1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Аллоҳ буюрганидек ака-ука бўлиб яшайлик!

17:00 / 24.02.2022 2374 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нега олимларни ёмон кўрасизлар?!

Нега илм аҳли бўлган кишиларни турли сўзлар билан ҳақорат қиласизлар?!

Нега ёқтирмаган одамингизга нисбатан турли камситувчи сўзларни ишлатасизлар?!

Нега ҳақорат қилувчилар тўдаси бўлиб йиғилиб олгансизлар?!

Нега тилидан ва қўлидан бошқаларга озор бермайдиган мусулмон эмассизлар?!

Фейсбук, телеграмда урушиб, ҳақорат қилиб, устидан истеҳзо қилиб, кейин телефонни ўчириб, масжидга кириб, намоз ўқиб, намоздан сўнг «Эй Роббим, турли жойларда қийналаётган диндош биродарларимизга нусрат бергин! Мусулмонларни азиз қилгин! Мусулмонларнинг қалбларини улфат қилгин!» деб дуо қиласизлар-да, кейин масжиддан чиқиб, интернетни ёқиб, яна ҳақорат, инсонларни ер билан битта қилиш ишини давом эттирасизлар-а?! 

Сизлар чиндан ҳам мусулмонларнинг қалблари улфат бўлишини, азиз бўлишларини истайсизларми?! 

Нега одамларнинг хатосидан қувониб, уни омма ўртасига олиб чиқиб, муҳокама қилиб, роҳатланасизлар?! 

Сизлар диндош биродарингизнинг ислоҳини, тузалишини, унга чинакам насиҳат қилишни хоҳлайсизларми ёки шарманда бўлиб, юзи қаро бўлишини, ҳеч тузалмаслигини истайсизларми?! 

Сизларга жамият, инсонларнинг салоҳиятли бўлиши керакми ёки интернетда кунига битта-иккита муҳим мавзу бўлса, шуни кавлаштириб вақт ўтказсанглар бўлдими?! 

Асл мақсадингларни белгилаб олганмисизлар? 

Баъзиларингиз имом номи борки, ёқтирмайсизлар. Худди масжидда ишласа, ўша одам сизларнинг наздингизда хоин, сарой мулласи, давлат одами, сотқин, шундайми?! 

Сизларга ким ёқади ўзи?! 

Алкашми, фоҳишами, мунофиқми, иккиюзламачими, фирибгарми, ким?!

Аллоҳга ҳамд бўлсинки, ҳаммамиз мусулмонмиз!

Мусулмон бўла туриб, мусулмонларга амру маъруф, наҳйи мункар қиладиган, намозини вақтида ўқийдиган, тунги клубда эмас, масжидда хизмат қиладиган инсонларни нега ёқтирмайсизлар?!

Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй тили билан иймон келтириб қалбига иймон кирмаганлар жамоаси! Мусулмонларни ғийбат қилманглар ва уларнинг айбларини ахтарманглар! Ким уларнинг айбини ахтарса, Аллоҳнинг Ўзи унинг айбларини ахтаради. Аллоҳ кимнинг айбларини ахтарса, уни уйининг ичида шарманда қилади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Биродарлар, агар қайсидир аҳли илмнинг хатосини, нотўғри гапирганини, динни тўлиқ етказмаётганини эшитган бўлсак, ўша устознинг олдиларига бориб, бошқаларга эшиттирмай, фақат ўзларига хатоларини одоб билан етказайлик!

Мана шунда мусулмоннинг кўзгуси бўла оламиз, шарманда қилмай насиҳат қилган бўламиз.

Дин душманларига нисбатан қалбимизда топилиши лозим бўлган нафратни мусулмонларга, мусулмон олимларга нисбатан ишлатмайлик!

Бир тану бир жон бўлайлик, бўлинмайлик, ахир ягона Аллоҳга иймон келтирганмиз, бир қиблага юзланамиз, бир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашамиз.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мўминлар ўзаро дўстликда, меҳрибонликда, меҳр-оқибатда яхлит бир танага ўхшайди. Ундаги бир аъзо хаста бўлса, қолганлари ҳам унга қўшилиб бедор бўлиб, иситмалайди». 

Икки шайх ривоят қилган.  

Илтимос, бир тананинг аъзоларидек бўлайлик!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гумондан четланинглар. Чунки гумон сўзларнинг энг ёлғонидир. Бировларнинг айбларини ахтарманглар. Ва сўзларига қулоқ тутманглар, яъни жосуслик қилманглар. Бирор нарсага фақат ўзингиз эга бўлишга ошиқманг. Ҳасад қилманг. Бир-бирингизга ғазаб қилманг. Ҳамда орқа ўгириб муносабатларни бузманг. Эй Аллоҳнинг бандалари, сизларга буюрилганидек биродар бўлинглар».

Аллоҳ таоло буюрганидек ака-ука, оға-ини, биродар бўлайлик!

Аллоҳ таоло тўғри эътиқоддаги мусулмонларнинг иймонига, ақидасига тош отаётган, ақида китобларидаги матнларни нотўғри шарҳлаётган, мусулмонлар орасида фитнага сабаб бўлаётган, мазҳаббоши мужтаҳид имомларимизга, мазҳаб ичидаги мужтаҳидларимизга, уламоларимизга, Имом Мотуридий, Имом Ашъарийдек ақида имомларига сакраётган кимсаларга ҳидоят, инсоф, тавфиқ берсин ва уларни ҳам ҳаққа қайтарсин!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Ҳамма мусулмонлар бир-бирига чин маънода кўзгу, биродар бўлишини истовчи гуноҳкор, ожиз, заиф бандадир.

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади.

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
10 r . .10. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бола отаонасига ҳар қанча яхшилик қилса ҳам, уларнинг яхшилигини қайтара олмайди. давоми...

2582 20:22 / 24.10.2018
Ибн Умардан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Барчангиз масъулдирсиз ва раъиятингиздан сўралурсиз. Имом масъулдир. У ўз раъиятидан сўралур. давоми...

2367 16:00 / 19.04.2021
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Мен ҳақимда эшитган одам борки, яҳудийми, насронийми ndash барибир, мени яхши кўриб қолар эди. Онамнинг Исломга киришини жуда давоми...

2657 11:10 / 27.12.2018
111. Ибн Умардан ривоят қилинади.Бошимизга шундай замон ёки пайтлар келдики, бир одамнинг бир динори ёки дирҳами бўлса, ўшанга унинг мусулмон биродаридан кўра давоми...

2820 09:10 / 20.09.2019