1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Дарслар

Ҳадис 174-дарс. Абу Шоҳнинг фикри

20:05 / 23.02.2022 1671 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ عَامَ فَتَحِ مَكَّةَ فِي الْحَدِيثِ الطَّوِيلِ: اكْتُبُوا لِأَبِي شَاهٍ. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ والتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ қилинган йили узун ҳадисда жумладан: «Абу Шоҳга ёзиб беринглар», деганлар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аслида бу ҳадисдаги жумла айтилишидан олдин анчагина гап-сўзлар бўлиб ўтган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи мукаррамани фатҳ этган кунлари одамларга хутба қилганлар. Унда «Аллоҳ таоло филни Маккадан тўсиб қолган эди, аммо Ўз расули ва мўминларни унга султонли қилди», деб гап бошлаганлар. Хутбадан сўнг яманлик Абу Шоҳ исмли киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга ёзиб беринг», деган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларининг ўз ҳузурида ҳужжат сифатида ёзилган ҳолда сақланиб туришини хоҳлаган. Аммо ўзи ёзишни билмаганидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёзиб беришларини сўраган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Шоҳнинг фикрини тасдиқлаганлар ва ёзишни биладиган саҳобаларга ёзиб беришни амр қилганлар. Демак, илмни сақлаш учун ёзиб, қайд қилиб қўйиш яхши экан. Бу ишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тасдиқлаб, амр қилганлар.

Шу ҳадисга биноан, мусулмонлар илмни илмий баҳс ва китоб шаклида ёзиб боришни одат қилганлар. Бир замонлар, дунёнинг ҳеч бир жойида ўқиш-ёзиш бўлмаганида мусулмон юртларда ҳамма ёзишни билган. Қўлёзма шаклида сон-саноқсиз китоблар тарқалган, баъзи бир мусулмонлар ўн минглаб китобларга эга бўлганлар. Кутубхоналардан кенг фойдаланиш мусулмон диёрларида яхши расм бўлган. Ҳозирги кунимизда дунёнинг энг тараққий этган давлатлари музейларида, қўлёзма хазиналарида сақланаётган энг қадимий ва энг қимматли қўлёзмалар мусулмонларнинг қўлёзмалари эканлигининг ўзи фикримизнинг ёрқин далилидир.

Яна шуни айтиш лозимки, бу ёлғиз фикр эмас. Замондош мусулмон олимлар бу масалани жуда яхши ўрганганлар, ҳужжат ва далиллар билан илмий равишда исбот этганлар. Бу ҳақийқатни ғарблик олимлар ҳам тан оладилар. Минг афсуслар бўлсинким, кейинчалик мусулмонлар бу муҳим нарсага эътиборсиз қарай бошлаганлар. Ҳатто илм марказларида ҳам ўқиш, оғзаки гап билан кифояланиб, ёзишга унча эътибор бермай қўйганлар. Ёзиш, хат деганда, ҳуснихат тушунилган-у, илмни қайд қилиш маъноси тушунилмаган. Шунинг учун ҳам кейинги вақтларда Бухоро, Самарқанд ва бошқа машҳур илмий марказларда йигирма йиллаб ўқиган кишилар турли китобларни ўқиб, маъносини айтсалар ҳам, ёзишни хуш кўрмаганлар. Бу нарса айниқса, исломий маърифат, билим маъносида катта салбий таъсир қолдирди. Шу боис турли мусулмон халқларнинг тилларида исломий китоблар йўқ даражада. Кейинчалик ёзадиган бўлганларнинг эса дийндан, Исломдан, иймондан етарли маълумоти у ёқда турсин, саводлари ҳам йўқ.

Оқибатда оддий мусулмонлар бу соҳада қайд этилган, ёзиб, сақлаб қўйилган нарсаларни ўз тилларида ўқиш имконига эга бўлмай қолдилар.

Бу ишга энди-энди қўл урилмоқда. Аллоҳ хоҳласа, аста-секин йўлга тушиб ҳам кетар. Аммо кўп нарса зое бўлгани аниқ. Аччиқ сабоқдан ибрат олиб, илмни ёзиб, қайд қилиб, сақлашга катта аҳамият беришимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор калима айтадиган бўлсалар, тушунарли бўлиши учун уни уч марта давоми...

1979 20:00 / 02.03.2022