1446 йил 28 жумадис сони | 2024 йил 30 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

НАМОЗДА ҚАЛБ ҲОЗИР БЎЛИШИ ОМИЛЛАРИ

05:00 / 04.01.2017 3810 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Хаёлни олиб қочадиган ички нарсалар ташқиларидан кўра кучли бўлади. Бу нарса кўпинча дунёнинг ғамига ботган одамларда бўлади. Бундай одамнинг фикри бир ерда турмайди. Агар кўзини юмиб олса ҳам, фойда бермайди. Бу ҳолатни муолажа қилиш учун қаттиқ уриниш керак бўлади. Намозга яхшилаб тайёргарлик кўрилади. Барча машғул қиладиган ишларини битиради. Қалбининг холи бўлиши учун ҳаракат қилади. Ўзига ўзи охиратни эслатади. Аллоҳ таолонинг кўриб турганини эсга олади. Намозда дунё ташвишларидан бирортасини хаёлига келтирмасликка ҳаракат қилади...


1. Талаффуз қилинаётган каломни фаҳмлаш қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардан биридир.

Араб тилини билмайдиганлар маъноларини ўзлаштириб олишлари лозим. Унга ҳам қодир бўлмаганлари, энг оз деганда умумий маънони билиб талаффуз қилаётган нарсани нима эканлигини имкони борича билиб турсалар яхши бўлади.

Бунинг учун зеҳнни жамлаб, хаёлни олиб қочадиган нарсалардан узилиши керак бўлади. Хаёлни олиб қочадиган нарсалар эса, ташқи ва ичкига бўлинади.

Ташқиси қулоқ ва кўзни машғул қиладиган нарсалардир. Бу нарсалардан узилиш қиблага яқин туриш, сажда қиладиган ерига назар солиб туриш, нақшинкор жойлардан четланиш ва хаёлини олиб қочадиган нарсаларни йўқотиш билан бўлади.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аломатлари бор хомийсада намоз ўқидилар ва: «Бунинг белгилари мени машғул қилиб қўйди. Уни Абу Жаҳмга олиб бориб беринглар ва менга унинг анбижонийятини олиб келинглар», дедилар». Учовлари ривоят қилишган.

Хаёлни олиб қочадиган ички нарсалар ташқиларидан кўра кучли бўлади. Бу нарса кўпинча дунёнинг ғамига ботган одамларда бўлади. Бундай одамнинг фикри бир ерда турмайди. Агар кўзини юмиб олса ҳам, фойда бермайди.

Бу ҳолатни муолажа қилиш учун қаттиқ уриниш керак бўлади. Намозга яхшилаб тайёргарлик кўрилади. Барча машғул қиладиган ишларини битиради. Қалбининг холи бўлиши учун ҳаракат қилади. Ўзига ўзи охиратни эслатади. Аллоҳ таолонинг кўриб турганини эсга олади. Намозда дунё ташвишларидан бирортасини хаёлига келтирмасликка ҳаракат қилади.

Омир ибн Абду Қайс раҳматуллоҳи алайҳдан, намоз пайтида нафсинг сенга бу дунё ишларидан бирортасини айтадими, дейилганда, бундан кўра баданимнинг турли тарафидан найза кириб ичимда тўқнашгани яхшироқ, деб жавоб берган.

Албатта, дунё муҳаббатини қалбдан узиб қўйиш қийин иш. Унинг бутунлай йўқотиш ундан ҳам қийин. Аммо имкони борича намозда дунё муҳаббатидан четланишга ҳаракат қилиш керак.


2. Аллоҳнинг таъзими ва ҳайбати ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир.

Аллоҳнинг таъзими У зотни улуғлашни ва азаматини ҳис қилишни ўрганиш ила бўлади. Шу билан бирга, нафснинг ҳеч нарсага арзимаслигини таниш билан бўлади. Ҳайбат эса, улуғлашдан келиб чиққан хавфдир. Намозида доимий равишда Аллоҳнинг азаматини ҳис этиб, У зотнинг ҳайбатини сезиб турган одамнинг қолби ҳозир бўлади.


3. Умидворлик ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир. Одатда умидворлик қўрқувдан устун турадиган ҳолат бўлади. Намозхон одам ўқиган намозининг савобидан умидвор бўлиши лозим.


НАМОЗГА ОИД БАРЧА АМАЛЛАРДА ҚАЛБ ҲОЗИРЛИГИ


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, умматим қиёмат куни таҳоратнинг асаридан пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида чақирилурлар. Бас, сиздан ким ўз пешонасидаги қашқасини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вақтики, мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилса, бас, у юзини ювганда ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Вақтики, икки оёғини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундоқ қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Таҳорат Аллоҳ таолонинг мусулмон бандаларига кўрсатган улкан марҳамати. Мусулмон банда таҳорат қилаётганда яхши ният билан Аллоҳ таолодан астойдил тилаб, ушбу ҳадиси шарифни эслаган ҳолда ҳар аъзосини ювганда: «илоҳо, ушбу аъзолардан содир бўлган гуноҳларим тўкилган бўлсин», деб сўраса, иншааллоҳ, мақсади ҳосил бўлади. Чунки таҳорат қилиш ҳам аввал айтиб ўтилганидек катта ибодатдир.

Шунинг учун ҳам таҳорат қилаётганда бошқалар билан гаплашиш, шоша-пиша, чала-чулпа таҳорат қилишлик каби ҳолатларга йўл қўймаслик керак. Таҳорат банда учун Аллоҳ томонидан кичик гуноҳларини ювиб олиш учун берилган қулай фурсатдир.

Азонни эшитган одам қиёмат чақириғини хаёлига келтирсин. Ўшанда нима деб жавоб беришини ўйласин. Маҳшарга қай ҳолатда ҳозир бўлишини кўз олдига келтирсин.

Намоз учун авратини тўсганда бу билан халқдан баданининг уят жойларини тўсаётганини билсин ва Ҳақдан ички шармандаликларини ва нуқсонларини қандай тўсишини ўйласин. Уларни фақат тавба – надомат, ҳаё ва уят ҳамда хавфу умидворлик тўсиши мумкинлигини унитмасин.

Қилбага юзланганида юзини турли тарафларни қўйиб фақат Байтуллоҳга ўгирганини билсин ва қалбини ҳам барча нарсаларни қўйиб ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига бурсин.

Намозхон «Аллоҳу Акбар!» деб такбир айтганда тилини дили тасдиқласин. Ўша сўзни айтганда дилида Аллоҳдан катта нарса қолмасин. Агар ундай бўлмаса, дили тилини тасдиқламаган бўлади.

Шунингдек, тили билан «Аъузу биллаҳи»ни айтиб Аллоҳдан паноҳ тилаганида, дили билан ҳам Аллоҳдан паноҳ сўрамаса, гапи ёлғон бўлади.

Намозхон қироатининг маъносини тушуниб бориши жуда ҳам фойдалидир. Айниқса, «Фотиҳа»ни ўқиганда,


Имом Насаий машҳур саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийни доимо эсида тутсин: «Аллоҳ таоло айтади: «Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, ярми Менга, ярми бандамга, бандам нимани сўраса, бераман.

Агар банда: «Алҳамду лиллаҳи роббил аламин» деса,

Аллоҳ: «Бандам менга ҳамд – шукр айтди», дейди.

Банда: «ар-Роҳманир Роҳийм», деса,

Аллоҳ: «Бандам менга сано – мақтов айтди», дейди.

Банда: «Малики явмиддин», деса,

Аллоҳ: «Бандам мени улуғлади», дейди.

Банда: «Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн», деса,

Аллоҳ: «Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман», дейди.

Агар банда: «Иҳдинас сиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим ва лаззооллийн», деса,

Аллоҳ: «Бу бандамга хос, сўраганини бердим», дейди».

Салафи солиҳлардан намозда қироат маъносини ҳис этиб хушидан кетиб ёки ҳаётни тарк этиб йиқилганлар бор.

Намозхон рукуъда тавозуъни, саждада хору зорликни ҳис этиб туриши зарур. Шунингдек, намоздаги тасбиҳ, такбир ва барча дуоларни ҳам чин қалбдан, бутун вужуд ила ҳис этиб ўқиш, уқиш ва яшашга ҳаракат қилмоқ лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва салафи солиҳларимиз намозда қалбнинг ҳозир бўлмаслигини оғир олганлар.


Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бир одам (намозидан) турганда, унга унинг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки яримигина ёзилган бўлади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан намоз билан намознинг фарқи борлиги, ҳатто қабул бўлган намозлар орасида ҳам фарқ бўлиши кўриниб турибди. Ҳамма ҳам намоз ўқийверади, аммо ўша намозга Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажр намозхоннинг ихлоси ва хушуъ-хузуъига қараб берилар экан. Хушуъ-хузуъни, ихлосни жойига қўйган одам намоз учун белгиланган савобнинг ҳаммасини олар экан. Хушуъ-хузуъ ва ихлос камайган сари бериладиган савоб ҳам камайиб ярим, учдан бир, тўртдан бир, ўндан бир бўлиб камайиб кетаверар экан.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: «Ким намозда туриб қасд ила ўнгида ва чапида ким турганини билса, намози намоз эмас», деганлар.

Абдул Воҳид ибн Зайд раҳматуллоҳи алайҳ: «Уламолар банда намозидан қанчасини эсида сақласа, шунчаси уники бўлишига ижмоъ қилганлар», деган.

Баъзи мухлис кишилардан қуйидагилар ривоят қилинади: «Бир киши ўғлига, масжиддан Шом намозини ўқиган намозхонларни бошлаб келгин, уларга эҳсонимиз бор, депти. Ўғил намоздан кейин масжид дарвозасида чиқаётганлардан имом «Фотиҳа»дан кейин қайси сурани ўқиганини сўраб, тўғри айтганларни болаб келибди. Отаси, меҳмонлар бунча оз деган экан. Ўзингиз Шом намозини ўқиганларни бошлаб кел деган эдингиз, менимча фақат шулар ўқишди, депти.

Албатта, бу ўлчовлар тақво юзасидан бўлган ўлчовлардир. Аммо фатво юзасидан бошлаш такбирини айтганда қалби ҳозир бўлиб намоз ўқиган кишининг фарзи адо бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қалб ҳозирлиги намознинг руҳидир. Буни ҳеч қачон унутмаслик лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан Пайғамбар алайҳиссаломнинг кечасилик намозлари ҳақида сўрашганида шундай дедилар .Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи давоми...

7787 11:45 / 02.09.2018
Мусулмонлар ичида обрўэътибор жамоат намозига қатнашишига қараб бўлган. Жамоат намозига қатнашмайдиганлар эса хона салот уйда намоз ўқувчи лақабини олиб, давоми...

5625 05:00 / 04.01.2017
.Бир дўстимнинг зиёратига борган эдим. У солиҳ, мураббий шайхлардан эди. Мажлисимизда унинг ўғлининг икки ажойиб, гўзал дўстлари ҳам бор эди. Шомга азон айтилди. давоми...

5759 09:00 / 02.01.2022
Оталардан бири айтади .Намоз ўқимайдиган фарзандимга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида даво топдимИмом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар давоми...

4282 15:00 / 27.11.2021