1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Доктор Абдураҳмон ас-Сумайт: Африкада миллионлар ҳидоятига сабаб бўлган буюк инсон

17:00 / 26.05.2022 2832 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Африкадаги чорак асрлик даъват борасидаги тажрибамдан келиб чиқиб шунга иқрор бўлдимки, бошқалар билан гўзал муомалада бўлиш даъват йўлидаги энг афзал услубдир».

Доктор Абдураҳмон ас-Сумайт.

Доктор Абдураҳмон Ҳаммуд ас- Сумайт, кувайтлик шифокор ва жамоат арбоби. 1947 йилда таваллуд топган, 2013 йилда вафот этган. «Жамъиятил ъавнул мубашир» «Тўғридан-тўғри ёрдам” жамиятининг асосчиси. Африка қитъасининг 29 мамлакатидаги хайрия лойиҳалари билан машҳур.

Доктор Абдураҳмон Ҳаммуд ас- Сумайт 1947 йилда Кувайтда туғилган. Оилада учинчи фарзанд. Диёнатли оилада улғайган. Сумайтни ёшлигиданоқ хайрия, эҳсон ишлари қизиқтирган. Кувайтда ўрта мактабда ўқиб юрган вақтларида, дўстлари билан арзонроқ автомашина сотиб олиш учун пул жамғаришган. Машинани сотиб олгач, у камбағал ишчиларни бепул олиб бориб қўярди.

Абдураҳмон ёшлигидан китоб ўқишни ёқтирарди, кўп вақтини кутубхонада ўтказарди. Кўпроқ, иқтисодий, диний мавзудаги адабиётларни ўқирди. Кўп пулини ҳам айнан китоб сотиб олишга сарф этарди.

1963 йилда ўрта мактабни тамомлаб, АҚШ ва Мисрдаги тиббиёт коллежларига ҳужжат топширди. Ҳар иккисига ҳам танловдан муваффақиятли ўтди, лекин Бағдод тиббиёт коллежида ўқишни танлади. У жарроҳлик йўналишида ўқиди ва параллел равишда ишлай бошлади. Ўқув юртини тамомлаб, тиббиёт ва хирургия бакалавр даражасини олди. Сўнгра Буюк Британияда жойлашган Ливерпул университетига ўқишга йўл олди.

1974 йилда тропик касалликлар соҳаси бўйича ушбу университет дипломини қўлга киритди. Кейин эса, Канададаги Макгилл Университетида ички медицина ва овқат ҳазм қилиш тизими мутахассислиги бўйича аспирантурани тамомлади.

1974-1978 йилларда Монреал Бош госпиталида ички аъзолар касалликлари ва гастроэнтерология бўлимида ишлади. 1979-1980 йилларда Лондон Қироллик касалхонасида жигар ўсимталари бўйича мутахассис-шифокор бўлиб ишлади, илмий тадқиқот ишларини олиб борди.

Кувайтга қайтиб келгач, бир неча йил давомида пойтахтдаги ас-Сабоҳ касалхонасида гастроэнтеролог шифокор маслаҳатчиси бўлиб ишлади. 1980-1983 йилларда илмий йўналишда, саратон ўсимталари соҳасида кўплаб тиббий тадқиқотлар нашр этди. Кувайт Ёрдам агентлигининг асосчиси ва бош раҳбари бўлди. 1987-2013 йиллар давомида Қувайт давлатининг Кениядаги элчихонасида соғлиқни сақлаш масалалари борасида атташе координатори бўлиб фаолият олиб борди.

1981 йили Абдураҳмон Сумайт Африкага кўчиб ўтди ва у ерда Африка мусулмонлари агентлигини очди. Бугунги кунда у ташкилот «Тўғридан-тўғри ёрдам» жамияти деб номланади. Дастлаб, у ерда оддий шифокор бўлиб ишлаб юрди. Вақтлар ўтиб ушбу ташкилотнинг Африка давлатларида филиаллари очилишда давом этди ва уларнинг сони 30 тага етди. Ўзининг фаолияти давомида «Жамъиятил ъавнул мубашир» «Тўғридан-тўғри ёрдам» жамияти 124та касалхона ва диспансер, 860 та ўқув маркази, 204 та исломий марказ, 214 та аёл-қизлар маркази ва 5700 та масжид очди.

Ташкилот Африкада 50000 та етим ва муҳтож болани таъминотини ўз зиммасига олди. Вақти соати етиб ўша инсонларнинг кўплари ўқитувчи, шифокор, муҳандис ва сиёсатчилар бўлиб етишишди ва ўзлари ҳам катта- катта хайрия ишларини амалга ошира, муҳтожларга ёрдам қўлини чўза бошлашди.

Шайх Сумайтнинг ушбу ташкилоти йирик қишлоқ хўжалиги ва ирригацион лойиҳаларда иштирок этиб, 9500дан ортиқ артезиан қудуқларини қазиб чиқарди, сув улашди.

Шунингдек, Кения ва Занзибарда 2 та коллеж очди ва Африка мусулмон талабаларига технологиялар, муҳандислик иши ва тиббиёт соҳаларида 200дан ортиқ стипендиялар жорий этди.  Жами бўлиб ушбу хайрия ташкилоти 4 та университет очди ва уларда 100га яқин африкалик талабалар таҳсил олишди.

Ас-Сумайт хайрия ташкилоти томонидан 22 тилда 9 миллиондан ортиқ китоб таржима қилиб нашр этилди. Доктор Абдураҳмон ҳам ўз фаолиятга доир бир неча китоблар ёзди. Хайрия  фонди 51 миллион нусхада Қуръони Карим ва африка тилларида ёзилган 60 миллион буклет тайёрлаб тарқатди.

Фаол даъват ишлари сабаб ушбу қитъада 10 миллион одам мусулмон бўлиб, Исломни қабул қилган. Уларнинг орасида насроний роҳиб ва епископлар ҳам борлиги аҳамиятлидир. Ушбу узоқ йиллик хайрли ва эзгу фаолият муносиб тақдирланиб кўплаб мукофотларга лойиқ кўрилган. Улар жумласидан Исломга қилган хизматлари учун Қирол Файсал халқаро мукофоти бўлиб, мукофот пулига белгиланган 750 минг Саудия риёлини шайх Сумайт Африка халқлари таълим фондига ажратган.

1998 йилда шайх БМТ иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг бош маслаҳатчиси бўлиб ишлади.

Ас-Сумайт чорак аср Африкада яшади. Кувайтга қисқа муддатга, фақат даволанишга келиб юрарди, кўплаб вақти қийин шароитларда, сафарларда ўтарди. Қанд касали, юрак-қон томир касаллиги ва малярия-безгак касаллари билан оғриди. Оддий халқ орасидаги катта обрўси сабаб Африкадаги қуролланган исёнчи тўдаларнинг босимлари остида бир неча марта ҳаёти хавф остида қолди.

Ҳаётининг сўнгги йиллари доктор Абдураҳмоннинг соғлиги кескин ёмонлашди ва буйракларида муаммолар кузатилди. Кувайтдаги Муборак Кабир касалхонасида даволаниб, 2013 йил, 15 августда вафот қилди.

«Таълим таъмини тотмаган жойда илк марта мактаб очганимда мен саодат, бахтиёрлик таъмини тотдим», деган эди умматнинг буюк фарзанди, сахий ва фидокор доктор Абдураҳмон Ҳаммуд Сумайт. Аллоҳ таоло у инсонни хайрли амаллари ажрини ўзига ҳамроҳ қилиб жойини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Интернет маълумотлари асосида тўпловчи ва таржимон Бобур Аҳмад.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Буюк ватандошимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини нафақат Марказий Осиё давлатлари мусулмонлари, айни пайтда бутун Ислом олами юксак эҳтиром давоми...

2569 13:32 / 18.04.2022
Икромжон қори 1912 йил Наманган шаҳри Чуқур кўча даҳаси собиқ Авлиё домла маҳалласи ҳозирги .Жийдакапа, кўчасида савдогар хонадонида дунёга келди. Бобоси мулла давоми...

1172 15:42 / 09.11.2022
Қарийб бир аср умр кечирган ҳофизи Каломуллоҳ Жаъфар қори 1890 йил Наманганнинг қадимий гўшаларидан бири Уйчи тумани, Ёркатак қишлоғида дунёга келди. Қиблагоҳи давоми...

2461 23:00 / 18.11.2022
20 аср бошларида Наманган шаҳри, Авлиё домла маҳалласи ҳозирги Жийдакапа кўчасида истиқомат қилувчи Охунд Дада махдум 18901972 хонадонида бир гўдак дунёга келди. Уни давоми...

2493 11:00 / 28.10.2021
Аудиолар

137601 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7543 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57667 14:35 / 11.08.2021