1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Суннат қилинган намозлар қазоси ўқилади...

05:00 / 04.01.2017 8946 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким вазифасидан ёки унинг баъзисидан ухлаб қолсаю, уни бомдод билан пешин орасида ўқиб олса, унга худди кечаси ўқигандек ёзилади», дедилар».


Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: «Вазифасидан» дейилганда кўнгилли равишда ўзига ҳар куни ёки кечаси ўқиб туришни вазифа қилиб олинган намоз, Қуръон қироати, зикр ва шунга ўхшашлар кўзда тутилади. Одатда «вазифа»ни руҳий тарбия устозлари ўргатадилар.

Мусулмон банда ўзига вазифа қилиб олган нарсани ихлос билан ҳар кеча ўқиб юрсаю, баъзи сабабларга кўра, бирор кечада уни ўқий олмай ухлаб қолса ёки баъзи қисмини ўқимаган бўлса, бомдод ва пешин намозлари орасида ўқиб олса, худди вақтида ўқигандек савоб ёзилади.

Демак, шунга биноан, суннат қилинган намозлар – вақтли нафллар, икки ийд, чошгоҳ, фарз намозлар билан ўқиладиган намозлар қазо қилиб ўқилади. Бунга келгуси ҳадисларда далиллар мавжуд.


Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қи-линади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким витрни ўқимай ухлаб қолса ёки унутган бўлса, эслаганида ва уйғонганида ўқиб олсин», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Витрнинг қазоси ҳам ўқилади. Витр намози ҳанафий мазҳабида вожиб, бошқа мазҳабларда суннат эканини эслатиб қўйсак, яхши бўлади.


Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бир амални қилсалар бардавом қилар эдилар. Агар кечаси ухлаб ёки бемор бўлиб қолсалар кундузи ўн икки ракат намоз ўқиб олар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор кечани то тонг отгунча қоим ўтказганларини ва Рамазондан бошқа ойнинг рўзасини кетма-кет тутганларини кўрмадим», дедилар».

Муслим ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бир савобли ишни, жумладан, таҳажжуд намозини бардавом қилиш.

2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам кечаларда нафл намозларидан ухлаб қолганлари.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам узр ила кечаси ўқий олмаган таҳажжуд намозлари қазосини кундузи ўқиб олганлари.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечани бутунлай ухламай ўтказмаганлари, яъни, вақтида ухлаганлари.

5. Рамазон ойидан бошқа ойнинг рўзасини кетма-кет тўлиқ тутмаганлари.


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асрдан кейин намоз ўқиётганлари кўрилди. Ва у зотдан (бу ҳақда) сўралди. Шунда у зот:

«Ҳузуримга Абул Қайс (қабиласи)дан одамлар келдилар. Улар мени пешиндан кейинги икки ракатдан машғул қилдилар. Бу икки ракат ўшалардир», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам пешиннинг фарзидан ке¬йинги икки ракат суннатни асрдан кейин бўлса ҳам қазо қилиб ўқиб олганлари кўриниб турибди.


«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешиндан олдинги тўрт ракатни ўқий олмаган бўлсалар, пешиндан кейинги икки ракат (суннат)дан кейин ўқиб олар эдилар».

Ибн Можа ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадисда пешин фарзидан олдинги тўрт ракат суннатни қазо қилиб ўқиш ҳақида гап кетмоқда.


Термизий келтирган ривоятда:

«Ким фажрнинг икки ракат (суннат)ини ўқимаган бўлса, уларни қуёш чиққандан кейин ўқиб олсин», дейилган.

Шарҳ: Чунки бомдоднинг фарзидан кейин қуёш чиққунича намоз ўқиб бўлмайди.

Ушбу ҳадисларга суяниб, Имом Аҳмад ва Имом Шофеъий мазҳабларида суннат намозлар қазо қилиб ўқилади.

ҳанафий ва Моликий мазҳаблари эса, бомдоднинг икки ракат суннатидан бошқа ҳеч бир суннат намози қазо қилиб ўқилмайди, дейдилар.

Илова тарзида айтмоқчимизки, биз ўрганган ҳадиси шарифлардаги суннат намозининг қазоси ўша намоз ўқилмай қолган куннинг ўзида ўқилмоқда. ҳафталаб, ойлаб, йиллаб ўқилмай юрган намозлар ҳақида гап йўқ. Чунки мусулмон жамиятида бу иш бўлмаган. ҳар ким намозини ўз вақтида ўқиган. Агар қазо, деб айтиш мумкин бўлса, баъзи суннат намозлар фарздан кейинга қолган ёки бир оз ўз вақтидан кеч қолган, холос.

Бу маънодаги қазога ҳанафий ва Моликий маз¬ҳаблари ҳам қўшиладилар. Қазо қилинмайдиган суннат намоз эса кўплаб ўқилмаган суннатлардир. Шунинг учун бу масалада эҳтиёт бўлиб, нозик фарқни тушуниш лозим.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан бирингиз тетик турганида намоз ўқисин, қачон чарчаса, ўтириб олсин», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозгоҳга тортиб қўйилган ипни кўриб, сабабини сўраганларида ҳамна бинти Жаҳш намоз ўқиётиб чарчаб қолса, осилиб олади, дейишди. Ана шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадиси шарифни айтдилар. Шундан чарчаб қолган одам нафл намозини ўтириб ўқиса ҳам жоиз, деган ҳукм олинган.


Имрон ибн ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши бавосил касалига чалинган эдилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўтириб намоз ўқийдиган одамнинг намози ҳақида сўрадим. У зот:

«Ким тик туриб намоз ўқиса, афзал. Ким ўтириб ўқиса, унга тик туриб ўқиганнинг ярим ажри. Ким ёнбошлаб ўқиса, унга ўтириб ўқиганнинг ярим ажри», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги ажр тақсими туришга қодир одам нафл намозини чарчоқ оқибатида ўтириб ёки ёнбошлаб ўқиганидадир. Агар беморлик туфайли бўлса, ажри комил бўлади.


Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги намозидан сўралди. Бас, у киши:

«У зот узун кечани тик туриб ўқир эдилар. Узун кечани ўтириб ўқир эдилар. Қачон тик туриб қироат қилсалар, тик туриб руку қилар эдилар. Қачон ўтириб қироат қилсалар, ўтириб руку қилар эдилар», дедилар».

Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси нафл намозни аҳёнда тик туриб, аҳёнда ўтириб ўқиганлар. Хусусан, чарчаб турганларида ўтириб ўқиганлар. Аниқроғи, қариб қолганларида шундоқ қилганлар. Бу ҳол келаси ривоятда очиқ айтилади.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баданлари оғирлашиб қолганларида аксар намозни ўтириб ўқир эдилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Вафотларидан олдин кўпгина намозлари ўтирган ҳолларида бўлар эди», дейилган.

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Албатта, бу жойда нафл намоз ҳақида сўз кетмоқда. Бу ҳам узрли кишиларга енгиллик яратишнинг бир тури.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу одоблар ўн бештадир1. Жума намозига пайшанба куни ва жума кечасидан тозаланиш, кийимларни ювиш ва унга керакли нарсаларни тайёрлаш билан ҳозирлик кўриш.2. Жума давоми...

8493 05:00 / 09.01.2017
Юртимизда диний адабиётлар ва маърузалар кенг кўламда тарқаб, халқимизнинг диний саводи анча ўнгланган бўлишига қарамай, кўпчиликда айрим оддий масалаларда ҳали давоми...

29252 05:00 / 09.01.2017
Қазойи ҳожат вақтида қиблага юзланиш ва орқа қилишнинг шаръий ҳукми борасида ҳам ислом уламоларининг ўзига яраша фиқҳий қарашлари бор. Табиийки, ҳар бир давоми...

5539 05:00 / 09.01.2017
Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Агар намоз ўқувчининг олдидан ўтувчи ўзига қанчалик гуноҳ бўлишини билганида, давоми...

3637 05:00 / 09.01.2017