1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ҳазратимдан иқтибослар...

18:30 / 11.03.2022 3103 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг қаламларига мансуб асарлар, таржималар, ўзлари таълиф қилган долзарб мавзудаги китоблар барчамизга яхши таниш. Деярли, ҳамма хонадонларда шайх ҳазратларининг асарлари севиб ўқилади, аудио-видео шаклидаги китоблари тинглаб, томоша қилинади. Ушбу мақолада сиз азизларга ҳазрат раҳимаҳуллоҳнинг баъзи асарларидан саралаб олиб, иқтибосларни ҳавола қиламиз:

«Қувилган шайтон ёмонлигидан Аллоҳнинг паноҳини сўрайман».

Шайтон Аллоҳга исён қилиб, Одам Атога сажда қилмай, гуноҳкор бўлгани учун Аллоҳ уни лаънатлаган, ҳузуридан қувган ва раҳматидан узоқ қилган. Мазкур маъноларнинг барчаси «рожийм» сўзида ўз ифодасини топган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

«Агар Қуръон ўқисанг, шайтонир рожийм ёмонлигидан Аллоҳнинг паноҳини сўрагин», – деган.

Шунинг учун ҳар бир Қуръон ўқувчи киши қироатни «Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм» билан бошламоғи лозим, акс ҳолда гуноҳкор бўлади». (Тафсири Ҳилолдан).

«Араб тилида «дуо» сўзи чақириш, сўраш маъноларини англатади.

Кўпинча «дуо» ва «бир нарсани талаб қилиш» маънолари бир-бирига аралашиб кетади.

Шунинг учун талаб нима-ю, дуо нима эканини аниқ билиб олиш алоҳида маъно касб этади.

Талаб сўровчи нутқ қиладиган лафзнинг васфидир: «Менга тилаган нарсамни бергин», каби.

Дуо эса сўровчида пайдо бўладиган нафсий ҳолатдир. Мазкур нафсий ҳолат икки нарса билан: қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда улардан ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши билан ва яна дуо қилувчининг ўзи қилган гуноҳлари учун Аллоҳ таолога сидқидилдан тавба қилишни бошлаши билан бўлади.

Ҳа, дуо қилинаётган пайтда қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши бўлмаса, одатга кўра икки қўлни кўтариб, тилга келган талаб сўзлари такрорланаётган бўлади. Бундай вақтларда қалб ғофил бўлиши, тилда бир гап, хаёлда бошқа гап бўлиши ҳам мумкин. Албатта, бу ҳолатни дуо деб бўлмайди.

Бас, шундай экан, бу ишни қилаётган одамни «Фалончи Аллоҳ таолодан сўрамоқда» дейишимиз мумкин, аммо «Фалончи Аллоҳ таолога дуо қилмоқда» дея олмаймиз» («Сунний ақийдалар» китобидан)

«Азизларим, билингки, сиз билан бизнинг фахримиз боиси бўлмиш поклигимизнинг асли Роббимизнинг пок китоби Қуръондан ва Пайғамбаримизнинг пок Суннатлари – ҳадисдандир. Бу эса сиз билан бизнинг покликка амал қилишимиз илоҳий таълимот асосида эканлигини билдиради. 

Бу ҳар бир банда учун ўта олиймақом мартабадир. Ота-боболаримиз бир минг тўрт юз йилдан буён амал қилиб келаётган ва биз бадану маконда, кийиму ўзимизга боғлиқ бўлган ҳар бир нарсада давом эттираётган поклигимиз оддий поклик эмас, балки Аллоҳнинг савобига ва жаннатига эришишимизга сабаб бўладиган ибодат даражасига кўтарилган покликдир» («Ҳадис ва Ҳаёт»нинг «Поклик» китобидан).

«Мусулмонлар ўз ҳаётларида Қуръон ва Суннат таълимотларига амал қилиб яшаган пайтларида бутун оламга илм нурини тарқатганлар. Ёшу қари, эркагу аёл бешикдан то қабргача илм талаб қилиш ўзи учун фарз эканини тўла ҳис қилган ҳолда, умр бўйи ўзини толиби илм деб ҳис қилиб яшаган. Ана ўша даврни яхшилаб ўрганган ғарблик инсофли шарқшунослардан бири Ислом умматини «бутунлигича мадрасага қатнайдиган уммат», деб васф қилган.

Бу жуда ҳам тўғри васфдир. Ислом шариатига амал қилган ҳолда ҳаёт кечирилган ўша вақтда Ислом нуридан баҳраманд бўлган ҳар бир ўлкада илм-фан, маърифат ва маданият гуллаб-яшнаган. Илмнинг ҳар бир соҳасида оламшумул кашфиётлар қилинган, улкан уламолар етишиб чиққан. 

Айрим дин душманлари айюҳаннос солаётганидек, Ислом ҳеч қачон илмга қарши бўлмаган, балки жаҳолатга қарши бўлган. Агар баъзи бир кавний ва табиий илм уламолари тазйиққа учраган, азобланган ва ўлдирилган бўлсалар, бошқа динлар вакиллари томонидан қилинган бу ишларнинг ҳақиқий Исломга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Ислом – илм дини эканини фақат жоҳилларгина инкор қилишлари мумкин. Ким Исломнинг илмга муносабатини аниқ билмоқчи бўлса, дин душманларининг бўҳтонларини бир тарафга йиғиштириб қўйсину, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлардан илмга тегишли оят ва ҳадисларни ўргансин». («Иймон» китобидан).

«Намоз мўминга нажот ва паноҳдир, дардига малҳамдир. Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича, қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларига бирор ташвишли иш тушса, кечада кучли шамол бўлса, қуёш ёки ой тутилса, бирор ҳодиса юз берса, бошпаналари масжид, ибодатлари намоз бўлиб қоларди. 

Намоз руҳ озуқаси, қалб жароҳатининг шифоси, нафснинг жиловидир. Намоз қийналганларга ёрдам, хавфдагиларга омонлик, заифларга қувват, қуролсизларга қалқондир. Намоз иймоннинг аломати, қабрни пурнур этувчи зиё, охиратда дўзахдан паноҳ бўлувчи, бандани ёмонлик, гуноҳлардан қайтарувчи энг яхши даводир. Чунки дунё ҳаётида намоздан жиддийроқ, муҳимроқ бир иш, бирор вазифа йўқдир. Намоз Аллоҳга бандалик қилишнинг, Унга ишонишнинг эътирофидир. Аллоҳни севишнинг, Уни эҳтиром қилишнинг ифодасидир. Намоз кибр ва нафс чопонини отиб, қуллик либосини кийиш кайфиятидир. Мусулмонни ғайримуслимдан айирадиган энг катта аломатдир. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг тарк этилишига изн берилмаган» («Мўминнинг меърожи — муфассал намоз китоби»дан).

« Ёлғоннинг зарарлари:

1. Ёлғон ўз эгасини парчалайди.

2. Ёлғон ўз эгасини дўзахга олиб боради.

3. Ёлғон узоқни яқин, яқинни узоқ қиладиган саробдир.

4. Ёлғон мурувват, жамол ва чиройни кетказади.

5. Ёлғон ақл ўғрисидир.

6. Ёлғончи хору зор бўлади.

7. Ёлғон дину дунёни бузади.

8. Ёлғон пасткашлик аломатидир» («Ёлғон» китобидан).

«...Бир одамнинг маросимидамиз. Тўйга келганлар учун кенг жойга дастурхон тузалган. Биз ўтирган чорпоя атрофини кўп сонли «телефончилар» ўраб олиб, сурат олишни ва овоз ёзишни бошлаб юборган. Бошқа меҳмонлар тўсилиб қолганлари сабабли, тик туриб, бўйин чўзишмоқда ёки «телефончилар»ни «Ўтир-ўтир», деб тартибга чақиришмоқда. «Телефончилар» эса бунга парво ҳам қилмай, ўз фаолиятларини давом эттириш, бир-бирларини итариш-туртиш билан оворалар. Уларнинг фикри-зикри – беодоблик билан ёзган нарсаларини телефон орқали тезроқ бошқаларга юбориб, шуҳрат қозониш, мақтаниш...

Мусулмон меҳмонларга шу иш муносибми? Йўқ! Бу иш меҳмонларга мутлақо муносиб эмас. Меҳмон деган одам ўзи учун кўрсатилган жойда одоб билан ўтириши лозим. Изн сўрамасдан, бировни суратга олмаслиги ва овозини ёзмаслиги керак. Энг асосийси, бошқа меҳмонларни безовта қилмаслик лозим» («Ижтимоий одоблар» китобидан).

«Баъзи бир «илғор» вилоятларда куёв тараф келинлик уйини жиҳозлаш учун «уй бўшатиш»ни қойиллатиб бўлишибди. «Уй бўшатиш» – куёв тарафнинг келин тараф тўлдириши учун бир неча хоналарни шип-шийдам қилиб қўйишидир. Баъзи ҳолатларда қуда хола қизиқиб кетиб, ўзи яшайдиган хонани ҳам бўшатиб қўйиши мумкин. Келин тараф ўша «бўшатилган» уйларни тўлдирмаса, энасини кўради!

Улар келин тарафни талон-тарож қилишнинг барча услубларини ўзлаштириб, тўйни, уй анжомларини, ҳатто куёвга ички кийим, дастрўмолгача «импортний» бўлиши кераклигини келин тарафнинг бўйнига осиб бўлишибди. Агар келин тараф қўлга сув қуядиган офтобани эсдан чиқарса ҳам, балога қоладиган бўлибди.

Кейин келин тарафдан яна нима талаб қилиш мумкинлиги ҳақида бутун зеҳну заковатларини, ақлу фаросатларини ишга солиб, ўйлай бошлашибди. Қарашса, келиннинг ўзи билан олиб келган, уйларни тўлдириб юборган нарсалар, сарполар қоринни тўйғазмас экан. Нима, куёв тараф келиннинг уй жиҳозларига, асбоб-анжомларига, қилган сарполарига тикилиб, оч ўтириши керакми?! Бу ҳолатга асло чидаб бўлмайди! «Келин тараф куёв тарафнинг қорнини тўйғазиши фарз!» – дейишибди. Шундай қилиб, келин тарафнинг тўйдан кейин қирқ кунгача куёв тарафни уч маҳал озиқ-овқат билан таъминлаши фарзу вожибга айланибди.

Келин бўлгандан кейин, куёвни ва унинг оила аъзоларини боқиши керак-да! Шуни қила олмайдиган келин келинми?! Келиннинг ота‑онаси ҳам ўйлаб қўйсин-да! Куёвни, унинг ота‑онаси, хеш-ақрабосини қирқ кун уч маҳалдан боқа олмаса, қиз туғиб нима қилади?!

Камина ходимингиз ушбу масалада бир тўйда гапирганимдан кейин танишлардан бири олдимга келиб, ташаккур айтди ва: «Қизимни чиқарганимда қарз бўлиб қолдим. Бунинг устига, қуданикига тўрт ой овқат ташиганимдан сўнг ҳисоб-китоб қилсам, яна олти юз минг сўм кетибди», – деди. «Шуни қилмасангиз бўлмайдими?» – десам, «Унда балога қоламиз. Қуда тараф: «Мен қариндошлар, маҳалла-кўй орасида нима деган одам бўламан, ҳамма, «Фалончининг келининикидан нима келар экан деб, қараб турибди», деб қизимга кун беришмайди-да», – деди маъюс бўлиб.

Қандай кунга қолдик ўзи! Шариатимизда келинни боқиш куёвга вожиб бўлса-ю, одамларимиз унинг мутлақо тескарисини қилиб, келиндан куёвни ва унинг оиласини боқишни талаб қилиб турсалар!

Бунинг оқибати нима бўларкин? Шариатга хилоф ишнинг оқибати яхши бўлмаслиги аниқ» («Бахтиёр оила» китобидан).

«Бозорлар Аллоҳ таоло энг ёмон кўрган жойлардан бўлиши одатда у ерда ёлғон, алдамчилик, бировнинг молини ҳаромдан ейиш каби ҳодисалар содир бўлганидандир.

Исломда савдо-сотиқ ишларида ҳалол бўлишга қаттиқ тарғиб қилинади. Алдамчилик, бировнинг молини ҳаромдан ейиш, савдо-сотиқда қаллоблик қилиш қаттиқ қораланади. 

Ҳадисда бозорлар Аллоҳ таоло энг ёмон кўрган жой тариқасида саналишининг сабаби ҳам шунда. Бозор бозор бўлгани учун эмас, унда ҳаром-хариш, ношаръий ишлар кўплиги учун шундай сифатга эга бўлган. Шунинг учун мусулмонлар бозорда доимо эҳтиёт бўлишлари керак. Бозорга кирганда ҳам Аллоҳдан паноҳ сўраб кириш, юрганда ҳам паноҳ сўраб юриш лозим» («Бозор ва унга боғлиқ масалалар» китобидан).

«Исрофни турмушнинг ҳамма соҳасида кўриш мумкин. Масалан, электр чироқларни олайлик. Эътибор берадиган бўлсак, ёшларимиз бир хонага кириб, чироқни ёқиб, ишини битиради, лекин чиқиб кетишда уни ўчириб қўйишни унутишади. Ёқилган чироқ уч-тўрт кунгача ҳам ўчмай тураверади. Яна бир мисол: Ҳозир автоуловлар ниҳоятда кўпайган, бироқ уларнинг қадрига етиш йўқ. Автоуловлардан фойдаланишда, уларни парвариш қилишда ҳам кўп исрофгарчиликка йўл қўйилади. Бошқа ҳолатларда ҳам шу аҳвол. 

Бир томчи сувни ҳам исроф қилмаслик, электр қувватини тежаш, уни бир лаҳза ҳам беҳуда сарфламаслик, исроф қилмаслик жамиятда яшовчи ҳар бир фуқаронинг бурчидир. 

Кийим кийишда, юриш-туришда, умуман, ҳар бир соҳада тежамкор бўлиш лозим. Исрофчилар Аллоҳнинг иродасига, Қуръони Каримга тескари иш қилаётганини англабгина қолмай, бошқаларга ҳам тушунтиришимиз керак. Ана шунда тежамкорлигимиз ўзимизга, оилавий иқтисодимизга, жамиятимизга, бутун эл-юртимизга фойда келтирадиган, савоб касб қилишга сабаб бўладиган солиҳ амалга айланади. 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизни исрофчи бўлишдан асрасин, доимо тежамкор бўлишимизни насиб қилсин, бу борада Ўзининг таълимотига амал қилганимиз учун хайр-барака ато этиб, ажру савобни кўпайтириб берсин» («Исроф» китобидан)

«Биздаги мусулмонлар орасида чиққан ихтилофлар янгиликмиди? Йўқ! Бундай ихтилофлар авваллари ҳам чиққан. Ўшанда Ислом умматининг уламолари иттифоқ қилиб, «Бу каби ихтилофларнинг олдини олиш учун омма эътироф этган фиқҳий мазҳаблардан бирига эргашмоқ лозим», деган қарорга келган эдилар. Турли ихтилофлардан заҳмат чеккан мусулмон уммати эса бу қарорни мамнуният ила кутиб олиб, ижмоъи уммат ҳосил бўлган эди. Шундай бўлгач, бир хатони яна такрорлаш лозиммиди?» («Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар» китобидан).

«Ҳожати тушганда ўзини хору зор тутиб, синиқлик кўрсатиб, ялиниб-ёлвориб юрган одамлардан баъзилари иши битиб, ҳожати раво бўлганидан кейин қарзни инкор қилиш даражасигача етиб бормоқдалар. Танишлардан бирининг айтишича, бир одам бошқасидан ялиниб юриб қарз олган. Иши битгач, қарзни қайтармай чўзиб юрган. Қарз берган одамнинг ўзига пул керак бўлиб, қарзни қайтаришини сўраб борган. Аввалига «Кейинроқ келинг», деган жавобни олган. Кейин алдаш давом этган. Охири бориб, «Мен сендан қарз олганим йўқ, яна келсанг, миршабларни чақириб, менга туҳмат қиляпти, деб қаматвораман», дейишга ўтган...

«Ассалому алайкум, ҳурматли шайх Ҳазратлари!

Менинг саволим қуйидагича: бундан 4 йил олдин мен бир яқин танишимга катта миқдорда пул берганман. Албатта, қарз сифатида. У менга «10 кунда қайтараман», деб айтган эди. «Тилхат ёз», десам, у менга: «Худо бор-ку, 10 кунда бераман», деганди. Мен ҳам Худони тилга олгани учун ишондим. Мана, 4 йил бўлдики, ҳануз қайтармади. Лекин маълум қисмини, озгинасини қайтарган. Бир неча бор уйига бордим. «Қайтараман», деб алдаб келди. Мен ундан қарзни суд орқали қайтариб олмоқчи бўлдим ва ИИБ ходимларига мурожаат қилдим. Уларнинг олдида: «Мен пул олганим йўқ, олган бўлсам, Худо урсин», деб қасам ичди. Менинг эса Худодан бошқа гувоҳим йўқ. Шунинг учун сизга мурожаат қилмоқдаман. Илтимос, менга маслаҳат беринг. Олдиндан катта раҳмат».

Бунга ўхшаш мактублар жуда кўп. Баъзи одамлар бировнинг ҳақини еб кетишдан мутлақо қўрқишмайди. Бир одам ўзининг молидан ўзига ишлатмасдан, муҳтож бўлиб турган кишига бериб, унинг мушкулини осон қилса-ю, муҳтож одамнинг иши битиб, муҳтожлиги кетгач, «Мен сендан қарз олганим йўқ», деб тониб кетса! Бундан ёмон, бундан пасткаш одам  борми дунёда?!

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзни инкор қилиш  каби ишлар киради.

Бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш одати бор жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб борганини ва бораётганини ҳамма кўриб-билиб турибди. Умуман, Аллоҳнинг айтганидан чиқиш, Унга маъсият қилиш ҳалокатга элтиши аниқ эканига шубҳа йўқ. Жумладан, ботил йўл билан мол ейиш ҳам катта маъсият сифатида ҳалокатга сабаб бўлади. Шунинг учун бундай жамиятларнинг аъзолари ҳам қарз эгаси тарафида бўлишлари, қарзни инкор қилаётган нобакорга қарши туришлари, қарз эгасига ўзининг ҳалол мулкини қайтариб олишида ёрдамчи бўлишлари лозим.

Шу билан бирга, қарздан тонаётган тараф билиб қўйсинки, охиратдаги ашаддий азобларнинг устига бошқа нарслар ҳам мавжуд.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳнинг наздида Аллоҳ наҳйи қилган кабира гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай ўлиб, у Зотга рўбарў бўлишидир», дедилар». 

Абу Довуд ривоят қилган.

Бировдан олган қарзини узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан ўлиб кетишдан оғир нарса йўқлигини баён қилиш учун бу сўзлардан ортиқ ифода топилмаса керак. 

Баъзи одамлар оқибатини ўйламай, катта миқдорда қарз олишни ўзларига эп кўрмоқдалар. Биладиган кишилар уларга қарзни узишни ҳам ўйлаш кераклигини эслатсалар, «Жанозамизда қарзимизни бирорта одам ўз зиммасига олса, қутулиб кетамиз», деган гапни айтмоқдалар. Лекин асл ҳақиқат уларнинг хом хаёлларидаги каби эмас. Маййитнинг қарзини биров зиммасига олса, жаноза ўқилади. Аммо бу ўша маййит қарздан тамоман қутулди, дегани эмас.

Фараз қилайлик, қарзи бор, аммо уни узишга ортида бирор нарсаси йўқ одамнинг ҳоли нима бўлади? Бундай ҳолда вафот этган одам Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги энг катта гуноҳ бўлмиш ширкдан кейинги ўринда турадиган гуноҳни қилиб ўлган бўлади» («Қарз ва унга боғлиқ масалалар» китобидан).

«Аллоҳ таоло Аълаа сурасида марҳамат қилади:

«Дарҳақиқат, ким покланса, зафар топадир… ва Робби исмини зикр қилса ва намоз ўқиса» (14-15-оятлар). 

Ҳа, охиратда ютуққа эришиш учун, катта оловга кириб куймаслик учун, ашаддий азобда қолмаслик учун ҳар бир банда бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳлардан покланиши, ҳар доим Роббини зикр қилиб, намоз ўқиши шарт. Ушбу оятдаги «покланиш» ва «зикр»дан сиз билан биз ўрганаётган ҳақиқат кўзда тутилган. 

Аллоҳ таоло Шамс сурасида марҳамат қилади:

«Ва нафс билан ва унинг бекаму кўст қилиниши билан қасам. Унга фужурини ва тақвосини илҳом қилди. Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, зафар топди. Ва батаҳқиқ, ким уни булғаса, ноумид бўлди» (7-10-оятлар).

Ушбу оятлардан нафсни поклаш динимиздаги энг муҳим ишлардан бири эканини англаб оламиз» («Руҳий тарбия» биринчи жузидан).

Бу иқтибослар муаллифнинг теран ақл, Исломда сифатланган фазилатлар, чуқур илм ва юксак маърифат эгаси эканликларидан дарак бериб турибди. Фазилатли шайх ҳазратларининг асарларидан олинадиган иқтибосларни узоқ давом эттириш мумкин. Лекин фаросат соҳиблари юқоридаги маълумотларнинг даражаси нечоғлик юксак эканини дарҳол англаб оладилар. Аллоҳ таоло шайх ҳазратларини раҳматига олсин, қолдирган илмий меросларидан манфаат олиб, унга амал қилишни барчамизга насиб этсин, зурриётларимиздан ҳазрат каби сўзи ва амали билан Исломга хизмат қиладиган ҳар жабҳада етук бўлган олиму уламоларни кўплаб чиқарсин. 

    Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ 

                                                            Шайх ҳазратларининг асарлари асосида
                                                           Нозимжон Ҳошимжон ва Хуршид Маъруф тайёрлади.                                                                                                                                  2022 йил 11 март



Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўша пайтларда Учқўрғонда 13 та гузар, 13 та масжид, 2 та мадраса ва 1 та аёллар мадрасаси ҳамда 1 та хонақоҳ фаолият кўрсатган экан.Маълумотларга кўра, Ҳожимат эшоннинг давоми...

2145 17:00 / 17.11.2021
Имом, ҳофиз, шайхулислом Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Абу Абдуллоҳ Хуросоний Насаий ҳижратнинг 215 йили Хуросоннинг шаҳарларидан бири давоми...

3610 21:57 / 27.04.2017
Мулла Абдусамад қори домла 1888 йил Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, собиқ .Йикчи, кўчаси ҳозирги Исфархон савдо мажмуасининг ёнидаги маҳаллада Мулла Отабой давоми...

1888 11:30 / 21.03.2022
иккинчи мақолаАлий розияллоҳу анҳу Абу Ҳанифанинг боболари ва зурриётларига қилган дуолари ҳамда Шаъбийнинг Абу Ҳанифани тўғри йўлга йўналтириши натижасида у давоми...

2705 11:00 / 19.01.2021
Аудиолар

137633 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57698 14:35 / 11.08.2021