1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўъжизалар

Қуръоннинг тиббий мўъжизалари

05:00 / 09.03.2017 9474 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таҳорат ва ғуслнинг сирлари

Ҳеч қандай муболағасиз иддао қиламанки, бир кун келиб ҳамма (бу кун инонмаганлар ҳам) таҳорат ола бошлайди. Ғусл-ку (вужудни бошдан-оёқ ювмоқ) қандайдир маънода бутун дунёга ёйилди. Таҳорат ҳам шундай бўлажаги шак-шубҳасиздир.

Энди таҳорат ва ғусл жараёнида тиббий жиҳатдан юз берувчи ҳикматларни айтиб берай, кейин 5-сура, 6-оятни кўрамиз.

Таҳорат ва ғусл натижасида танада 3 муҳим тиббий мўжиза юз беради:

 

а) вужудда бириккан электронлар чиқариб ташланади ва улар таъсирида бўлаётган жисмоний оғирлашув йўқолади;

б) умумий қон айланишидаги камчиликлар тузалади, қариш секинлашади;

в) соғлиқни сақлаш тизимида асосий негиз ҳисобланган лимфа (организмда қон билан тўқималар ўртасида модда алмашинувини таъминловчи суюқлик) айланиши энг яхши савияда бўлади.

 

Ва бу уч ҳодиса, асосан, таҳорат ва ғусл олинаётганда юз бериши очиқ-ойдин тасдиқланган. Энди бу ҳодисаларни изоҳлаб берай:

а) Вужуднинг статик-электрик мувозанати масаласи

Нормал вужуднинг қурилиши негизида электрнинг катта аҳамияти бор. Тани соғлиқ кўп жиҳатдан унинг мувозанатига боғлиқ. Аҳвол эса шундайки, ҳавода электр кучланишлари бузилиб туради, таъсири кўп бўлган сунъий толали кийимлар киямиз, минган уловларимиз, машиналар ичида ўтаётган кунларимиз статик-электрик мувозанатни бузади ва биз учун жиддий муаммолар яратади. Автодан туша солиб хонага кирганда ва ё оромкурсидан қўзғалганда конденсатор каби ашёлар таъсирида ортиқча электронларга тўлиб кетамиз.

 

Булар, ундан ташқари, чекиш ҳам бизни қаритади, бизга бемаврид таъсирлар ўтказади, айни чоғда, жуда кўп психозматик (руҳий, асабий) касалликларни келтириб чиқаради. Бу манфий (салбий) натижаларнинг бирдан-бир чораси таҳорат ва ғуслдир. Шунинг учун ҳам таҳорат олганларнинг юзлари нурли бўлади. Ажабо, Аллоҳ, таҳорат олинг, деб буюрганда шу мақсадни кўзлаганмиди, дегувчилар бўлса, жавобимиз тайёр: фақат бу эмас, таяммум ҳам таҳоратдан олинадиган фойдани таъминлай олади. Агар бундай бўлмаса, таяммум амр қилинмаган бўларди. Таҳоратдан бохабар бўлганлар, вужуднинг электр-статик мувозанати бузуқлигини даф қилмоқ учун бутун дунёда акапунктур (нина билан даволаниш)га вақт сарфлаб, ўзларини илма-тешик қилиб ўтирмасдилар.

 

б) Циркулятсия масалалари

Циркулятсия - юракдан тўқималарга, тўқималардан юракка икки тарафлама оқим тизимидир. Айниқса, тўқималарда бу тизимнинг улови томирлар қилдан ҳам ингичка найчалар ҳолида ишлаб туради. Мана шу ингичка капилляр найлар тизими, ички доирада ишга тушмай қолган озиқ-овқат қолдиқлари туфайли ва бошқа турли сабаблар билан торайиб ёки умуман бекилиб, тўқималар керакли моддалар билан таъминланмай қолади. Мана шу ҳодиса вужуднинг бемаҳал қаришига асос-сабаб бўлади. Бу тарз-қариш томирларнинг йиллар бўйи давом этган шундай ҳаёти билан боғлиқдир. Томирлар резинка сингари эгилувчан ва чўзилувчан бўлиб турса, ишлар осонлашади, аксинча, торайиб-қаттиқлашса, ишлар орқага қараб кетади, яшаш оғирлашиб бораверади.

Бу муаммолар амалий ҳаётда таҳорат ва ғусл орқали ҳал бўлади. Турли иссиқликдаги сув теримизга текканда бир жиҳатдан томирларнинг очилиб-ёпилиш экзерсиси (машқи тренировкаси) кўпаяди, иккинчи жиҳатдан эндигина бўғилиб тиқилиб қолган томирлар очилиб кетади.

Вужуд тўқималарида бириккан ортиқча моддалар умумий циркулятсияга ўтади. Шу тариқа тўқималарда тириклик ғириллаб кетади яъни жонланиш тетикланиш юз беради. Ажабо таҳорат шу мақсадда қилинадими? Бу саволга ҳам жавобимиз тайёр: чиқит бирикмалар асосан қўл оёқ ва юзнинг капилляр найчаларида тўпланади. Таҳорат амаллари эса сизга маълумки шу жойларимизга тааллуқлидир.

 

в) Лимфа айланиши масаласи

Инсон вужудининг умумий ҳимояланиш системаси оқ қон айланиши орқали бўлади. Биз билган томирларга нисбатан бениҳоя ингичка бўлган капилляр найчалар "ленфотсит" номли оқ қон ҳужайраларини тўқималарнинг энг чекка-чеккаларигача олиб боради. Вужуднинг қай ерида бир макруҳ бир бегона нарса чунончи саратон (рак касали) ҳужайраси бор бўлса бу майда жангчилар ўзидаги қўрқинчли заҳарлар билан уни ўлдирадилар.

Бир макруҳли касалликка учраш саратонга дучор бўлиш бу мудофаанинг бирон ерда бўшашиб қолиши демакдир.

Бу тизим кўп жиҳатларга эга ва ғоят мураккабдир. Лекин бу нозик томирчаларнинг жуда яхши ишлашини таъминлаш соғлиғини қадрлайдиган ҳар бир инсоннинг биринчи вазифасидир. Мана шу лимфа томирларининг соғлом ишлаши учун ҳам таҳорат ва ғусл керак бўлади, чунки бу, уларни ҳайратомуз неъматлар билан таъминлайди. Қўл, оёқларнинг ювилиши вужуд марказидан узоқ бўлган мучалардаги қилдан нозик томирларда лимфа айланиши тезлигини оширади. Ундан ташқари, лимфа тизимининг энг муҳим қисми бўлган юз, бўғиз ва буруннинг ювилиши бу система учун бир массаж (уқалаш) ва кучлантириш омили бўлади.

Бу кун инсон биологияси соҳасида энг танилган, жаҳонга машҳур бўлган бирон олимдан: "Бу лимфа системамизга (тизимимизга) қандай тийраклик, жонлилик бера олишимиз мумкин?" - деб сўрасангиз, сизга таҳорат олишни таърифлаб беради.

 

Ажабо, таҳорат олишдан мурод бу системага куч беришдан иборатми? Саволнинг жавоби очиқ ва равшандир:

 

1. Таҳорат олиш билан вужуднинг энг чекка, энг кичик нуқтаси ҳам сакраб-сакраб ишлай бошлайди.

2.Бурун, бўғиз қисмлари ва оғизу қулоқларнинг чайилиши (ҳўлланиши) бу системанинг яхши ишлашига қаратилган.

3. Масаланинг энг муҳим томони шуки, таҳорат олишга амр қилган оят шу ҳикматга диққатни тортади.

 

5-сура, 6-оят: Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар. Агар жунуб бўлсаларингиз, покланинглар. 

 

Оят шундан кейин таяммум борасида амр беради. Ва ниҳоят, таҳорат нечун фарз қилинганини билдиради:

 

Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамас Аммо сизларни поклашни ва сизларга ўз неъматини батамом қилиб беришни истайдир. Шоядки шукр қилсангизлар.

 

Ҳа... Демак, таҳоратнинг икки мақсади бор

1. Покизалик.

2. Илоҳий неъматнинг комил қилиб берилиши.

Бу ердаги иккинчи мақсад устида фикр юритайлик. Илоҳий неъматнинг комиллиги нима? Тани соғлиқдаги оқсашларни аритиш... Вужуд статик-электрик ҳолатини сақлаш... Модда алмашинувини таъминлайдиган ақл бовар қилмас томир системаси ва вужуд муҳофазаси учун ишловчи лимфа тизими ва булардаги оқсашларни таҳорат олиб аритиш. Сизларга берган бу бебаҳо неъматларимни таҳорат амри билан комил қиламан", - деб амр этаётир Аллоҳ. Бу неъматлар учун Аллоҳга шукур қилмаслик мумкинми?

 

Рўза мўжизаси

 

 

Рўза амри "Бақара" сурасининг 184-187-оятлари орасида барча тафсилотлари билан келади. Кўп диққат қилиниши лозим бўлган ҳукм 184-оятдадир. Бу оятнинг сўнгги қисмида: Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир, деб уқтирилган.

Рўза мавзуида кенг тарқалган қаноат тўғрисидаги фикрлар ва бир нуқтада узр қидиришга интилишлар хатодир. Заиф кишилар, қон босими баланд бўлган беморлар ёки бир қатор эски касалликлари бўлган кишиларнинг рўза тутмай қўйишлари нотўғри, чунки рўза вужуд учун калория камайиб кетиши ёки таъминот чекланиши ҳодисаси эмас. Рўза вужуд механизмининг онгли равишда тафтиш қилиниши, кўздан кечирилишидир. Мана ўқидингиз, ояти карима мўжизавий ҳикмат билан тўла бу ҳақиқатни айтиб турипти. Тўғри, соғлиғи жиҳатдан узрли бўлганларга рўза тутмасликка рухсат берилган. Лекин оятда масалани яхши билганлар учун рўза тутишда зарар эмас, аксинча, фойда ва хайр борлиги билдирилган.

 

а) Рўзанинг ҳазм (сингиши) тизимига кўрсатадиган мўжизавий таъсирлари

Ҳазм қилиш тизими - вужуднинг энг тартибсиз, овқатлар тиқилиб кетган аъзолар оиласидир ва бутунлай компютерик, яъни бир-бирига электроник миялар билан боғланган ҳайратомиз бир қурилмадир.

Ҳазм тизими оиласининг энг оғир вазифалари ўзимиз билган жигар номли аъзога юкланган. Бу аъзо, ҳозирга қадар аниқланишича, 16 хил вазифани адо этади. Ва 24 соат ҳеч тинмай бир-биридан оғир ишларни қилгани-қилган. Мана шу жигар рўза тутиш асносида ҳеч бўлмаганда 12 соатнинг 6 соатида вазифалари енгиллашиб, бир дам олишга ўтади. Эҳ-ҳе, қанийди жигар ҳужайралари бир тилга кирса-ю, бу 6 соатлик дам олишнинг ўзи учун нақадар катта неъмат эканлигини ҳикоя қилиб берса... ҳеч бўлмаганда бу кунларимизнинг адашаётган баъзи бир кишилари жонимга мадор деб, бақувват овқатлар еб, ўз жигарларини ахлат тозалаш машинасига айлантириб қўяётганлари тўғрисида бир оз мулоҳаза юритсалар, "жигарим шу онда ичимда нима қилаётган экан? - деб хавотир билан ўйлаб кўрсалар... ўзларига фойда бўлар эди.

 

Эй инсон, ҳеч бўлмаса йилда бир ой рўза тут, бечора заҳматкаш жигарингни ҳар куни бир марта 6 соат дам олдир. Вужуднинг бу марказий лабораториясига рўзадан бошқа йўл билан ҳеч қандай ёрдам бера олмайсан, шунинг учун ҳам 184-оят:

Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир,- деб уқтиради.

Рўза ҳазм тизими оиласига кирувчи бошқа аъзоларга ҳам жуда яхши истироҳат фурсати яратади. Оғиздан бошлаб тупук безигача, ундан то бениҳоя нозик аъзо - овқат ютиш найи - (қизилўнгач)гача - ҳамма-ҳаммаси учун йилда бир ой тутилган рўза - неъматлар ичида энг катта неъматдир. Бу пайтда ошқозон барча мушак (Мускул)ларни дам олдиради. Ички пардадаги жамики заифликлар ўзини созлаб олади. Баъзи бир илми чалароқ "доктор"лар ўйлаганидай, рўза пайтида ошқозон кислота чиқармайди. Рўза тутиш учун ният қилинган лаҳзадаёқ ошқозон шартли рефлексга ўтиб, кислота ажратишни таққа тўхтатади. 12 бармоқ ичак ҳам рўзадан ўзининг омонлик улушини олади. Зеро, бу аъзо жамики ҳазм тизими компютерларининг марказий нуқтасидир. У рўзада ҳар куни ўрта ҳисобда 10 соат дам олади. Ичаклар рўза асносида, айниқса, ички пардаларини ва улар ортидаги муҳофаза марказлари бўлмиш Пеер тангачаларини  бир бор текширувдан ўтказиб, тишларини созлаб олади.

 

б) Рўзанинг модда айланиш тизимига берадиган неъматлари

Жисмимизда қон ҳажмини озайиши юракка жиддий бир истироҳат келтиради. Янада муҳимроғи тўқималар орасидаги ортиқча сувни йўқ қилиб, тўқима босимини пасайтиришидир. Халқ орасида "кичик қон босими" деб юритиладиган, қоннинг юракка босим бериши рўза чоғида пасаяди. Бу эса, юракка биз инъом этишимиз мумкин бўлган энг катта яхшиликдир. Тўқима босимини рўзадан бошқа йўл билан тушириш жуда қийин.

Модда айланиши тизими жиҳатдан энг муҳим масалалардан бири шуки, соғлом кишиларда қонга ўтган озиқ-овқатларнинг ҳаммаси фақат рўзали чоғларида куйиб кетади. Айниқса қондаги ёғ ва ёғсимон моддалар (липид) рўза тутилган пайтда минимал (енг оз) даражага тушади. Бу эса қаришнинг орқага сурилиши демакдир, яъни липиди ортиб кетганлар ҳам рўза тутишдан катта фойда кўришлари шак-шубҳасиздир.

Липид - томирнинг қаттиқлашиб кетишига катта таъсир қилиши аниқланган бугунги кунимизда рўзанинг томир тизимимизга ҳам кўрсататаётган таъсири ҳақиқатан бир тиббий мўжизадир.

Модда айланиш тизимида муҳим ўрни бўлган буйракларнинг рамазон ойида ўзига хос дам олиш фазасига ўтиши ҳам рўзанинг бир неъматидир.

 

в) Рўзанинг ҳужайраларга таъсири

Тўқима тизими ичида турли вазифаларни адо этувчи ҳужайралар, айниқса, овқат олди-бердисини ва ҳужайра ичида ҳамда ҳужайралар орасида сув мувозанатини бир тартибда тутишга мажбурдирлар. Ҳужайрани энг кўп чарчатувчи нарса ана шу сув мувозанати билан боғлиқ. Рўзада жамики бу ҳодисалар энг оз даражага тушиши муносабати билан ҳужайралар учун енгил нафас олиш имкони туғилади. Рўзали одамнинг жамики ҳужайралари икки тарафлама бахтли бўлади:1. Сув мувозанатини сақлаш машаққати ярим баравар озаяди.

2. Ҳужайраларнинг ўз вазифалари, айниқса, шира чиқарувчи ҳужайраларнинг иши яна оз савияга тушади.

Бу соҳада кўп тадқиқотлар ўтказган Ҳипофиз, Диройт ва Панкреас рамазонни соғиниб кутишлари мутлақо бежиз эмас.

 

г) Рўзанинг асаб тизимига таъсири

Олдиндан айтиб қўяйки, нафсни тиёлмасликка оид бўлган рўза кашандалиги (рўза тутган ҳолда чекиш) асаб тизимига ҳеч қандай наф келтирмайди. Бирон киши рўза оғиз экан, асаб тизими қатъиян юз фоиз дам олмоғи керак. Вужуд метаболизми (модда алмашинуви) кундузи энг оз савияга тушганда асаб тизими марказидан эътиборан нисбий бир дам олишга ўтади.

Жинсий интизом ҳам, асаб тизимидаги жамики тангликларни аритганидан, унга алоҳида бир ором беради.

Рўзанинг асаб тизимига берган энг катта неъмати унинг қаттиқ ҳаяжондан юзага келувчи руҳий зарбаларни йўқ қилишидир. Айниқса, рўза ибодатлари (таровиҳ) каби завқи барча қайғу-ҳасрат, маъюслик ва қўрқувларни йўқ қилиб юборади. Жуда чуқур ғам-ғуссаларни юрак тубларидан ўчиради. Руҳий зарбалар эса, маълумки, соғлиқнинг энг катта душманидир. Рўзанинг бутун бир тизимларга сезиларли таъсири ахир-оқибатда бир қатор умумий неъматлар ҳам олиб келади. Масалан, жигар дам олгани учун вужуд хавфсизлигига тайёрланган ҳимоячи моддалар кучлироқ бўлади. Айни шу ҳодиса туфайли рўзадан сўнг ўзимизни бардамроқ ҳис қиламиз. Жисмимиздаги ортиқча юклар эрийди, иштаҳасиз ва заиф кишилар кучга кирадилар, тошлари ортади. Қонсизлар хоҳ ҳазм тизимининг тартибга тушишидан бўлсин, хоҳ қондаги овқат энг оз савияга келиши асносида суяк илигига кўрсатилган рағбатдан бўлсин-янада фаолроқ қон ишлаб чиқара бошлайдилар.

Ҳа, азиз ўқувчиларим, энди 184-оят орқали буюрилган Агар билсангиз, рўза тутиш сиз учун яхшироқдир" жумласининг ҳикматини англаган бўлсангиз керак...

Шундай қилиб, ҚУРЪОНнинг ақлларни ўйга толдирадиган бу мўжизаси яқин орада яна бир мўжиза кўрсатишига аминман: ҳа, шундай замонлар келадики, бугун инонганлар ҳам, инонмаганлар ҳам, агар билимлари етарли бўлса, агар ширин жонларини севсалар... мутлақо рўза тутажаклари шак-шубҳасиздир. Лекин инониб рўза тутганларнинг қўлга киритажак неъматлари ва ҳикматлари ортиқроқ бўлгусидир.

 

Ҳомила ва туғилиш сирлари

 

 

Бу мавзуни изоҳлашдан олдин бир оятдаги мўжизавий амрни эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман; 41-сура 47-оят

... мо таҳружу мин самаротин мин акмомиҳо ва мо таҳмилу мин унсо..

Унинг илми аралашмаса, муртаклардан мевалар чиқмайди, ва аёл ҳомила олмайди ва туғмайди...

Илм тамомила илоҳий амр тимсолидир. Шундай бўлгач, ҳомила ҳодисасига алоқадор биологик маҳсулотлар тўғрисида нима учун бу алоҳида амр берилган? Имонлилар учун бу, бир ҳикмат эканлиги маълум. Демак, бу оят, асосан имонсизларга хитоб қилади. Ажабо, ҳомила ҳодисасида илоҳий илмнинг ўзига хос ҳиссаси нимадан иборат? Яқин йилларгача ҳомила ҳодисаси аёл ва эркак майлларининг бирлашувидан иборат деб ҳисобланарди. 1950 йилдан кейин ДНАнинг кашфи, 1965 йилда хромосомалар даги ДНА  ҳелезон ларининг ўрнашиб қолиши каби муаммолар бу ҳодиса биз ўйлагандан мураккаброқ эканини кўрсатади. Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотларга кўра, бир инсонда 46-47 хромосома бўлар экан. Бу хромосомалар деярли 60000 генетик майл учун ётоқлик (кроват) қилувчи скелетлардир. Қандайдир маънода уларни генетик шифрларнинг бир боғлам ленталари дейиш мумкин.

Бир аёлнинг тухум ҳужайраси меноз деган махсус бир бўлиниш йўли билан ўзидаги генетик майлларнинг энг яхшиларидан ярмисини, яъни 30000 донасини бу хромосомаларнинг 23 донасига бахш этади.

60000 асос генетик шифрнинг ҳар бирини бир сонга ўхшатайлик: тухум ҳужайрасида навбат номери тартибсиз 30000 рақам бор. Бу 30000 рақам, 1дан 60000гача бўлган сонларнинг навбатсиз бир оломонидир. Масалан, 1,17, 24, 25, 26, 105, 787, 6434, 14401, 23007, 54507, 57414 каби қай бири чиқиши номаълум бўлган майллар тухум ҳужайраларидадир. Бир инсон шаклини вужудга келтира оладиган 30000 карта тухум ҳужайраларида нақд бўлмаган ҳолда яшириниб ётадилар. Бу айтганларимизни кундалик ҳаётимизнинг тили билан ифодаласак, бундай дейиш мумкин: онанинг тухум ҳужайраси туғилажак боланинг қулоғининг солинчагига оид, қошига ё бурнининг учига оид майлларга эга, холос. Лекин қулоқ ҳажми, киприклар ва бурун тешиклари онанинг генетик картасида мавжуд эмас. Буларни бутун вужудга нисбатан олиб кўрилса, она чақалоқнинг ярим майлларини ташийди, деган хулосага келамиз. Аммо булар мунтазам яримни билдирмайди. Бир қанча аъзоларнинг, томирларнинг баъзи жиҳатларига оид майллар бор.

 

Бир тухум ҳужайраси ҳомилага айланадиган, яъни уруғланадиган пайтда унинг атрофида 250 миллион маний ҳужайраси (сперма) жойлашган бўлади. Ва бу ҳужайраларнинг ҳар бирида чиройли ҳаракат қилиб турган 30000 майл бордир. Ҳар бири 60000 рақамнинг чиройли ҳаракат қилиб турган 30000 донасига эга.

Тухум ҳужайраси булардан биттагинасида ўзида етишмаган карталарни топиб, ўша билан ҳомилага айланиш ҳолатида бўлади. Ва бу ақл бовар қилмас номаълум картани топиб, у билан масалани ҳал қилиш учун энг кўпи билан 40 дақиқа муҳлат керак бўлади, янада тушунарлироқ бўлсин учун бу манзарани бошқача мисол билан ифодалай. Сизнинг қозонингизда 1дан 60000гача бўлган сонларнинг 30000 донаси бор.

Қаршингизга 250 миллион дона айрим-айрим тўрваларда карталар олиб келишган. Тўрваларнинг бирида сиз учун керакли бўлган, сизга етишмай турган карта (айтайлик, бурун тешиги) бор, 40 дақиқада бу тўрвани топишингиз керак. Шундай қилиб имконсиз эҳтимол билан юзма-юз келасизми? Мана, тухум ҳужайрасининг муаммоси шундан иборат. Шунинг устига-устак, ўзида етишмайдиган майлларни устун билувчи тухум ҳужайраси ёлғизгина рақамларга қараб ўтирмайди.

Ҳа! Яна буни қаранг! Тез ўзгарувчи майллар маълум бир маконнинг маълум бурчакларида тизилиб турган уч ўлчовли, яъни бўйи, эни ва узунлиги ҳар хил аминокислота (оқсил) фигуралардир. Фараз қилайлик: сиз ўзингизда етишмайдиган 52075 майлни излаётирсиз. Бу майл бир генетик шифр ҳелезонида 18 градус вертикал, 75 градус горизонтал бурчакда Гуа базасидаги бир аминокислотадир. Ва у, дейлик, 4 рақами билан қайд қилинган. Тухум ҳужайраси аминокислоталарнинг қатор-қатор тизимлари ичидан ана шу 4 рақами билан қайд этилган майлни аниқлаб топмоғи керак. Айтайлик, бир тухум ҳужайраси бу масалани ҳал қилиш, яъни ўзига керакли манийни танлаш учун минг нафар генетика олимини ёрдамга чақирди. Бу олимлар ҳам қўлларида турли-туман бурчак ўлчагичлари билан келдилар ва аминокислотани аниқловчи асбоб-ускуналари билан ишга киришдилар. Хўш, улар ишни 40 дақиқада қила оладиларми? 250 миллион маний ҳужайраси орасидан тегишли номерни топишлари учун уларга камида 2 ой керак бўлади. Демак, тухум ҳужайраси бу масалани на бир ўзи ва на минг олим билан биргаликда ҳал қила олади. Ундай бўлса, қандай қилиб ҳар куни мингларча аёллар ҳомиладор бўладилар? Бу масалани фақат илоҳий илмгина ҳал қила олади. Энди оятнинг илмий мўжизасини ҳис этдингизми?

 

Аллоҳнинг уқтиришича, илмингиз минг юксак бўлса ҳам ҳеч бир урғочи ҳужайрани нормал илм қонунлари асосида иккиқат қилолмайсиз. Бу ҳомила ҳодисаси шундай бир илмий масала, шундай бир улуғ муаммодирки, унга фақат Аллоҳнинг илми аралашсагина ҳал бўлади. Аллоҳ шундай буюрган.

Ҳа, илоҳий илм аралашмагунча ҳеч бир аёл иккиқат бўлолмайди. Генетика фани, модерн биология тажрибалар ўтказа-ўтказа, ахир бир кун оят қаршисига келиб тўхтайверади ва ОМАННО ва СОДДОҚНО (инондик ва сен ҳақсан) дейишга мажбур бўлаверади ва ҚУРЪОН - илоҳий китоб эмас, дегувчиларнинг тилини узиб олгиси келади.

Энди оятнинг иккинчи сирини очишга уриниб кўрай...

Уруғланган тухум ҳикоясини давом эттирайлик: 60000 майл ичидан керагини танлаб, ҳомилага айланган тухум 2,4,8,16,32 рақамларидаги тартиб асосида (яъни геометрик прогрессия йўлида) муртаклана бошлайди ва охири 30 миллиард ҳужайрали инсон боласи етилади. Мана шу 1дан 30 миллиардга қадар геометрик прогрессия асосида кўпайган ҳужайралар 40 ҳафтада муртакка (ембрионга) айлана бошлар экан, бу вақт давомида юқорида шарҳлаганимиз 60000 майл, муртакни, худди ҳисоб халтасига ўхшаб, кузатиб-пойлаб юради. Янги бўлинган ҳар тухум муртак устида маълум бир жойга бориб жойлашади. Бу жойлашув бир ангустрон (бир сантиметрнинг миллиарддан бири) масофада бурчак ҳосил қилиб турадиган ўзига хос жойлашувдир. Бир намуна келтирай: ҳужайралар саноғи 256га етган еттинчи бўлинмада (муртакнинг бир қисмида), агар 6 номерли ҳужайра 1 миллимикрон (микрон - метрнинг миллиондан бир бўлаги, миллимикрон - микроннинг мингдан бир бўлаги) қуйига тойиб кетса, инсоннинг оёғи ўз жойидан эмас, кўксидан чиқади. Бундан кейин яна шундай бир хато юз берса, ул илоҳий китобни инкор қилувчининг тили оғзидан эмас, қорнидан чиқади.

Демак, уруғланишдан кейин вужудга келаётган муртакда ҳам ҳужайра сафлари навбат-навбати билан келишда ҳеч хато қилмайди, ҳам 60000 генетик картадаги шифрлар ҳужайраларда тегишли ўрнини топади. Бу ҳодисанинг Аллоҳ илмисиз амалга оширилиш имкони 6хЮ-Я12га яқин рақамдир. Бу математик хулоса оятдаги "ҳеч бир ҳомиладор аёл Аллоҳнинг илмисиз туғолмайди" деган маънони англатиш учун келтирилди.

ҚУРЪОНнинг 41-сура 47-оятидаги ҳикматга дуч келганда, бу муъжизавий амр қаршисида бутун биология ва математика фани Оманно ва Соддоқно деб, ҚУРЪОНнинг илоҳий калом эканлигига имон келтиради. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, кимда-ким ҚУРЪОНни инкор этса, математика ва биология фанларини ҳам инкор этган бўлади. Бу икки илмни инкор этиш эса бориб турган жаҳолатдан бошқа нарса эмас.

Шунинг учун ҳам ҚУРЪОНни инкор этган киши Абу Жаҳл - Жаҳолатнинг Отаси деб таърифланган.

 

Туғилиш мўжизаси

 

 

40 ҳафта ўтганда, илоҳий илм чақалоққа янги ҳаёт тарзи ато этади. Сўнгги тадқиқотларга қараганда, чақалоқ ва онада икки алоҳида компютер система ҳамжиҳатлик билан туғилиш жараёнини амалга оширадилар.

Мандаринга ўхшаб кетадиган она раҳми қизлик пардасининг нозиклигидан тортиб, бир ритмик қоида билан ишлашигача бениҳоя мўжизавий хусусиятга эга. Она раҳмининг усти ясси, ичи қават-қават - очилиб-ёпилиб туради. Меҳр билан силкинадиган она раҳмининг бутун фаолият системаси олдида компютернинг ишлаш қоидалари ип эшолмайди. Она раҳми фаолиятидаги ҳодисалар жуда таъсирчан ҳормон айирмалари (безларнинг шира чиқариши) билан тартибга солиб турилади. Ҳомиладорлик вақтида онанинг модда алмашинув тизими, ҳазм қилиш аъзолари биргаликда ягона бир компютер марказининг автоматик идорасига боғлиқ бўлади. Она қорнидаги чақалоқ эса, бошқа бир компютер ичида - ҳам оламга чиқиш ҳаракатларини бошлайди, ҳам янги ҳаёт тарзи учун бутун тизимлари катта автоматик компютер тизими билан боғланади.

Мўжизанинг ҳам ҳайратналарли, ҳам мамнун қилувчи томони - туғилажак чақалоқ билан туғажак онанинг компютер тизимлари ўртасидаги синхрон (интилиш ва ҳаракатларда бир-бирига уйғун)ликдир. Ана шу бир-бирига уйғун ҳаракатлар натижасида она раҳми болани "А" нуқтасига элтганда, чақалоқ ҳам жағини "Б" нуқтасига етказади ва пастга тортила бошлайди.

Тибб илми она раҳми билан чақалоқ ўртасидаги синхрон боғлиқлик мўжизасини фақат илоҳий илмда деб топаётир.

Мана, энди ўзингиз ўйланг, ҚУРЪОН мўжизасини, яъни:

"Унинг илми аралашмаса ҳеч бир аёл туғолмайди" - деган ҳикматини инкор этиш мумкинми?

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тарихчи Геродотнинг сўзларига кўра, қадимги Миср халқи дунёнинг энг художўй кишилари бўлган. Аммо улар ҳақ динга эмас, балки бузуқ бир динга, кўпхудоликка эътиқод давоми...

7271 05:00 / 09.03.2017
quotЕрдаги бирор жонивор ва бирор икки қаноти билан учадиган парранда йўқки улар ҳам сизлар каби умматлар бўлмасалар...quot Анъом сураси, 38Илмий тадқиқотлар давоми...

3555 05:00 / 09.03.2017
Қуръонни замон тафсир қиладиrdquo, деган машҳур ибора умматнинг донишманди Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога тегишли эканлиги айтилади. Албатта бу воқеаликдан узоқ давоми...

4328 05:00 / 09.03.2017
.Ахир, Биз сизларни бир ҳақир су в дан яратмадикми Сўнг у сувнутфани пухта қароргоҳда она қорнида барқарор қилиб қўймадикми Маълум муддатгача яъни ой куни етиб давоми...

3321 05:00 / 09.03.2017