1447 йил 23 шаъбон | 2026 йил 11 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Олим, шоир ва мударрис Кароматхон эшон домла

14:00 / 08.08.2022 3689 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кароматхон эшон домла 1894 йил ойларнинг султони – Рамазон ойида, Наманганнинг «Чуқур кўча» даҳаси собиқ «Лўли чеки» маҳалласи (ҳозирги Самарқанд кўчаси)да таваллуд топдилар.

Қиблагоҳи Ҳасанхўжа эшон ҳалол ризқ талабида бўлган, маърифатга ташна, олимлар мажлисига талпинган зот эди. Фарзанд дунёга келган куни ҳам эшоннинг хонадонига аҳли илм, аҳли фазлдан анча киши ташриф буюрганди. Ўша куни муборак қадр кечаси эди, Қуръон тиловати, амри маъруф тинмасди. Ҳасанхўжа эшон мажлис аҳлига янги меҳмон кўрганини маълум қилиб, унга исм қўйиб беришни сўради. Меҳмонларнинг улуғи Ҳожи Бобохон ибн Иномиддин домла келгусида кароматли инсон бўлиб етишсин, деган ниятда гўдакка Каромат деб ном қўйиб берди. Бу хурсандчилик воқеа тарихга кириб қолсин, деб форсча шеър ҳам ёзиб берди:

Лайлатул қадри моҳи бадри писар,

Гашт толеъ зи гўшаи айвон.

Аз сипеҳри мақоми чиллийин,

Омада бар замин чу ҳур тобон.[1]

Ёшлигидан исломий таълим-тарбия олиб улғайган Кароматхон эшон дастлабки диний сабоқни отаси Ҳасанхўжадан олади. Сўнгра Намангандаги мадрасалардан бирига ўқишга киради. Ундаги салоҳият ва заковатни кўрган устозлар кейинчалик таҳсилни Бухорои шарифда давом эттиришни маслаҳат беришади. Кароматхон эшон 1912 йил илм талабида Бухорога бордилар, у ерда мулла Икромча қоридан таълим оладилар. Тўрт йилдан сўнг ўқишни тамомлагач, она юртларига қайтиб келадилар ва илк фаолиятларини «Майгир» қишлоғида ёш талабаларга сабоқ беришдан бошлайдилар.

Кароматхон домла бу пайтга келиб араб, форс, турк тилларини пухта ўзлаштирган эдилар. Нодир қўлёзмаларни тадқиқ қилиб уларга шарҳлар битардилар. Тез орада эшон ҳазрат элу юрт орасида машҳур бўлиб кетадилар.

Буни кўрган дин душманлари шўролар Кароматхон эшонни таъқиб остига ола бошлайди. У зот Наманганни тарк этиб, қарийб йигирма йил давомида чекка қишлоқларда сарсон-саргардонликда яшириниб юришга мажбур бўлдилар. Душманлар ҳар қанча уринмасин, мақсадларига ета олмади, эшон домла эътиқодларидан қайтмадилар. Кишиларни Аллоҳнинг ҳақ динига чорлайвердилар, ёшларга илму-ирфон тарқатиш билан шуғулланавердилар.

Қанча-қанча тунларни бедор ўтказиб қилинган ибодатлар, тиловати Қуръонлар, покиза – ҳалол инсонларнинг юракдан қилган дуолари ижобатидан 1943 йилга келиб собиқ шўролар ҳукумати бошқа динлар қатори Исломга ҳам бироз эркинлик берди. Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ташкил этилди, Бухорода Мир Араб мадрасаси фаолият кўрсата бошлади. Мамлакатдаги етук уламолар қаторида Кароматхон эшон ҳам собиқ иттифоқдаги ягона Мир Араб мадрасасига мударрисликка таклиф этилдилар.

Кароматхон эшон таълим беришда бошқа домлалардан ажралиб турардилар. Ҳар бир машғулотга катта тайёргарлик кўрар, туни билан қанча-қанча манбаларни текшириб чиқар ва талабаларга ҳар гал янги-янги маълумотларни етказардилар, ҳар бир жумлани эринмай тушунтириб берардилар. Бухородаги пайтларида устоз мадраса кутубхонасидаги жилд-жилд нодир китоб ва қўлёзмалар билан танишиш, улар устида тадқиқ ўтказишга мушарраф бўлдилар.

1957 йили Кароматхон эшонни янги очилган Тошкент олий ислом маъҳади (институти)га мударрисликка таклиф этишди. Бу ерда устоз форс тили ва адабиётидан пухта сабоқ бердилар, талабаларга Мирзо Бедилни ёддан ўқиб, шарҳлаб берардилар. Ўша пайтда Олий маъҳадда таҳсил олган наманганлик уламолардан Убайдуллоҳ ҳожи Лутфуллоҳ эшон ўғиллари устозни шундай хотирлайдилар:

«Устозимиз Кароматхон эшон кўп юксак фазилатли, аммо ниҳоятда камтар, оддий, сўзга чечан, самимий инсон эдилар. Сўзга уста эдилар, кўп ғазал ёд билардилар, араб, форс, турк тилларида жуда яхши гапирардилар. Анчагина назми таъблари бор эди. Кўп вақтларини ёшларга таълим бериш, дин аҳкомларини тушунтиришга сарфлардилар».

Устоз Кароматхон эшон Бедилдан ташқари шайх Саъдийнинг «Гулистон» асарларини атрофлича тадқиқ қилиб, талабаларга батафсил тушунтирардилар. Ўзлари ҳам шоирликдан бохабар эдилар. Киромий (Камий) тахаллуси билан қалам тебратганлар. Бироқ, ўнлаб ғазал-шеърлари мухлислар қўлида, тарқоқ ҳолатда қолган. «Туҳфат ул-обидийн» баёзининг эгаси мулла Обиджон китобининг биринчи саҳифасида «Камий Намангоний» деб кўрсатиб, ғазалларидан намуналар келтириб ўтган[2].

Тун ғанимат пиёла, эй соқий

Ўтмасун даври дола эй соқий.

Айлагин гул юзингни ҳасратида

Тобакай оҳу ноал, эй соқий.


Орзуйи баҳори ҳуснингла

Кўз ёшим мисли жолаэй соқий.

Оразингдврида хатинг гўё

Моҳ гардидамисли хола, эй соқий.

Шоирлар мажлисларида баҳру-байт айтишда бир неча бор пешқадам бўлганлар. Абжад ҳисоби илмида ҳам бетакрор эдилар. Нисорий, Валихон тўра, Партав каби шоиру-фузалолар билан ҳамсуҳбат, ҳамфикр бўлганлар.

Наманган уламоларининг зубдаси (қаймоғи) Кароматхон эшон домла 1984 йил Наманган шаҳрида вафот этдилар. Уларни ҳам сўнги манзиллари «Мавлавий» қабристони бўлди. Эшон домладан Наманганда илм-ирфон тарқатишда жонбозлик қилган Шамсиддинхон қори, Убайдуллахон эшон, Фатиллахон махсум каби етук шогирдлар, дин ва маърифат йўлида, мударрислик бобида қилинган кўп хайрли ишлар, ажойиб ашъорлар мерос қолди. 

Ҳазрат Кароматхон эшон домла Пошшахон ойим эшон Бобохон қизлари билан оила риштасини боғлаб, улардан 1 ўғил, 2 қиз фарзанд кўрдилар.

Фарзандларининг тўнғичи Насимхон тўра (1927-1997), ўртанчаси Адашхон (Ҳалимахон) ойим (1943-2002) ва кенжаси Маҳфузахон ойим (1950-2004)лардир.

Маҳфузахон ойим Нажмиддинхон тўра (1946) Хафизхон тўра (1918-2006) ўғилларига турмушга чиққанлар. Бу бахтли жуфтликнинг 2 ўғил 3 қиз фарзандлари бор.

Ўғиллари Шамсиддин (1969) ва Аҳмадхон (1978)лардир[3].

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

 


[1] Мазкур ашъор ҳозирда куёвлари бўлмиш Нажмиддинхон тўра хонадонларида сақланади.

[2] П. Қайюмов. Тазкираи Қайюмий  Т. 3. —Т.; ЎзРФА қўлёзмалар институти, 1998. Б. 677.

[3] Абдулҳай Абдулҳафиз Турсун. Аҳмад Муҳаммад Турсун. Маърифат булоқлари. — Н.; Наманган, 2003. Б. 33-35. Ушбу манбадаги маълумотлар қайта тўлдирилди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг фазлу карами ила, яқинда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини тамомлаш бахти каминага насиб этди. Тамомлаш жараёнида, битирув давоми...

7342 06:28 / 16.07.2018
Шайх руҳидин вале етти кушод, Ким муродин топти ушбу номурод. .Лисонуттайр,дан Кўнё шаҳридаги Мавлоно Жалолиддин Румий ва у кишининг устозлари Шамсиддин давоми...

1898 15:52 / 03.08.2025
Тўлиқ исми шарифи ndash Нуриддин Алий ибн Султон Муҳаммад алҲаровий алМаккий алҳанафий, алҚори номи билан танилган.Мулла Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳи қироат давоми...

6016 22:00 / 27.04.2017
Умар Мухтор имом Муҳаммад Маҳдий Санусий раҳимаҳуллоҳни олдига киришга изн сўради. Унга деди .Саййидим, албатта дўстларимиздан кўпчилиги муайян дуо ва давоми...

2763 14:02 / 10.09.2021