1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ: «Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан сўрашдилар»

11:04 / 17 сентябрь 3799 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввалроқ шайх Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ ҳақларида мақолалар чиқарган эдик. Орада бир муддат узилиш бўлиб қолди. Ўзимиздаги маълумотларни тартиблаб яна давом эттиришни истадик. Бу борада муҳтарам ўқувчилар, устознинг мухлислари томонидан бўлган сўровлар ҳам кўп бўлди. Шайх Ёрқинжон домланинг яқин дўстлари устозимиз Ҳусайнхон Бухорий билан кўришганимизда суҳбат чоғида домла ҳақларида сўз очиб, хотираларини қоғозга туширдим. Ушбу суҳбат асносида домламиз мисолларида барчага, хусусан, толиби илмлар учун жуда ҳам зарур бўлган жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтдилар.

Ёрқинжон қори ака раҳимаҳуллоҳ кўп фазилатларга эга юксак қобилият эгаси эдилар. Кўзга ташланиб турадиган, ҳар бир киши ҳавас қилса арзийдиган ва ўта ноёб сифатларидан бири самимий ва Аллоҳ таолога ихлослари эди. Аслида айни суннат ҳам шундай, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламда энг кўп васф қилинган сифат Аллоҳга ихлослари ва самимийликлари бўлган.   

Қори ака илмга ўта ташна, ўқиб тўймайдиган, изланиб чарчамайдиган киши эдилар. У киши билан жуда яқин эдик. Ўзаро очиқ суҳбатлашар, илмий баҳслар юритиб, баъзан ҳазил-мутойиба ҳам қилиб турардик. Мисрда у киши билан кўп дарсларда бирга қатнашиб ҳамроҳ бўлганмиз. Устозлар бирор масалада иккиланса, «шайх Ёрқин бу борада нима дейсан?», «Бу масала ҳақида нима ўқигансан?» деб сўрар ва жавобни эшитиб ўз фикрини тасдиқлатиб оларди. Бундан ҳам билиш мумкинки, бу эътироф у кишининг чуқур илми ва кўп китобларни мутолаа қилганини кўрсатади. У ерда фақат илм таҳсили ва ўзларига кўп янгиликларни териш билан машғул бўлдилар.

У кишидаги яна бир сифат нуктадонлик эди. Инсон илм ўқиши мумкин, лекин нуктадон бўлиш бу алоҳида фазлдир. Нуктадонлик ўқиган, эшитган ёки кўрган нарсасидан энг нозик, муҳим жиҳатларни англаб, эслаб қолиш ва етказиб бера олишдир. У кишида мазкур хислат етук даражада эди. Гоҳида бирор жойда ҳамсуҳбат бўлиб ёки бирор воқеаликда бирга иштирок этган бўлсак, кейин айни шу суҳбат ёки воқеани у кишидан эшитсак ўша пайтдагидан  кўра кўпроқ завқ олардик. Яъни, ўша суҳбатда фаҳмланмаган, эътибор қаратилмаган жиҳатларни териб, содир бўлган пайтидагидан кўра балоғатлироқ қилиб қайта етказиб берардилар.

Алоҳида таъкидлаш лозим бўлган фазилатларидан яна бири у киши валоят аҳли бўлган валийлар, Аллоҳ таолонинг хос бандаларини ўтганларини ҳам ҳаёт бўлганларини ҳам кўп зиёрат қилар ва уларга муҳаббат қўярдилар. 2018 йили Туркияда шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари ташаббуслари билан ўтказилган илмий анжуманда бирга қатнашдик. Ёрқинжон қори акам у ерда ҳам кўпчилик эътибор бермаган валояти бор кишиларни топиб ҳамсуҳбат бўлганлар. Бу каби анжуманларда кўпчилик илмий унвони баланд, таниқли уламолар билан кўришишга ва суҳбатларини олишга интилади.  Қори ака уларни ҳам эътибордан қочирмаган ҳолда юқорида таъкидланганидек, аҳли фазлларни топиб ҳамсуҳбат бўлгандилар ва бу ҳақда бизга айтиб бергандилар. Уламолар, улуғ зотларнинг ҳаёти, шажарасини ўрганиб, бу борада жуда катта манба йиғишга эришгандилар. Айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодлари, аҳлибайтга муҳаббатли эдилар.

Мисрда зиёратлар ва дарсларга бирга борардик. Хусусан, Азҳар университети усулиддин факультети яқинидаги «Солиҳ Жаъфарий» жомеъ масжидида бўладиган дарс халқасига қатнар эдик. Ушбу масжид пастги қавати бурчак қисмида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлган тариқат пешвоси, валий зот, аллома шайх Солиҳ Жаъфарий қуддиса сирруҳунинг қабрлари бор. Мен ҳар сафар борганда у зотнинг қабрларини зиёрат қилиб сўнг дарсга кирардим. Бир куни Ёрқинжон қори акам билан бирга кириб зиёрат қилдик. Эртаси куни кўришганимизда у киши «Кеча Солиҳ Жаъфарий қуддиса сирруҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан эканлар, дея эҳтиром ва муҳаббат билан зиёрат қилган эдим. Бугун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушимга кирдилар. Кўпчилик билан турган эканмиз. У зот тўғри келиб мен билан кўришиб кетдилар» дедилар.

Барча аҳли илмларга, талабаларга намуна бўладиган жиҳатларидан бири устозларига муҳаббатлари ва ихлослари эди. У киши устозлардан қандай истифода қилишни яхши билардилар. Баъзан бир устозда юзлаб фазилатлар кўриниб, ундан ҳамма фойдаланади. Яна бошқа устозларда эса биргина фазилат бўлиши мумкин. Маҳрум кишилар эса уларни тарк этади. Зотан маъсум зотлар фақат пайғамбарлардир. Қолган барчада ўзига яраша камчилик топилиши мумкин. Фақат тавфиқ аҳиллари барча устозларни қадрлаб, улардан фазилат ахтаради ва уни кўра олади ҳамда уларнинг яхшиликларини ўрганиб, ўзида татбиқ қилишга интилади. Ана шу хислат қори акада бор эди. Ҳар бир устоздан ўзларига фойда олар, нозик хислатларни ўзлаштирар эдилар.

Бир куни тафсир фанида имом Замахшарийнинг «Кашшоф» китобидан бир устоз билан дарс қилдик. Устоз дарс жараёнида الإمام الزمخشري أكثر الناس فنقلة  деди. Яъни, «Имом Замахшарий уламоларнинг ичида энг кўп фанқала [1] қилувчи эди» деб ўтди. Дарс тугагач, талабалар билан ўтилган мавзу, устознинг услуби борасида суҳбатлашган эдик. Дарсни ҳамма ҳам яхши тушунмаган экан. Ёрқинжон қори акадан  фикрларини сўраганимда «Фанқаланинг ўзи фойда ўлароқ кифоя қилади» дедилар. У киши шундай ҳар бир устоздан фойда оладиган заковат ва тавфиқ эгаси эдилар.

Алоҳида эътироф қилиш керак бўлган хусусиятларидан бири тавозеълари эди. У киши ўзларини жуда ҳокисор тутар, каттага ҳам кичикка ҳам чиройли муомалада бўлардилар. Билмаган нарсаларини осонгина «Билмадим» дер ва баъзан оддий нарсани билмасалар ҳам бошқалардан сўрашдан уялмас, маломат қилиши мумкинлигини мулоҳаза қилиб ўтирмасдилар. Кўпчиликни наздида кичик саналган хатоларни тўғрилаш, илм-маърифат ҳосил қилишдан тортинмас, агар билишидан гумон қилсалар кимдан бўлса сўраб ўрганар эдилар. Худди шундай бир куни сарф илмига оид оддий саволни сўраб жавоб олдилар. Шаръий масала нотўғри талқин қилинган бўлса, ким бўлишидан қатъи назар очиғини айтар, хушомадгўйлик қилмас эдилар.

Ёрқинжон қори ака қалбан Аллоҳга боғланиб доим зикрда юрар, суннатни маҳкам тутиб уни тирилтиришга интилар эдилар. Шунинг учун ҳам барча устозлари муҳаббатини қозонган эдилар. Мисрлик шайх Аҳмад Шариф ҳафизаҳуллоҳ у кишини ҳозиргача эслаб, доим оилалари ҳақида ҳол-аҳвол сўрайди. Қайси устоздан сабоқ олган бўлсалар барчаларининг хотирасида қолганлар ва улар доим ҳақларига хайрли дуолар қиладилар.

У киши ҳар соҳада етук кишилар, хусусан, адиблар билан кўп ҳамсуҳбат бўлар эдилар. Тошкентда биргаликда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва яна бошқа адабиётимиз дарғалари билан кўришиб, суҳбат қурганмиз. У киши адабиётдан яхшигина хабардор, шеърий завқлари баланд, мутойибага мойил, латиф киши эдилар. Суҳбат асносида адиблардан кўп фойдаланиб қолишга интилар, сўзларини диққат билан тинглаб, яхши гапларни топиб уларни ҳам хурсанд қилардилар.

Сўнги пайтларда у кишига бироз беморлик етиб асаблари толиққан, қон босимлари озроқ кўтарилган эди. Лекин шу ҳолатда ҳам очиқ юзли бўлиб, шукронада юрар, атрофдагиларга ҳолатларини билдирмасдилар. Биров бирга китоб ўқишни истаса рад қилмай, вақт ажратардилар. Ҳатто бир сафар шогирдлари билан ақидага оид масалаларни ўрганиб, имом Мотуридий ва Абулбаракот Насафийнинг китоблари ва уларга битилган бир неча шарҳларни ўрганиб, қисқа муддатда тўлиқ ўқиб чиқишган. У киши урду тилидаги китобларни араб тилидагидек ўқиб, тушунар эдилар ва ўзбекчада сўзлашгандек равон сўзлашардилар.

У кишининг ўқишларида барака бўлган, китобни тез ўқир ва энг муҳими масалаларни тушуниб ёдда сақлаб қолардилар. Киши ўзи ўқиб тушунгандан кўра, айни ўша китобдаги маълумотни Ёрқинжон қори акамдан эшитса, етказиб бериш қобилиятлари юқорилиги туфайли яхшироқ тушунарди. Бу хислат барча аҳли илмда ҳам топилавермайди.

Агар мутолаа асносида бирор чигал жумла учраса, шундайлигича ташлаб кетмай, унинг қўлёзма нусхасини топиб, ўша муаммони ечиб кейин бошқасига ўтардилар. Масалаларни юзаки ўрганмасдилар. Баъзан билмаганларини ёки китоблардан чиқара олмаган маъноларини тушларида уламолардан сўраб билиб оладиган ажойиб кароматлари бор эди. Ўзлари айтиб берган эдилар, бир сафар тушларида аллома Анваршоҳ Кашмирийни кўриб: шогирдлари Муҳаммад Юсуф Биннурийнинг (1908-1977) тахаллуси «Биннурий ўқиладими ёки Баннурийми?» деб сўраганларида, у зот қандай ўқилишини айтган эканлар. Ихлослари ва илмга муҳаббатлари туфайли Аллоҳ таоло шундай кўп хислатлар билан мукофотлаган эди.

[1] فنقلة  «Фанқала» - فإن قلتَ قلتُ яъни, «Агар ундай десанг, мен бундай дейман» дегани бўлиб, имом Замахшарий бирор оят тафсирида фаразий бир савол топиб ёки эътироз туғдириб ушбу жумлани айтиб унга яна ўзи жавоб беради.

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим тайёрлади.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 3 август 03-07/4702-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Устозлар ҳақида сўз кетар экан, юртимизнинг улуғ фарзанди, буюк аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтамиз. Бу давоми...

3857 05:00 / 06.03.2017
Муҳаддис, фақиҳ, усулий, мантиқий, мутакаллим, тарихчи, тадқиқотчи, танқидчи олим, шайх Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай алАнсорий алЛакнавий алҲиндий бўлиб, аллома давоми...

4532 22:02 / 27.04.2017
Бир толиби илм камолотга эришишида ўнлаб, юзлаб устозларнинг меҳнати синади. Уларнинг иршодлари, меҳнатмашаққатлари ва дуолари натижасида талаба илмда юксалади. давоми...

1614 13:40 / 11 сентябрь
Ҳофиз, имом, мусанниф Абу Саъд Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Идрис Идрисий Истиробозий. Самарқанд муҳаддиси бўлганлар. .Тарихи Самарқанд,, давоми...

1416 10:55 / 21.03.2021
Аудиолар

137636 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57702 14:35 / 11.08.2021