳромда тақиқланган бирор иш қилиб қўйганда жарима сифатида сўйиладиган қўй ёки эчкига айтилади.
Жабалун-нур (Нур тоғи) – Ҳиро тоғининг иккинчи номи.
Жабалур-раҳмаҳ (Раҳмат тоғи) – Арафот майдонининг ўртасидаги кичкина бир тоғ. У ерда қилинган дуолар ижобат бўлиши ҳақида хушхабарлар бор.
Жабалус-Савр (Савр тоғи) – Маккаи Мукарраманинг жанубида, ундан тахминан 5 км узоқликда жойлашган жуда катта тоғ. У тоғнинг чўққисидаги ғор Савр номи билан машҳур. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Мадинага ҳижрат қилаётган вақтларида мана шу ғорда Макка мушрикларидан яширинганлар. Мадинаи Мунавварада ҳам шу ном билан аталувчи кичик бир тоғ бўлиб, у Уҳуд тоғининг этагида жойлашган.
Жамарот ёки Жимор – луғатда майда тошларга айтилса-да кўчма маънода мазкур тошлар отиладиган жойларни ҳам шундай номлаш одат тусига кирган.
Жиърона ёки Жиъиррона – Маккаи Мукаррамадан тахминан 25 км узоқликда жойлашган қишлоқ. Саккинчи ҳижрий йилда бўлиб ўтган Хунайн ғазотидан тушган ўлжалар шу ерда тақсимланган.

Бу ер – Умра қилмоқчи бўлган маккалик кишилар эҳромга кирадиган мийқотлардан биридир.
Жуҳфа – Робиғ шаҳри яқинидаги вайронага айланган бир қишлоқ. Уни «Мақоми хариба» ва «Маҳяъа» ҳам дейилади. Ҳозирда унинг (Жуҳфанинг) қаерда жойлашгани аниқ эмас, шу боис одамлар Робиғдан эҳром боғлаб қўя қолишади. Бу жой Маккаи Мукаррамадан тахминан 187 км узоқликда жойлашган бўлиб, Шом, Миср, Жазоир, Судан, Болгария, Германия, Франция, умуман олганда, Байтуллоҳга Европа ва Африка мамлакатларидан қуруқлик йўли орқали келувчилар учун мийқотдир.
Замзам – Каъба яқинидаги қудуқ ва ундан чиқадиган муборак сув.
Зоти ирқ – Маккаи Мукаррамадан 90 км узоқликда жойлашган манзил бўлиб, Ироқ, Эрон, Хуросон, Марказий Осиё, Хитой, Монголия ва Россиядан қуруқлик йўли билан келувчиларнинг мийқотидир.
Зул-Ҳулайфа – Маккаи Мукаррамадан тахминан 420 км, Масжидун Набавийдан эса 15 км узоқликда жойлашган манзил бўлиб, Мадина аҳли ёки Байтуллоҳга Мадина орқали келувчиларнинг мийқотидир. Ҳозирги кунда уни «Обори Алий» ёки «Абёри Алий», баъзилар эса «Биъри Алий» деб ҳам аташади.
Изтибоъ – эҳром ридосини ўнг қўлтиқдан чиқариб, чап елкага ташлаб, ўнг елкани эса очиқ қолдириш.
Истилом – ҳажарул асвадни ўпиш ёки унга қўл теккизиш; ёки қўл теккизиб қўлни ўпиш ёки қўл билан узоқдан ишора қилиб қўлни ўпиш. Рукни ямонийга қўл теккизишни ҳам «истилом» дейилади.
Ифрод – ҳажнинг бир тури бўлиб, унда ҳожи мийқотдан фақат ҳаж учун эҳром боғлаб, ҳажни адо этади. Ифрод ҳажи учун эҳромга кирган киши Маккаи Мукаррамага етиб келгач, аввал тавофи қудум қилади. Ҳаж амалларини бажариб бўлгач, қурбонлик кунлари соч олдиргандан сўнг эҳромдан чиқади. Ҳажнинг бу турига ният қилган киши муфрид дейилади.
Каъба – Масжидул Ҳаром ичидаги Иброҳим алайҳиссалом қурган ва барча мусулмон умматининг қибласи бўлган муқаддас уй.
Марва – Масжидул Ҳаромнинг шимоли-шарқий томонидаги бир кичик тоғ. У Сафо тоғининг қаршисида жойлашган. Саъйнинг охирги шавти шу ерда тугайди.
Масжидул Намира – Арафот майдонидаги масжид.
Масжидул роя («Байроқ масжиди») – Масжидул Ҳаромдан Муалло қабристонига кетиш йўлида жойлашган масжид. Макка фатҳ этилган куни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом байроғини мана шу масжиднинг ўрнига тикканлар.
Масжидул Ҳаром – Каъбатуллоҳ атрофида бино қилинган масжид. Бу масжидда адо этилган бир намознинг савоби бошқа жойдаги юз мингта намоз савобига тенгдир.
Масжидул Хайф – Минодаги Жамаротга яқин бир катта масжид.
Матоф – Каъба атрофидаги тавоф қилинадиган майдон.
Мақоми Иброҳим – жаннатдан чиққан тош бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом унинг устида туриб Каъбани қурганлар. Унда Иброҳим алайҳиссаломнинг оёқ излари бор. Бу тош бугун ҳам ўз ҳолатида боқий турибди. Ҳозирда мазкур тош Каъба эшиги яқинида ойна ҳамда мис панжара билан ўраб қўйилган.
Мийзоби раҳмат – Каъбатуллоҳ тарновининг номи. Ҳатийм тарафида жойлашган бўлиб, унинг остида туриб дуо қилиш мустаҳабдир.
Мийқот — ҳаж ёки умра учун эҳром боғланадиган жой.
Мийқотий – Мийқот ҳудудида яшовчи киши.
Мино – муҳассир водийси тугаган жойдан бошланиб, жамраи Ақабагача чўзилган майдон. Икки ёнда жойлашган тоғларнинг чўққисигача бўлган жойлар ҳам Минога тегишли.
Муалло – Маккаи Мукарраманинг машҳур қабристони. У ерга мўминлар онаси ҳазрати Хадийжа розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча фарзандлари ҳамда кўплаб саҳобаи киромлар розияллоҳу анҳум дафн этилганлар. Бу қабристон ўртасидан йўл ўтгани боис икки қисмга бўлинган. Қабристоннинг мана шу йўлга нисбатан Ҳарам тарафдаги қисми каттароқ, қаршисидаги, яъни тоғ этагидаги қисми эса кичикроқдир. Хадижа розияллоҳу анҳонинг қабрлари мана шу кичик қисмда жойлашган.
Муздалифа – Мино билан Арафот орасидаги уч томонидан тоғ билан ўралган катта майдон. Арафотдан қайтган ҳожилар шу ерда шом ва хуфтон намозларини қўшиб адо этишади. Кечани ҳам шу ерда ўтказиб, бомдод намозидан кейин (қуёш чиқишига озгина қолгунча) вуқуф қилишади.
Мултазам – Каъба деворининг эшик билан ҳажарул асвад орасидаги қисми. Унга ёпишиб туриб дуо қилиш суннатдир.
Муфрид – ифрод ҳажини адо қилувчи киши.
Муҳассир – Мино ва Муздалифа орасидаги майдон.

Каъбани бузиш ниятида келган фил эгалари ҳамда уларнинг подшоҳи Абраҳага азоб мана шу ерда тушган. Шунинг учун киши Муздалифадан Минога қайтаётганида бу ердан тезлик билан ўтиб кетмоғи лозим. Қувватли далилга кўра, бу жой Ҳарам ҳудудидан ташқаридадир. У ердаги киши Муздалифада турган ҳисобланмайди.
Муҳрим – эҳромга кирган киши.
Офоқий – мийқотдан ташқарида яшовчи киши.
Равзатул жаннаҳ ёки риёзул жаннаҳ – ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужралари билан Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлар орасидаги жой. Ҳадисларда ушбу мақомнинг фазилати зикр этилган.
Рамал – тавоф вақтида кўкракни кериб, қўлларни қимирлатиб, оёқларни яқин-яқин ташлаб, полвонларга ўхшаб шиддат билан юрмоқ.
Рамий – Жамаротда тош отиш.
Рукни асвад – Каъбатуллоҳнинг ҳажарул асвад жойлашган бурчаги.
Рукни ироқий – Каъбатуллоҳнинг шимоли-шарқий (Ироқ томонга қараган) бурчаги.
Рукни шомий – Каъбатуллоҳнинг шимоли-ғарбий (Шом ўлкасига қараган) бурчаги.
Рукни ямоний – Каъбатуллоҳнинг ҳажарул асвад жойлашган бурчагидан олдинги (Яман ўлкасига қараган) бурчаги.
Садақа – ҳаж ёки умрадаги жиноятлар эвазига бериладиган каффорат турларидан бири. Ундан мурод ярим соъ (1,59 кг) буғдой ёки унинг қийматидир.
Сафо – Масжидул Ҳаромнинг жануби-шарқий томонидаги кичик бир тоғ. Саъйнинг дастлабки шавти шу ердан бошланади.
Саъй – Сафо ва Марва тепаликлари орасида махсус тарзда (етти марта) юриш.
Соъ – 5,18 кг га тенг оғирлик ўлчови.
Суффа – Масжидун Набавийнинг ичида жойлашган, ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳонинг ҳужраларидан икки, уч саф наридаги бир жой бўлиб, унда ҳеч кими йўқ, бошпанасиз саҳобалар яшашар эди.
Тавоф – Каъбатуллоҳ атрофида айланиш.
Такбир – «Аллоҳу акбар» дейиш.
Талбия – «Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда ван ниъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак»ни айтиш.
Таматтуъ мийқотда боғланган эҳром билан умрани, ҳарамда боғланган эҳром билан эса ҳажни адо этиш. Таматтуъ қилмоқчи бўлган киши мийқотдан фақат умра эҳромини боғлайди. Маккаи Мукаррамага етиб келгандан сўнг умра арконларини адо этиб, эҳромдан чиқади. Кейин мана шу (эҳромсиз) ҳолатда ҳаж кунларига қадар Маккаи Мукаррамада яшаб туради. Тарвия куни, яъни зулхижжанинг 8-куни ҳарам ҳудудида ҳаж учун эҳром боғлайди. Ҳажнинг барча арконларини бажариб бўлгач, қурбонлик кунлари эҳромдан чиқади.
Танъим – ҳиллнинг Байтуллоҳга энг яқин жойи. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳажжатул-вадоъда туғишган биродарлари Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу билан бориб ўша ердан умра эҳромига кириб келганлар. Ҳозирда у ерга «Масжиди Оиша» номи билан машҳур бўлган катта масжид барпо этилган. Маккалик кишилар умра қилмоқчи бўлишса, одатда мана шу ердан эҳромга киришади.
Тарвия куни – зулҳижжанинг саккизинчи куни. Ҳожилар ҳаж эҳромига (одатда) шу кунда кирадилар.
Тасбеҳ – «Субҳаналлоҳ» дейиш.
Таҳлил – «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтиш.
Таҳмид – «Алҳамдулиллаҳ» дейиш.
Ташриқ кунлари – ташриқ сўзи луғатда «гўштни офтобга ёйиб қуритиш» деган маънони англатади. Кадимда ўн биринчи зулҳижжадан ўн учинчи зулҳижжагача бўлган уч кунда қурбонлик гўштлари офтобда қуритилгани учун мазкур кунларни шу ном билан аталган. Тўққизинчи зулҳижжа, яъни арафа кунидан ўн учинчи зулҳижжагача (беш кун давомида) такбири ташриқ айтилгани учун кўчма маънода бу беш кунни ҳам ташриқ кунлари деб айтилади. Аслида, ташриқ кунлари, ҳайитнинг эртасидан бошланади.
Умра – ҳилл ёки мийқотдан боғлаб келинган эҳром билан Каъбани тавоф қилиб, Сафо ва Марва орасида саъй қилиб, сўнг соч олдириб эҳромдан чиқишдан иборат ибодат. Луғавий маъноси «зиёрат»дир.
Урана – Арафот водийсининг ғарбий томонидаги, лекин ўзи Арафотдан бўлмаган кенг водий. У ерда вуқуф қилган киши Арафотда турган ҳисобланмайди.
Уҳуд тоғи – Мадинаи Мунавваранинг шимолидаги (Масжидун Набавийдан 4 км узоқликда жойлашган, айланаси 14 км, шарқдан ғарбгача узунлиги 6 км, баландлиги 1200 метрдан иборат) машҳур тоғ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Уҳуд тоғи бизни севади ва биз уни севамиз», деб марҳамат қилганлар. Мана шу тоғ этагида ҳижратнинг учинчи йили Уҳуд жанги бўлиб ўтган.

Ўша жангда шаҳид бўлган ҳазрати Ҳамза ҳамда етмиш саҳоба розияллоҳу анҳумлар мазкур тоғ этагида дафн этилганлар. Ҳозирда уларнинг мозорлари тўрт томондан панжара билан ўраб қўйилган. Мадинаи Мунавварага борган киши учун Уҳуд шаҳидларини зиёрат қилиш мустаҳабдир.
Шавт – Каъба тавофининг бир айланаси. Яна Сафодан Марвага ёки Марвадан Сафога боришни ҳам бир «шавт» дейилади.
Эҳром – луғатда «бирор нарсани ҳаром қилиш» деган маънони англатади. Шаръий истилоҳда эса ҳаж ёки умрани ёки бирданига ҳар иккисини ният қилган ҳолда талбия айтиш тушунилади. Баъзи кишилар эҳром ҳолатида кийиладиган икки мато (ридо ва лунги)ни эҳром деб атайдилар. Лекин эҳром сўзи мазкур икки кийимга кўчма маънода далолат қилади, холос.
Яламлам тоғи – Маккаи Мукаррамадан 130 км узоқликда жойлашган бўлиб, Яман ва ўша тарафдан келувчилар учун мийқотдир.
Қаср – сочни қисқартириш.
Қирон – ҳаж ва умранинг икковини мийқотдан боғланган бир эҳром билан адо этиш. Ҳажнинг бу турини ният қилган киши Маккаи Мукаррамага етиб келгач, аввал умра арконларини, кейин тавофи қудумни адо этади. Арафот, Муздалифа амалларидан фориғ бўлиб, Ақаба тошини отгач, жонлиқ сўяди ва соч олдириб эҳромдан чиқади.
Қорин – қирон ҳажини адо этувчи киши.
Қарнул-манозил – Имом Нававийнинг айтишича, бу жой Маккаи Мукаррамадан икки марҳала (80 км) узоқликда жойлашган бўлиб, Нажд (ҳозирги Риёз) аҳли ва ўша тарафдан келувчилар учун мийқотдир. Бугунги кунда Ўзбекистон, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Бирма, Сингапур, Тайланд, Япония, Малайзия, Индонезия, Бруней, Австралия, Араб Амирликлари ва шу каби мамлакатлардан самолётда келувчи ҳожилар учун Қарнул-манозил ва унинг қаторидаги жойлар мийқотдир.
Қузаҳ тоғи – Муздалифа майдонидаги кичик бир тоғ. Унинг этагида Машъарул Ҳаром масжиди жойлашган. Ҳозирда бу тоғдан бироз нишона қолган, холос. Арофатдан Муздалифага қайтиб келаётган кишининг ўнг ва чап томонида икки баланд тоғ туради. Мана шу иккит тоғ тугаши билан Муздалифа бошланиб, рўпарада Қузаҳ тоғи кўринади.
Ҳажарул асвад – Каъбанинг жануби-шарқий бурчагига ўрнатиб қўйилган муборак тош. Бир замонлар исёнчи тўдалар уни парчалаб ташлаган. Ҳозирги вақтда хар бири хурмодек келадиган ўша парчалардан саккизтасини бир-бирига бириктириб, атрофи кумуш ҳалқа билан ўраб қўйилган. Мазкур кумуш ҳалқани ўпган киши Ҳажарул асвадни ўпган ҳисобланмайди. Балки ўша тош бўлакларини ўпсагина ҳажарул асвадни ўпган бўлади.
Ҳаж кунлари – зулҳижжанинг 8-кунидан 12-кунигача бўлган беш кун. Ҳажнинг барча арконлари мана шу беш кун ичида адо этилади.
Ҳаж ойлари – шаввол, зулқаъда ва зулҳижжанинг аввалги ўн куни.
Ҳалол – эҳром боғламаган ёки эҳромдан чиққан киши.
Ҳалқ – сочни қириш ёки қирдириш.
Ҳарам – Маккаи Мукарраманинг атрофини ўраган ҳудуд. Мазкур ҳудуднинг чегараларини саййидимиз Иброҳим алайҳиссалом нишоналар қўйиб белгилаб берганлар.
Ҳарамайн – икки муқаддас ҳарам. Бундан мурод Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавийдир.
Ҳарамий ёки аҳли Ҳарам – Ҳарам ҳудудида яшовчи киши.
Ҳаром ойлар – урушиш жоиз бўлмаган муқаддас ойлар. Булар ражаб, зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ойларидир.
Ҳатийм – Каъбанинг шимол тарафидаги ярим доира шаклини олган девор. Макка қурайшлари Исломдан олдин Каъбани таъмир қилган вақтларида ҳалол пуллари етмагани сабабли мана шу қисм чала қолган эди. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хоҳишларига мувофиқ ҳатиймни Каъбага қўшганлар. Лекин Ироқ волийси Ҳажжож уни бузиб, эски бинони қайта тиклаб қўйган. Кейинроқ халифа Ҳорун ар-Рашид Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хоҳишларига мувофиқ тарзда иккинчи бор таъмирламоқчи бўлганида ўша замоннинг энг буюк олими Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: «Энди Каъбани қиёматгача қайта қуриш жоиз эмас. Акс ҳолда, ҳар келган подшоҳ Каъбани ўзгартираверади. Натижада подшоҳларнинг ўйинчоғига айланиб қолади. Шунинг учун қиёматгача ҳозирги ҳолатида боқий қолсин», деб айтган.
Ҳилл – Ҳарам ҳудудининг ташқи ва мийқот ҳудудининг ички қисми. У ерда ов қилиш ҳалол бўлгани учун шундай дейилади.
Ҳиллий ёки аҳли Ҳилл – ҳиллда яшовчи киши.
Ҳиро – Масжидул Ҳаромнинг шарқий томонидаги (тахминан 6 км узоқликдаги) катта тоғ.

Уни «Нур тоғи» ҳам дейилади. Мазкур тоғнинг чўққисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлган Ҳиро ғори бор. Авваллари бу ғордан хонаи Каъбани бемалол кўриш имкони бор эди. Лекин ҳозирда Каъба атрофига баланд-баланд бинолар қурилгани боис бундай имкон йўқ.
Ҳудайбия – Маккаи Мукаррамадан 22 км узоқликда жойлашган водий. Мана шу кенг водий ўртасида ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ўрнатган – Ҳарам ҳудудини билдириб турувчи устун бор. Мазкур устундан 2,5 км нарида – Ҳарам ҳудудидан ташқарида Ислом лашкари қўниб турган ва шу ерда жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан байъат олганлар. Ислом тарихида бу байъат «ризвон байъати» (Аллоҳ таоло розилигига сабаб бўлган байъат) деган номни олган. Ушбу байъатнинг зикри Қуръони Каримда жуда улуғ андозада зикр қилинган.

Ёрқинжон Фозилов
«Ҳилол» журналининг 6 (39) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамл тавоф вaқтидa кўкрaкни кeриб, қўллaрни қимирлатиб, oёқлaрни яқиняқин тaшлaб, полвонларга ўхшаб шиддат билaн юришдир.Рамл қилиш ортидaн Сaфo вa Мaрвaни сaъй қилиш давоми...

4220 05:00 / 16.01.2017
Бадал ҳажи ҳақида нима биласиз Ислом тинчлик ва енгиллик дини бўлиб, шариат аҳкомлари инсон ақли ва имконияти даражасида жорий этилган. Шариатимизда ибодатлар давоми...

5159 09:00 / 28.06.2023
Аллоҳ таоло .Сизларга денгиз ови ва унинг таоми сиз ва йўловчилар баҳраманд бўлишингиз учун ҳалол қилинди. Модомики эҳромда экансиз, сизга давоми...

1063 15:19 / 11 июнь
Ҳажнинг таърифиҲаж луғатда қасд қилмоқ ёки улуғ қасд. Ҳаж шариат истилоҳида ҳаж нияти ила эҳром боғлаган ҳолда ўз вақтида арофатда туриш ва тавоф амалини давоми...

3816 05:00 / 16.01.2017