1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар (иккинчи мақола)

10:06 / 09.06.2022 4469 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордим. Пайғамбаримиз дедилар: «Қиёмат олдидан олти нарсани сана: менинг вафотим, сўнг Байтул Мақдис фатҳи, сўнг худди чорва ўлати каби орангизда тарқаладиган ўлат, сўнг мол-дунёнинг тўлиб-тошиши, сўнг биронта араб хонадонини қолдирмай кирадиган фитна, сўнг сизлар билан Бани Асфар ўртасидаги тинчлик. Улар алдайдилар. Сизларнинг устингизга саксонта туғ билан (бостириб) келишади. Ҳар бир туғ тагида ўн икки минг (жангчи) бўлади».

Бухорий ривояти.

«Чорва ўлати каби орангизда тарқаладиган ўлат», яъни, орангизда бир касаллик тарқалади ва шу сабабли ўлим кўпаяди. Бу Умар розияллоҳу анҳу даврида Шомда тарқалган вабо деб тахмин қилинади. Мана шу вабода Абу Убайда ва бошқа кўплаб мусулмонлар ўлган. Энди Бани Асфарнинг хиёнатига келсак, улар саксонта байроқнинг ҳар бири остига ўн икки минг жангчини тўплаб бостириб келади. Яъни, қарийб бир миллион аскар билан ҳужумга ўтади.

Анасдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Дажжол (келиши) олдидан бир неча йиллар алдов-макрлар бўлади. Бу йилларда ростгўй ёлғончига чиқарилиб, ёлғончи ростгўй саналади. Омонатдор хиёнатчига, хиёнаткор эса омонатдорга чиқарилади. Мана шу муддатда Рувайбаза гапга тушади».

Аҳмад, Абу Яъло ва Баззозлар ривоят қилган.

Худди шу мазмундаги бошқа бир ҳадисни Ибн Можа Абу Ҳурайрадан ривоят қилган. Унда қуйидаги қўшимча ҳам бор:

«Ё Расулуллоҳ, Рувайбаза нима дегани ўзи? – дейишди саҳобалар. Пайғамбаримиз жавоб бердилар:

– У омманинг иши ҳақида (ўзича) гапирувчи бемаъни – бачкана кимса».

Биз бугун уни кўпчилик нотиқ ва журналистлар тимсолида кўряпмиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қиёмат қойим бўлмайди, токи икки улкан жамоа урушмагунича. Улар ўртасида катта жанг бўлиб ўтади. Ҳар иккиси бир нарсани даъво қилади. Токи ўзини пайғамбар ҳисоблагувчи ўттизта дажжол чиқмагунича, токи илм олиб қўйилмагунича, зилзилалар кўпайиб, замон яқинлашиб, фитналар зоҳир бўлиб, ҳарж (қатл) кўпайиб кетмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. Токи орангизда мол дунё тўлиб-тошиб, ҳатто мол эгасига закотни оладиган киши (ни топиш) қайғу бўлмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. Мол эгаси бировга закотини берса, у: «Бунинг менга кераги йўқ», деб айтмагунича, шунингдек, токи одамлар уй қуришда мусобақага киришиб, токи қабр ёнидан ўтаётган киши: «Қани эди унинг ўрнида бўлсам», деб айтмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. Қуёш ғарбдан бош кўтармагунича Қиёмат қойим бўлмайди. Қуёш ғарбдан бош кўтаргач, уни кўриб ҳамма-ҳамма иймон келтиради. Бу илгари иймон келтирмаган ёки иймонида хайр-яхшилик касб қилмаган кишига иймони фойда бермайдиган пайтдир» 

Муттафақун алайҳ.

Муслим уларни алоҳида-алоҳида ривоят этган. Ҳадисда санаб ўтилган кичик аломатлар воқеда кўринди. Аммо катта аломатлар, яъни, қуёшнинг ғарбдан чиқиши, замоннинг қисқариши ва бошқалар, Исо алайҳиссалом тушиб, хинзирни (чўчқа) ўлдирганларидан сўнг намоён бўлади. Кейин Яъжуж ва Маъжуж чиқади. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом дуолари баракоти билан уларни ўлдиради. Биз ҳадисда айтиб ўтилган кичик аломатлар воқеда кўринди, дедик. Валлоҳу аълам!

Энг аввало, пайғамбарлик даъвосини қилувчи ёлғончилар чиқди. Бу ёлғончиларнинг пешқадами ва ўта хатарлиси Мусайлама каззоб эди. Уни Абу Бакр халифалиги даврида, Ямома жангида Аллоҳ қиличи Холид ибн Валид қўшини ўлдирди. Энди бир-бирлари билан уришган икки улкан жамоа ҳақида тўхталсак. Усмон ибн Аффон ўлдирилганидан кейин фитналар, саҳобалар ўртасида келишмовчиликлар юз берди.Улар турлича ижтиҳод қилдилар. Натижада аввал Жамал, сўнгра Сиффин жанглари бўлиб ўтди. Сўнг хулафои рошидинларнинг энг охирги вакили Али ибн Абу Толиб шаҳид этилди. Уни икки дунё бадбахти Ибн Мулжим ўлдирди. Ҳамма нарса айнан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек бўлди: «(Эй Али,) Сени дунёю охиратда бадбахт бўлган кимса ўлдиради», деган эдилар У зот.

Ниҳоят, ўзаро жанглар барҳам топди. Имом Ҳасан ибн Али мусулмонларни бирлаштириш учун Муовия ибн Абу Суфён билан келишди. Уни халифа деб тан олди. Ҳасан розияллоҳу анҳунинг фазли билан уммат яна бирлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда ҳам хабар берган эдилар: «Менинг шу ўғлим саййиддир. Уни сабаб қилиб, Аллоҳ таоло мусулмонларнинг икки улкан жамоасини бирлаштиради деб умид этаман».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлди. Бутун оламлар Парвардигорига беҳад ҳамду санолар айтамиз! Илмнинг олинишини эса, бизга қуйидаги ҳадис шарҳлаб беради:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло одамлардан илмни (шундай) олиб қўймайди. Илмни олимларни олиш билан олади. Ҳатто биронта олим қолмайди. (Сўнг) одамлар ўзларига жоҳил (яъни, олимлик даъвосини қилувчи нодон) кимсаларни бошлиқ қиладилар-да, улардан фатво сўрайдилар. Улар ўзлари билмасдан туриб фатво берадилар. Натижада ўзлари ҳам адашадилар, ўзгаларни ҳам адаштирадилар».

Бухорий ва Муслим ривояти.

Ҳадис зоҳиридан кўриниб турибдики, олиб қўйиладиган илм дунёга тааллуқли илм эмас. У фақат диний илм бўлади. Дунёвий илм гуллаб яшнамоқда. Одамлар фазога учяпти, ойни текширяпти. Лекин олинажак илм – дин йўқолиб бораверади. Ҳақиқий олимлар қолмагач, жоҳил кимсалар бошлиқ қилиб олинади ва улар ўзлари билмаган нарсаларга фатво берадилар. Натижада ҳамма адашади. Бизга Аллоҳ кифоя ва У нақадар яхши кифоя қилувчи!

«Зилзилалар кўпаяди». 

Эҳтимол, бу ерда ер юзининг ҳамма бурчакларида зилзилаларнинг кўпайиши ва узлуксиз давом қилиши айтилаётгандир. Чунки зилзила қадимдан мавжуд эди. Демак, унинг кўпайиши ва узлуксиз давом қилиши Қиёмат аломатларидан бўлади. Агар ҳадисни ана шундай тушунадиган бўлсак, ҳали бу аломат воқега чиққани йўқ. Эҳтимол, у бутун ер юзини зилзилага кўмиб юборувчи ядровий уруш натижасида зоҳир бўлар. Валлоҳу аълам!

«Замон яқинлашади».

Мазкур жумлани Термизийнинг Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадиси шарҳлайди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Замон яқинлашмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. (Замон шунчалик яқинлашадики), ҳатто йил ойдек, ой жума (ҳафта)дек, жума кундек, кун эса бир парча чўғдек (ялт этиб ўчадиган ёлқиндек) бўлиб қолади».

Агар ҳадис зоҳири олинса, ҳали бу аломат ҳам воқе бўлгани йўқ. Балки бу воқеа Қиёмат жуда-жуда яқин қолганида юзага чиқар. Унда бутун олам ҳалокатга юз тутади, ер ва юлдузлар ҳаракати бузилади.

Агар ҳадиснинг зоҳири олинмаса, унда замон яқинлашувидан мурод турли эҳтиёжларнинг тезда қондирилиши ва жуда узоқ масофаларни қисқа муддатда босиб ўтиш тушунилади. Илм-фаннинг гуллаб-яшнаши натижасида бу имкониятлар бугунги кунда мавжуд. Қадимда бир йил қилинган ишни ҳозирда ўн-йигирма кунда битказиб қўйилмоқда.

«Ҳарж кўпаяди. У қатлдир».

Зоҳиран олинганда, ҳадисда қатл-ўлдиришнинг мисли кўрилмаган суратда кўпайиб кетиши айтилмоқда. Чунки инсоният тарихида қатл илгари ҳам кўп бўлган. Энди Қиёматнинг катта аломатларидан бири сифатида тушуниладиган қатлнинг кўпайишига келсак, бу бизнингча, даҳшатли ядровий уруш натижасида вужудга келади. Валлоҳу аълам!

Ҳатто мана шу жангдан омон қолган киши ҳам ўзини улкан бало-офат ичида ҳис қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, қабр ёнидан ўтиб кетаётиб, марҳумга ҳавас қилади: «Қани эди мен унинг ўрнида бўлсам!» Мол-дунёнинг ҳаддан зиёд кўпайиши ва ҳатто мол эгаси: «Ким закотимни олар экан», деб ташвиш чекиб қолиши Умар ибн Абдулазиз даврида вужудга келган эди. Бу нарса Исо алайҳиссалом замонида яна бир марта такрорланади.

Аллоҳ таоло ошкору яширин фитналардан асрасин. Ўзи бизга офият-омонлик ато этсин. Аллоҳ бизга кифоя ва У нақадар яхши кифоя қилгувчи Зот!

(Тамом)

Фойдаланилган манбалар:

fitrat.uz

islom.uz

                                                                                             Хуршид Маъруф тайёрлади


Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар...,, деди Нур сураси, 30 оят.1. Кўзни ҳаромдан сақлаш қалбни гуноҳкорлик алами ва азобидан сақлайди.2. Кўзни давоми...

2939 15:00 / 25.06.2021
Аллоҳ таоло айтади.Эй мўминлар, хамр маст қиладиган ичимлик ичиш,қимор ўйнаш, бутлар яъни, уларга сиғиниш ва чўплар яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш шайтон давоми...

4278 15:02 / 13.07.2019
Имоми Раббоний раҳматуллоҳи алайҳ мактубларидан бирида шундай деганларАллоҳу таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Эй иймон келтирганлар Аллоҳга холис давоми...

1830 16:00 / 06.04.2023
Аллоҳ таоло айтади.Молдунёларингизни ораларингизда ноҳақ ndash ҳаром йўллар билан емангизЯъни, бирбирингизнинг ҳаққингизни еманг Ва гуноҳ қилаётганингизни билиб давоми...

3536 18:00 / 28.06.2019