1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Аллоҳ учун бўлгани қолади!

15:30 / 10.11.2021 4141 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кеча имом Заҳабийнинг «Сияру аъломин нубало» асарини ўқиётган эдим. У китобдаги Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳнинг имом Молик роҳимаҳуллоҳ ҳақида айтган гапи ҳали ҳам қулоқларим остида жарангламоқда:

«Молик ибн Анас каби кўтарилган кишини кўрмадим. У кўп рўза тутмас, кўп намоз ўқимас эди. Аммо унда қалб бор эди!».

Дўстим! Имом Молик роҳимаҳуллоҳ «Муватто» асарини ёзганида кишилар унга: «Ҳадис китоблари кўп-ку! Кишиларнинг бунга нима эҳтиёжи бор?!», дейишган эди. Имом Молик роҳимаҳуллоҳ: «Аллоҳ учун бўлгани қолади!», деган эди.

Имом Моликнинг бутун борлиғи Аллоҳ учун эди. Дарҳақиқат, «Муватто» қолди.

Дўстим! Аллоҳ таоло бандасининг холис Ўзи учун қилинадиган биттагина бўлсада яширин ибодатини севади. У амални ҳеч ким кўрмаса, мақтамаса, ҳеч ким эшитмаса, олқишламаса, уни бажарганда мақсад фақат Аллоҳнинг ризоси бўлса, Унинг ҳузурида ҳеч нарса зое бўлмаслигига ишонса банда...

Камералар тушура олмайдиган доимий садақанг бўлса, кечалари намоз ўқисанг-у, уни оиланг билмаса, дўконларга бориб бировларнинг қарзларини тўлаб келсанг-у, улар сени танишмаса, сен уларни танимасанг, етимларни қарамоғингга олсанг-у бу ишинг фақат қиёматда ошкор бўлса....

Дўстим! Имом Моликнинг «Аллоҳ учун бўлгани қолади» деган гапини ёдингга ол. Аллоҳга муҳаббат қилиб, динни ҳимоя қилиб ихлос билан ёзган икки қатор жумлангни Аллоҳ минглаб инсонларга тарқатади. Сўзларинг бутун ер юзи бўйлаб айланади. Сен эса уйингда ўтирган бўласан...

Аллоҳнинг розилигини талаб қилиб ёзган китобингни Аллоҳ бир гуноҳкорнинг тавбасига сабаб қилса, бир маҳзун кишига ҳамдард қилса, бир адашганни тўғри йўлга солса бундан ортиқ бахт борми?! Вафот қилганингда китобларинг ортингда қолиб кишиларни иршод қилиб турса...

Савоб умидида битта дарахт эксанг, Аллоҳ уни тоғлар каби собит қилса, кишилар ундан сояланса, меваларидан ейишса бу не бахт! Бир пайтлар у кичкина ниҳолча эди. Бугун эса у Аллоҳ учун экканинг сабаб қиёматинг учун захира бўлмоқда...

Инсонлар учун Аллоҳ ризосини истаб сув чиқариб берсанг эҳтимол унинг мукофоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидан сув ичиш бўлар?! Аллоҳдан кўра вафодорроқ зот йўқ аслида...

Аллоҳ учун илм олсанг, бировга илм берсанг, Қуръон ёдласанг ва уни бошқаларга ёдлатсанг буларнинг ажрини фаришталар албатта саҳифангга ёзади иншааллоҳ!

Аллоҳ учун бўлгани қолади. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳнинг «Риёзус солиҳийн» китобини Лондон ва Парижда сотилади деб ўша даврда ким ўйлаган?! Аммо Аллоҳ таоло Валлоҳу аълам имом Нававийнинг қалбига боқиб рози бўлган, шу сабаб унинг китобини яшатган...

Кишилар ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг «Мадорижус соликин» асарига бежизга ёпишиб олишмаган. Аллоҳ учун бўлгани қолади.

Кишилар бежизга ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳнинг «Сойдул хотир» асарини ўқишмайди. Аллоҳ учун бўлгани қолади.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ доимо: «Эй Роббим! Мени ўлдирганингда махлуқотларингдан бирор киши мени танимасин», деган эди. Аллоҳ у зотнинг қалбида шуҳратга ҳавас йўқлигини билди. У зотни жумла жаҳонга машҳур қилди. Аллоҳ учун бўлгани қолади.

Дўстим! Аллоҳ учун бўлгани қолади!

Абдулқодир Полвонов тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳайвонот оламида биз инсонлар учун кўплаб ибратлар бор. Аллоҳ таоло баъзи ҳайвонларни иззату шараф ва жасорат тимсоли қилган бўлса, баъзиларини тубанлик, давоми...

953 15:57 / 23 сентябрь
1933 йилда Франклин Рузвельт Америка Қўшма Штатларига президент этиб сайланди. У пайтлар Америкага ҳавас қилиб бўлмас эди. Мамлакат ҳар томонлама касодга учраган давоми...

2400 16:00 / 29.10.2023
Ҳар бир инсон, одам боласи борки, ҳар кечакундузда учта бало, алам ва мусибат билан тўқнаш келади, лекин улардан ўзига ибрат, ваъз насиҳат олмайди.Биринчи мусибат, давоми...

3984 18:00 / 03.08.2021
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ .Уйунул ҳикоёт, номли китобида келтиради.Бани Исроилдан бир обид олтмиш йил ибодатхонада ибодат қилди. Тушида бир киши кўриниб унга давоми...

2879 09:00 / 02.02.2023