1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Бахилларнинг шунақа қилиғи ҳам бор экан

02:40 / 01.01.2023 4506 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бахилларнинг шунақа қилиғи ҳам бор экан

Устозлардан бири ўзининг бошидан ўтган воқеани шундай ҳикоя қилади: 

«Бир қишлоқда мударрис сифатида иш бошлаган кунларимдан бири эди. Талабалар мени нонуштага таклиф қилишар, улар жуда ҳам олийжаноб, меҳмондўст эдилар. Кунларнинг бирида бир талаба келиб, отаси мени уйига нонуштага таклиф қилаётганини айтиб қолди. Мен унинг таклифини қабул қилдим. Йўлда кетаётганимизда талабаларимдан бири менга йўлиқиб, салом-аликдан кейин гап орасида нонуштага таклиф қилган киши таъриф қилиб бўлмас даражада бахил инсон эканлигини айтиб ўтди. Мен унинг гапига парво ҳам қилмай йўлимда давом этдим.

Мезбоннинг уйига етиб борганимизда ўқувчининг отаси мени хурсандчилик билан қарши олиб, меҳмон кутиладиган хонага таклиф этди. Хонага кириб ўтирганимиздан сўнг, мезбон аёлидан таом келтиришни сўради. Аёл овқат олиб кирди. Қарасам, олиб келинган нонушта бир лаган булгур, яъни буғдойни майдалаб, сувда қайнатилган, шомликлар истеъмол қиладиган бўтқага ўхшаш таом ва яна бир идишда сут экан.

Мезбон менга қараб: «Марҳамат, устоз» деб илтифот кўрсатди. Мен ўзи булгурни ёқтирмасдим, уни истеъмол қилмасдим. Лекин мезбондан хижолат бўлиб қошиқни қўлимга олдим-да, таомдан озроқ татиб кўрдим. Орадан бироз вақт ўтгач, мезбоннинг хотини эшикни тақиллатиб: «Товуқни олиб келайми», деб сўради. Мезбон: «Йўқ, биз ҳали булгурни еб бўлмадик», деди. 

Мен жуда оч эдим. Мезбонга қараб: «Қўяверинг, майли, олиб кирсинлар», дедим. Мезбон менга қовоғини уйиб қаради-да, ҳеч нарса демади. Орадан яна бироз вақт ўтиб, мезбоннинг хотини яна эшикни тақиллатиб: «Товуқни олиб келайми», деб сўради. 

Мезбон:«Йўқ, бироз сабр қил», деди. 

Кейин менинг тоқатим тоқ бўлиб, мезбонга: «Тўйдим, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ сизга барака берсин, ташаккур», дедим. Шунда у: «Узр, бизнинг нонуштамиз шу-да, устоз», деди. Сўнгра аёлига юзланиб: «Товуқни олиб кел» деб чақирди. Унинг бу гапидан ҳайрон бўлиб, ўзимга ўзим: «Товуқни шунча кутиб малолланганимиздан кейин энди олиб келадими», дедим. Лекин мезбоннинг хотини товуқни олиб келганда ҳайратдан лол бўлиб, даҳшатим янада ортди. Чунки, аёл биз ўтирган хонага тирик товуқни олиб келган эди. Товуқ эса дастурхонда қолган таомни, яъни буғдой доналарини териб ея бошлади». 

Азизлар ушбу ҳикоядан қандай хулоса чиқардингиз. Бизнингча, сизларнинг қалбингизда ҳам мезбоннинг бахил эканлигидан ҳайронлик билан бирга нафрат ҳам пайдо бўлгандир. Шундай эмасми!

Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан бири бахиллик экан.
«Бахиллик» луғатда карамлилик ва сахийликнинг зиддидир.

Шариат истилоҳида «бахиллик» бериш лозим бўлган нафақани қилмасликдир.

Бахиллик энг ёмон хулқлардан бири ҳисобланади.

Бахилликнинг даражаси иккитадир.

— Ўзида бор нарсага бахиллик қилиш.
— Ўзгада бор нарсага бахиллик қилиш. Бу энг ёмонидир. Уни Нисо сурасидаги «Улар бахиллик қиладиган ва одамларни бахилликка буюрадиганлардир», деган оятдан билиб олса ҳам бўлади.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉﰊ ﰋ ﰌ ﰍ ﰎﰏ ﰐ ﰑ ﰒ ﰓ ﰔ



«Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир» (180-оят).

Бу ўралиш қандай бўлишини ҳадиси шарифдан билиб олишимиз мумкин. 

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ آتَاهُ اللهُ مَالًا فَلَمْ يُؤَدِّ زَكَاتَهُ مُثِّلَ لَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ شُجَاعًا أَقْرَعَ لَهُ زَبِيبَتَانِ يُطَوَّقُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، ثُمَّ يَأْخُذُ بِلِهْزِمَيْهِ - يَعْنِي شِدْقَيْهِ - ثُمَّ يَقُولُ: أَنَا مَالُكَ أَنَا كَنْزُكَ». ثُمَّ تَلَا:

وَلَا يَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَبْخَلُونَ بِمَا آتَاهُمُ اللَّهُ مِن فَضْلِهِ

إِلَى آخِرِ الْآيَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ кимга мол берса-ю, у закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки холли улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади. Сўнгра икки чаккасидан тишлаб туриб: «Мен молингман, мен сен тўплаган хазинангман», дейди», дедилар. Кейин «Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар», оятини охиригача ўқидилар».

Бухорий ривоят қилган.

Аллоҳ таоло барчамизни бахилликдан асраб, қўли очиқ, сахий ва олийжаноб бандалардан қилсин.

Фойдаланилган манбалар:
«Руҳий тарбия» китобининг 1-жузи
«Ал Мутанаббий» саҳифаси


Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон
Муҳаррир: Хуршид Маъруф

 

Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бани Исроилда фақиҳ, олим, обид ва мужтаҳид киши бор эди. Унинг чиройли хотини бўлиб, у хотинини жуда қаттиқ севар эди. Хотини ҳам эрини яхши кўрар эди. Иттифоқо давоми...

3627 11:00 / 08.01.2022
Эй иймон келтирганлар Ўзингиздан бошқадан сирдош тутманг. Улар сизга парокандалик келтиришда бўшашмаслар. Машаққатда қолишингизни хоҳлайдилар. Нафратлари давоми...

4380 16:28 / 04.01.2018
Касбим ndash муҳандис. Кўп йиллардан буён техника ва телекоммуникация йўналишида фаолият юритиб келаман. Мазкур соҳа бўйича илмий изланишлар ҳам олиб борганман. Шу давоми...

2888 16:00 / 09.12.2023
Инглиз, француз, рус ва бошқа тилларни билиб, ўрганиш яхши ҳолат. Айниқса бугунги кунда. Бироқ бу тиллар шу миллат кишилари билан мулоқот воситаси бўлади холос. У давоми...

2278 10:30 / 27.02.2022