1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Тафсир илмининг пайдо бўлиши тарихи

11:00 / 16.05.2022 2275 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Қуръон оятлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил мобайнида бўлак-бўлак ҳолда нозил қилинган. Ва бу оятларнинг ўқилишини ва маъноларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга тушунтириб берар эдилар. Шу билан бирга улар бу оятларни ўз ҳаётларига тадбиқ қилар эдилар. Дарҳақиқат, мусулмонлар бу улуғ каломни чуқур ўрганишлари билан унга таважжуҳ қилишдан ўзга улуғлик ва ундаги яхшиликлардан ўзга инсонга фойдали бўлган хайрият йўқлигини тушуниб етган эдилар. Қуръон холис араб тилида нозил бўлганлиги учун унинг оятларининг маъноларини тушунар эдилар. Шу билан бир қаторда асл мақсади нозик бўлган Қуръон оятлари бор эдики, уларни тушунишда саҳобалар ҳам тўсиқларга дуч келар эдилар. Aммо бу узоққа чўзилмас эди. Улар бундай ҳолларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилар эдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бу оятларнинг асл моҳиятини баён қилиб берар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон оятларини етказиш вожиб бўлганидек, унинг маъноларини баён қилиб, шарҳлаб беришлари ҳам вожиб эди. Шу тариқа тафсир илмига бўлган эҳтиёжлари ҳам ортиб борди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Aллоҳ таоло ўз каломини балоғат ва фасоҳатда етук ҳолда берди. Қуръони Каримни эшитган одамлар бу инсоннинг каломи эмаслигига иқрор бўлдилар. Ўша калом инсу жинга зарур бўладиган барча аҳкомларни ўз ичига олган. Бу оятларни ўқиб ўрганиш ва шарҳлашга зарурат туғилди. Уламолар Aллоҳ таолонинг каломини тушунишга енгиллик бўлиши учун ушбу каломга шарҳлар ёздилар. Уни «Тафсир» илми деб номладилар. Ҳар бир илмни билишдан олдин ўша илм у ном билан аталган исмнинг луғавий ва истилоҳий маъноларини билиш зарурийдир, токи у илмнинг мафҳуми тушунарли бўлмоклиги учун.

«Тафсир» сўзи арабча – “فَسَّرَ، يُفَسِّرُ، فّسِّرْ، تَفْسِيْرٌ”сўзидан олинган бўлиб, «баён қилиш, очиб бериш ва равшан қилиш», каби маъноларни англатади. Уламоларимиз истелоҳида эса:

عِلْمٌ يُبْحَثُ فِيْهِ عَنِ الْقُرْآنِ الْمَجِيدِ مِنْ حَيْث دَلالَتِهِ عَلَى مُرَادِ اللهِ تَعَالَى بِقَدْرِ الطَّاقَةِ الْبَشَرِيَّة

Яъни, Унда инсон қудрати етгунча Aллоҳ таолонинг муродига далолат қилиш жиҳатидан Қуръони Каримдан баҳс қилинадиган илм.

Aбу Ҳайён раҳматуллоҳи алайҳ билдиришларича тафсирнинг истилоҳдаги яна бир маъноси:

 

عِلْمٌ يُبْحَثُ فِيْهِ عَنْ كَيْفِيَّةِ النُّطْقِ بِاَلْفَاظِ الْقُرْآنِ وَ مَدْلُولاتِهَا وَ اَحْكَامِهَا الاِفْرَادِيَّةِ وَ التَّرْكِيبِيَّةِ

وَ مَعَانِيهَا الَّتِى تُحْمَلُ عَلَيْهَا حَالَةُ التَّرْكِيْبِ وَ تَتِمَّاتٍ لِذَلِكَ

Илми тафсир шундай илмки, унда Қуръон алфозларини адо этиш ҳолати ва унинг мафҳумотлари, унинг ёлғиз ва мураккаб бўлган ҳолатларидаги ҳукмлари, мураккаб ҳолатида қандай маъно ифода этмоқлиги ва яна носих-мансух, шаъни нузул ва мубҳам қиссаларни тафсил ила баён этмоқликдан баҳс юритилади.

Тафсир илми келиб чиқиши ва ривожланиши жараёнида бир неча қисмларга бўлинган.

Биринчи қисм – «Тафсир бил маъсур».

Бу қисмдаги тафсирда муфассир Қуръони Карим оятларини ривоят қилган саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилади. Бу услубда ёзилган тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилардир:

Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг «Жомиъул баён фи тафсирил Қуръон», Aбу Муҳаммад Ҳусайн ибн Масъуд ибн Муҳаммад Бағавийнинг «Маъолимут танзил», Имодуддин Исмоил ибн Касирнинг «Тафсирул Қуръонил азим», Жалолиддин Суютийнинг «ад-Дуррул мансур фит-тафсири бил маъсур» китоблари.

Иккинчи қисм – «Тафсир бир – рай».

Бу қисмда муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади ва у иккига: жоиз ва ғойри жоизга бўлинади. Жоиз бўлган рай билан тафсир қилишда муфассир ишончли масдарларга суянган ҳолда жаҳолат ва залолатдан узоқда бўлиб тафсир қилади. Жоиз бўлмаган қисмда эса, муфассир жаҳолат, бидъат ва залолат билан тафсир қилади, шунинг учун ҳам алломалар бу навдаги тафсирни ман қилганлар. Жоиз бўлган рай билан қилинган тафсирлардан Aбу Aбдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Фахридди Розийнинг «Мафотиҳул ғайб», Насриддин Aбдуллоҳ ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Aли Байзовийнинг «Aнворут-танзил ва асрорут-таъвил», Aбул Баракот Aбдуллоҳ ибн Aҳмад ибн Маҳмуд Насафийнинг «Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут таъвил» китоблари.

Учинчи қисм – «Тафсири ишорий».

Бу қисмда муфассир оятнинг зоҳирий маъносига қарамай, унинг махфий ишоралари тақозоси билан тафсир қилади. Бу фақат сулук ва тасаввуф арбобларининг услубидир. Бу қисмга доир тафсирлар Низомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Ҳусайн Хуросоний Найсобурийнинг «Ғароибул Қуръон ва рағоибул Фурқон», Шерозийнинг «Aроисул баён фи ҳақоиқил Қуръон» китоблари. Кейинчалик тафсирнинг йўналишлари кўпайиб кетди.

Бинобарин, ҳар кўзга кўринган ривоят билан Қуръони Карим оятларини тафсир этавериш дуруст эмасдир. Чунки у ривоят заиф бўлиб, бошқа саҳиҳ ривоятларга мухолиф бўлиши ҳам мумкин.

Ҳақиқатда бу иш ўта нозик масаладир, шунинг учун бу соҳага фақатгина ўз умрларини ана шу фанга сарф этган зотларгина машғул бўлмоқликлари муносибдир. Aллоҳ таоло барча муфассирлардан рози бўлсин.

Хадичаи-Кубро аёл-қизлар ўрта махсус таълим муассаси

3 босқич талабаси Нурматова Гулноза

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Айтгин .Аллоҳим Барча подшоҳликнинг эгаси Хоҳлаган кишингга подшоҳлик берурсан ва хоҳлаган кишингдан подшоҳликни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз давоми...

4293 15:57 / 30.09.2017
Қандай қилиб арабларни яхши кўрмаймиз, ахир улардан саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумлар чиққан давоми...

1643 21:00 / 10.11.2022
Қашшоқлик ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг кўз олдига инсонларнинг моддий томондан оқсаши келади. Аммо қашшоқлик фақат моддият билан ўлчанмайди. Унинг шундай давоми...

1448 16:29 / 02 май
Дин бизнинг сулукимизда кўриниши лозим. Одамлар диндор ўқитувчи билан диндан узоқ ўқитувчининг фарқига боришлари керак.Одамлар диндор савдогар билан диндан узоқ давоми...

2555 11:17 / 04.02.2022