1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Довудхон тўра Ортиқ хўжа қори ўғиллари

14:00 / 31.07.2022 3315 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулла Довудхон тўра домла 1945 йил шаҳарнинг Чуқур кўча даҳаси Баҳодирхон эшон маҳалласида таваллуд топдилар. У зотнинг насаблари ота томондан «шайх Ҳованди Тоҳур»га она тарафдан эса «Мавлавий Намангоний»га боради.

Қиблагоҳлари Ҳабибуллоҳ хўжа бўлиб, замонасининг машҳур ҳофизи Каломуллоҳидирлар. У зот халқ орасида Ортиқ хўжа қори исмлари билан танилган бўлиб, узоқ йиллар мобайнида Рамазон ойларида «Шайх эшон» масжидида хатми Қуръонларга ўтиб, муаззинлик қилган ва бутун умрларини Ислом дини хизматига бахшида қилган кишидирлар.

Исломий оилада камол топиб, ўсган мулла Довудхон тўра ёшликларидан оқил, фаҳму фаросатли, зийрак бўлиб улғайдилар. Аллоҳ таоло уларга ўткир зеҳн ва ноёб истеъдодни берганди. Агар намози пешинда Қуръони Каримдан бирон бир саҳифани ёд олиш вазифасини олсалар, намози асрда, ёдлаб топширардилар. Бундан оталари таажжубланиб: «Ўғлим, қандай қилиб ёд оляпсиз?», дея сўрардилар. Довудхон тўра: «Аллоҳ беряпти ёд оляпман».

«Аллоҳ илмингизни зиёда қисин ва қалбингизга муҳрлаб қўйсин», дея дуо қиларди оталари.

Хуллас, мавлоно Довудхон  тўра бошланғич диний таълимни, яъни Қуръони Каримни оталари Ортиқ (1905-1969) хўжа қоридан, арабий-туркий мутолаани эса волидаи муҳтарамалари Раҳимахон (1912-1978) пошша ойимдан ўрганадилар. 1962 йил ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Тошкент давлат политехника олийгоҳи сари отланадилар. Ҳужжатларни тайёрлаб, оталаридан изн сўрагани ҳузурларига кирадилар. Қиблагоҳлари: «Майли, ўйнаб бориб, ўйнаб келинг», дея дуо қиладилар. Шу орада мавлоно Довудхон тўра олийгоҳга имтиҳон топшириб, ўқишга кирадилар. Хурсанд бўлиб уйга қайтаётиб, йўлда кўзлари илғаб туш кўрадилар. Тушларида қандайдир улкан икки ҳовузда икки хил сув турган эмиш. Бирининг суви кўм-кўк ва тиниқ, иккинчиси эса лойқа сув экан. Айнан лойқа сувда Мавлоно Довудхон тўра турган эмишлар. Бир пайт падари бузрукворлари Ортиқ хўжа қори ўғилларига: «Бу сувда нима қиляпсиз? Сизнинг жойингиз мана бу тиниқ сувда», деб у зотни қўлларидан тутиб, кўм-кўк тиниқ сувга йўллаган пайтлари ҳазрат тўра сесканиб уйғониб кетибдилар. Қарасалар тушлари экан. Дарҳол ёдларига қиблагоҳларининг қилган дуолари келибди. Мавлоно Довудхон тўра уйга келиб, олийгоҳга кирганларидан ўзида йўқ хурсанд бўлиб, оналарига айтибдилар. Шунда оналари: «Болам сиз хурсанд бўляпсиз-у лекин отангиз ариқ бўйида йиғлаб, маюс ҳолда ўтирибдилар. Сизнинг бу ўқишингизга раъйлари йўқ», дебдилар. Мавлоно Довудхон ҳайрон бўлиб, қиблагоҳларининг орқаларидан секин бориб қулоқ солсалар, оталари шу тарзда дуои-илтижо қиляпган эканлар:

«Ё, Роббий, боламни йўналиши бу эмасдику, ўзинг уни ухровий илмга йўналтиргин», дея дуо қилаётганларини эшитибдилар. Бироздан кейин салом-аликдан сўнг оталари ўғлим, сизнинг илму таҳсилингизга қаршилигим йўқ. Бироқ, келажакда аҳли илм, аҳли Қуръон бўлиб, динимиз ривожига муносиб ҳисса қўшадиган фарзанд бўлишингизни хоҳлагандим. Чунки бизнинг аждодлар шу йўлда келишган. Сизнинг қонингизда ҳам уларнинг қони бор», деб айтибдилар. Буни фаҳмлаган Довудхон тўра ота амрини вожиб билиб, таҳсилни бошқа тарафга йўналтирибдилар.

Шу тариқа Довудхон тўра илмга, дарс олишга қаттиқ бел боғлайдилар ва таҳсилни ўзларининг тоғалари Абдулбоқи тўрада араб-форс тилларининг сарфу наҳвини ўрганишдан бошлайдилар. Тафсир, ҳадис, ақоид каби илмларни ўша даврнининг машҳур олимлари Кароматхон эшон, Юсуфхон тўра, Шамсиддин қори, Абдулҳафиз (Самарқанд кўчалик) домлалардан пухта ўзлаштирадилар.

Тўра домла илм олиш билан бир қаторда касбу камолот ҳам қилганлар. Аввалига маҳсидўз-косибга, сўнгра Метинбой ҳожи исмли (ҳаммом) қурувчи устага, кейинчалик эса Яҳёхон ҳожи исмли дурадгорга шогирд тушиб, ўз касбларининг моҳири бўлиб етишадилар.

Довудхон тўра илк диний соҳадаги фаолиятларини 1984-87 йиллари «Шайх Эшон» масжидида муаззинликдан иш бошлайдилар ва аста-секин имомлик фаолиятига ўтадилар.

1988 йилдан 1990 йилга қадар «Ҳазрати Лангар» масжидида имом-хатиб бўлиб фаолият кўрсатадилар. Тез орада халқ ичида «тўра домла», «тўра почча», «тўра бува» номлари билан машҳур бўлиб таниладилар.

У зот дин ва юрт ривожи, халқ фаровонлиги йўлида улкан ишларни амалга оширдилар. Наманган шаҳридаги «Хўжа Амин» жомеъ масжиди, шунингдек мулла Қирғиз мадрасасининг очилишида жуда катта жонбозлик кўрсатдилар. Масжид фаолиятини  бошлагунига қадар унинг таъмирида бош-қош бўлиб турдилар. Ниҳоят 1990 йилнинг март ойида масжид ўз фаолиятини бошлади. Устоз тўра домла 2005 йилгача ушбу масжидда бош имом-хатиб бўлиб, халқимизнинг илм-маърифатли бўлишида тинмай ҳаракатда бўлдилар.

Мамлакатимизнинг турли жойларидан келган кўплаб толиби илмлар у зотдан таълим олиш бахтига муяссар бўлди. Келган толиби илмлар аввалига бошланғич таълимни Мулла Довудхон тўра домладан олиб, сўнгра мулла Қирғиз мадрасасида давом эттиришарди.

Мулла Довудхон тўранинг ўзига хос фазилатлари бисёр эди. У зоти шариф бирон-бир издиҳомга борсалар, албатта Қуръони Каримдан маълум бир оятни ўқиб, сўнгра уни тафсир қилиб берардилар. Ўрни келса шаҳримизда яшаб ўтган алломаю уламолар ҳаётидан ибратли воқеа ва ҳикоялар сўзлаб берар, уларнинг қолдирган шеъру ғазал ва рубоийларидан намуналар келтириб, ўзлари шарҳлаб берардилар. Яна Ҳазрат тўра домла сахий ва қўли очиқ киши эдилар. Тўю ҳашам ва эҳсонлардан тушган назрларни толиби илмлар ва маҳалладаги бева бечоралар ҳамда боқувчисини йўқотган кексалар ҳолидан хабар олишга сарфлардилар. Доимо уларнинг кийим-кечагию озиқ-овқатидан хабардор бўлиб турардилар.

Дарҳақиқат, мулла Довудхон тўра домла шаҳримизнинг жуда кўплаб машҳур уламоларининг дафнларида иштирок этиб, у зоти шарифларнинг муборак жасадларини ювиш бахтига муяссар бўлганлар. Улар орасида Абдусаттор, Абдуқайюм, Исҳоқ махдумлар, Асадуллохон, Абдулҳафиз, Собиржон қорилар ва Ҳошимжон, Шамсиддин қори поччалар шунингдек, Абдулбоқи, Ёсинхон, Ҳасанхон, Юсуфхон тўралар ҳамда собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ ҳазратларининг оталари Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ва бошқалар.

Мулла Довудхон тўра домла ҳар бир маърифатли одам ҳавас қилгудек ибратли ҳаёт кечирдилар. Умрларини кишиларга дини-диёнат, илму ирфон тарқатиш каби савобли, эзгу амаллар ила безаб ўтдилар. Тўра домла Ҳазрат Мажзуб алайҳир роҳманинг чин мухлиси бўлиб, унинг асарларини севиб мутолаа қилардилар. 2004 йили эса Эшон Мажзуб қабрларига Довудхон тўра домла саъй-ҳаракатлари ва бир неча ҳомий мухлислар ташаббуси билан мақбара кўтарилиб, зиёратгоҳга айлантирилди. Кейинчалик, тўра домла руҳий камолот ҳосил қилиш мақсадида Мажзубнинг сулукларини маҳкам тутиб, тариқат одобларидан баҳра олишга киришадилар. Бунда у кишига Қўқонлик нақшбандия тариқатининг раҳнамоларидан бўлган Иброҳим ҳазрат пиру муршидлик қилдилар.

Ҳазрат тўра домлада Аллоҳ берган илми ладуний бор эди. Бунга волидаларининг дуолари сабаб бўлганди. Оилада қиз бўлмай, барча фарзандлар ўғил бўлганлиги боис волидаларига кўпроқ Довудхон домла хизмат қилганлар. Бемор бўлиб ётиб қолганларида ҳам бошларида парвона бўлиб, оқ ювиб, оқ тараб дуоларини олганлар. Ҳаттоки, оналарининг сочларини ўриб, учига пилик боғлаб, бошларига чиройли рўмолларини ўратиб қўяр эканлар. Таҳорат олганларида оёқларининг товонидан тушган сувга қўлларини тутиб, ҳўплаб-ҳўплаб ичиб олар эканлар. Оналари: «Нима қиляпсиз болам», десалар, онажон зам-зам ичяпман дер эканлар. Онаи зорлари дуо қилиб: «Асло камлик кўрмагин, Аллоҳ азизи мукаррам қилсин. Боязид Бистомийнинг мақоми мартабаларини берсин. Умрингга барокот, илмингни зиёда қилсин», дея дуо қилар эканлар.

Хуллас, ҳазрат Довудхон тўра Ортиқ хўжа қори ўғиллари 2020 йилнинг 27 сентябрь санасида боқий дунёга кўчдилар. У зоти шарифнинг сўнги сўзлари «Иймон» калимаси ва Аллоҳ, Аллоҳ, лафзи бўлди. У зот ҳам «Мавлавий» қабристонига дафн қилиндилар.

Ҳазрат тўра домла Муҳаррамхон (1949) ая Бурхон эшон қизи билан турмуш қуриб, Тоҳохон (1984) исмли ўғил ва тўрт қизнинг падари бузруквори бўлганлар. Ҳозирги кунда тўра домламизнинг фарзандлари ҳам оталари изидан бориб, аҳли илм, аҳли Қуръон бўлиб, динимизнинг ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Аллоҳ, Довудхон тўра домламизни Ўзининг муқарраб бандалари қаторидан қилсин. Омин![1]

Мустақил тадқиқотчи Акмал Шарипов

 


[1] Ушбу маълумотлар  мулла Довудхон тўра домланинг ўғиллар Тоҳохон  қори билан суҳбат чоғида ёзиб олинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Америкалик профессор Эдвард Кертис .Encyclopedia of MuslimsAmerikan History, Америка мусулмонлари тарихи энциклопедияси асарида Америкага қул сифатида олиб келинганлар орасида давоми...

2016 12:33 / 31.03.2021
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Яҳёхон қори Исмоиловнинг уйларига ташриф буюрдик.Яҳёхон қори давоми...

7362 20:00 / 16.02.2018
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг энг суюкли ва ишонган шогирдларидан бири Зуфар ибн Ҳузайл алАнбарий атТамимий бўлади. Зуфар ибн Ҳузайл 110 ҳижрий сана, милодий 728 давоми...

1583 14:29 / 19.12.2023
Касир ибн Яҳё отасидан ривоят қилади .Сулаймон ибн Абдулмалик Мадинага келди. У пайтда Умар ибн Абдулазиз у ерда волий эди. Сулаймон одамлар билан бирга пешинни давоми...

2114 19:00 / 26.11.2022
Аудиолар

135102 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7485 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55378 14:35 / 11.08.2021