1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Маслаҳатлашиб қилинган ишлар манфаатли бўлади

09:00 / 17.03.2023 1696 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Амр ибн Динордан ривоят қилинади:

«Ибн Аббос: «Улар билан машварат қил», «баъзи ишларда», деб қироат қилди».

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳобалар билан машварат қилишни ваҳий қилиб, «Ва улар билан машварат қил», деб буюрган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўша оятни «баъзи ишларда» дея шарҳлар эканлар.

Бу ерда улуғ бир ҳикмат бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан бевосита ваҳий олиб турибдилар. Ул зот фаришта билан гаплашиб турибдилар. Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрасалар ҳам жавоб келади. Бироқ нима учун оддий халқ билан маслаҳат қилишлари керак?

Бунинг ҳикмати умматга маслаҳат, машварат одобини ўргатишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маслаҳатсиз ҳам ишларнинг энг тўғрисини қиладилар. Лекин ушбу ҳадисга кўра, бу нарса Аллоҳ таолонинг амри бўлгани учун маслаҳат, машварат қилганлар.

Уч-тўрт кишига бошлиқ бўлган одам ҳам машварат қилиши керак. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларида бу ҳақиқатни кўп кўрганмиз. Ул зот доим маслаҳат қилганлар ва бу маслаҳатларга амал ҳам қилганлар. Ҳатто баъзан ўзлари шу маслаҳатга қарши бўлсалар ҳам, кўпчилик шуни айтди, деб, уни қилганлар.

Масалан, Уҳуд жангида шундай бўлган. Ўзлари «Тоғ томонга чиқмаслик керак», деганлар. Бошқалар шу гапда туриб олгач, чиққанлар. Совутларини кийиб чиққанларидан кейингина, келиб, «Кечирасиз, билмабмиз, хато қилибмиз, чиқманг», дейишса ҳам, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, энди бўлди, маслаҳат пишган, энди чиқишимиз керак», деганлар.

Бадр урушида эса бир жойга бориб тушганларидан кейин, энди шу ерда жангга тайёрланамиз, деганларида бир саҳобий:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Бу ерга тушишни Аллоҳ амр қилдими ёки ўзингиз тадбир сифатида айтдингизми?» деб сўраган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўқ, ўзим тадбир қилиб айтдим», деганлар.

Шунда саҳобий у ердан кетишни, бошқа жойга, қудуқ ёнига жойлашишни маслаҳат берган, «Қудуқ ёнида бўлсак, душман сувсиз қолади», деб маслаҳатини асослаб ҳам берган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маслаҳатга амал қилиб, ўша жойга кўчишга амр қилганлар. Натижада Аллоҳнинг изни билан бу маслаҳат катта ёрдам берган.

Хандақ жангида хандақ қазишни ҳам ҳазрати Салмон Форсий розияллоҳу анҳу маслаҳат берганлар.

Хуллас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг машварат ҳақидаги амрига амал қилганлари ҳақидаги мисолларни сийратларида кўплаб кўришимиз мумкин.

Ҳатто Ҳудайбия воқеасида ҳамма саҳобалар қарши туриб олишганда ҳам, Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳонинг маслаҳатларини олганлар.

Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Улар Маккага киришга, Каъбани тавоф қилишга ният қилишган эди, ниятларига ета олмаганлари кўнгилларига оғир ботди. Бироқ бу сулҳ Аллоҳнинг амри бўлса, қурбонликни сўйиб, сочингизни олдираверинг», деб ғоятда фойдали, ҳикматли маслаҳат берганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай қилганларини кўргачгина, норози бўлиб турган саҳобалар Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганлар. Бундай мисоллар жуда кўп.

Модомики, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга машварат қилишни буюрган экан, демак, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳам бунга амал қилишлари, каттаю кичик барча ишларда машварат билан иш тутишлари керак экан.

Ҳасан:

«Аллоҳга қасамки, қайси бир қавм машварат билан иш тутган бўлса, албатта афзал томонга ҳидоят қилинади» деб, Шууро сурасидаги «Ва уларнинг иши ўзаро шўро ила бўлган» оятини ўқиган».

Мусулмонлар ҳар бир ишни машварат билан қилишлари кераклиги Аллоҳ таолонинг Китобида алоҳида айтилган илоҳий ҳикматдир.

Алҳамдулиллаҳ, халқимизда бу нарса бор. Тўй-ҳашам, маросимлар маслаҳат билан қилинади, Аллоҳнинг бу амри ҳатто «Маслаҳатсиз тўй тарқамас» деган мақолга ҳам айланиб кетган. Кўпчилик билан бамаслаҳат қилинган ишлар, иншааллоҳ, тўғри, манфаатли бўлади.

«Шууро» (шўро) сўзи луғатда маслаҳат, машварат қилиш деган маъноларни англатади. Исломда мўмин-мусулмонларнинг шўро билан иш юритишларига катта эътибор берилганини биз ўрганаётган ушбу сураи кариманинг Шууро номи билан аталишидан ҳам билиб олсак бўлади.

Мусулмон инсон Аллоҳ таолонинг чақириқларига ҳар доим лаббай деб жавоб бериши, намозни ўз вақтида тўкис адо этиши қандай лозим бўлса, шўро билан иш тутиш ҳам шунчалик лозим эканини тушуниб оламиз.

Ҳа, шўро (шууро) мусулмон жамоа ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган омилдир. Буни ҳамма мусулмонлар, айниқса давлат бошлиқлари ҳамда турли халқчил амал ва мансабни эгаллаб турганлар яхши тушунмоқлари, ким бўлишларидан қатъи назар, шўрога амал қилмоқлари лозим.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шўрога буюрганидан кейин, бошқалар шундан хулоса чиқариб олаверсин. Инсоният тарихида энг комил инсон ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Аллоҳ таоло у зотни маъсум (гуноҳ ва хато қилмайдиган) қилиб қўйган, Ислом давлатини қандай бошқаришни Қуръон нозил қилиб, ўргатиб турган бўлишига қарамасдан, Оли Имрон сурасида у зоти бобаракотга хитоб қилиб: «Ва улар ила машварат қил. Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севади», дейди. Яъни саҳобалар билан маслаҳатлашиб иш тутишни амр қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятга амал қилиб, кўп ишларда саҳобаи киромлар билан маслаҳатлашар ва уларнинг фойдали фикрларини очиқ кўнгил билан қабул қилиб олар эдилар.

Биз ҳам бошқа ишлардаги каби, бу ишда ҳам у зот алайҳиссаломдан ўрнак олишимиз лозим.

«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Онанинг фарзанддаги ҳаққи отаникидан устун экани кўпчилик биладиган маълумот. Аммо ўша ҳукмнинг далили, ҳужжати қайси оят ёки ҳадисда келганини билиш ушбу давоми...

1244 11:46 / 04 июнь
. . . . . ,.17. Абу Туфайлдан ривоят қилинади.Алидан .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга кўпчилик одамларга хос қилмаган нарсани давоми...

3079 13:05 / 03.11.2018
49. Абу Айюб Ансорийдан ривоят қилинади.Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиқиб.Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан давоми...

2195 16:10 / 14.02.2019
. ,. .Саъид ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Акаукаларнинг каттасининг кичикларидаги ҳаққи отанинг боладаги давоми...

4124 16:01 / 03.03.2020