1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Қуръонга оид савол-жавоблар (бешинчи мақола)

17:50 / 30.12.2022 1890 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

5-савол: «Аллоҳ ва Расулини масхара қилишнинг ҳукми?»

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамдулиллаҳ васоллаллоҳу васаллама ва барока аъла Расулиллаҳ ва ала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи таъала ва барокатуҳ.

Баъзилар шундай савол беришади: «Қуръони Карим динни масхара қилувчиларни қатл қилишга рухсат берганми?».

Хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни масхара қилиб, карикатура чизган бир француз чечен йигити томонидан ўлдирилиши ортидан бу савол кўп бора бериладиган бўлиб қолди. Ушбу саволга уч босқичдан иборат услубда тўхталиб ўтаман.

Биринчи босқич: Аллоҳ ва Расулини масхара қилувчининг ҳукми нима?

Иккинчи босқич: масхара қилувчига чиқарилган ҳукмни ким ижро қилади?

Учинчи босқич: бу каби ҳодисаларга мусулмон кишининг муносабати қандай бўлиши керак?

Биринчи босқич ҳақида тўхталадиган бўлсак, Аллоҳни ва Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳамда барча Пайғамбарларни масхара қилувчининг ҳукми нима?

Биз барча Пайғамбарлар алайҳимуссаломга иймон келтирганмиз. Аллоҳ ва Расулини масхара қилувчининг ҳукми динимизда очиқ-ойдин айтиб қўйилган бўлиб, Қуръони Каримда Аллоҳ ва Расулини масхара қилувчи Ислом миллатидан чиқиб кетиб, кофир бўлиши айтилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: 

 

ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ
ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ

 

«Агар улардан сўрасанг, албатта: «Фақат гапга берилиб, ўйин-кулги қилаётган эдик, холос», – дейишади. Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» – деб айт»
«Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз. Агар сиздан бир тоифани афв этсак, бошқа тоифани жиноятчи бўлганлари учун азоблаймиз» (Тавба сураси, 65-66-оятлар).

Оят ҳукмига кўра, Аллоҳни, Қуръонни ва Пайғамбарларни масхара қилган кимса кофир бўлади. Жумҳур фақиҳлар бундай кимса муртад бўлади ва қатл этилади дейишган бўлса, баъзи фақиҳлар бундай кимса муртад бўлади, лекин ўлдирилмайди деганлар. Жумҳур фақиҳлар масхара қилувчи кимсанинг қатл этилиши ҳақидаги ўзларининг чиқарган ҳукмларига қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтиришган. 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

У киши дедилар: «Бир кўзи ожиз кишининг умму валади (фарзанд туғиб берган чўриси) бор эди. Ўша аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни сўкиб, ҳақорат қиларди. Эри уни бу ишдан қайтарса қайтмас, қўли билан ман этса ҳам тўхтамасди. Бир куни кечаси яна Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни сўкиб, ҳақорат қила бошлади. Шунда эри ханжарни олиб, ўша чўрисининг қорнига қўйди-да, ханжарни босиб уни ўлдирди. Оёқлари орасида бола бор экан, ўша ердаги қон унга ҳам тегиб бадани ифлос бўлди. Тонг отгач, ушбу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган-да, у зот алайҳиссалом одамларни тўпладилар ва «Худо ҳаққи, фалон ишни қилган киши менга итоат этиб ўрнидан турсин!» дедилар. Ҳалиги кўзи ожиз киши ўрнидан турди, изтиробга тушган бир ҳолда одамларнинг елкасини ошиб ўтиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб ўтирди ва «Эй Аллоҳнинг Расули, ўша аёлнинг соҳиби менман. У сизни сўкиб, ҳақорат қиларди. Қайтарсам, қайтмади, куч билан тўхтатишга уринсам ҳам тўхтамади. Ундан иккита ўғлим бор бўлиб, улар худди иккита дурга ўхшашади. У аёл менга мулойим муносабатда эди. Кеча кечаси сизни яна сўкиб, ҳақорат қилди. Ханжарни олдим ва унинг қорнига тирадим-да, ханжарни босиб, уни ўлдирдим» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳой, гувоҳ бўлинглар, ўша аёлнинг қони арзимасдир (яъни, унда қасос йўқдир)» дедилар».

Абу Довуд, Насоий, Ҳоким, Дорақутний, Тобароний ривоят қилишган.

Баъзи фақиҳлар Аллоҳ ва Расулини масхара қилувчи кофир бўлади, лекин ўлдирилмайди деган ҳукмларига қуйидаги далилларни келтирганлар.

 

ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻﯼ ﯽ ﯾ ﯿﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ

 

«Батаҳқиқ, сизларга Китобда: «Аллоҳнинг оятларини уларга куфр келтирилган ва уларни истеҳзо қилинган ҳолда эшитганингизда, бошқа гапга ўтмагунларича, улар билан ўтирманглар», – деб нозил қилди. Албатта, у ҳолда (агар ўтирсангиз,) сиз ҳам улар кабисиз. Албатта, Аллоҳ мунофиқ ва кофирларнинг ҳаммасини жаҳаннамда жамловчидир» (Нисо сураси, 140-оят).

Аллоҳ таоло бу оятда уларни ўлдиринглар деб марҳамат қилмади. 

Саҳиҳи Муслимда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг оналари қиссаси келтирилган. У зотнинг оналари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни масхара қилар эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, оналари ҳақига дуо қилишларини илтимос қилдилар. Набий алайҳиссалом у аёлни ўлдирмадилар, балки Аллоҳдан унга ҳидоят сўраб, дуо қилдилар. Натижада аёл Исломни қабул қилди. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида Мадинада мунофиқлар, яҳудийлар истиқомат қилишар, улар Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламни масхара қилиб, у зотга озор беришар эди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қатл қилмадилар.

Мен бу ўринда икки гуруҳ уламоларнинг чиқарган ҳукмларидан қайси бири қувватлироқ эканини баҳс қилмоқчи эмасман. Мен фақат уларнинг фикрларини келтирганимдан сўнг бир нарсани айтмоқчиман:

«Фараз қилайлик, барча фуқаҳолар Аллоҳ ва Расулини масхара қилган кимса кофир бўлади ва қатл этилади, деб иттифоқ қилган тақдирларида ҳам бу ҳукмни ким ижро қилади?».

Агар сезган бўлсангиз иккинчи босқичга ўтяпман. Хўш, Аллоҳ ва Расулини, Исломни, Қуръонни масхара қилиб кофир бўлган кимсага ўлим ҳукми чиқарилса, бу ҳукмни ким ижро этади? Бу саволга уламоларимиз орасида ҳеч қандай ихтилоф қилинмаган, аксинча, иттифоқ қилинган гапни айтаман. 

Иттифоқ қилинган ушбу гапни Имом Шерозий «Ал Муҳаззаб» асарларида, имом Қуртубий тафсирларида ва бошқа уламолар ўз асарларида келтирганлар. Ўша иттифоқ қилинган гап мана будир:

«Ҳадлар (қатл, тошбўрон, дарра каби жазолар)ни амалга оширувчи киши — мусулмон ҳоким, мусулмон султон, мусулмон раҳбар ёки унинг ўринбосари ҳисобланган қозидир. Халқнинг булардан бошқа вакиллари ўзбошимчалик билан ҳад ҳукмини ижро қилишлари жоиз эмас».

Чечен миллатига мансуб йигитнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни масхара қилган жиноятчи французга нисбатан иши, яъни қатл этиши шариатга кўра мумкин эмас. Тўғри, биз мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севамиз, жонимиз, молимиз ва барча нарсамиз билан ҳимоя қиламиз. Чечен йигитнинг ҳолатини, нафратини ҳис қилиб турибмиз, лекин Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш бу шаклда бўлмаслиги керак.

Мен сизларга бир гап айтаман: аслида, мусулмон йигитнинг юқоридаги қилган ишидан ғарб хурсанд бўлиб, бошқа йигитларимиз ҳам шу каби ҳодисаларни содир этишини интизорлик билан кутмоқда. 

Нега?

Шу каби воқеаларни баҳона қилиб, Исломга таъна тоши отиш, унга лой чаплаш учун. Маълумки, ушбу чечен йигитининг қилмишидан сўнг мусулмонларга нисбатан бир нечта чекловлар жорий этилди. Ғарб шу каби чекловларни янада кўпайтиришни хоҳлайди. Улар бу каби ҳодисалар ортидан «Ана, мусулмонлар шундай бўлади-да, ундай бўлади-да», деб бутун дунёга жар солишга ўтади. Шунинг учун биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан беодоблик қилганларга бошқача услубда нафратимизни билдирсак, тўғри бўлади. Жумладан, ўша беодоблар ишлаб чиқарадиган маҳсулотларига «бойкот, санкция» эълон қилиш, уларнинг маҳсулотларини сотиб олмаслик, бозор расталаридан олиб ташлаш каби ишлар билан нафратимизни изҳор қилсак, ана шунда уларнинг таноби анчагина тортилишига, кибри синиб, бўйни эгилиб, қилган ишидан узр сўрашига сабаб бўлади. Мусулмон уммати беодобларга нисбатан шундай услубда иш олиб бориши, бу каби ҳолатларга ўз муносабатини шу тарзда билдириши керак. Бу мусулмон учун энг тўғри йўл ҳисобланади.

Баъзилар сўраши мумкин: «Масъуллар ўшандай беодобларга чора кўришмаса, ўша нобакорни қўлга олиб, адабини ўзимиз берамизми?».

Бу саволга мен айтаманки: «Йўқ, биз ўзимиз бажара оладиган шаклда, масалан, юқорида айтганимиздек, беодоблар ишлаб чиқарадиган маҳсулотларига «бойкот, санкция» эълон қилиш, уларнинг маҳсулотларини сотиб олмаслик, бозор расталаридан олиб ташлаш кўринишларда нафратимизни изҳор қиламиз». Ана шунда биз ҳиссиётга берилиб эмас, шариат ҳукми доирасида йўл тутган бўламиз. Шундай экан, эй мусулмонлар, Аллоҳга, Расулига, динимизга нисбатан беодобликлар, масхара қилишлар юз берганда, ҳиссиётга берилмай, фаҳм-фаросатни ишлатиб, шариатга мувофиқ йўл тутишимиз керак. Токи бизнинг ўйламай қилган ишимиз оқибатида динимизга тош отилмасин. Шунингдек, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтиш, суннатларига ихлос билан амал қилиш ила у зотга муносиб уммат эканлигимизни исбот қилишимиз лозим. 

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон
Муҳаррир: Хуршид Маъруф

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Кўпинча намозда телефонни ўчиришга тўғри келиб қолади. Бу иш намозни бузмайдимиЖавоб Аслида намозга киришдан олдин, балки масжидга кирмай туриб телефонни давоми...

4012 21:16 / 24.04.2016
Мен уйланмоқчи бўлган қиз ҳали сатрланмаган, яъни рўмол ўрамайди. Мен унга балоғатга етган ҳар бир муслима учун исломий кийинишнинг фарз эканлигини тушунтириб, бу давоми...

3285 14:58 / 26.04.2016
Ҳамиша намозни ўз вақтида ўқишга ҳаракат қиламан. Намоз вақтини интиқлик билан кутаман ва назаримда намоз вақти киргандек бўлади. Лекин намозни бошлаганимдан давоми...

3410 20:57 / 27.04.2016
СаволАссалому алайкум Мен пешин намозининг фарзида жамоа бўлиб ўқилганда имом жуда тез ўқигани сабабли биринчи ракатнинг зам сурасини ўқий олмадим ва рукуга давоми...

4905 14:47 / 13.03.2018