1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тасвирда ҳикматлар

Қўшничилик ҳақлари

16:00 / 01.06.2022 5353 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Қўшни» деганда уйи-маскани, боғи ёки дўкони яқин кишилар кўзда тутилади. Бошқача қилиб айтганда, ҳовли қўшни, боғ қўшни ва дўкон қўшни ҳамда бошқа ҳолатлар бўлиши мумкин. Шариатнинг яхшилик қилиш, ёмонлик қилмаслик ҳақидаги кўрсатмаларида кўзда тутилган қўшнилар кимлар, деган савол бўлиши ҳам табиий.

Исломда ижтимоий алоқалар ҳақида сўз кетганда, қўшничилик алоқаларига катта аҳамият берилади. Ушбу алоқаларни гўзал тарзда олиб бориш ҳақидаги таълимотлар тақдим этилади. Бу таълимотлар эса Исломнинг ижтимоий алоқаларни иймон ва гўзал ахлоқ асосида олиб боришга берган аҳамиятидан келиб чиқади.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

وَاعْبُدُواْ اللّهَ وَلاَ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالجَنبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ مَن كَانَ مُخْتَالاً فَخُورًا

«Ота-онага, яқин қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар» (36-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бир неча тоифа одамларга, жумладан, яқин қўшнилар ва ён қўшниларга яхшилик қилишга амр қилмоқда. Тафсирчи уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган «яқин қўшни»ни қариндош қўшни, яъни яқинлиги бор қўшни, «ён қўшни»ни эса оддий, яқинлиги йўқ қўшни, деб тушунтиришган.

Қўшнига яхшилик қилиш ҳақидаги исломий таълимотлар ҳам дунёда мисли кўрилмаган таълимотдир. Инсон боласи ўз кундалик ҳаётида, истайдими-истамайдими, доимий равишда алоқада бўлиб турадиган тоифалардан бири қўшнилардир. Киши ҳаётининг осойишталиги, бахти, қувончи кўпинча қўшни ила кечадиган алоқаларига ҳам боғлиқ бўлади.

Агар Аллоҳ таоло бандага яхши қўшни ато қилса, кўпгина хайр-яхшиликларга сабаб бўлади. Аксинча, ёмон қўшнидан турли ёмонликлар кутилишининг ўзи турмуш ҳаловати ва осойишталигини кетказади.

Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа мулоҳазалар асосида Исломда қўшничилик алоқасига алоҳида эътибор берилган. Қўшнининг ҳаққи юқори кўтарилган. Унга яхшилик қилиш ҳақида қўплаб тавсиялар берилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб мусулмон кишининг саодатидандир», дедилар».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Шунинг учун ҳам Исломда қўшничиликка жамиятдаги энг муҳим алоқалардан бири сифатида қаралади. Шу боис ҳам қўшничилик алоқаларига Қуръони Каримда, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида, шариат таълимотларида, мужтаҳид уламоларимизнинг ижтиҳодларида, тасаввуф ва адабиётларда катта эътибор берилган. Қуйида эътиборингизга мазкур таълимотлардан чиқарилган хулосаларни тақдим этамиз.

Қўшнининг ҳақлари:

Қўшнининг шуфъа ҳаққи бордир.

«Шуфъа» луғатда «қўшиш» ва «жуфтлаш» маъносини англатади. Шариатда эса эски шерикка шериклик нарсани сотиб олиш имтиёзи мажбуран берилишини англатади. Ана шу ҳақ қўшнига ҳам берилади. Яъни уйини сотмоқчи бўлган одам аввал бу ҳақда қўшнисини хабардор қилади. Қўшниси сотиб олмаса, кейин бошқаларга сотишга ўтади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қўшни ўз қўшнисининг шуфъасига ҳақлидир. Агар йўллари битта бўлиб, у ғойиб (йўқ) бўлса, кутиб турилади», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Киши ўз қўшниси деворига ёғоч, тўсин ўрнатишга ҳақли.

Девор эгаси уни бундан қайтара олмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қўшни ўз қўшнисининг деворига ёғочини ўрнатишидан ман қилмас», дедилар».

Сўнгра Абу Ҳурайра: «Не бўлдики, мен сизнинг бундан юз ўгирганингизни кўрмоқдаман? Аллоҳга қасамки, мен у билан сизнинг елкаларингизга ураман», деди».

Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Қўшнининг қўшнида ҳаққи борлиги учун, уни ўзининг деворига ёғочини ўрнатишидан ҳам қайтара олмас экан.

Қўшниларнинг муомала одоблари:

Қўшнига яхшилик қилиш уни кўрганда салом бериш ва ҳолини сўрашдан бошланади.

Қўшнига яхшилик қилиш унинг ҳожати тушган ишларида ёрдам бериш ва ундан ёмонликларни даф қилиш билан бўлади.

Қўшнига зинҳор озор берилмайди, унга фақат яхшилик қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Фалон аёл кечаси билан намозда қоим бўлади. Кундузи нафл рўзаларни тутади. Яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларга озор етказади», дейилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У аёлда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир», дедилар. (Бояги кишилар):

«Фалончи аёл бўлса фарз намозларини ўқийди, бир бўлаккина қурут садақа қилади, аммо бирор кишига озор бермайди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ана шу аёл аҳли жаннатлардандир», дедилар».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни беҳурмат қилмаслик нақадар зарур иш экани таъкидланмоқда. Қўни-қўшниларга ёмон муносабатда бўлиш, уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиб, уларни фойдасиз ҳолга келтириб қўяди.

Қўшнига очиқ юзли ва ширинсўз бўлиш, таом бериш каби ишлар билан икром кўрсатилади.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Зарр, шўрва пиширсанг, шўрванинг сувини кўпайтир-да, қўшниларингдан хабар ол ёки қўшниларингга ҳам тақсимлаб бер», дедилар».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда қўшничилик алоқаларини яхшилашнинг энг халқчил омилларидан бири ҳақида сўз юритилмоқда. Қўшничилик муносабатларида катта ё кичик, арзийди ёки арзимайди деган нарса бўлмайди, бунда кўп нарса талаб қилинмайди. Шўрванинг сувини мўлроқ қилиб, ундан қўшнига ҳам бериш ҳам қўшнига яхшилик қилишдир.

Гап таомда эмас, қўшнига бўлган эътибордадир. Бу муомаладан қўшни хурсанд бўлади. У ҳам жавоб тариқасида яхшилик қилишга ўтади. Оқибатда жамият аъзолари орасида ижтимоий алоқалар мустаҳкамланади. Бу эса ҳар бир жамият учун жуда керакли омилдир.

Яхши қўшничилик аломатларидан бири муҳтож бўлганида, унга қарз беришдир. Бу ҳам қўшнининг ҳожатини чиқариш, ҳам унинг ишончини қозонишга хизмат қилади.

Яхши қўшничилик аломатларидан бири бемор бўлса, уни бориб кўришдир.

Яхши қўшничилик аломатларидан яна бири унинг таъзиясида иштирок этишдир.

Яхши қўшничилик аломатларидан яна бири хурсандчилигини табриклашдир.

Яхши қўшничилик аломатларидан яна бири у тарафдаги деворни баланд қилиб юбормасликдир.

Қўшнига яхшилик қилиш унинг хато ва камчиликларини кечириш билан ҳам бўлади.

Қўшнига яхшилик қилиш унинг фарзандларига лутф кўрсатиш, яхшилик ва насиҳат қилиш ҳамда меҳрибон бўлиш билан ҳам юзага чиқади.

Қўшнига яхшилик қилиш унинг маҳрамларидан, аҳли аёлидан, келин-қизларидан кўзни тийиш билан ҳам бўлади.

Қўшнига яхшилик қилиш унинг сирларини пойламаслик ва ошкор қилмасликдир.

Қўшнига яхшилик қилиш унинг йўқлигида уйи, ҳовли-ҳарамини муҳофаза қилиш билан ҳам бўлади.

Қўшнига яхшилик қилиш уни турли баланд овозлар – бақир-чақир, радио-телевизор шовқини, тақир-туқир кабилар билан безовта қилмаслик билан ҳам бўлади.

Қўшнига яхшилик қилиш унинг йўлини торайтирмаслик, йўлига ахлат ташламаслик, булғатмаслик билан ҳам бўлади.

Қўшнига яхшилик қилиш унинг чегарасига тажовуз қилмаслик билан ҳам бўлади.

Қўшнига яхшилик қилиш у томонга қуёш ёки ҳавони тўсадиган, унинг ҳовли-жойига назар тушадиган даражада баланд иморат қурмаслик билан ҳам бўлади.

Қўшнига яхшилик қилиш унга керакли насиҳатни қилиш, билмаган нарсасини ўргатиш билан ҳам юзага чиқади.

Қўшнига яхшилик қилиш ундан содир этиладиган озорлар, беодобликлар ва жафоларга сабр қилиш билан ҳам бўлади.

Қўшнига яхшилик қилиш унга шахсан ёки молиявий ёрдам бериш билан бўлади.

Қўшнига яхшилик қилиш унга таом ва мевалар ҳадя қилиш билан бўлади.

Қўшнига яхшилик қилиш ҳожати тушганда унга ёрдам бериш билан бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ

«Ижтимоий одоблар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон инсон йўлга қазои ҳожат қилинишига ва бавл қилинишига мутлақо йўл қўймайди.Чунки бундай қилиш ўта беодоблик бўлгани учун динимиз йўлларга бавл қилиш ва давоми...

6011 11:57 / 05.03.2019
Мусулмон инсон ўзига берилган умр неъмати азиз эканини, ундан унумли фойдаланиш ўзининг муқаддас бурчи эканини, охиратда унинг ҳар бир лаҳзасидан сўралиш давоми...

6144 16:00 / 15.06.2022
Йўл кўпчиликка хизмат қиладиган тармоқлардан биридир. Ундан барча баробар фойдаланади. Йўлда инсон ҳам, ҳайвон ҳам, турли нақлиёт воситалари ҳам юради. Шунинг давоми...

4252 14:00 / 25.02.2019
Беморни кўргани бориш суннатдир. Бемор мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устида ҳаққи бор. У ҳам бўлса, уларнинг беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўрашлари, ҳаққига дуо давоми...

3943 15:18 / 06.04.2022