1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Москвада «Тафсири Ҳилол» китобининг русча таржимаси тақдимоти ўтказилди

14:00 / 11.06.2022 1581 pdf Ўқиш режими + -

2022 йил 8 июнь куни Россия мусулмонлари идорасининг мажлислар залида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шоҳ асари – «Тафсири Ҳилол»нинг русча таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда Москва Ислом институти ректори, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раисининг биринчи ўринбосари Дамир ҳазрат Муҳиддин, Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегация аъзолари ҳамда Россия мусулмонлари диний идораси вакиллари, уламолари иштирок этдилар.

Тақдимот Ҳамидуллоҳ қори Орифнинг Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Тиловатдан сўнг Дамир ҳазрат дуога қўл очиб, хайрли ниятлар баробарида мазкур тақдимотнинг Ислом умматига, аҳли китобларга ва барча халқларга манфаатли, хайрли бўлишини тиладилар.

Дамир ҳазрат тақдимотни очиқ деб эълон қилиб, Россия мусулмонлари идораси раиси, муфтий Равил Ғайнутдин ҳазратлари номидан меҳмонларни ташриф билан қутладилар. Кейин Қуръони Карим таржимасининг аҳамияти, Қуръоннинг бизгача етиб келиш тарихи, илм-фан тараққий этгани сари оятларнинг маъно таржимаси ҳам замонга қараб ўзгариб бориши, рус тилига таржима қилинган китобларнинг тарихи ҳақида сўзладилар.

«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари эски тузум даврида атеизм, худосизлик авж олган, диний эътиқодлар, қадриятлар таҳқирланган оғир пайтларда собиқ шўро мусулмонларига ва мусулмон дунёсига хизмат қилдилар», – дея эътироф этди Дамир ҳазрат. – Бундай инсонлар Аллоҳга, Унинг Китобига хизмат қилиб, У Зотга севимли бўлдилар. Ҳазратнинг қолдирган илмий мерослари мустақил давлатларда ҳам кенг ёйилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. У зот нафақат Ўзбекистон халқининг, балки бизнинг ҳам устозимиз ва муршидимиздир, чунки у киши русийзабон мусулмонларни ҳам тарбиялаган замондош олимлардан ҳисобланадилар. Ислом дини Россия минтақасига Хоразм, Хуросон, Мовароуннаҳрдан савдо-тижорат алоқалари орқали кириб келган. Қолаверса, Олтин Ўрда хонлари Беркахон, Ўзбекхон ва Қозон хонлари Россия ҳудудида Ислом динининг тарқалишига салмоқли ҳисса қўшганлар. Бундан ташқари, Россия империяси даврида Бухорои шарифда таҳсил олган Россиянинг биринчи муфтийси Муҳаммад Ҳусайн раҳимаҳуллоҳнинг хизматлари беқиёс.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вакили Муҳаммад Айюб Косоний «Тафсири Ҳилол» асарининг юртимизда энг севимли китоблардан бири экани, бу китоб ихлос билан қилинган меҳнат самараси бўлиб, то Қиёматга қадар ўқилишини таъкидлаб ўтдилар. Сўзлари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг табрикларини етказиб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳақларида, у зот ёзган асарлар ҳақида гапирдилар.

«Ўзбекистонда бирор бир хонадон йўқки, у ерда устозимиз шайх ҳазратларининг «Тафсири Ҳилол» асарлари топилмаса. Устознинг ихлос билан қилган меҳнатларининг натижаси албатта шу бўлса керак. Шу билан бир қаторда, бирор марта «Тафсири Ҳилол»нинг дўконларда туриб қолгани кўрилмаган. Мусулмонлар бу асарни олдиндан рўйхатдан ўтиб, навбатда туриб харид қиладилар», деди Муҳаммад Айюб Косоний.

Кейин шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ҳақидаги «Исломга бағишланган умр» ҳужжатли фильмидан рус тилига таржима қилинган видеолавҳа тақдим этилди.

Сўнгра Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегация аъзоси Исмоил Муҳаммад Юсуф «Тафсири Ҳилол» китобининг аҳамияти ва унинг русча таржимаси ҳақида сўзладилар. Жумладан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳдан 100 дан ортиқ асар илмий мерос бўлиб қолгани, у зотнинг кўплаб китоблари, хусусан, Аллоҳ таолонинг иродаси билан шайх ҳазратларининг шоҳ асарлари бўлмиш кўп жилдли «Тафсири Ҳилол» ҳам рус тилига таржима қилингани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Шундан сўнг «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси муҳаррири, рус тили бўлими мудири, islam.uz сайти раҳбари Алишер Алиев ижтимоий тармоқ орқали онлайн сўзга чиқди.

«Бугунги кунда русийзабон мусулмонлар орасида диний адабиётларга бўлган эҳтиёж сезилмоқда», дейди Алишер Алиев. — Айниқса, соф исломий асарларни рус тилига таржима қилиш ва нашр этиш жуда долзарб масалага айланди. Бу йўлда шайх ҳазратларининг асарларига бўлган талаб катталигини инобатга олиб, у кишининг илмий меросларидан таржима қилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Чунки шайх ҳазратларининг асарлари мавзу жиҳатидан исломнинг барча жабҳаларини қамраб олган. Ҳазратнинг асарларида мавзулар илмий асосланиб, исбот-далиллар билан ёритиб берилган.

Биз, бир гуруҳ мутахассислар «Тафсири Ҳилол» муаллифи шайх ҳазратлари билан мунтазам учрашиш имконига эга бўлдик. Бу учрашувларда у зотнинг асарларини таржима қилиш масалалари муҳокама қилинар эди. Ҳазрат ўзларининг камтарликлари билан у ёки бу масала бўйича фикр-мулоҳазаларимизни сўрар, сўнг айтилганларнинг ҳаммасини умумлаштириб, уларнинг энг мақбулига тўхталиб, масала юзасидан ўз қарашларини билдирар эдилар. Сизга тақдим этаётган ушбу асар муаллифи бизни доимо руҳлантириб, ушбу хайрли ишнинг муваффақиятидан умидвор бўлиб, биз ва яқинларимиз учун дуои хайрлар қилар эдилар. Кўп масалаларни якка тартибда ҳал қилардик, айрим масалалар ёки қарорлар бўйича ҳазратнинг розиликларини сўрардик. У кишининг маслаҳатлари ва йўл-йўриқларидан завқланар эдик.

Аллоҳ таолонинг фазлу инояти билан биз ҳозир шайх ҳазратларининг дуолари қабул бўлганининг шоҳиди бўлиб турибмиз. Сўзлари, хатти-ҳаракатлари ва ахлоқлари бизга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни эслатиб турувчи ҳазратнинг бу хайрли ишларига Аллоҳ таоло ривож, барака ато қилди ва амалга ошишини насиб этди.

Тақдимот давомида Москва Ислом институтининг сиртқи ва кечки бўлими декани, санъатшунослик фанлари номзоди Имамутдинова Зиля Агзамовна сўзга чиқиб, «Тафсири Ҳилол»нинг русча таржимаси нашр этилишининг таълим ва илм-фан соҳасидаги аҳамияти борасида мавъиза қилиб берди.

«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Тафсири Ҳилол» асари нафақат мусулмон уммати учун, балки ҳамма қизиққанлар учун ёзилган деб айтган бўлар эдим», дейди Зиля Агзамовна.

Шундан сўнг Москва давлат педагогика университети ижтимоий психология факультети этнопсихология ва кўп маданиятли таълимнинг психологик муаммолари кафедраси доценти, педагогика фанлари номзоди Ольга Сергеевна Павлова «Тафсири Ҳилол» мусулмон психологиясини тушуниш усули сифатида» мавзусида нутқ қилди.

«Тафсири Ҳилол»нинг рус тилидаги таржимаси нашр этилиши барча русийзабон мусулмонлар учун катта воқеадир. Ушбу асар жаҳонга машҳур Ислом олими ва арбоби, муҳтарам шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шоҳ асаридир. Тафсир Аллоҳ таолонинг биз бандаларига нозил қилган ҳукмларини тушунишга ёрдам бергани сабабли, Қуръони Каримнинг батафсил тафсирини нашр этиш бизга Унинг оятлари маъносини янада ёрқинроқ ва теран англашимизга имкон беради», дейди Ольга Сергеевна.

Кейин «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» номидаги Мусулмонлар Маънавият-маърифий маркази раҳбари Рисқулбек Каримбеков сўзга чиқдилар. У киши ўз нутқларида Қуръони Карим бутун инсониятга нозил бўлганини, шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида «Эй инсонлар!», деб такрор-такрор хитоб қилганини таъкидладилар.

Ушбу тақдимотни ташкиллаштиришда Россия Федерациясидаги ҳамкорларимизга ва «Дилья» нашриёти раҳбари Икматулла Раимов Саржановичга самимий ташаккур изҳор этамиз.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрига амалий ташриф доирасида Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон алЖассир билан давоми...

483 20:25 / 12 ноябрь
Баҳрайн Миллий таълим вазирлиги, Дин ишлари бошқармаси ва бошқа мутасадди давлат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган Қуръон мусобақасида 63 давлат ва давоми...

2060 13:30 / 06.03.2019
Аввал хабар берганимиздек, имомхатиб ва имом ноиблар учун .Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш, бўлими мудири шайх Алижон қори Ҳайдаров бошчилигида ҳафта давомида давоми...

1523 12:23 / 08.08.2023
Тошкент вилояти Зангиота тумани Эшон гузар жомеъ масжиди имом ноиби Олимжон домла Нурматов фоний дунёдан охират диёрига риҳлат қилдилар. У кишининг вафоти давоми...

1711 21:24 / 27.11.2022
Видеолар
Аудиолар

137616 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57682 14:35 / 11.08.2021