1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Муҳаббат ва хусумат

22:57 / 12.11.2022 1532 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эй инсон, бу оламдаги жунбиш ва дабдабага алданма. Уйқуда кўрган тушингда вужудинг қийма-қийма бўлса ҳам қўрқма. Зеро, бу дунё бир уйқудан иборатдир».

Ҳазрати Мавлоно Румий

 

Башарий ҳаётни юксалтириш ёки бўлмаса инқирозга учратиш бобида муҳаббат ва хусумат каби бошқа омиллар топилмаса керак.

Фиръавн ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг тавҳид учун олиб борган курашини ўзининг салтанатига таҳлика ўрнида кўриб, Миср сеҳргарларини бир ерга тўплади ва уларни Мусо алайҳиссалом билан мусобақа ўтказишга ундади.

«Эй Мусо, ёки сен ташла, ёки биз ташловчи бўлайлик», дедилар. «Сизлар ташланглар», деди (Мусо)» (Аъроф сураси, 115-116-оятлар).

Сеҳргарлар Фиръавн ва Миср халқининг кўз ўнгида ерга бир қанча таёқ ва ип ташлашди. Уларга жон кириб, илон шаклида ҳаракат қила бошлади. Шундан кейин илоҳий амр билан Мусо алайҳиссалом ҳассасини ерга ташлади. Ҳасса даҳшатли аждарҳога айланиб, ердаги бутун илонларни ютиб юборди. Сеҳргарлар бунинг сеҳр эмас, илоҳий бир мўъжиза эканлигини тушиниб етдилар. Чунки бу сеҳр бўлганида эди, ерга ташланган таёқ ва иплар ўзгармасдан олдинги ҳолида қолган бўлурди. Ҳолбуки, сеҳргарларнинг сеҳри йўққа чиқарилгани каби уларнинг таёқ ва иплари ҳам йўқ бўлиб кетган эди. Ушбу мўъжизани кўрган сеҳргарлар:

«Ва сеҳргарлар саждага ташланиб, дедиларки: «Оламларнинг Роббига иймон келтирдик. Мусо ва Ҳоруннинг Роббига», (Аъроф сураси, 120–122- оятлар).

Фиръавннинг бундан жаҳли чиқди:

«Фиръавн айтди: «Мен сизга изн бермай туриб, унга иймон келтирдингизми?! Албатта, бу сизнинг шаҳарда унинг аҳлини чиқариб юбориш учун қилган макрингиздир. Ҳали биласиз. Албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қарши томонидан кесаман ва ҳаммангизни осаман», (Аъроф сураси, 123-124-оятлар).

Сеҳргарлар Фиръавнга:

«Биз ўзимизга кўринган мўъжизадан сени устун қўя олмаймиз.Сен истаган фармонингни бер. Истаган зулмингни қил. Сенинг зулминг бизга зарар бера олмайди. Сенинг ҳукминг фақат бу дунё ҳаёти учундир. Лекин биз Аллоҳга қайтгувчилармиз», дедилар.

Ҳазрати Мавлоно бу ҳодисани қуйидагича таҳлил қилади:

«Малъун ва золим Фиръавн сеҳргарларни иймонга келганлари учун ўлим билан қўрқитиб, «Қўлингизни ва оёғингизни қарама-қаршисига кесурман. Сўнгра сизларнинг барчангизни дорга осурман», деган эди.

Фиръавн сеҳргарлар сўзларимдан қўрқиб, менга итоат қиладилар, деб ўйлаган эди. Аммо Фиръавн билмас эдики, сеҳргарлар қўрқув ва андишадан қутулиб, илоҳий сир ва ҳақиқатдан хабардор бўлган эдилар. Улар фалак тегирмонига юз марта тушиб, майдалансалар ҳам, сояларининг ўзларидан ажралишларига ҳозир ва нозир эдилар».

Яъни, руҳнинг асл, жасаднинг эса бир соя эканини тушунган ва тезроқ бу соядан қутулиб, «Фано филлоҳ» мақомига эришишни истар эдилар.

«Эй инсон, бу дунё бир уйқу ва тушдан иборатдир. Сен бу дунёдаги дабдаба ва амалларга алданиб қолма. Тушингда вужудинг парча-парча қилинса ёки қўлинг кесилса. Бундан қўрқишингга ҳожат йуқ».

Ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу дунё бир тушдан иборатдир», дейдилар.

Маълум бўлдики, сеҳргарларнинг Мусо алайҳиссалом олдида бўйин эгишлари уларга иймон йўлини очди. Фиръавн эса охир-оқибатда Қизил денгизнингсувларида ҳалок бўлди. Ундан қолган ном эса зулм тимсолидан бошқа нарса эмасдир.

Шундай экан, ҳаётнинг тамали ҳаракатларимизга жон бағишлайдиган хаёл, ҳис ва фикрлардан иборатдир. Инсон муҳаббат ва хусумат орасида тарбия топади. Пайғамбарлар ва авлиёлар инсонни дунё ва охиратда саодатга қовуштириш учун ҳаётни ҳақиқат чироғи билан ёритган қуёш кабидирлар. Баҳор тупроққа янгидан жон бағишлагани каби, улар ҳам башариятнинг ўлик димоғига жон бағишлайдилар, инсонларнинг қалбларини фазилатларга тўлдириб, Ҳақ томон йўналтирадилар. Башарият муҳтож бўлган тинчлик ва яратилиш ғоясига мос ҳаёт шу тарзда шаклланади.

Азалда Жаноби Ҳақнинг ёлғиз Ўзи мавжуд экан, бутун борлиқлар олами (олами касрат) муҳаббат сабаби билан вужудга келган эди. Мавжудотлар ичида имтиҳон шартларига тобе қилинароқ яратилган инс ва жинлар фақат ва фақат муҳаббат туйғуси билан безатилгандир. Бу заминда ўзини ғурбатчи деб биладиган инс ва жинларнинг қалбларини алам ва изтироблардан халос қиладиган нарса ҳам мана шу муҳаббат туйғусидир.

Мавлоно ҳазратлари бу ҳақда шундай дейдилар:

«Пайғамбарлар ва уларнинг ворислари авлиёлар, яъни комил инсон бўлганлар башарият ниқоби билан ўралган қуёшлардир. Уларнинг ҳимоясида бўлки, сенга доимо ёмонлик қиладиган нафсингнинг қўлидан қутуласан».

Боязиди Бастомий ҳазратларига мурожаат қилган бир дарвеш:

«Мени Аллоҳга яқинлаштирадиган бир амал тавсия қил», дейди. Боязиди Бастомий у кишига бундай ўгит беради:

«Аллоҳнинг авлиё бандаларини сев! Уларнинг кўнглини олишга урин! Чунки Аллоҳ таоло ҳар куни у орифларнинг қалбига 360 марта назар солади. Бу назарлар давомида Аллоҳ сени ҳам у ерда кўрсин».

Сулаймон алайҳиссалом Сабо Маликаси Билқисни иймонга даъват этиб, унга бир мактуб юборди. У замонлар бутпараст бўлган малика мактубни ўқигач:

«Эй азиз инсонлар! Менга шараф тўла бир мактуб келди. Бу мактуб Сулаймон пайғамбарнинг мактубидир. У меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳнинг номи билан бошланади», деди. Бундай эҳтиромни баъзи олимлар:

«Малика ҳазрати Сулаймоннинг мактубига ҳурмат кўрсатиб, уни қадрлагани учун ҳам иймонга эришди», дея шарҳлаган эдилар.

Бишири Ҳофий маст ҳолда уйга қайтар экан, йўлда калимаи тавҳид ёзилган қоғоз топиб олди. Бу муқаддас калиманинг йўлда ётишига кўнгли рози бўлмади. Ҳурмат билан қоғозни қўлига олиб, чангини артди. Қоғозга хушбўй нарсалар суриб, эҳтиром билан уни уйининг тўрига осиб қўйди. Шу сабабдан Аллоҳ таоло унга ҳидоят ва салтанат эҳсон айлади.

Саодат асрида Ҳаким ибн Ҳизом исмли саҳоба бор эди. Ҳазрати Хадижага қариндош бўлган Ҳизом жўмард, хайрсевар ва ҳасанотли киши эди. Жоҳилият даврида қизларини тириклай ерга кўмишни истаган кишилардан қизларини сотиб олиб, уларга ҳаёт бағишлар эди. Ҳаким ибн Ҳизом бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан жоҳилият даврида қилган яхшиликларимнинг менга фойдаси тегадими деб сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сенинг бу гўзал амалларинг Исломга киришингга сабабчи бўлди», дея жавоб бердилар.

Аллоҳ таоло Ўзига, пайғамбарларига, авливлиёларига ҳурмат кўрсатган жамоаларга абадий раҳмат ва неъмат ёғдиргандир. Шу сабабдан ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада яшаган даврда бу ердаги мушрикларга ҳеч бир зарар келмаган эди. Бу ҳол Анфол сурасининг 33-оятида шундай таърифланади:

«Модомики, сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобловчи эмас».

Лекин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин Маккада қаҳатчилик бошланиб, у ердаги мушрикларнинг очликдан бош кўтаришга ҳоллари қолмаган эди. Ҳушлари бошларидан учиб, осмон кузларига кук булут каби кўрина бошлади. Чорасизларча Мадинаи Мунавварага келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёрдам истаган эдилар.

Бундай ҳодисалар баъзиларни ҳидоятга етаклаган бўлса, баъзиларни эса бахбахтлик гирдобига кўмиб юборгандир.

Бундай ҳодисалардан яна бирини мисол келтирайлик:

«Сурияда Ғассоний давлатининг ҳукмдори Жабала ҳазрати Умар замонида Мадинага келиб мусулмонликни қабул қилди. Ҳажга бориш учун иҳромга кирди. Тавоф қилар экан, бир бадавий араб унинг ипакдан тўқилган иҳромига оёқ босди. Жабала ғазабланиб, бадавийнинг юзига бир мушт туширди. Бадавий ҳазрати Умарга шикоят қилиб борди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Жабалага:

«Қилган амалинг учун хун тўлаб, уни рози қил. Ёки бўлмаса, у ҳам юзингга бир мушт туширади», деди. Жабала:

«Мен ҳукмдорман, у эса бир бадавийдир», дея жавоб берди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:

«Ислом динида бунинг аҳамияти йўқдир. Илоҳий адолат қаршисида иккалангиз ҳам тенгсизлар», деди.

Шунда Жабала:

«Менга кечқурунгача фурсат беринг. Ўйлаб кўрай», деди.

Жабала бадавийга тўлов қилиб, уни рози қилишни ўзига ор кўрди. Кечаси ёнидагилар билан қочиб, Бизанс императоридан бошпана истади. Динидан қайтиб, муртад бўлди. Орадан кўп ўтмай оламдан кўз юмди. Дунёвий ғурур уни Исломнинг нурли йўлидан узоқлаштирди.

Шунга ўхшаш яна бир бошқа мисолни келтирамиз:

Эрон ҳукмдори ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубини йиртиб отди. Одобсизларча у кишини ҳақорат қилди. Аллоҳ таоло хам унинг мол-мулкини ва салтанатини ер билан яксон қилди. Хароба бўлган салтанати тарихда ибрат ўлароқ хотираларда қолди.

Пайғамбар ва авлиёлар ҳақикатидан узоқ қолган, улардан фоиз ололмаган, илоҳий сирдан насибини ололмаганлар ҳақида ҳазрати Мавлоно шундай дейди:

«Сен сўлиган ва руҳи чириган бир кўнгилни илоҳий даргоҳга олиб бормоқдасан. Аллоҳ таоло: «Эй жоҳил инсон! Бу ер қабрмидики, ҳузуримга ўлик қалб билан келмоқдасан. Бор, ҳузуримга илохий сирдан хабардор бўлган жонли кўнгил билан кел. Чунки дунёнинг яшиллиги ва гулистонлиги ана шундай кўнгиллар устига қурилгандир...» дейди».

Ҳазрати Мавлоно инсоннинг бундай баркамоллика эришиши учун руҳий тарбияга муҳтож эканлигини бир қанча байтларида таърифлаган:

«Қаноти чиқмаган қушча учмоқчи бўлса, ерга тушар ва ёвуз мушукка луқма бўлур... Қанотлари чиққандан кейин эса ҳеч заҳмат чекмасдан юксакларда парвоз қилар...»

Бошқа бир байтида эса моддий тараққиётнинг руҳий тараққиёт қаршисида ҳеч эканини бундай таърифлайди:

«Осмонларнинг юксаклиги жузъийдир. Лекин маънавий юксаклик ва ҳақиқий руҳий юксаклик тоза қалблардагина бордир.

Юксакликнинг сурати жисмларда. Жисмлар эса маънога нисбатан исмдан иборатдир».

Парвардигор, қалбларимизни Қуръон нуридан, Аллоҳ ҳабибининг ва авлиёларнинг муҳаббатидан айирма.

 

Муҳаммад Қобил таржимаси

«Ҳилол» журналининг 8(41) сонидан олинди

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик,, деган Аллоҳ субҳанаҳу ва давоми...

4594 23:05 / 26.04.2017
4572. Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам истисқо серобчилик сўраш учун ушбу намозгоҳга чиқдилар. Бас, дуо қилиб, давоми...

9926 20:00 / 28.02.2018
Ғийбат сабабли дунёда, динда жуда кўп зарарлар юзага келади. Ғийбат қилувчига Қуръони Каримдаги.Дунёни ҳам, охиратни ҳам қўлдан бой берди, Ҳаж сураси, 11оят давоми...

2812 14:00 / 28.03.2022
Қуръони Карим оятларида баъзан кофир ва мушрикларнинг куфрий ва ширкий маънодаги сўзлари нақл қилинади. Яъни, мазкур сўзлар уларнинг ботил даъвоси ўлароқ ибрат давоми...

1771 11:47 / 14.12.2023