1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Ёрқинжон роҳимаҳуллоҳнинг ибратли ҳаёт йўли

09:39 / 07.09.2023 2697 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Ҳиндистонда саккиз йил мобайнида қатнаб, ҳар сафар тўрт ёки олти ойдан таълим олганлар. Қисқа муддатга борсалар ҳам ихлос ва жидду жаҳд билан йиллик дарсликларни ўзлаштириб қайтар эдилар. Кейинчалик ҳамсабоқлари ва баъзи шогирдларини ҳам ўзлари билан олиб бориб, уларни чуқур илм ўзлаштиришларига сабабчи бўлдилар.


2015 йил Ҳиндистонда Девбанд мадрасасида бўлиб ўтган илмий конференцияда мавлоно Саид Аҳмад Болонпурий раҳматуллоҳи алайҳ сўзга чиқиб ушбу оятни ўқиганлар:


قُلِ ٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ وَسَلَـٰمٌ عَلَىٰ عِبَادِهِ ٱلَّذِینَ ٱصۡطَفَىٰۤ


«Сен айтгин: «Аллоҳга ҳамд бўлсин ва У танлаб олган бандаларига салом бўлсин» (Намл сураси, 59-оят).


Мазкур оятни тафсир қилиб, сўнг: «Мана Ёрқинни Аллоҳ таоло танлаб олмаса шу ерга ўқиш учун келар эдими?! Шундай экан, уни кўрганда салом бермаймизми?!» дея, шайх Ёрқинжон қори аканинг илмлари, ҳимматларини эътироф этганлар.


Шайх Ёрқинжон қори мадрасада таҳсилни тугатганларидан сўнг мавлоно Аршад Маданий ҳафизаҳуллоҳ ўз қўллари билан шаҳодатнома топширганлар.


Домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳдан кейин бизни диёрга ҳинд уламолари илмини олиб келиб, уларни яқиндан таништирдилар. Ўзбекистон мусулмонлари учун буддизм, турли ҳайвонларга сиғиниши ва кинолари билан маълум бўлган Ҳиндистон шайх Ёрқинжон қори ака орқали қайта кашф қилинди. 


Мисрга сафар
2018 йил Мисрга бориб, ўзлари фарзандларини чуқур таълим олишини режа қиладилар.

Дастлаб, ота-оналари узоқ юртга оилалари билан боришларига рози бўлишмайди. 


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани таълим бергандек, таълим берар эдилар....».


Шайх Ёрқинжон қори роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни ўзларига татбиқ қилиб ҳар бир ишларида истихора қилардилар. Агар кўзлаган ишларига истихорадан сўнг ишора бўлса, унга киришар, аксинча бўлса, тарк қилардилар.


Сўнг истихора қилганларида, тушларида ушбу сафарда хайрият борлигига ишора қилинади. Бундан хурсанд бўлиб, бозордан уйларига ҳадялар олиб келиб, оналарини зиёрат қиладилар. Оналарининг кайфиятлари кўтарилиб, хурсанд турганларида: «Онажон мен Мисрга бориш учун билет оляпман» дейдилар. Оналари: «Жуда яхши қилибсиз, сафарингиз бехатар бўлсин» дуо қиладилар. 


Шу йили август ойида Қоҳирага бордилар ва фарзандларини ал-Азҳар таълим даргоҳига ўқишга жойлаб, ўз дарсларини ҳам йўлга қўйдилар. Мисрнинг етук уламолари дарс халқаларига қатнаб, илмга шўнғидилар.


У ерда ҳанафий мазҳабидаги етук уламолар шайх Жамолиддин Ҳошим ҳафизаҳуллоҳдан фиқҳ, шайх Ҳозим Кийлоний ҳафизаҳуллоҳдан фиқҳ, усулул фиқҳ ва мантиқ фанига оид китоблардан илм олдилар. Хусусан, Мисрдаги хос устозлари шайх Аҳмад Шариф ҳафизаҳуллоҳдан фиқҳда ҳанафий, ақидада мотуридия мазҳаби асосидаги ўзи тузган таълим дастури мўътабар китобларидан сабоқ олдилар. Дарсларга ёш талабалар билан ҳам бирга қатнар, гарчи улардан анчагина пешқадам бўлсалар ҳам ўзлари алоҳида ажралиб турмасдилар. 


Шайх Ёрқинжон қори ака вафотларидан кейин шогирдлари Муҳаммад Одил домла ва бир неча талабалар билан устоз шайх Аҳмад Шариф ҳафизаҳуллоҳ уйларига зиёратга борганимизда у киши шундай деган эдилар: «Мен Қоҳирадаги илм масканларидан бирида Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳнинг «Расоил» китобларидан дарс берардим. Унда турли давлатлардан келган талабалар ҳам сабоқ олардилар. Бир куни дарсдан кейин қирғизистонлик талабалардан бири менга шайх Ёрқинни кўрсатиб: «Устоз, бу ўзбекистонлик шайх Ёрқинжон» деб унинг илми ва дин йўлидаги хизматлари ҳақида гапириб берди. Агар у талаба таништирмаганда шайх Ёрқинни таниб бўлмас эди. Чунки у жуда ҳам камтар, тавозеъли эди, дарсда барча каби оддий талабадек ўтирарди. Мен у каби кишиларни камдан-кам учратганман. У Қоҳирада бўлса, мендан асло ажралмасди. Шайх Ёрқин икки йилга яқин вақт мобайнида уйимда бўладиган дарсларда доим қатнашди. Агар сафар қилиб қайтса, дарҳол мени олдимга зиёратга келарди. У билан ўртамизда биродарлик ришталари боғланиб ва Аллоҳ йўлида муҳаббат пайдо бўлган эди. Бунинг асл сабаби, шайх Ёрқинда мужассам бўлган гўзал ахлоқ ва одобдир. У гарчи етук олим бўлса-да, ниҳоятда камтарин эди. У Ҳиндистон ва Покистон уламоларидан ҳам чуқур илм олиб, фиқҳ, ҳадис ва ақлий фанларни пухта ўзлаштирганди. Ҳатто дарс мобайнида мен бирор масалада иккилансам ундан тўғри ёки нотўғрилигини сўраб, сўзимни таъкидлаб олардим. У ақида ва ақлий илмларга кўпроқ қизиқарди. Шунинг учун бу фанлардаги барча дарсларда узлуксиз қатнашарди. Биз унинг жуда кўп гўзал хислатларига гувоҳ бўлдик. У барча талабалар, хусусан, ўзбекистонликларга ўзининг мўътадил манҳажи билан намуна эди. У бирор оқим ёки йўналишга ўзини нисбат бермас, балки, басират кўзи ва ҳикмат билан Аллоҳга чақирарди. Зеро, барча даъватчилар шундай бўлиши лозим». 


Фарзандларини Мисрга олиб бориб, ўқишга жойлаб, бир муддатга Ўзбекистонга ўзлари қайтдилар. Орадан бироз вақт ўтиб, бир куни оналари билан ўтирганда: «Она, болаларимни соғиняпман» дебдилар. 


Оналари: «Ўғлим, уларни ташлаб келганингизга қанча бўлди?» деб сўрабдилар. У киши: «Икки ой бўлиб қолди» десалар: «Мен сизни ўн беш йил кутганман ўғлим. Фарзандни соғиниш қандай бўлишини сиз энди тушуняпсиз» деган эканлар.  


Ахлоқлари
Шайх Ёрқинжон қори ака ахлоқлари ҳақида сўз юритилса, дастлаб камтарликлари ва тавозуъларини айтиш ўринлидир. У киши барчага бирдек муомала қилар эдилар. Ҳатто ўзларидан кичикларга ҳам «ака» деб мурожаат қилар, бировга асло буйруқ оҳангида муомала қилмасдилар. Ҳеч қачон ғийбат қилмасдилар. Агар бошқалар ғийбатни бошласа дарров мавзуни ўзгартирардилар. Таъмадан йироқда эдилар. Молу-дунёга парво қилмасдилар. Доим табассум қилиб турар, у киши билан суҳбатлашган киши мутлақо зерикмас, аксинча, қайта кўришгиси келарди. Ёрқинжон қори ака ҳалим, мулойим табиатли бўлсалар-да, шариат ҳукми поймол бўлганини кўрсалар ўта жиддий туриб, бу ҳолатни ислоҳ қилишга ҳаракат қилардилар ва жидду жаҳд билан дин ҳимоясида турардилар.


Шогирдларидан бири айтади: «Рамазон ойида бир куни шайх ҳазратларининг қиблагоҳлари Муҳаммад Юсуф домла роҳимаҳуллоҳ билан Мир Араб мадрасасида бир пайтда таҳсил олган Омонжон ҳожи дада ва Ёрқинжон қори акамни уйга таклиф қилдик. Улар уйимизга келишди. Хурмо билан оғзимизни очиб, ифторлик қилгач, Омонжон ҳожи дада: «Мулла Ёрқинжон, дастурхоннинг ҳаққи адо бўлиб қолсин, сиз бир ҳадис айтинг, кейин мен бир ҳадис айтайин. Кейин дуо берсангиз, таровиҳ вақти ҳам бўляпти кечга қолмайлик» дедилар. Ёрқинжон қори акам: «Ҳожи дада сиз бошланг, сиз турганда биз сўз бошлай олмаймиз” дедилар. Ҳожи дада битта ҳадис айтиб: «Энди сиз айтинг» дедилар. Ёрқинжон қори акам, «Мени зеҳнимга келмаяпти, ўзингиз айта қолинг» дедилар. Шунда ҳожи дада яна бир ҳадис айтиб, дуо қилдилар. Ўринларидан туришаётганда Ёрқинжон қори акам дарров ҳожи даданинг қўлларидан тутиб, ёрдамлашдилар. Ҳожи дада пичирлаб: «Ёрқинжон сиз кўп ҳадисларни ўқигансиз, бугун одобингизни кўрсатдингиз. Аллоҳ сизга шундай одоб берганда!» деб дуо қилиб чиқиб кетдилар.
(Давоми бор)

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади
 

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 11 августдаги 03-07/6522-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни мисрлик машҳур қори, шайх Абдулбосит Абдуссомад роҳимаҳуллоҳнинг уйларини эшиги тақиллади. Очиб қарасалар, ҳиндистонлик бир киши экан. Шайхнинг давоми...

8145 08:00 / 14.05.2022
биринчи мақола .Доктор Тоҳо Ҳубайший сўзласа атроф файзга тўларди. Гапирмай қўйса, одамлар безовта бўларди. У мадад қилинган зотлардан, илоҳий ато аҳлларидан, давоми...

2074 14:00 / 27.07.2022
Икки қабилани яраштириш, сулҳга чақириш учун карвонда кетаётганларида ҳамроҳлардан бири қаршиларида йиртқич шер борлиги, унинг ҳамласидан қутулиш учун давоми...

2957 20:00 / 26.06.2021
Шайх Абул Фазл Мансур ибн Наср ибн Абдураҳим ибн Матта Самарқандий Коғазий. Самарқанддаги санад соҳибларидан. Мансурий қоғози олий навли шу кишининг номларига давоми...

1316 13:30 / 20.06.2021
Аудиолар

137670 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57729 14:35 / 11.08.2021