1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазон одоблари

11:00 / 19.04.2022 2893 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Афсуски, кўплаб кишилар улуғ Рамазон ойини қадрига етмайдилар, уни ғанимат билмайдилар.

Қанчадан қанча одамлар бу ойнинг кечаларини уйқуда, ғафлатда ўтказади! Қанчадан қанча одамлар ибодат ўрнига турли сериал ва беҳуда лағв нарсалар билан банд бўлишади!

Қанчадан қанча одамлар бу ойда турли баҳоналар билан рўза тутмай, бемалол кундузида ҳам овқатланиб юраверади! Яна кимлардир рўза тутса ҳам гуноҳлар билан овора, ғийбат ва ёлғонини ташламаган!

Қанчадан қанча инсонлар иймони бўлмагани учун бу ойда рўза тутиш фазилатидан умуман маҳрум!

Имом Бухорий ва бошқа буюк муҳаддисларимиз Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган қуйидаги ҳадис барчамизни хушёр тортишга ундайди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар-да, «Омин», дедилар. Кейин иккинчисига кўтарилдилар-да, «Омин», дедилар. Сўнг тик турдилар-да, «Омин», дедилар. Шунда у зотнинг асҳоблари: «Нимага «Омин» дедингиз, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. У зот дедилар:

«Жаброил алайҳиссалом келиб, менга: «Эй Муҳаммад, ҳузурида сиз зикр қилсангиз-у, сизга салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим. Кейин: «Ота-онасини ёки улардан бирини топган, бироқ улар уни жаннатга киргиза олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим. Сўнг: «Рамазон ойини топиб, мағфират қилинмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим».

«Бурни ерга ишқалсин», деган сўз арабларда «хор бўлсин, юзтубан бўлсин» деган маънода ишлатилади.

Демак, Рамазон ойидан унумли фойдалана олмаган, унда гуноҳлардан фориғ бўла олмаган кишининг ҳолига вой экан. Чунки Аллоҳ таолонинг энг муқарраб фариштаси шундай деб дуо қилган экан ва бу дуога Роббул оламийннинг энг суюкли Расули, охир замон Пайғамбари «Омин» деган экан. Бундай дуонинг ижобат бўлишида шубҳа бўлиши мумкин эмас. Мана шу ҳақиқатларни доимо ёдда тутишимиз лозим.

Фурсатдан фойдаланиб, шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Рамазон ойидан унумли фойдаланиш учун алоҳида тайёргарлик кўриш керак, бир қанча одобларга риоя этиш лозим. Жумладан:

а) Рамазон билан табриклаш, унга етишгани учун шукр қилиш, хурсандчилик изҳор этиш;

б) Рамазон кирганини хонадон аҳлига, хусусан, ёш гўдакларга билдириш, сездириш. Бу уларга махсус Рамазон туҳфалари улашиш, саҳарлик-ифторликларга алоҳида эътибор бериш, оиланинг нафақасини одатдагидан кенг қилиш каби ишлар билан рўёбга чиқади;

в) Йиллик дам олиш ойлигини, ҳеч бўлмаса, бир қисмини Рамазон ойига тўғрилаш;

г) Кундалик юмушлар, тирикчилик ишларини бироз енгиллатиш. Бу рўзани қийналмай тутишга, кечалари хатми Қуръонларда иштирок этишга ёрдам беради.

д) Қуръон тиловати ва таълимига алоҳида эътибор бериш. Имкони бўлса, ўзи ўқиб, ҳеч бўлмаса, тинглаб Қуръонни бир бора хатм қилиш. Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда юртимиздаги масжидларда хатми Қуръонлар бўлмоқда. Қориларимиз намозда туриб Қуръонни ўқиб беришмоқда. Бу хайру баракадир. Бундан унумли фойдаланишга ҳар бир мусулмон шахс масъулдир. Йилнинг бошқа ойида бу имконият топилмайди. Кейинги йилга ким бор, ким йўқ;

е) Рамазон ойидан шахсий ва оилавий таълим-тарбия, руҳий-ахлоқий покланиш учун унумли фойдаланиш. Турли гина-адоватларни унутиш, шайтонларнинг боғлиқ турганидан фойдаланиб қолиш лозим.

ё) Рамазондан чиқишда маҳзун бўлиш ҳам ушбу ойга нисбатан бўладиган одоблардан саналишини ҳам унутмаслик даркор.

Аллоҳ таолодан бу йилги Рамазон ойини ҳам барча Ислом юртлари қатори азиз ва жаннатмакон диёримиз учун ҳам хайрли, баракали қилишини, жонажон халқимиз учун улкан фазилат ва манфаатлар фурсати қилиб беришини тилаб қоламиз.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Охирги ўн кунликнинг ҳар бир кечасида уч минг сўмдан бўлса ҳам садақа қилинг, агар садақангиз Қадр кечасига тўғри келиб қолса, 84 йил давомида ҳар куни садақа давоми...

2362 14:23 / 08.04.2024
Сиз ҳозир Рамазон аталмиш боғда сайр қилмоқдасиз... Боғ шириндан шакар мевалару анвойи озуқаларга тўла. Улардан бир кун, олти ой, бир йил, ё умрингиз охиригича давоми...

1527 14:44 / 07 март
Ибодат қилишдан ташқари дунё ишларига ҳам рухсат берилиши суиистеъмол бўлишини Аллоҳ таоло яхши билар эди. Қачон инсон дунё ишлари ва ташвишларига машғул бўлса, давоми...

1393 03:30 / 29.03.2023
Инсонда фаришталарга хос, шайтоний ва ваҳшийликхусусиятлар бўлади. Фаришталарга хос хусусияти ndash иймон, раҳм, тоатибодат, хушуъ ва нафсий юксалиш.Шайтоний давоми...

1913 18:00 / 12.04.2023
Аудиолар

213269 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132490 14:35 / 11.08.2021