1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Бир йил кутилган «Лайлатул қадр»

17:00 / 22.04.2022 3396 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Олти йилдан бери кўнгил кундалигимга ёзиб келинаётган, лекин қоғозга туширишга журъатим етмаган, ҳаётимда аниқ ва тиниқ содир бўлган ушбу воқеаларни бугун ёзишни Аллоҳ таолодан сўраган ҳолда баён қилишга киришяпман.

2014 йил падари бузрукворимни Аллоҳ таолонинг ҳузурига кузатдик. Олийгоҳни битириб институтда иш бошлаганимга бир йилча тўлиб-тўлмаган, отам эса ўқитувчи бўлганимдан ниҳоятда мамнун эдилар. Сабаби мен бакалаврни битириб, магистратурани журналистикада давом эттирганим учун у киши бироз хавотирда, танлаган бу касбимни хушламасалар-да, фарзандларининг энг тантиғи, эркаси бўлганим учун кўнглимга қараб индамай қўя қолган эдилар. Ота хавотири ҳамма орзу ва истаклардан устун экан, мен барибир ўқитувчи бўлдим. Муаллималик аслида улуғ, шарафли касб, лекин жуда машаққатли.

Оилада эрка, анча нозик таъб бўлиб улғайганимдан кўнглимга маъқул бўлмаган ишларни қилишни сира истамасдим. Бу менинг оилада ўзим ишлаб чиққан қонунларим эди. Ҳаёт эса анча шафқатсиз. Анча юзсиз. Ўрмонга ўт тушса, бошқаларга қўшилиб ёниш, емаган сомсангга пул тўлаш каби чириб кетган қоидалари бор. Бу қоидалар ишда бир йил ишлаб-ишламай табиатимни хиралаштира бошлади. Лекин кўпчилик ҳаёт курашдан иборат, деб менга маслаҳат берарди. Якка мен курашганим билан дарёга тушган тошдай кўринмай кетардим. Сел келса, оқимга қўшилиб оқмасликнинг иложини қидирардим. Чораси ортга чекиниш, лекин бу бизнинг назаримизда муваффақиятсизлик бўлса, Аллоҳ таолонинг наздида банда учун энг катта яхшилик ва хайр экан. Мен аҳмоқ бу яхшиликни ўша дамларда англаб етмасдан фақат ўзимни ўт ичига отган эканман. Аллоҳ таоло шунда ҳам мендан раҳматини аямасдан ҳар бир қадамимдан огоҳлантирар, кўрган тушларимнинг таъбири эртаси кундаги воқеалар билан уйғунлашиб кетарди.

Ана шундай кунларда қиблагоҳимдан айрилиб қолдим. Ота ўз номи билан ота! Биз кўпинча ота-онани Аллоҳнинг кўрсатмаларига биноан борида тўкис қадрлай олмаймиз. Минг яхши кўрсак-да, барибир болалигимиз устун келади. Мен буни отам вафотидан сўнг англадим.

Жудолик изтироби, айрилиқ изи асрларга татийди. Шу сабаб ўқишга ҳам қизиқишим сусайди. Ишга юзаки қарай бошладим. Кун ўтиши учун олийгоҳга бораман, қайтаман. Ўйласам совуқ терга тушиб кетадиган воқеаларнинг барчасига кўз юмиб, лоқайд инсонга айландим-қолдим. Иш фаолиятимдаги биринчи ўқув йили ниҳоясига етиб, иккинчи ўқув йили ва қишки имтиҳон бошланди. Зўрмазўракилик билан баҳолар дафтарчасини ёпдиму, жуда қаттиқ шамоллаб ётиб қолдим.

Отам вафотларидан сўнг уларнинг соғинчи қалбимдан сира кетмасди. Кечалари узоқ ўйлардим. Балки кўп соғинганимдан ёки падари бузрукворимнинг вафотларидан сўнг ижтимоий ҳаётимдаги жаҳолатлардан хабардор бўлганмилар, тушларимга тез-тез кириб «Мен келдим, қизим. Тўйгунингча бағрингга босиб ол. Кейин кетаман», дердилар. Баъзан эса «Ҳаққимга дуо қил. Кўпроқ дуода бўл!» дердилар. Шунданми, кўнглим кўпроқ узлат, кўпроқ ибодат истарди-ю, ижтимоий ҳаётдан бутунлай чиқиб кетолмасдим. Шу тариқа институтдаги иш фаолиятимнинг иккинчи йили ҳам якунланиб, ёзги имтиҳон бошланди. Фанимдан давлат имтиҳони борлиги, шу имтиҳон сабаб яна жаҳолатлар, разолатлар бўй кўрсатишга тушди. Мен эса ўз дардимни аъло санаб, бу аҳмоқгарчиликларга беписанд, қўл силташга тушдим. Зиммамдаги ишларни бошқаларга топшириб, улкан бир жиноят содир бўлишига йўл қўйибман. Гуноҳкор эканлигимдан яна тушимда огоҳлантирилдим. Бу тушим олдингиларидан анча шиддатли эди. Ҳозир ҳам эсласам, тирноқларимгача оғриқ ҳис этаман. Тўлиқ тафсир этмасам-да, ўша кечани бироз хотирлайман:

Тушимда қиёмат қойим бошланибди. Мен тавба учун оғиз жуфтлар эканман-у, тилим айланмас экан...

Тушнинг охири ниҳоятда даҳшатлилигидан жуда қаттиқ бақирганман, шекилли, кўзимни очганимда қўшни хонада маза қилиб ухлаб ётган укам пешонамни ушлаб турарди. Қўрқувдан шу қадар терлаганманки, либосларимни сиқса, суви чиқарди.

Бирдан ўзимга келдим. Кеча институтда бўлган воқеани эслашга тушдим. Қаттиқ қарор қилдим: «Tонг отиши билан ишга бораман. Ишдан бўшаш учун ариза ёзаман. Бўлди, бошқа ишламайман!»

Лекин, афсус, бу йил ҳам институтдан бўшай олмадим. Уйимдагилар айтганидек, мен ишдан кетишим билан ортимдан жуда кўп бўҳтонлар қилинар, челаклаб «мағзава» ағдарилар, ўз-ўзидан катта жиноятчига айланар эканман. Бу гапларни хулосалаб, тишимни-тишимга қўйиб ишлай бошладим. Лекин ҳар куни Аллоҳга ёлвориб, «Роббим, Сендан илтимос, мени бу йўллардан шундай олиб чиқки, эшитганлар «Эҳ аттанг, шундай яхши ўқитувчи кетиб қолдими?» деб айтишсин, дея дуо қиламан.

Бу кўрган қўрқинчли тушим муборак Рамазон ойида эди. Мен икир-чикирларни баҳона қилиб рўза тутмасдан келардим. Қиёмат аломати кўрсатилган тушдан бир ҳафта ўтибми, икки ё уч кундан кейинми, Роббим таоло ўзга бир оламда «Қадр кечаси» ҳақида бўлаётган суҳбат иштирокчисига айланишимни насиб этиб қолди. Бу даврадаги ажойиб суҳбатлар мени шу қадар ўзига мафтун этдики, беихтиёр:

– Бу кеча қачон ўзи? – деб юбордим.

– Бугун, – деган жавобдан, бир энтикиб:

– Бу кечага тайёр бўлмаганларни, хусусан, рўза тутмаганларни, истиғфор, зикрда юрмаганларни ҳам осмондан тушган малоикалар зиёрат қиладими? – дея сўрадим.

Саволим жавобсиз қолди. Бошларнинг қимирлашию тикилган нигоҳлардан англадимки, мен бу ой улкан ажр-мукофот, савоб, неъмат ва раҳматлардан бу ой қуруқ қолибман. Шундай бўлса ҳам, хуфтон намозига ошиқдим. Жойнамоз устида узоқ ўтирдим. Нимагадир тилимга ҳеч нима келмайди: бутун хаёлу хотирамни фаришталарнинг зиёрати эгаллаб олган. Агар улар инсонларга тегиб ўтса, одам этининг жунжикиши, намозда сесканиб кетиши...

Шу хаёлда, балки тонггача ўтиргандирман, лекин мени давра суҳбатида айтилган бирор аломат қуршаб олмади. Аламимдан роса йиғладим. Эртаси куни ишга ҳам бормадим. Аммо қаттиқ қасд қилдим: «Иншааллоҳ, келгуси Рамазонда бир ой давомида бир кун ҳам қолдирмай рўза тўтаман. Қаттиқ ибодатга киришаман. Дунёдан узлат қиламан».

Амаллар ниятга боғлиқ ҳадисига биноан, келгуси йил Аллоҳ таоло ниятимни шу қадар ҳайратланарли даражада ижобат қилдики, ҳозир ҳам эсласам, ҳайратланиб кетаман.

Институтдаги иш фаолиятимнинг учинчи йили. Қишки «баҳолар ойлигини» юрак ҳовучлаб тугатдим. Баҳор келиши билан мени муаммо ва ташвишлар аста-секин тарк эта бошлаганди. Осонгина ишдан ҳам бўшадим. Бу ишим учун уйимдагилардан гап ҳам эшитдим. Бироз хафа бўлгандай бўлдим. Аммо ҳозирги кунимни ўйласам, Аллоҳ таолога ҳамд айтишга ожиз қоламан.

Ўшанда кутилмаган воқеа-ҳодисаларга чалғибми ё оғир юкдан қутулганим қувончиданми, Рамазонга озгина қолганини, интизор кутаётган Қадр кечамни унутибман. Лекин Роббим ўта билувчи ва қамрови кенг Зот бўлганидан ўтган йилдаги аҳдимга вафо сифатида мени муборак Рамазони шарифга гўзал бир ҳолатда тайёрлаб келаётган экан.

Алҳамдулиллаҳ, Рамазони шарифнинг илк саҳарлигига ҳам етиб келдим. 2016 йилнинг олтинчи июнь санаси ҳаётимга шундай муҳрланган. Қалбим тўла ҳаяжон, ҳадик; бир кунини ҳам қолдирмасдан рўза тутишни Роббимдан сўрайман. Қадр кечаси ҳақидаги ҳайратли суҳбатни эслайман. Ўша кунга тез етиб боришга ошиқаман. Ўтган йили қасд қилган амалларимни бирин-кетин бажаришга киришаман.

Рамазоннинг илк ўн кунлигининг сўнггида укамнинг ўқиши ва иши тугаб, ҳаммамиз она юртимизга қайтдик. Қишлоғимизнинг оқшомлари салқин, тонглари роҳатбахш, аммо дашт бўлгани учун кундузлари яхшигина иссиқ бўлади. Ана шундай вақтларда инсон тоқати ва иродаси синалар, Аллоҳ таолонинг чексиз неъматлари қадрланар экан. Улуғлар таъкидлаганидек, рўза инсонни ҳам руҳан, ҳам жисмонан поклайди. Қалбни чароғон, танани нурли қилади. Устозимиз Шайх раҳимаҳуллоҳ тафсир қилганларидек, хосларнинг хосидек рўза тутиш, наинки вужуд, тана поклигига, балки икки олам саодатига эриштиради. Лекин бу йўлга етмоқ, риёзат чекмоқ осонмас.

Куннинг иссиғи авжига чиққанда ташналик сабаб, шайтон ва нафс васвасалари бошланади. Бундай ҳолат бошланиши билан машойихлардан эшитган ривоятни – истиғфор айтилганда шайтон биздан ўн қадам йироқлашиб туриши, лекин балойи нафс бир сония ҳам биздан ажралмаслигини тафаккур қиламан. Истиғфор айтаман, сўнгра нафсни енгиш учун иродамни мустаҳкамлайдиган ўтмиш хотираларини эслайман.

Аммамдан эшитгандим, бобом раҳматли ёшлари бир жойга борган, бетоб ҳолларида тўшакка михланган бўлсалар-да, жазирама саратон кунлари ҳам Рамазон рўзасини тутар эканлар. Ташналиги қийнаган вақтлари «Ҳайт, бадбахт» деб бир нарсани ҳайдаган бўлиб, тасбеҳ ўгиришга киришиб кетарканлар. Фарзандлари «Ўзингизни қийнамасангиз бўларди», деган гапларига, «Эгамнинг ҳузурига олиб борадиган бирон арзирли амалим йўқ. Шунинг учун мени ўз ҳолимга қўйинглар!» дер эканлар.

Ёши улуғ, унинг устига бетоб бобом рўзани канда қилмаганида мен наҳот нафсга енгилсам, деб ўзимни руҳлантираман. Мана шундай қилиб, Рамазоннинг йигирманчи кунига ҳам етиб келдим.

Йигирманчи кундан ҳаётимда ажиб тушлар ҳафталиги бошланди. Аслида, Рамазондан бир ойча аввал ҳам шунақа ажойиб тушни бир-икки бор такрор кўргандим. Сўнги ўн кунликда Аллоҳ таоло Ўзи истаган бандаларини тенгсиз неъматлар билан неъматлантиришини, хайр-баракага буркаб қўйишини бир ажойиб ҳолларда намойиш этарди. Ва ниҳоят интизор кутган Лайлатул қадр кунига ҳам етиб келдим. Мен учун биринчи бўлган Рамазони шарифда Лайлатул қадрни чиндан топдим деб ўйлайман. Чунки ўша илк Қадр кечасидек нурлардан ёришиб кетган осмонни қайта ҳеч кўрмадим. Осмондаги нурнинг зиёси олма дарахтининг баргларигача етиб келганди. Бу ҳақда чуқурлашмайман, чунки Лайлатул қадрни бир йил интизор, ишқдан маст ошиқлардек кутганим сабабли, балки бу хаёлим маҳсулидир. Уёғи ёлғиз Аллоҳ таолога аён.

Рўза тутишни бошлаганимда, бошида хавотирландим. Илгарилари ҳам уйдагиларга қўшилиб рўза тутган бўлсам-да, турли сабабларга кўра бу рўзам узоққа бормасди. Қасд қилинган йўлда ният тўғри ва холис бўлса, Аллоҳ таоло истагимиздан ҳам зиёдаси билан мукофотлар экан. Энг муҳими, юмилиб қолган қалб кўзимиз очилар экан. Инсон танасида таърифлаш қийин бир ҳол, оғзида эса ажиб бир таъм, хушбўйлик пайдо бўлар экан. Кузатишларимдан келиб чиқиб, бу сабабларнинг бири инсоннинг қандай неъматлар ва инсонлар билан ифторлик қилиши, саҳарликдаги ҳалол луқмасига боғлиқ бўлса керак, деб ҳисобласам, иккинчи томондан буни тилни, кўзни, хаёлни, кўнгилни, қулоқни ахлоқсизликлардан узлат қилдириш билан ҳам боғлайман.

Хулоса ўрнида ўзимча тафаккур этган баъзи мулоҳазаларимни айтиб ўтмоқчиман. Қуръони Каримда қайта-қайта таъкидланганидек, Аллоҳ таоло хоҳлаган кишиларинигина ҳидоятга йўллайди. Ўзи хоҳлаган кишиларинигина залолатдан тўғри йўлга кўтариб олиб чиқаради. У Зот хоҳламаса, инсон кипригига битта гард ҳам қўнмайди. У Зот сатр айласа, бутун дунё йиғилиб, ботмон-ботмон фисқу фасодлар ёғдирса ҳам, бандаси зиёндан xоли қолаверади. Чунки бу Аллоҳнинг қадари. У Зот оламлар Роббидир. Аллоҳдир! Ҳалимдир! Каримдир!

Менинг ҳидоятимни У Зотнинг Ўзи истади. Мен гуноҳ сари югурсам ҳам У Зот асради. Наинки гуноҳдан, ҳатто ёвуз оламлардан ҳам асради.

Яна иймон келтираман, Роббим таоло ўта Ҳалимдир. Ва ўта Басирдир. У зот бир заиф бандасини мусибат устига мусибат билан синамайди. Аксинча бир қийинчиликдан сўнг икки бор енгиллик инъом этади.

Агар келаётган Рамазони шарифдан ғафлатда бўлганлар, қадр кечаси ёдидан кўтарилганлар бўлса, уларга айтадиганларимиз: «Рамазонга тайёрланинг!» Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлар агар Рамазон ойидаги ажр-мукофотлар, савоблар, неъматлар ва раҳматларни билишса эди, Рамазоннинг йил бўйи давом этишини истаган бўлишар эди», деганлар. Бу ойда минг ойдан яхшироқ бир кеча бор. Бу кечани топмоқнинг ўзи саодатдир. Рамазон инсонлар учун нафсни жиловлаш, поклаш, чиниқтиришга энг қулай ойдир. Ишонч билан айтаман, сиз бу ойнинг асл таъмини бир топсангиз, кейин сира жаҳолат сари қадам босмайсиз.

Барчага Роббимнинг раҳматини тилайман. Аллоҳ барчамиздан раҳматини дариғ тутмасин, ҳидоятидан адаштирмасин. Яқинлашиб келаётган Рамазони шариф барчамиз учун қидирган ҳолларимизни топишда, Аллоҳ таолонинг розилигига етишишда, икки олам бахтини қўлга киритишда Қуръони Карим нозил бўлган энг улуғ ой сифатида то қиёматгача улуғланиб, ҳаётимизда ўчмас из қолдириб келаверсин, Амин, я Роббал аламин.

Шафоат Ҳазратзода

«Ҳилол» журналининг 3(36)сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазон имкониятлар ойи. Уни муносиб шаклда ўтказган кишига жуда кўп эшиклар очилади. Бу борада эса сизга ушбу тавсиялар асқотади деган умиддамиз23. Намозларни ўз давоми...

1997 17:00 / 18.04.2022
Рамазон тақво ойидир. Бу ойда хулқимиз янада юксалиб, ҳаром ва шубҳалардан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ тийилишимиз зарур. Шундай табаррук ойда қизкелинларимизни давоми...

2642 11:00 / 10.04.2023
Рамазонни сўнгги кунини қандай ўтказиш керак Муборак ой якунига етиб бормоқда ҳадемай Рамазон тугайди. Иймонли одам келаётган ийд байрамига ҳурсанд бўлса, давоми...

4113 13:53 / 13.06.2018
Биз ушбу мақолада қадр кечасини ибодат билан ўтказган киши оладиган савобнинг ҳажми ҳақида сўз юритамиз. Қадр кечаси йил кечалари ичида энг улуғидир. Бу кеча давоми...

5312 11:00 / 17.04.2023