1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ҳомиддин қори домланинг ҳаётлари

14:00 / 23.03.2022 2643 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳомиддин қори домла 1895 йил ҳозирги Наманган шаҳри, Шишшаки мавзесида истиқомат қилган Усмонхон ота (ваф. 1899) хонадонларида дунёга келди.

Падари бузруквори Усмонхон ота аҳли илмларни ўзига дўст тутган, тақводор ва ибодатгўй киши бўлган.

Ҳомиддин  қори 4 ёшга тўлганида, қиблагоҳи Усмонхон ота дунёдан кўз юмади. Маълум вақтдан сўнг эса муштипар онаси ҳам оламдан ўтди. Натижада 6 ёшга тўлиб тўлмаган Ҳомиддин қори ота-онасидан ажраб, етим қолади. Тахминан, 1901 йилларда қариндоши Абдуллохон ота Ҳомиддин қорини ўзи яшаб турган Заркент мавзеси, Ахси кўчасидаги ҳовлисига олиб келади. Ҳомиддин қорини ўз фарзандига қарагандек оқ ювиб, оқ тараб, гўзал хулқли ва одоб ахлоқли бола қилиб тарбиялайди. Абдуллоҳ ота уни Сардоба даҳасидаги Абдулғофур махдум қорихонасига ўқишга беради. Ҳомиддин қори устози Абдулғофур  қоридан сабоқ олиб, 12 ёшида ҳофизи Қуръон  бўлиб етишади ва масжид хонақоҳида таровеҳ намозида хатми Қуръонга имомликка ўта бошлайди. Кейинчалик, ўша даврнинг машҳур фақиҳи Собитхон (1866-1928) тўра даргоҳларида таълимни давом эттиради. Ҳомиддин қори дўстлари Абдуқаюм махдум (1887-1971), Абдусаттор махдум (1891-1975), Аюбхон тўра (1899-1989)лар билан бирга Собитхон тўра домладан тафсир, фиқҳ, ақоид ва ҳадис каби илмларини чуқур ўзлаштиради.

Шу тариқа Ҳомиддин қори домла йигитлик давридаёқ мураттаб қори бўлиб, эл назарига тушади. Сўнгра қори оила қуради. Уни вояга етказиб, тарбия қилган Абдуллоҳ ота бўйига етган қизи Кифоятхон (1990-1997) ойимни унга турмушга беради.

Айтишларича, бир куни Ҳомиддин қори домла хонақоҳларида толибларга сабоқ бериб ўтирардилар. Бирданига ўрниларидан сакраб туриб, кўчага югуриб чиқиб кетибдилар. Шу вақт Заркент тарафдан отдан тушиб, пиёда келаётган устозлари Собитхон тўрани кўрадилар ва у зотга пешвоз чиқадилар. Ва: «Устоз нега ўзингизни уринтириб, отда эмас пиёда келяпсиз», деб сўрайдилар. Шунда устозлари Собитхон тўра: «Агар сиз ўрнингиздан турмаганингизда отдан тушмасдим», деган эканлар. Бундан кўринадики, устоз шогирд ўртасидаги ҳурмат, одоб ўта юқорида даражада бўлгани билан ибратлидир.

Ҳомиддин қори домланинг маҳаллаларида «Абдураззоқбой» исмли бадавлат ва ҳотамтой киши яшаган экан. Бир куни маҳалладаги мўйсафид нуронийлар Абдураззоқбойга: «Тақсир бир неча бор ҳаж ибодатини адо этиб қайтдингиз. Энди бизга бир масжид бино қилишга ёрдам берсангиз», деб айтишади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Абдураззоқбойнинг маблағи ҳисобига масжид қуриб битказилади. Мана шу масжидда узоқ йил Ҳомиддин қори домла имом-хатиб бўлиб фаолият кўрсатиб, хизматда бўлдилар. Ҳозирги кунда мазкур масжид «Ҳомиддин қори» номларидаги жомеъ масжид бўлиб фаолият кўрсатмоқда.

Айтишларича, ўша давр уламолари аҳён-аҳёнда кўришиб, илм суҳбати ўтказиб туришар экан. Бир куни Даштбоғ деган жойда бир кишининг хонадонларида илм мажлиси бўлибди. Бу илм мажлисига Ҳомиддин қори домла ҳам таклиф қилинган эканлар. Бир пайт бир савол бўлибди. Саволга Ҳомиддин қорининг ёнларидаги аҳли илм дўстларидан бири Қуръондан мисол келтириб жавоб берибди. Даврада ўтирган Ҳомиддин қори домла ҳам ёнларидаги дўстларини тинглабдилар. Дўстлари тўғри жавоб берибди-ю, Қуръондан мисол келтирганда оятдаги эъроблардан бирини нотўғри талаффуз қилибди. Ҳомиддин қори унинг хатосини ўша ерда айтишдан ўзларини сақлабдилар. Ҳомиддин қори домла у дўстининг хатосини билдиришни жуда чиройли ҳолатда ифодалаган эканлар. Яъни, чўкка тушиб ўтирган ҳолатларини ўзгартириб, чордана қуриб ўтирган эканлар. Буни сезган ҳалиги киши ўзининг хатосини фаҳмлагандай бўлибди. Илм мажлиси тугагандан сўнг Ҳомиддин қори домла саволга жавоб берган дўстларини секин четга тортиб, Қуръондан мисол келтирган оятида бир эъробни нотўғри талаффуз қилганини айтибдилар. Эртаси куни ҳалиги дўстлари бомдод намозидан кейин Ҳомиддин қори ҳузурларига келиб, узр сўрабди.

Шундан сўнг ҳалиги дўстлари қилган хатосини кейинги илм мажлисида тўғрилаган экан. Шаҳримизнинг кўплаб аҳли уламолари қори домладан сабоқ олиб, у кишининг илм йўлларини давом эттиришган. Ҳомиддин қори домлада таълим олган баъзи шогирдларини келтириб ўтамиз.

Абдуҳаким қори домла (1912-1994), Қаюмжон қори домла (1900-1978), Акрамхон қори домла (1903-1963), Муҳаммад Алихон (1903-1977), Муҳсинжон тўра домла 1927-2021) ҳамда Абдусаломхон қори (1907-1977) ва Алихон қори ва бошқалар.

Ҳомиддин қори домла нафақат қори шогирдларни тарбия қилдилар, қолаверса, атрофларидаги кўплаб аҳли уламоларни мустабид тузумдан омонда сақлаш йўлларини ахтардилар. Аввало, ўзлари яшаб турган жойдан катта атлас тўқийдиган цех ташкил қилиб, кўплаб аҳли илмларимизни иш билан таъминлаб, шўроларнинг жабру-ситамларидан сақлашга ҳаракат қилдилар. Ана шундай қийинчилик даврларда ҳам ҳазрат қори домла илм-маърифат улашиб, зиё тарқатишдан тўхтамаган эканлар.

Ҳомиддин қорининг набиралари Алишер ака маҳалладошлари Низомжон отадан эшитганларини шундай эслайдилар: «Мен кўп бора устоз Ҳомиддин қори домланинг суҳбатларидан баҳраманд бўлишга ва хизматларини қилишга муяссар бўлганман. Устозимиз Ҳомиддин қори домла Қуръон ва суннатни маҳкам тутган, камтар, ҳотамтой ва босиқ инсон эдилар», дея маълумот берган эдилар, раҳматли Низомжон ота.

Ҳомиддин қори домла 1958 йил, 5 октябр куни 63 ёшларида оламдан ўтдилар. У киши шаҳарнинг катта қабристони «Мангулик» мозорига дафн қилинди. Ҳазрат қори домланинг оилалари ва фарзандлари тўғрисида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз.

Ҳомиддин қори домла ўзларини тарбия қилган Абдуллоҳ отанинг қизлари Кифоятхон (1900-1997) ойим билан турмуш қурганлар. Бу оиланинг 4 нафар қиз, 3 нафар ўғил фарзандлари бор.

Фарзандлари: Муҳаммаджон (1921-1994), Собитхон (1943-2021) ва Муҳаммад Амин (1947-2020) лар.

Муҳаммад Амин уста Шарифжон қизлари Муҳаррамхон ойим (1949-2020) билан турмуш қурган бўлиб, уларни 2 нафар ўғил, 3 нафар қиз фарзанлари бор.

Фарзандлари Алишер (1969) ва Абдуғани (1973)лар.

Ҳозирги кунда Ҳомиддин қори домла истиқомат қилган табаррук хонадонда набиралари ўтганларини дуоларида эслаб, уларнинг давомчилари сифатида яшаб келмоқдалар[1]. Аллоҳ ўтганларимизни ғориқу раҳмат, шоиста-ю жаннат қилсин.

  

Акрам Шарипов, мустақил тадқиқотчи. 

Тошкент вилояти, Чиноз тумани, Олмазор қўрғони. 

  
 
 

[1] Ушбу маълумотлар Ҳомиддин қори домла авлодларининг шахсий архивидан олинди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳнинг олдида бир ҳадис ривоят қилинди. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулганлари ҳақида гап бор эди. Ҳадисни давоми...

3277 09:00 / 12.05.2021
Уларнинг қисқача таржимаи ҳоли ва илмий фаолияти билан таништирамиз. Устоз Миср Араб республикаси, Қоҳира шаҳрида истиқомат қилади. Қоҳира университети усулид давоми...

1823 18:58 / 15.11.2022
ndash Муфтий ҳазратлари Ойномамизнинг биринчи сони саҳифаланаётган ҳаяжонли бир пайтда Сиз билан учрашувимиз биз учун алоҳида қувончли. ndash Бисмиллаҳир роҳманир давоми...

1466 17:01 / 19 апрель
Маълумотларга кўра, Собитхон тўра камолот ҳосил қилиш учун нақшбандия тариқатининг етти пири муршидидан таълимтарбия олиб, илму ирфонда камол топади. Устозлари давоми...

2266 15:30 / 18.12.2021
Аудиолар

137645 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57714 14:35 / 11.08.2021