1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Сиримтай халифадан Ислом ва иймонга таъриф

19:00 / 22.04.2022 1690 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу мақолада 19 асрда яшаб фаолият юритган, нақшбандия-мажзубия тариқатининг пири комили, ўз даврининг олими ва фозили Мулла Йўлдош Сиримтай халифанинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида дастлабки маълумотларни келтиришга ҳаракат қилинди.

Абдулазиз Мажзуб Намангонийнинг муриди, халифаси ва ходими бўлган мулла Йўлдош Сиримтай халифа тахминан 1820 йили Наманган ноҳияси, Қумқўрғон қишлоғида, Абдураҳмон халифа хонадонларида таваллуд топди. Отаси Абдураҳмон халифа, бобоси уста Ҳайит Муҳаммад халифалар Нақшбандия тариқатининг раҳнамоларидан бўлганлар. Халқ орасида бу авлод Қўқон арава тайёрлайдиган аравасоз усталар номи билан маълум ва машҳур бўлишган.

Бошланғич маълумотни Мулла Йўлдош ўз отаси халифа Абдураҳмондан олиб, хат саводини чиқаради. Аввалига у Дегрезлик даҳасидаги «Муҳаммад Азиз» мадрасасига ўқишга кириб, у ерда Мажзуб Намангоний қўлларида таълим олади. Сўнгра Қўқондаги мадрасалардан бирида таҳсилни давом эттиради. Кейинчалик эса мулла Йўлдош устозининг кўрсатмасига мувофиқ Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида узоқ йил таҳсил олади. Шу тариқа, Мулла Йўлдош замонасининг билимдон кишилари, уламою фузалоларининг бир нечтасида шариат илми ва тариқат одобларини ўрганиб,  илму-ирфонда камол топади.

Мулла Йўлдош Бухородаги таълимни тугатиб, она юрти Наманганга қайтиб келади ва устози Мажзуб алайҳир роҳмада яна таълимни давом эттириб, у зотнинг хизматларида бўлади. Тахминан 1850-1853 йиллар орасида мулла Йўлдош устозининг рухсати билан Аллоҳнинг бешинчи аркони ҳаж ибодатини адо этгани катта карвон билан йўлга отланади. Ўша пайтда буюк ипак (карвон) йўлининг ҳаракат йўналиши Бухорои шариф орқали бўлганлиги сабаб, карвон Бухорода тўхтаб ўтар экан. Бундай вазиятдан унумли фойдаланган Мулла Йўлдош Бухорода бирга таълим олган дўстларини кўрмоқчи бўлиб, уларни ҳузурларига боради. Мулла Йўлдош дўстларининг иймон ва Ислом мавзусидаги баҳс мунозараси устига келиб қолади. Ҳамдарс дўстлари бу зотни келганларини кўриб, хурсанд бўлиб, қаерга отланганини сўрашади. Мулла Йўлдош ҳаж ибодатини адо этгани кетаётганини айтади. Дўстлари у кишини қутлаб, бироз дилдан суҳбат қуришади. Маълум вақтдан сўнг яна олдинги баҳс мунозара давом этади. Ҳаммалари бирма-бир иймон ва Исломга таъриф бериб ўтишади. Навбат ҳазрат мулла Йўлдошга етиб келади. Ҳазрат Иймон-бу боддончадаги[1] буғдой, Ислом эса-кўзадаги ёғ деб таъриф берадилар. Дўстлари дарров мулла Йўлдошга раддия билдириб, у зотни муртадга чиқариб, ҳайдаб солишади. Мулла Йўлдош ва ҳамроҳ дўстлари йўлда давом этиб, кўзлаган манзилга эсон-омон кириб боришади ва ибодатларини адо этиб, маълум муддатдан сўнг ортга қайтишади. Йўл йўлакай яна Бухорода карвон тўхтаб, дам олади. Шу даврда Бухоро халқи қаҳатчилик ва йўқчиликни бошидан кечираётган эди. Мулла Йўлдош дўстларимни ранжитиб қўйдим деб, уларга егулик ва совға-салом олиб, уларни кўргани ҳужраларига кирадилар. Не кўз билан кўрсинларки, ҳужрадаги ҳамдарс дўстлари оч-наҳор, ҳатто ибодат қилишга ҳам мадори йўқ ҳолатда чўзилиб ётиб қолишганди. Мулла Йўлдош уларнинг пешқадами олдига бориб, қулоғига: «Иймон нима?» «Ислом нима?» деб пичирладилар. Ҳалиги киши ўрнидан сакраб туриб, устоз биз билмай гумроҳлик қилиб, сизни кўнглингизга озор етказдик. Бизни Аллоҳнинг розилиги учун кечиринг, деб узр сўрашади. 

 

Мулла Йўлдош каромат соҳиби ва валий зот бўлганлар. Ривоятларда келтирилишича, Абдулазиз Мажзуб ҳар куни пешин намозидан аввал ғусл қилар эканлар. Кунлардан бир куни муридлари Мулла Йўлдош, устози Абдулазиз Мажзуб алайҳи роҳмага бўздан ёпилган тўсиқ ортидан сув қуйиб бераётган экан. Бир вақт Мулла Йўлдошнинг қуйиб бераётган обдастадаги суви тугаб қолибди. Бошқа идишдан ўзининг обдастасига сув тўлдираётган вақтда устози Мажзуб алайҳи роҳма ҳув деб, оёқларидаги кавушларининг бир пойини ечиб, отиб юборибдилар. Сўнгра чала қолган ғуслни давом эттирмоқчи бўлиб, мулла Йўлдошга сувни олиб келиб, қуймайсизми? дея уни койибдилар. Шунда шогирд: «Пирим, сув қуядиган обдаста йўқ», деб жавоб берибди. Нега йўқ бўлади дея сўрабди Мажзуб. Муриди Мулла Йўлдош: «Пирим кечирасиз, сиз кавушингизни отганингизда бўри бошига тегди. Бироқ, бўри яна қайтиб подага ҳамла қилаётган эди, мен ҳам қўлимдаги обдастани отдим, обдаста тўғри бориб бўрига тегди, бўри эса чекиниб ортига қайтиб кетди. Мажзуб  алайҳи роҳма сиримни ошкор қилган «сиримтай» деб жазба олиб беҳуш бўлибдилар. Ўзларига келгач, Мажзуб мулла Йўлдошга: «Ишингиз битди. Энди сизга рухсат», деб ижозаларини берибдилар.

Бу воқеани яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, Мажзуб алайҳир роҳмани бир чўпон муридларининг қўйларига бўри ҳамла қилибди. Уддалай олмай, эй қодир Эгам қўйларимга бўри келди. Ўзинг ёрдам бер, деб қичқирибди. Бу воқени эса Аллоҳ валийюллоҳлардан бўлмиш Абдулазиз Мажзуб ва у зотнинг муридлари Мулла Йўлдош алайҳир роҳмаларни қалбларига солиб огоҳ этибди. Бундан огоҳ бўлган Мажзуб аввалига бўрига кавушларини ечиб, отибдилар. Бироқ бўри кетмабди.  Кейин у зотнинг муридлари мулла Йўлдош устозларига сув қуйиб бераётган обдастани отибдилар. Натижада отилган идиш бориб бўрига тегибди ва орқасига қайтиб кетибди. Бу воқеа содир бўлгандан кейин Мажзуб муридлари мулла Йўлдошга «Сиримтай» деб тахаллус бериб, тариқатда пири миршидлик қилиш ҳуқуқини берувчи иршоднома битиб берган эканлар. Ҳозирги кунда мазкур иршод (йўл, йўриқнома, диплом) авлодлари хонадонида сақлаб келинмоқда.

Хуллас, мулла Йўлдош Сиримтай халифа тасаввуф тариқатининг пири муршиди, олим ва фозили сифатида ўша давр маънавий ҳаётида катта мавқега эга бўлган шахс сифатида ҳалқимизнинг қалбидан чуқур жой олган.

Мулла Йўлдош Сиримтай халифа 1881 йилда бу ёруғ оламдан ўтдилар. Уларни Наманган вилояти, Уйчи тумани, Чўртурк қишлоғидаги оилавий хилхоналарига дафн қилинди.

Сиримтай халифанинг оилалари ва фарзандлари тўғрисида маълумот тўплаш учун кўплаб суриштирув ишларини олиб бордик. Натижада Мулла Йўлдош Сиримтай халифа яшаган даврдаги бошқа улуғ зотларга тегишли маълумотларни ўрганиб чиқдик. Шулар асосида мулла Йўлдошнинг оиласи ва фарзандлари тўғрисида ушбу маълумотларни тўплашга эришдик.

Маълум бўлишича, Сиримтай халифа 2 аёл билан турмуш қурганлар. Улардан 4 нафар фарзанд кўрганлар. Аввалги аёллари тўғрисида маълумот йўқ. Бироқ улардан 3 нафар ўғиллари бор экан. Кейинги аёли Қорияхон ойим бўлиб, улардан 2 нафар ўғил фарзандлари бор.

Фарзандлари Мавлонхон тўра, Баҳодирхон тўра (1857-1930), Абдувалихон тўра (ваф. 1931), Ёқубхон тўра (1929 йилда Архангелскда сургунда вафот этган) Шофаҳрхон тўра (таҳ.ваф.1929) ва Юсуфхон тўралар.

Абдувалихон тўра Ҳанифахон ойим билан турмуш қурганлар. Уларнинг 5 нафар ўғил фарзандлари бўлган.

Улар Жаҳонгирхон махдум (1877-1982), Авлиёхон тўра (1880-1940), Насимхон тўра (1886-1982), Аъзамхон тўра (1888-1994) ва Нуддумхон тўра (11890-1978) лар.

Авлиёхон тўра Мунисахон ойим (1890-1935) билан турмуш қурганлар. Уларни 2 нафар ўғил фарзандлари бўлган. Улар Муҳаммадхон (1926-1999) ва Аҳмадхон (1928-2010).

Аҳмадхон ҳазрат Муҳаммад Қосим қизлари Муҳаббатхон ойим билан турмуш қурганлар. Бу оила 4 нафар ўғил, 3 нафар қиз фарзандлари бор.

 

Улар Ҳожиакбар (1958), Ҳусанбой (1963) Ҳасанбой (1965) ва Аҳмаджон (1968) лар[2].

 

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

  
 
 

[1] Боддон-Кемирувчиларга қарши қамишдан тўқилган сандиқсимон идиш. Ҳозирда бу атама унутилган.

 

  

[2] Ушбу маълумотлар мулла Йўлдош Сиримтай халифа авлодларининг шахсий архивидан олинди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўз замонасида эъзозланган одам орадан йиллар, асрлар ўтиб авлодлари томонидан ҳам ҳурмат қозониши табиий. Ёзиб қолдирган ўгитлари, ҳикматлари, тарихлари, давоми...

2984 16:30 / 19.08.2021
Хожа Саййид Аҳмад эшон юрт равнақи, халқ фаровонлиги ҳамда илм маърифат ривожи учун Учқўрғонни кенгайтиради. Ўша даврда Чортоқдан турли касб эгалари, савдогарлар, давоми...

1542 12:30 / 10.01.2022
Оилада уч ўғилнинг тўнғичи бўлган мулла Қодирхон тўра 1896 йил Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Аминжонбой маҳалласи ҳозирги Термиз кўчасида дунёга давоми...

2879 14:00 / 25.05.2022
Ҳомиддин қори домла 1895 йил ҳозирги Наманган шаҳри, Шишшаки мавзесида истиқомат қилган Усмонхон ота ваф. 1899 хонадонларида дунёга келди.Падари бузруквори Усмонхон давоми...

2643 14:00 / 23.03.2022
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57701 14:35 / 11.08.2021