1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ўзига суянинг

09:00 / 10.02.2023 1913 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўшанда маҳзунлик йили эди!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Қурайшдан ҳимоя қиладиган метин девор бўлмиш Абу Толиб вафот қилди. 
Завжалари, ҳабибалари, дўстлари, суянчиқлари Ҳадича розиёллоҳу анҳо вафот қилди.
Кишининг ички ва ташқи фронтидан бирданига ажралиши нақадар оғир синов!
Инсон ўзини ёлғиз ва кимсасиз ҳис қилади!
Макка бутунлай бутлар ва санамларга ибодат қилишга ғарқ бўлган эди. «Дорун Надва» ҳийла-найранг ва фитналарга тўлиб-тошган эди!


Ана шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифга боришга қарор қилдилар. Маккадан топмаган меҳрни у ердан топишга, Маккада кўрган бағритошликни у ерда кўрмасликка умид боғладилар.
Тоифга етиб бориб Тоифнинг каттаси ибн Абди Ёлилга мақсадларини айтдилар. Аммо у разилнинг берган жавобидан кўзларимиз ёшланди, қалбимиз парчаланди. У суюкли Набиййимиз соллоллоҳу алайҳи васалламга шундай деди:
- Аллоҳ менга юборишга сендан бошқа одам топа олмадими?!


Сўнгра аҳмоқлари ва ёш болаларига айтиб у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни тошбўрон қилдирди. Икки муборак оёқларидан қон оқди!
Кейин замон айланди, йиллар алмашди. Макка фатҳ бўлди. Билол розияллоҳу анҳу Каъбанинг устидан азон айтди. Азон садоси илк бор оламни тўлдирди!
Бу буюк маскан ўзлигини токи қиёматгача яна қайтариб олди!


Мана, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадалар. Ислом салтанати бутун араб ярим оролига ўз ҳукмронлигини таратди. Оиша розияллоҳу анҳо Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраяптилар:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз учун энг оғир кун қайси кун бўлган?


Оиша розияллоҳу анҳо Уҳуд жангининг оғир кечганини билар эдилар. У кунда қўшиннинг қўмондони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳу шаҳид бўлган эди. Ҳамза розияллоҳу анҳу билан бирга етмишта энг буюк саҳобаларини дафн қилдилар. Ўша ғазотда суюкли Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларини ёришди, тишларини синдиришди. Шунинг учун Оиша розияллоҳу анҳо буни энг оғир кун деб ҳисоблаяптилар. 


Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўсатдан Тоифдан гап бошладилар:
- Тоифдан чиққанимда ўзимда йўқ эдим. Фақатгина Қарнус Саъолиб деган жойда ўзимга келдим. Бошимни кўтардим. Тепада Жаброил турар эди. У деди:
- Аллоҳ таоло тоғларнинг фариштасини юборди. Истасанг бу фаришта Тоиф аҳли устига иккита тоғни ағдариб уларни йўқ қилади! Мен Жаброилга дедим:
- Мен уларнинг наслидан ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган кишилар чиқишидан умидворман!


Энди биродарлар қалбингизни менга беринг-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини мен билан бирга тааммул қилинг!
«Тоифдан чиққанимда ўзимда йўқ эдим. Фақатгина Қарнус Саъолиб деган жойда ўзимга келдим».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг пайғамбар эканликларини билар эдилар. Куни келиб динлари ғолиб бўлишини ҳам билар эдилар. Аммо у киши ҳам барибир инсон эдилар. Ота-онам фидо бўлсин у зотга!
Дунё кўзларига тор бўлди. Ҳатто бутун олам у кишининг нигоҳларида нинанинг тешигидек бўлиб қолди. Нима қилишни билмадилар. Маҳзунлик ва оғриқдан синиб қолдилар. Юзлари ерга боқиб, оёқлари қаерга боришни билмай қолди. Шу ҳолатда бугунги ҳисобимиз билан 46 км юрганлар. Ногоҳ Жаброил алайҳиссаломнинг овозидан ўзларига келиб тепага қарадилар!


Эътибор беринг! Роббимиз Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдаги инсончиликни нақадар риоясини қиляпти. Аллоҳ таоло у кишига итоб қилмади. Балки Жаброил алайҳиссаломни юбориб тасалли берди. Истасалар зулмга қарши жавоб беришини айтди!
Биз иймоннинг озлигидан эмас, ҳаётнинг бешафқатлигидан заифлашамиз. Тоиф куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иймонлари оз эмас эди. Аммо зулмнинг таъми аччиқ эди!
Тушунинг, инсон баъзан синиб қолади. Танаси бизнинг дунёмизда юрсада, руҳи биз билмайдиган бошқа дунёда юрган бўлади. Инсоннинг бошидан шунақа пайтлар ўтадики, унда бир сўз айтишга ҳам, насиҳат эшитишга ҳам, бировни кўришга ҳам тоқати етмайди!


Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Осонлаштирувчи омиллар ишга солинмаса, .қиёмул лайл, жуда ҳам қийин ишдир. Мазкур омилларнинг зоҳирийси ва ботинийси бор.Зоҳирий омиллар қуйидагиларndash Кўп давоми...

3997 09:00 / 15.09.2021
Дарҳақиқат, суҳбат ҳамроҳлик, дўстлик ва улфатчилик алоқалари никоҳ каби икки шахс орасида барпо бўладиган маънавий ришталардир. Оила ҳаётида жуфтларнинг ҳар давоми...

981 13:34 / 10 ноябрь
Аллоҳ таоло Юсуф сурасида шундай марҳамат қилади .У Яъқуб алайҳиссалом .Эй ўғилчам, тушингни акаларингга айтмагин. Яна улар сенга бирор ҳийла давоми...

4625 09:00 / 08.03.2023
Ҳакимул уммат, Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий қуддиса сирруҳ шундай дер эдилар .Қалбга, бирон яхши амални қилиб олай, деган ўйфикр келиши сўфийлар истилоҳида .ворид, давоми...

880 12:34 / 23 октябрь