1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Эваз ҳисобига Қуръон ўқиш мумкинми?

05:00 / 09.03.2017 4009 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Эваз ҳисобига Қуръон ўқиш мумкинми?


Жавоб: Қуръон ўқигувчи тўрт ҳолатдан бирида бўлади:

1 – Қуръонни Аллоҳ таолога қурбат­яқинлик ҳосил қилиш учун ўқийди. Худди намоз, зикр ва тасбеҳлар каби.

2 – ўзгаларга таълим бериш, тажвидни ўргатиш, ёдлатиш ёки ваъз насиҳат қилиш мақсадида ўқийди.

3 – хуш овози, чиройли оҳанги билан ўзгаларга ҳузур бахш этиш ёки руқя маъносида даволаш учун ўқийди.

4 – савобини марҳумларга бахшида этиш учун ўқийди.

Ушбу қироатларда ҳар бир ҳолатнинг ҳукми алоҳида бўлиб, ажр дунявий ёки ухравий бўлиши мумкин.

1 – Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш мақсадида қилинган қироат, агар риё, сумъа каби иллатлардан холи бўлса, савоби охиратда берилиши муқаррар. Бу хилдаги Қуръон тиловатига рағбатлантирувчи кўплаб оят-ҳадислар келган. Бир ҳарфга ўн ҳасана, ҳар бир ҳасана ўн баробарига кўпайтириб берилиши, Қуръон ўқигувчи ўқигани миқдорича жаннатда мақоми юксалиб боравериши, Қуръон унинг учун шафоати ўтадиган шафоатчи бўлиши, Аллоҳ Қуръон соҳибига иззат-икром тожини кийдириши, у қиёмат кунининг даҳшатидан омонда бўлиши ва бундан бошқа турли ажру-мукофотлар умумий суратда Қуръон қорисига берилиши шулар жумласидандир. Ундан ташқари баъзи сура ва оятларнинг ўзига хос фазлу-савоби ҳам бор. Бу тарздаги тиловатнинг муқобилига бирор эваз қўйилиши, худди намозга жоиз бўлмаганидек,  мутлақо жоиз бўлмайди. Акс ҳолда ажру-савобдан маҳрум бўлинади. Зеро қори бунда Аллоҳнинг зотидан бошқа нарсани қасд қилган бўлиб қолади. Аммо унга ҳурматан, ибодатига кўмаклашиш маъносида бирор ҳадя берилса, уни қабул қилса қилишдан бирор монеъ йўқ. Чунки ҳадяни қабул қилиш, уни рад этмаслик шариатда тарғиб қилинган. Лекин бу ҳолатда у қироати асносида, ундан олдин ёки кейин ўша бериладиган ҳақдан хабардор бўлмаслиги шарт қилинади. Зеро қуйидаги ҳадислар ана ўшандай Қуръон ўқиш билан тижорат қиладиган, риёкор, у билан одамлардан сўрайдиганлар ҳақида келгандир:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қуръонни ўқинглар, унда ҳаддан ошманглар, ундан узоқлашманглар, уни восита қилиб еб-ичманглар, у билан кўпайтиришга уринманглар». Имом Аҳмад ривояти.

Унда ҳаддан ошиш, ундан узоқлашиш, бу – унинг татбиқида чегарадан чиқиш ва нуқсонга йўл қўйиш билан, унинг воситасида еб-ичиш, худди у сотиладиган матодек, унинг муқобилида, бирор нарса олиш билан бўлади. У билан кўпайтиришга уриниш эса, риё, фахрланиш ва улуғликка эришишга уриниш билан бўлади. Ҳадиснинг баъзи шарҳларида берилган маъно мана шу. Имом Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилган ҳадисда ҳам ана шу каби кимсалар назарда тутилган: «Қуръонни ўқинглар, у билан Аллоҳдан сўранглар. Сизлардан сўнг шундай одамлар келадики, улар Қуръонни ўқиб одамлардан сўрайдилар». Бу маънода фазоили аъмолда қабул қилса бўладиган бошқа яна бир қанча ҳадислар ҳам бор. Жалолиддин  ас-Суютийнинг «Ал­ҳавий лил­фатава» номли китобида қуйидагилар келган:

«Агар биров бир кишига: «Ҳар куни Қуръондан муяссар бўлганича ўқигин ва унинг савобини менга ёки фалон марҳумга бағишлагин», деса, бунинг эвазига унга маълум миқдор пул берса, ўша таъйинланган шахсга қироатнинг савоби бўладими ёки унинг мисли бўладими? Қорининг ўзига савоб қоладими ё йўқми? Агар қироат ҳеч қандай эвазсиз, холис бўлсачи?»

Жавоб: «Бу тарздаги қироат кетидан дуо қилиш шарти билан жоиз бўлади. Қори олган нарса «жиола» аъносида бўлиб, у дуо учун бўлади, қироат учун эмас. Чунки қироатнинг савоби қорига бўлиб, уни ўзгага бағишлаши жоиз эмас. Фақат: Аллоҳ ижобат қилса,  унга савобининг мисли бўлади ва агар у шуни сўраб дуо қилса бўлади, деб айтиш мумкин. Эвазсиз ўқиган қорининг ҳукми ҳам шу». 

Кейин Суютий шундай дейди:

«Киши бирор эваз ҳисобига Қуръон хатм қилса, унга олган нарсаси ҳалол бўладими? У олган ужра касб маъносида бўладими ёки садақа маъносида бўладими?» Жавоб қуйидагича: «Ҳа, кетидан дуо қилса, олса бўлади. Бу ижара бобидан ҳам, садақа бобидан ҳам эмас, балки, «жиола» маъносида бўлади. Зеро тиловатда ижара жоиз эмас. Негаки унда манфаат ижара берувчига ўтмайди. Бизнинг Шофеийя мазҳабимизда қироат ўқигувчининг ўзига бўлади, атаб ўқилган шахсга бўлмайди, бинобарин жиола дуони қўшиш шарти билан жоиз бўлади, дуосиз жоиз эмас. Чунки жиола қироатга эмас, дуога бўлади. Фиқҳ қоидаларининг тақозоси шу».

2 ­ Қуръонни ёдлатиш ва тажвидни ўргатиш ёки ваъзу­иршод мақсадида ўқиса, у бу билан Аллоҳнинг розилигини ирода қилса, риё ва бошқа дунёвий манфаатни кўзламаса, унинг учун Аллоҳнинг ҳузурида ажру­мукофот муқаррардир. Таълим беришга тарғиб маъносида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан қуйидагиларни келтириш мумкин:

«Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб уни ўргатганларингиздир. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривояти.

«Эй Абу Зар эрталаб туриб Аллоҳнинг Китобидан бир оятни ўрганмоғинг юз ракат нафл ўқиганингдан яхшидир. Эрталаб туриб, илмдан бир бобни ўргатишинг, унга амал қилинсин ёки қилинмасин, минг ракат намоз ўқиганингдан яхшидир». Ибн Можа ҳасан санад билан ривоят қилган.

Дўзахга энг биринчи тушадиган уч кишининг бири ҳам, илм ўрганиб, Қуръон ўқиб, буни одамлар уни олим, қори десинлар учун қилган, истаган нарсасини дунёда олиб бўлган, Аллоҳнинг ҳузурида унга ҳеч қандай савоб бўлмаган, натижада жаҳаннамга юзтубан судраб келиб, улоқтирилган киши бўлиши Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда келган. Ундоқ кишиларга Аллоҳнинг қуйдига ояти татбиқ бўлади:

«Ким бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини хоҳласа, бу борадаги амаллари (самараси)ни тўлиқ берурмиз. Улар бунда камликка учрамаслар. Ана ўшаларга охиратда дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир. Бу дунёда қилган ишлари ҳабата бўлди, қилган амаллари ботилдир». Ҳуд 15-­16

Қуръонни таълим бериш, ваъзу­иршод қилишга дунёвий эваз олишга келсак, бунда ҳолат ўрганилади. Агар бир жойда кишилар ўзларига вожиб бўлган илмни ўрганайлик дейишсаю, уларга таълим беришга яроқли одам битта бўлиб, ундан бошқа бўлмаса, бу муаллим дунёвий эваз олишга ҳақли бўлмайди, унга савдолашиш жоиз эмас. Мен мана шу фикрни танлайман. Чунки бу ҳолатда у зиммасидаги вожиб­фарзи айнни қилаётган бўлади. Дин вожиб қилган нарсанинг савоби фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Бундай амалда камчиликка йўл қўйган киши уқубатга олинади. Аммо таълим унга вожиб бўлмаса, эваз олишида зиён йўқ. Чунки у ихтиёрий амални қилаётган бўлиб, бунда камчиликка йўл қўйса ҳам, уқубатга қолмайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам, яъни, муаллимга таълим айнан вожиб бўлганида ҳам, вожиб бўлмаганида ҳам, ҳеч қандай шартлашиш ва савдолашишсиз бирон ҳадя берилса, қабул қилишига монеълик йўқ. Балки уни қабул қилиш бошқа ҳадяларни қабул қилиш каби суннатдир. Шунингдек, бундай таълим ишлари билан шуғулланаётган кишиларга уларни бошқа тирикчилик воситаларига чалғимай ушбу буюк амалга машғул бўлишга рағбатлантириш мақсадида байтулмолдан ёки бошқа бирор жиҳатдан махсус маблағ ажратилса, яхши бўлади. Зеро уларнинг бу хизматлари душман рўбарўсида қурол кўтаришга чекланмаган кенг маънодаги Аллоҳнинг йўлидаги жиҳоддир.

Убай ибн Каъбдан ривоят қилинган ҳадисда у киши айтадилар:

«Мен бир кишига Қуръон ўқитдим. Кейин у одам менга бир камон ҳадя қилди. Бу хабарни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган эдим, у киши: «Агар уни олган бўлсанг, дўзахдан бир камон олибсан», ­ дедилар. Мен уни қайтариб бердим». Ибн Можа ривоят қилган.

Бошқа бир ривоятда келишича, Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳу ўзлари таълим берадиган бир кишининг уйида таом ер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар у одам ўз аҳлига қиладиган оддий таом бўлса, жоиз, алоҳида таом қилса жоиз эмас, деган эдилар. Аммо бу ҳадислар борасида баъзи гаплар борки, уни ҳужжат қилиб олишни, хусусан, ундан ҳаром ҳукмини чиқаришни кучсизлантиради. Бу ҳақда батафсил маълумот учун Шавконийнинг «Найлул­автор» китобига мурожаат қилиниши мумкин. (3­ж. 303­б.)

Қуръон таълимига ­ вожиб бўлмаган ҳолатда ­ эваз олиш жоизлигига Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эр хотинига Қуръондан маълум сураларни таълим беришини никоҳнинг маҳри сифатида жоиз қилганларини далил қилинган. Имом Шавконий Қуръон воситасида ейиш, у билан сўрашдан қайтарилгани, қавс ва таом ҳақидаги ҳадисларни келтириб бўлгач шундай дейди:

«Қуръон таълимига ужра олиш жоиз эмас, деганлар мана шу ҳадисларни далил қилганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва у кишининг асҳоблари, Имом Абу Ҳанифа ва Ҳодавийялар шулар жумласидандир. Зоҳирдан қараганда балоғатга етганни ўқитганга эваз олиш билан сағир болани ўқитганга олишнинг фарқи йўқ. Аммо Ҳодавийялар айтадилар: «Каттани ўқитганига олиш ҳаром бўлади. Бу унга вожиб бўлган нарсани таълим бериши вожиб бўлгани учундир. Вожибнинг эса, маълум таъйини йўқ. Гўдакни ўқитганига олса, ҳаром бўлмайди. Чунки унга вожиб эмас». Уламоларнинг жумҳури (кўпчилик қисми) Қуръон таълимига эваз олиш жоиз, деган хулосага келганлар. Ундан манъ қилган ҳадисларга жавоблар ҳам берганлар. Жумладан, ҳадисларнинг заифлигини айтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбнинг амални холис, ёлғиз Аллоҳ учун қилганини билганлар. Шунинг учун унга эваз олишини ёқтирмаганлар. Аммо кимки Қуръонни Аллоҳ учун таълим бериб, кейин шогирд томонидан унга ҳеч қандай сўровсиз, қалби унга юзланмагани ҳолда бирор ҳадя берилса, олавериш ҳисобига таълим берса, зиёни йўқ. Қуръонни таълим беришдаги эваз уни восита қилиб сўрашдан бошқа нарса. Қуръонни восита қилиб ейишдан қайтарилгани ҳам, шогирд чин кўнгилдан берган нарсани олишни манъ қилмайди».

Аммо Имом Шавконий ҳадисларга берилган жавобларга шундай услубда раддия берганки, бу унинг ужра олишни манъ қилган уламоларга ён босганига далолат қилиб туради. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисдаги Қуръон таълимининг маҳр маъносида эваз бўлишини жоиз, деб қарашга ҳам бир неча раддиялар берган. Жумладан бу ҳукм мазкур икки келин­куёвга хос бўлган, умумий ҳукм эмас. Бунга Саид ибн Мансурниннг ривоятидаги: «Бу сендан кейин ҳеч кимга маҳр бўлмайди», дейилган лафз ҳам далолат қилади, дейдилар Шавконий роҳимаҳуллоҳ.

Аммо уламоларнинг жумҳури, модомики, Қуръон таълимига ҳақ олишни, хусусан, қалб саховати билан ҳадя маъносида берилса, жоиз, дер экан, бу маънодаги эвазни олишга ҳеч қандай монелик йўқ. Шу билан бирга бундай нарсага ҳирс қўймоқ, дунё ажрини Аллоҳнинг ажридан устун кўрмоқдан қаттиқ ҳазир бўлиш такидланади. Имом Қуртубийнинг тафсирларида Бақара сурасининг 41­ояти, Аллоҳ таолонинг «Менинг оятларимни озгина баҳога  сотманг» мазмунидаги оятнинг тафсирида қуйидагилар айтилган:

«Яҳудийларнинг олимлари ўз динларини ужра ҳисобига ўргатар эдилар, ўшандан қайтарилдилар». «Ушбу оят, агарчи Бани Исроилга хос бўлса­да, уларнинг ишини қилганларни ҳам ўз ичига олади. Кимки ҳақиқатни ўзгартириш, йўққа чиқариш ҳисобига пора олса ёхуд ужра олмагунича зиммасида вожиб бўлган нарсани ўргатишдан, ўзига фарзи айн бўлиб турган билган илмини адо этишдан бош тортса, у ҳам мана шу оятнинг остига киради. Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Кимки у билан Аллоҳнинг юзи исталадиган бирор илмни ўрганса, уни фақатгина дунё матоъларидан бирига эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг бўйини ҳам ҳидламайди». Уламолар ушбу оят ва бошқа шу маънодаги далиллар юзасидан Қуръон ва илм ўргатишга ҳақ олиш борасида турли фикрга бордилар. Имом Зуҳрий ва раъй соҳиблари уни ножоиз санайдилар ва қуйидача далил келтирадилар:

Қуръон таълим беришга ҳақ олиш жоиз эмас. Зеро уни таълим бериш вожиблардан бир вожиб бўлиб, унда Аллоҳга яқин бўлишни ният қилиш, ихлос ­ ёлғиз уни кўзлаш шарт қилинади. Бинобарин намоз, рўза каби унинг устидан ужра олиб бўлмайди.

Аллоҳ таоло: «Менинг оятларимни озгина баҳога  сотманг» деб турибди­ку!

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Гўдакларингизга таълим берадиганларингиз сизларнинг энг ёмонларингиздир. Чунки улар етимларга нисбатан энг раҳмсиз, мискинларга нисбатан энг қўпол кишилардир».

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Уларнинг пуллари ҳаром, либослари ҳаром, гаплари риёдир», дейилган.

Убода ибн Сомит розийаллоҳу анҳу суффа аҳлидан баъзиларига Қуръон ва ёзишни ўргатдилар. Улардан бири у кишига камон ҳадя қилди. Убода розийаллоҳу анҳу: «Камон матомас­ку, уни Аллоҳнинг йўлида ишлатаман», деган мақсадда уни олди. Бу иш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган эдилар, у киши: «Агар дўзахдан бир чанбарак бўйнингга илиниши сени хурсанд қилса, уни қабул қилавер», дедилар.

Аммо Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад , Абу Савр роҳимаҳуллоҳлар ҳамда аксар уламолар Қуръон таълимига ужра олиш жоиз дейдилар. Улар Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, эваз олишингизга энг ҳақли нарса Қуръондир», деган сўзларини далил қилиб келтирадилар. Бу ўртадаги ихтилофни кўтарадиган насс бўлиб, унга қайтиш лозим бўлади. Уни жоиз эмас, деган уламоларнинг таълимни намоз ва рўзага қиёс қилишлари нотўғри. Чунки бу нассга қарши туриш бўлади. Қолаверса, бу иккисининг орасида фарқ бор. Намоз, рўзалар адо этувчининг ўзига хос бўлган, ундан бошқага ўтмайдиган ибодатлардир. Қуръон таълими эса, муаллимнинг ўзида чекланмай, ўзгага ўтимли бўлган ибодат ҳисобланади. Бинобарин, Қуръон ёзишни ўргатишда бўлаганидек,  Қуръон таълимида унинг ўзгага ўтгани эвазига ужра олиш жоиз бўлади.  Ибн Мунзир айтади: «Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ Қуръонни ужра ҳисобига ўргатишни макруҳ санаганлар. Аммо бировни бир лавҳга маълум шеър ёки мусиқа ёзиб бериши учун маълум миқдорга ижарага олса, бу мумкин бўлади, деганлар. Яъни, гуноҳда ижара жоиз, тоатда жоиз эмас. Юқорида келган оятга қуйидагича жавоб берилади:

оятда Бани Исроил назарда тутилган. Биздан олдингиларнинг шариати бизларга шариат бўладими ё йўқми, бу ҳақда ихтилоф бор. У киши (Абу Ҳанифа) эса, шариат бўлади, демайди.

Оят таълим зиммасига фарзи айн бўлатуриб, ужра олмай таълим бермайдиган кишига таллуқлидир.

Лекин таълим зиммасига фарзи айн бўлмагани ҳолда ужра олиш жоиз, суннат шунга далолат қилади. Гоҳо бир кишига таълим бериш фарзи айн бўлиши билан бирга ўзи ва аҳлининг таъминотига етарли нарсаси бўлмаслиги мумкин. У ҳолда у кишига таълим вожиб бўлмайди. У ўз касбу­ҳунари билан машғул бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда динни устувор қилиш учун ўша одамга ёрдам бериш имом(давлат раҳбари)га, бўлмаса, омма мусулмонларга вожиб бўлади. Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу халифаликка сайлангач, аҳлу­оиласининг нафақасига у кишида ҳеч нарса йўқ эди. Шунда у киши бир кийимни олиб бозорга чиқдилар. У кишидан бу иши ҳақида сўралганида: «Оиламга қаердан таъминот қиламан?», ­ дедилар. Шундан сўнг у кишини ўз ишига қайтардилар ва кифоя қилгудек маош таъйиналадилар. Юқорида келган ҳадисларнинг бирорта ҳам «оёғида турадигани»  йўқ. Улардан бирортаси уламоларнинг наздида нақлан саҳиҳ эмас. Ибн Аббоснинг ҳадисини у кишидан Икрима, ундан Саъд ибн Ториф ривоят қилган. Саъд эса, «матрук»дир. Абу Ҳурайранинг ҳадисини у кишидан Абу Журҳум, ундан Ҳаммод ибн Салама, Ундан Алий Ибн Осим ривоят қилган. Абу Журҳум эса, «мажҳул» дир. Ҳаммод ибн Салама Абу Журҳум деган бирор кишидан ривоят қилмаган. Фақат буни Абул­муҳаззимдан ривоят қилган, у ҳам «матрук». Бу ҳадиснинг таги умуман йўқ. Убода ибн Сомитнинг ҳадисига келсак, уни Абу Довуд Муғира ибн Зиёд Мавсилийдан, у Убода ибн Нусайдан, у Асвад ибн Саълабадан, у Убода розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган. Муғийра илм аҳлининг наздида таниқли, лекин унинг «мункар»  ҳадислари бор. Мазкур ҳадис ҳам ўшалардан бири бўлиб, буни Абу Амр таъкидлаган. Мазкур «қавс» ҳадиси уламоларнинг наздида маълум. Чунки у Убода розийаллоҳу анҳудан икки жиҳатдан ривоят қилинган. Шунингдек, «қавс» ҳадиси Убай ибн Каъбдан ҳам ривоят қилинган. Унда Мусо ибн Алий отасидан, у Убай розийаллоҳу анҳудан келтирган. Бу ҳадис ҳам «мунқатиъ»   Бу бобда нақл жиҳатидан амални вожиб қиладиган ҳадис йўқ. Убода ва Убай розийаллоҳу анҳумоларнинг ҳадисларига келсак, бу ҳадисларни таъвил қилиш эҳтимоли бор. Яъни, улар аввалига Аллоҳ учун таълим бериб кейин ужра олган бўлишлари мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганлари ривоят қилинган: «Одамларнинг яхшиси, ер юзида юрганларнинг яхшиси муаллимлардир. Қачон дин эскирса, уни янгилайдилар. Уларга ато  беринглар, уларни ижарага олманглар, қийнаб қўясизлар. Муаллим қачонки гўдакка «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» деб айт, деса, гўдак «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» деб айтса, Аллоҳ таоло муаллим, гўдак ва унинг ота­онаси учун дўзахдан озодликни битади» . Қуртубийнинг айтганлари шулар. Лекин Қуртубий ушбу охирги ҳадиснинг даражасини баён қилмаган. Агар у заиф бўлса, фазоили аъмолда амал қилиниши мумкин.

Юқорида ўтганлардан хулоса шуки, Қуръон таълимига бу иш зиммасида фарзи айн бўлмаган кишига эваз олиш жоиз. Шунингдек, фарзи айн бўлган тақдирда ҳам, агар у зарурий тирикчилиги билан машғул бўлса, уни таълимга ажратиш учун байтул­молдан ёки мусулмонлар оммаси томонидан маош ажратилса ҳам, жоиз.

Қуртубий яна қуйидагиларни айтади:

«Уламолар ужра ҳисобига намоз ўқиб берадиган кишининг ҳукмида турлича гап айтганлар. Ашҳаб роҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, Имом Молик роҳимаҳуллоҳдан Рамазонда ­ таровеҳ ва қиёмуллайл намозларига ­ ужра ҳисобига намоз ўқиб бераётган кишига иқтидо қилиш ҳақида сўралганида у киши: «Умид қиламанки, зиёни йўқ, аммо фарзда таҳримий макруҳдир», деганлар. Имом Шофиъий, у кишининг асҳоблари ва Абу Савр: «Бунинг ҳеч қиси йўқ, унинг орқасида намоз ўқишнинг ҳам», ­ деганлар. Имом Авзоий эса: «Унга намоз йўқ», деганлар. Абу Ҳанифа ва у кишининг асҳоблари эса, уни макруҳ санаганлар».

3 ­ қироатларидан тингловчиларнинг қалбларига сурур ва ҳузур бахш этиши кўзда тутиладиган хушовоз қориларнинг қироатига келсак, у турли муносабатларда, хурсандчилик ёки мотам йиғинларида бўлиши мумкин. Бу ҳолларда тиловат қилгувчидан ҳам, тингловчилардан ҳам Қуръони Карим одобига тўла риоя қилиш талаб қилинади. Агар ушбу ўринда бирор муқобил эвазга келишиш бўлса, Аллоҳ сақласин, у Қуръонни восита қилиб ейиш, у билан тиланчилик қилиш, бойлик орттиришдан ҳамда чиройли овоз билан мақтанишдан қайтарилган ҳадисларнинг ҳукмига дохил бўлади. Зеро бу амал Қуръонни таълим бериш ҳам, динни ўргатиш ҳам эмас, балки, ёлғиз тиловат бўлиб, у билан баъзилари Аллоҳнинг юзини истайдилар. Демак, у намоз каби Аллоҳга яқин бўлиш мақсадида қилинадиган ибодатдир. У билан моддий ёки маънавий маънодаги дунёвий манфаат талаб қилиб бўлмайди. Аммо ҳеч қандай келишувсиз ҳадя сифатида берилса, уни қабул қилишнинг зиёни йўқ. Ҳадяни бергувчи бу иши билан Қуръонни улуғлашни, Қуръон ҳомилини, агар у бой бўлса, иззат­икром қилиш, муҳтож бўлса, унга ёрдам кўрсатишни ирода қилган бўлса, ажру­савобга эга бўлади.

Беморни даволаш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат берган тарзда руқя ўқиса, унга шартлашиб ҳақ олиши ҳам жоиз. Бунга далил Имом Бухорийнинг Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида келган:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир нафари бир сув  олдидан ўтишди. У ерда бир чаён (ёки илон)  чаққан киши бор эди. Ўша ерликлардан бир киши келиб: «Сув(аҳли) да чаён (ёки илон) чаққан бир киши бор, орангизда руқя ўқийдиган борми?», ­ деди. Улардан битталари бориб,  бир қанча қўй эвазига унга Фотиҳани ўқиди. Саҳобаларнинг олдига қўйларни олиб келди. Улар буни ёқтирмадилар ва: «Аллоҳнинг Китобига ҳақ олдингми?!» ­ дедилар. Улар Мадинага келишиб: «Ё Расулуллоҳ, фалончи Аллоҳнинг Китоби эвазига ҳақ олди!» дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сизларнинг эваз олишингизга энг ҳақли нарса Қуръондир». Бошқа ривоятда келадики, руқя ўқиган киши ҳалиги одамлардан эваз талаб қилади. Чунки саҳобалар улардан зарурат юзасидан меҳмон қилишларини сўраганларида улар унамаган эди. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга: «Тўғри қилибсизлар, ўзларингизга қўшиб менга ҳам бир улуш ажратинглар», дедилар ва кулиб қўйдилар. Бу билан уларни кўпроқ хотиржам қилишни ирода қилган эдилар. Ужра олишни жоиз билмайдиганлар бу ҳадисни мансух  бўлган, деб раддия бермоқчи бўладилар. Лекин бир насс қуруқ эҳтимол билан насх бўлиб кетавермайди. Балки, унинг насх бўлганига далил керак. Шунингдек, ундаги эваз руқя учун бўлган, тиловат ёки таълим учун бўлмаган, шунинг учун таълимга ҳам эваз олиш мумкин эмас, дейдилар. Бу ортиқча уруниш экани кўриниб турибди. Бунга мажбурлайдиган омил йўқ. Бас, ҳар қандай ўзгага тақдим қилинадиган манфаатнинг муқобилида ­ модомики, шаръий бўлса, фарзи айни бўлмаса ­ эваз олиш жоиз. Аммо закот каби фарзи айн бўлган нарсанинг муқобилида ундан манфаат кўрган киши томонидан моддий эваз йўқ. Чунки закот унинг ҳаққидир. Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг молларида сўровчи ва маҳрумларнинг ҳаққи бор». (Заарият 19)

Хуллас, мана шу менинг Қуръонни қироат, таълим ёки бошқа бир шаръий маънодаги ифода этиш ҳақида келган ҳадислардан ўрганганларимнинг хулосаси. Эваз олишнинг жоиз ёки жоизмаслиги устида уламоларнинг турли фикрларини кўрдик. Масала, модомики, ихтилофли экан, битта фикрга мутассиблик қилиш жоиз бўлмайди. Шу билан бирга доимо такидлаш лозимки, Қуръоннинг улуғлигини, маҳобатини сақлашни, Аллоҳнинг ҳузуридаги савобни эътиборда тутишни доимий вазифа билиш вожибдир. Шавконий шарҳлаган «Мунтақол­ахбор»нинг муаллифи ­ манъ қилишга мойил бўлгани ҳолда ­ бу мавзуда келган ҳадисларнинг охирида айтган сўзи мени ажаблантирди. У киши чаён чаққан кишига руқя ўқиган киши ҳақидаги ҳадисни келтиргач, шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир эркакка бир аёлни унга Қуръондан маълум сураларни ўргатиши эвазига никоҳлаб қўйганлари саҳиҳ ҳадисда келган. Ушбу ҳадисларга таяниб, рухсатни олган уламолар манъга далолат қилган Убай ва Убода розийаллоҳу анҳумоларнинг ҳадисларини «иковларига таълим фарзи айн бўлган»ига йўядилар. Бу мавзуъдаги бошқа ҳадислардаги буйруқ ва қайтариқларни эса, мандублик ва макруҳликкка йўядилар. Яъни, вожиблик ва ҳаромликни тақозо қилмайди, дейдилар».

4 ­ Қуръонни марҳумларга манфаати тегиши учун ўқиш ҳақида ҳам уоламолар турлича фикрларни айтганлар. Улардан баъзилари у баданий ибодат бўлиб, биров ўрнига биров ўқишини қабул қилмайди, деган далил билан тиловати Қуръоннинг савоби марҳумга етмайди, деганлар. Бошқалари Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиб, баъзи нассларга суяниб, етади, деганлар. Бу мавзудаги кўплаб уламоларнинг сўзларини ўрганган киши қуйидаги натижаларни олиши мумкин:

а) агар Қуръон марҳумнинг ёнида ўқилса, савоби ҳадя қилинса ҳам, қилинмаса ҳам, марҳумнинг тиловатдан манфаат олиши умид қилинади. Бу унинг ёнида бўлгани боисидандир. Чунки Қуръони Карим тиловат қилинса, хусусан, жамоат бўлганида, ўқигувчиларни фаришталар ўраб оладилар, уларни раҳмат қуршайди, уларга сакинат нозил бўлади. Имом Муслим қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Одамлар Аллоҳнинг уйларидан бир уйда Аллоҳнинг Китобини ўқиб, уни ўзаро ўргансалар, албатта, уларни фаришталар ўраб оладилар, уларни раҳмат қуршайди ва улар узра сакинат  нозил бўлади». Қуръон тиловати зикрдир, балки, энг афзал зикрдир. Имом Муслим ва бошқалар ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Бир қавм ўтириб Аллоҳни зикр қилсалар, албатта, уларни фаришталар ўраб оладилар, уларни раҳмат қуршайди, улар узра сакинат нозил бўлади ва Аллоҳ ўз ҳузуридаги(фаришта)ларга уларни мақтайди». Ҳадисда айтилган фазилатлар фақат жамоа бўлиб қилинган қироат ва зикрга хос бўлмай, балки, ёлғиз шахсга ҳам ҳосил бўлиши мумкин: Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Усайд ибн Ҳузайр розийаллоҳу анҳу мирбад  олдида Қуръон ўқиётганларида ёнларида ўғиллари ҳамда отлари бўлади. От безовталаниб, сакрайди:

«Қарасам, тепамда булут каби соябон турган экан. Унда чироққа ўхшаш нарсалар бор эди. У ҳавога кўтарилиб кетди, ҳатто мен уни кўрмай қолдим», ­ дейдилар Усайд розийаллоҳу анҳу. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «У сени тинглаётган фаришталар эди. Агар ўқаверганингда, тонг отгунча ўша ҳолда бўлар эдинг, одамлар уни кўрар эдилар, у улардан яширинмас эди», ­ дедилар.

Маййитга «Ясин» сурасини ўқиш ҳақида ҳам ҳадис келган. Имом Аҳмад, Имом Насоий, Имом Ибн Можа ва Имом Ҳоким роҳимаҳумуллоҳлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  айтадилар: «Қуръоннинг қалби Ясиндир. Бир киши уни Аллоҳни ва охират диёрини ирода қилган ҳолда ўқиса, албатта, Аллоҳ уни мағфират қилади. Уни маййитларингизга ўқинглар». Лафз Имом Насоийники. Бу ҳадисни Дорақутний ва Ибн Қаттонлар заиф санашган, лекин, Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Ҳоким саҳиҳ деганлар. Уни саҳиҳ деганлар «маййит» деганда ўлим ғарғарасидаги киши назарда тутилган, дейдилар. Бунга «Фирдавс» муснадида келган: «Қайси бир маййитнинг жон топширар ҳолида унинг олдида Ясин ўқилса, Аллоҳ унга осон қилади», деган ҳадисни далил қиладилар. Аммо баъзи уламолар: «маййит» лафзи умумийдир, у жон бераётган кишига хосланмайди, ҳаёти тамом бўлгандан сўнг ҳам, дафн қилинган бўладими ёки йўқми, унинг ҳузурида Ясин ўқилса манфатланишига ҳеч қандай монеълик йўқ, дейдилар. Имом Байҳақий ҳасан санад билан ривоят қилишича, Ибн Умар розийаллоҳу анҳу дафндан сўнг Бақара сурасининг боши ва охирини  ўқишни мустаҳаб санаганлар. Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Саҳиҳ» ида «Маййитларингизга Ясин ўқинг» ҳадисига қилган таълиқида: «Бу ўринда ўлим ғарғарасидаги одам назарда тутилган», ­ дейди. Муҳибб Табарий унга раддия сифатида айтадики: «Талқиннинг ўлим арафасида бўлишини қабул қилинса­да, мана бу сўзни қабул қилиб бўлмайди». Имом Шавконий роҳимаҳуллоҳ: «Ҳадис лафзан ўликлар ҳақидаги нассдир. У ўлим тўшагидаги кишини ҳам мажозий маънода ўз ичига олади. Бирор қарина­ишоравий далилсиз маънони бир йўла у томонга буриб юбориш ярамайди», ­ дейдилар. («Найлул­автор» 4­ж, 52­с). Имом Нававий ўзининг «Рийозус­солиҳийн» китоби, 161­боб, «Маййитнинг ҳаққига уни дафн қилингандан сўнг дуо қилиш ҳамда қабри олдида унинг ҳаққига дуо, истиғфор ва тиловат қилиш мақсадида бир муддат ўтириш ҳақида» сарлавҳаси остида Имом Шофеийнинг шундай деганларини зикр қилади: «Марҳумнинг устида Қуръондан бироз тиловат қилиш мустаҳабдир. Агар Қуръонни хатм қилинса, яна­да гўзал». Ибн Қудоманинг «Ал­муғний» китобида ҳам: «Қабр устида савобини бахшида этиш маъносида Қуръон ўқиш суннат саналади», ­ дейилган ва Имом Аҳмад уни бидъат деганлари, кейин бу фикрдан қайтганлари айтилган. Имом Молик ва Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳлар бу ишни суннатда келмаган, деб, макруҳ санаганлар. Қарофий Моликий айтадилар: «Эътибор қилинадиган гап шуки, тиловатнинг марҳумларга баракаси бўлади, худди уларнинг ёнига бир солиҳ кишининг ёки уларнинг бир солиҳ кишининг ёнига дафн этилишида уларга барака бўлганидек».

б) Қуръон маййитдан ёки қабрдан узоқ жойда, ёнма­ён бўлиш билан манфаат олиш имкони бўлмаган сувратда ўқилса, ундан маййит фойда олиш­олмаслигида уламолар уч хил ҳолатда уч турга бўлинганлар:

Биринчи ҳолат: бир киши Қуръон ўқиб, кейин ўқиган тиловати сабабидан марҳумнинг гуноҳи кечирилиши, раҳматга олинишини сўраб, Аллоҳга дуо қилади. Бунда Қуръон ўқигувчи ўзининг қилган солиҳ амали, яъни тиловатини Аллоҳга васила қилиб келтирган, кейин марҳумнинг ҳаққига дуо қилган бўлади. Бу дуонинг жоизлигига, агар Аллоҳ ижобат қилса, манфаати ҳосил бўлишига уламолар иттифоқ қилганлар. Бу худди ғорга кирганларида устларидан катта харсанг тош ғор оғзини ёпиб қолган, кейин улар ўз солиҳ амалларини Аллоҳга васила қилиб дуо қилганларида ғорнинг оғзи очилган уч кишининг ишига ўхшайди. Бу ҳолатда марҳумнинг қироатдан кейинги дуодан манфаат олмайди, деган айтишга арзигулик хилоф бўлиши мукин эмас.

Иккинчи ҳолат: бир киши Қуръон ўқийди, кейин қироати савобининг мислини марҳумга ҳадя этиб дуо қилади. Ибн Салоҳ айтадилар: «Аллоҳим, ўқиганимизнинг савобини, яъни, мислини .... етказгин» деб қилинганда марҳумга манфаат ҳосил бўлишига жазм қилиш лозимдир. «Фалончига» деб марҳумнинг номини аниқ айтиш керак. Дуо қилгувчининг ўзиники бўлмаган нарсани сўраб қилган дуоси наф берганидан кейин, ўзиники бўлганда батариқи авло (наф беради). Бу қоида барча амалларда татбиқ этилади». Ибн Салоҳнинг гапининг маъноси шуки, дуо қилгувчи Аллоҳга марҳумнинг ҳаққига раҳмат сўраб дуо қилар экан, раҳмат унинг эмас, Аллоҳнинг мулкидир. Ўзи эга бўлмаган нарсани, яъни, раҳматни марҳумнинг ҳаққига сўраб дуо қилиши жоиз бўлганидан кейин, ўзиники бўлган нарсани, яъни, тиловатининг савоби ёки унинг мислини марҳумга беришини сўраб Аллоҳга дуо қилиши эрта қачон жоиз бўлади. Шунга биноан намоз, рўза, садақа каби тирик инсон қиладиган солиҳ амалларни қилиб сўнг унинг савобини ёки мислини марҳумга ато этишини Аллоҳдан сўраб дуо қилиши ҳам мумкин бўлади. Бу борада Ибн Қудоманинг «Ал­муғний»даги гапи ҳам юқорида ўтди. «Аллоҳим, ўқиганимнинг савобини фалончига етказгин», деб дуо қилишни жоиз санаганларнинг бу гапларида «марҳумга қорининг савобининг мислича савобни ҳадя қилишни сўраб дуо қилиш» назарда тутилган.

Учинчи ҳолат: тиловат қилгувчи киши қироатидан олдин ёки қироат асносида савобнинг, яъни, мислининг марҳумга бўлишини ният қилади ва бу, иншоаллоҳ, марҳумга етади. Абу Абдуллоҳ Убай айтадилар: «Агар тиловатни бошлашдан олдин бирор марҳумни ният қилиб ўқиса, садақа ва дуода бўлганидек, савоби етади. Аммо аввал ўқиб, кейин бағишласа, етмайди. Чунки қироатнинг савоби қорига ҳосил бўлади, кейин бошқага кўчиб ўтмайди». Аммо Имом Ибн Рушд ўзининг «Навозил» ида: «Агар ўқиб, кейин қироатининг савобини маййитга ҳадя қилса ҳам, жоиз, унинг ажри марҳумга ҳосил бўлади, у манфаатланади»,  дейди ва бағишлаш қироатдан олдин ёки кейин бўлишини ажратмайди. Бу билан у киши Абу Абдуллоҳ Убайнинг юқоридаги гапига жавоб беришни назарда тутган бўлиши ҳам мумкин. Шофеий мазҳабининг кейинги муҳаққиқ уламолари ҳам ҳадя ёки ният қилиш билан қироатнинг марҳумга манфаати етади деган хулосага келганлар. «Етмайди» деган фикрни «бу қорининг савобининг айнан ўзи етишига ёки на марҳумнинг олдида бўлмаган, ва на қироатнинг савоби унга етишини ният қилмаган, ёки ният қилса ҳам дуо қилмаган ҳолатларга тегишлидир», деб айтганлар. Имом Аҳмад, Имом Ибн Таймия ва Имом Ибн Қаййим роҳимаҳумуллоҳлар ҳам «манфаат ҳосил бўлади» деган фикрни қувватли санаганлар. Бу ҳақда имомларнинг сўзлари ҳам ўтди. Имом Шавконий «Найлул­автор»да шундай дейди: Имом Шофеийнинг, у кишининг бир гуруҳ асҳобларининг мазҳабларига кўра Қуръон қироатининг савоби марҳумларга етмайди. Аҳмад ибн Ҳанбал, бир жамоа уламолар ва Шофеийнинг асҳобларидан бошқа бир гуруҳи эса, «етади», деганлар. Имом Нававий «Ал­азкор» китобида шундай зикр қилган».

«Ал­минҳож»нинг шарҳида айтилади: Бизнинг  наздимизда машҳур гап қироат савобининг марҳумларга етмаслигидир. Аммо ихтиёр қилинган (фатво) шуки, агар Аллоҳга қироатининг савоби етишини сўраб дуо қилса, етади. Бунга жазман эътиқод қилмоқ лозим. Чунки бу дуо. Дуогўйнинг ўзиники бўлмаган нарсани марҳумга сўраб дуо қилиши жоиз бўлганидан кейин, ўзиники бўлган нарсани айтиб дуо қилишининг, жоиз бўлиши, албатта, турган гап. Бу масала дуонинг ижобат бўлишига боғлиқ. Бу маъно фақат қироатга хос бўлмай, бошқа амалларга ҳам тегишлидир. Зоҳир гап шуки, дуонинг ўликкаю, тирикка, узоқдагию, яқиндагига, васият бўлсин, бўлмасин манфаат беришига ҳамма иттифоқ қилган. Балки дуонинг энг афзали биродарининг ҳаққига ғойибона қилинган дуодир».  («Найлул­автор» 4­ж. 142­с)

Абу Абдуллоҳ Убай айтадилар: «Марҳумнинг ҳаққига қироат қилишга келсак, агарчи бу тўғрида ихтилоф қилинган бўлса­да, унга бепарво бўлмаслик лозим. Шоядки, ҳақиқат унинг етишидир. Зеро бундай ишлар биз учун ғайбдир. Бу ўриндаги ихтилоф эса, шаръий ҳукмда эмас, бир нарсанинг воқеъликда вужудга келиш­келмаслигида, холос». Мен ҳам бу гапда Убайга қўшиламан. Фаразан марҳумга ўқилган тиловатдан унга наф етмаса ҳам, ўқигувчининг ўзига бўлиши аниқ. Яъни, ҳеч бўлмаса, иккисидан бири ундан манфаатланади, иккинчисига эса, зиён етмайди. Шу билан бирга у билан марҳумни манфаатлантиришига Аллоҳ таолонинг фазлу­марҳаматидан бўлган умидимиз, худди шафоат ва дуо борасида бўлганидек, ғолибдир.

Юқорида айтилган ихтилофлар Қуръони Карим қироати ҳеч қандай муқобил эвазсиз бўлганидадир. Аммо бирор эваз ҳисобига ўқилгудек бўлса, уламоларнинг жумҳури ундан марҳумга манфаат етмаслигини айтадилар. Чунки ўқигувчи тиловатига дунёвий «савоб» ини олиб бўлди, энди унда марҳумга ҳадя этадиган савоб ёки унинг мисли қолгани йўқ. У бу қироати билан Аллоҳнинг юзини истамадики, солиҳ амалини васила қилиб марҳумга ундан манфаат етишини сўраса. Балки унинг тиловати дунё матоҳи учун бўлди. Хусусан, бу ўринда савдолашиш, олдиндан келишиб олиш ёки маълум бўлган миқдор бўлса, мазкур маъно яна­да таъкидланади. Лекин Қуръон ўқигувчининг қалби бирор нарсага боғланмагани ҳолда тиловатидан кейин унга ҳадя берилса, у ҳолда марҳумга ҳам манфаат етиши умид қилинади. Зеро амаллар ниятларга боғлиқдир. Мен мана шу ўринда Қуръон ўқигувчини қуйидаги ҳадис билан огоҳлантираман:

Имом Аҳмад, Табароний ва Байҳақийлар Абдурраҳмон ибн Шиблдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  шундай дейдилар:

«Қуръонни ўқинглар! Унга амал қилинглар, ундан узоқлашманглар, унда ҳаддан ошманглар, уни восита қилиб еб­ичманглар, у билан дунё орттирманглар!» Ҳайсамий айтадилар: «Имом Аҳмаднинг рижоли (ровийлари) ишончлилардир». Ибн Ҳажар: «Ҳадиснинг санади кучли» деган ва «уни восита қилиб еб-­ичиш» ни Қуръон билан ҳожат сўраш, тиланчилик қилиш деганидек, унга ужра олиш деб баён қилган. Шайх Ҳасанайн Муҳаммад Махлуф Қуръон тиловатига эваз олиш ҳақида қуйидаги хулосаларни айтган:

«Ҳанафия мазҳабида намоз, рўза, Қуръон таълими ва тиловати каби қурбат  ва тоатларга эваз олиш жоиз эмас. Лекин ҳанафийларнинг кейинги уламолари бу ҳукмда баъзи нарсаларни, жумладан, Қуръон таълимини истисно қилдилар. Қуръон зое бўлмаслиги учун ужра олишни истиҳсон  маъносида жоиз дедилар. Аммо Қуръон қироатига ужра олиш мазҳабнинг аслида ножоиз бўлгани бўйи қолди. Ҳанбалийларнинг мазҳбига кўра, юқорида ўтган «Қуръонни ўқинглар...» ҳадисига биноан Қуръон таълимига ҳам, тиловатига ҳам ужра олиш жоиз эмас. Моликийларнинг мазҳабига кўра, намоз, рўза каби шаръан талаб қилинган, ўзганинг номидан қилинишини қабул қилмайдиган нарсаларга ужра олиш жоиз эмас. Аммо ўзганинг номидан қилинишини қабул қиладиган нарсалар, жумладан, Қуръон таълими ва тиловатига ужра олиш жоиз. Шофеийлар мазҳабида эса, Қуръон талимига ҳам, тиловатига ҳам, тиловат қабрнинг ёнида бўлса ҳам, узоқда бўлса ҳам, савобнинг марҳумга етишини сўраб дуо қилинса, ужра олиш жоиздир». («Зарқоний» 5­ж, 406с.)


Шайх Атийя Сақар. «Ал­азҳар» университети фатво бўлимининг раиси.
1997 йил, май ойи.


Шу ўринда ҳанафий мазҳаби уламоларининг мавзумизга таллуқли баъзи сўзларини келтиришга ижозат бергайсиз.

Имом Бурҳониддин Марғилоний ўзларининг оламга машҳур «Ҳидоя» асарида қуйидагиларни айтадилар:

Азон ва ҳажга, шунингдек, имомгарчилик, Қуръон ва фиқҳ таълимига ужра олиш жоиз эмас. Бизнинг наздимизда асл қоида шуки, мусулмонга махсус бўлган ҳар қандай тоатга ижара олиш жоиз бўлмайди. Имом Шофеийнинг наздида эса, ўзига таъйин топмаган (фази айн бўлмаган) ҳар қандай нарсага ижара олиш мумкин. Чунки у ижарага ишловчидан айнан талаб қилинмаган муаййан амалга ижара олиш бўлиб, жоиздир.

Бизнинг далилиммиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қуръонни ўқинглар, уни восита қилиб еб­ичманглар», деган сўзларидир. Шу билан бирга қурбат қачонки ҳосил бўлса ўша ишни қилган кишининг номидан содир бўлади. Шунинг учун ҳам унинг эгалиги эътиборга олингандир. Энди унга ўзгадан ҳақ олиши, намоз ва рўзадаги каби, жоиз бўлмайди. Шунингдек, таълим ўргатувчининг ўрганувчидан бирор маъно ёрдамисиз ўзи қодир бўлмайдиган нарсадир. Аммо машойихларимизнинг баъзилари бугунги кунда Қуръон таълимига ижара олишга рухсат бердилар. Чунки дин ишларида сусткашлик юзага келди. Манъ қилинса, Қуръон ёдлаш зое бўлади. Фатво мана шу». (Ҳидоя. Фосид ижара боби.)

Шарҳда қуйидагича баён берилган: Олдингилар буни кариҳ кўрганларининг боиси у пайтда муаллимларга байтулмолдан алоҳида маошлар ажратилар эди. Улар тирикчилик ишидан беҳожат эдилар. Шу билан бирга холис таълим беришга рағбат қилгувчилар ҳам кўп эди. Булар ҳозир қолмади». («Ал­иная фий шарҳил­ҳидая)

Мулла Алий Қорий Шарҳун­ ниқояда айтади:

«Ўзгага нафъи ўтадиган кишига байтулмолдан ризқ ажратилса, жоиз. Чунки байтулмол мусулмонларнинг умумий манфаатларидан бўлиб, у гўё улар учун вақф ўрнидадир, ижарага хилоф ўлароқ».

Ибн Обидин ўзининг машҳур асари «Роддул­мухтор»да бу борада узоқ баҳс юритиб, хулоса сифатида уламолардан қуйидаги сўзни нақл қилади:

«Уламолар айтадилар: Агар Қуръон ўқигувчи мол­дунё учун ўқиса, унга савоб йўқ, у маййитга нимани бағишлайди?! Ваҳоланки, марҳумга фақат солиҳ амалгина етади. Қуръон тиловатининг ўзига ужра олишни имомлардан бирортаси жоиз деган эмас. Улар фақат Қуръон таълими устида баҳс қилганлар».

«Шарҳларда ҳам, фатволарда ҳам (Қуръон таълимига ужра олишга берилган рухсатни) заруратга боғлаганлар, у ҳам бўлса Қуръоннинг зое бўлиш хавфидир». («Роддул­мухтор», фосид ижара боби.)

Қуръон хатм қилиб бергани ёки Саҳиҳи Бухорийга дунё ишларидан бирон иш сабабли ужра олса, жоиз. Аммо охират иши учун, масалан, марҳумга савоб етиши учун бўлса, йўқ, ва яна йўқ! («Маорифус­сунан» Юсуф Баннурий.)

Абул­маъоний Саййид Собит Намангоний роҳимаҳуллоҳнинг «Ал­фатҳурроҳманий» номли фатволар тўпламида Қурони Карим таълими ва тиловатига эваз олиш борасида баҳс юритилиб, юқорида келтирилганга ўхшаш ҳанафийя уламоларининг фатволарини нақл қилгач, қуйидаги хулосани айтилган:

«Хабарлар бир­бирини қувватлаб айтадики, дунёвий мақсад учун қилинган ҳар қандай амал қабул қилинмайди».

У киши сўзларининг далили сифатида қуйидаги ҳадисни ҳам келтирганлар:

Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Бу умматга улуғлик, юксаклик, дин ва ер юзида мустаҳкам ўрнашиш билан башорат бер. Бас, улардан кимки охират амалини дунё учун қилса, унга охиратда насиба йўқ». Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган. Имом Ҳоким: «Исноди саҳиҳ»,­ деган. («Ал­фатҳурроҳманий», 2­ж, 118­135 б.)

Аммо ҳозирга келиб Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари каби йирик уламолар вазият юқоридаги ҳанафий уламоларининг фатволари айтилган замондан ҳам танг ҳолга келганини, ҳолатлар, замон талаблари ўзгарганини эътиборга олиб, «Шартлашиш, келишувсиз, риё, сумъа, ужб ва тамаъ каби иллатлардан холи бўлган ҳолда, охиратни кўзлаб, Аллоҳ учун Қуръон тиловат қилса, кейин бир киши унга ҳадя берса, олса зарари йўқ», ­ деган фатвони айтадилар. Йигирманчи асрнинг энг кўзга кўринган мўътабар олимларидан Атийя Сақар роҳимаҳуллоҳнинг фатволаридан чиққан хулоса ҳам айнан шу бўлди.

«Қувайт фиқҳ мавсуаси» да қуйидагилар келган:

«Уламолар Қуръон қироатига ужра олиш ҳақида турлича фатво берганлар. Моликийя ва шофиъийя мазҳаби уламолари Қуръон қироатига ужра олишни жоиз, деганлар. Шофиъийлар: «Агар жунуб ҳолда ўқиса, унутган бўлса ҳам,  ужрага ҳақли бўлмайди», ­ деганлар. Ҳанафийя ва ҳанбалийя мазҳаби уламолари эса, Қуръон қироатига ужра олиш жоиз эмас, деганлар».


Бу борада айрим амалий­қалбий тажрибаларга эга бўлган баъзи кишилар қуйидаги маслаҳатни берадилар:

Киши амални доим Аллоҳ учун қилишга одатланиши учун Аллоҳни қалбда кўп зикр қилиши керак. Ҳар бир амали, бу ўринда, ҳар тиловати олдидан қалбан Аллоҳни зикр қилиши, у зотнинг солиҳ амалларга, хусусан, Каломининг тиловатига беражак мукофотларини, Аллоҳ таоло уни кўриб, эшитиб турганини, У зот Каломининг хуш овоз билан қилинган тиловатини алоҳида эҳтимом билан тинглашини, бу ўринда у Аллоҳга ибодат мақомида турганини ёдга олиши, ҳис қилиши лозим. Шу билан бирга ҳамма нарса, хусусан, унинг овози, балки, бутун вужуди ҳам, Аллоҳнинг мулки экани, агар инсонлар тўпланиб бир кишига манфаат ёки зарар келтирмоқчи бўлсалар ҳам, Аллоҳ хоҳлаганидан бошқа нарса бўлмаслигини англаши даркор. Агар қироати асносида унинг қалбига риё, ужб ёки тамаъ фикри келса, қироатини ўша иллатлар тақозо қилаётган, нафси хоҳлаётганидан бошқача ўқишга ўзгартириши керак. Унинг қалби ана шундай пок бўлгандагина унинг тиловатидан аввало ўзи, шу билан бирга тириклар ҳам, марҳумлар ҳам манфаат олади. Унга биров ҳадя берса, ҳалол бўлади. Холид ибн Адий Жуҳанийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Кимга бир биродари томонидан ҳеч қандай сўровсиз, кўз тикишсиз бир яхшилик келса, уни қабул қилсин, қайтармасин. У Аллоҳ унга йўллаган ризқдан бошқа нарса эмас». Абу Бакр ибн Абу Шайба, Ҳорис ибн Абу Салама, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким роҳимаҳумуллоҳ ривоят қилган. Ҳоким роҳимаҳуллоҳ «саҳиҳ» деган.

Аммо кимки ўз қалбида тамаъ учқуни пайдо бўлганини сезса, кутилган жойдан келган ҳадяни муҳтожларга махфий равишда бериб юборсин. Нафс бир­икки марта умид қилган нарсасидан маҳрум бўлса, умид қилишдан тўхтайди, иншоаллоҳ. Маълум муддат ўтиб яна иллат қайталанса, муолажа ҳам қайтарилади. Бунинг учун мусулмон киши салафи солиҳлардан ўрнак олган ҳолда ҳассос бўлмоғи, аввало ўз­ўзини ислоҳ қилишни хоҳламоғи лозим. Агар у учқунга бепарво бўлса, тез орада алангага айланиши мумкин. Бу олов иймону­тақвони, шарафу­иззатни, юзу­қалбни куйдиради ва натижада қиёмат куни дўзах оловига айланади, Аллоҳ сақласин.

Кўнгилни тамаъдан сақлаш учун киши, асосан, Аллоҳнинг тақсимига рози бўлиши лозим. Қалбни тамаъ кирлигидан узоқ тутишга ёрдам берадиган омиллардан яна бири, мўъмин киши озгина бўлса­да, бирор ризқ воситасини йўлга қўймоғи ва бор умидини Аллоҳга боғлаб, у берган ризққа қаноат қилмоғидир.

Аллоҳ таолонинг ўзи барчамизни тавфиқ билан ёрлақасин, ҳидоятидан айирмасин. Омин.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кулги ҳақида сўз кетар экан, бу борада одамларнинг тутумлари турлича бўлиб, кимдир унга берилиб, муккасидан кетса, кимлардир кулгуни бутунлай қоралаб, унинг ҳар давоми...

6209 05:00 / 09.03.2017
Исломнинг умумий хусусиятларидан бири воқеъийликдир.Воқеийлик деганда биз коинот, ҳаёт ва инсон воқеликларини риоя этмоқни назарда тутяпмиз. Ислом ўзининг давоми...

4060 05:00 / 13.03.2017
Бугун 25 май тун уйқуси шаҳримизнинг барча хонадонини ўз оғушига олган ва теваракатрофда ғофил сукунат ҳукмрон кезиб юрган бир вақтда тақрибан соат 03дан 18 дақиқа давоми...

3583 05:00 / 09.03.2017
Эй дўстим. Эй тушкунликдаги биродарим. Ноумид бўлманг. Тушкунликка тушманг. Чунки эрта бизларникидир. Барча хушхабарлар биз биландир. Бу машаққатлар эса сизнинг давоми...

3108 05:00 / 09.03.2017