1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Намозда чапак чалиш аёллар учундир

20:00 / 20.02.2022 2914 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَهَبَ إِلَى بَنِي عَمْرِو بْنِ عَوْفٍ لِيُصْلِحَ بَيْنَهُمْ، فَحَانَتِ الصَّلَاةُ، فَجَاءَ الْمُؤَذِّنُ إِلَى أَبِي بَكْرٍ فَقَالَ: أَتُصَلِّي لِلنَّاسِ فَأُقِيمُ؟ قَالَ: نَعَمْ، فَصَلَّى أَبُو بَكْرٍ فَجَاءَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَالنَّاسُ فِي الصَّلَاةِ، فَتَخَلَّصَ حَتَّى وَقَفَ فِي الصَّفِّ، فَصَفَّقَ النَّاسُ، وَكَانَ أَبُو بَكْرٍ لَا يَلْتَفِتُ فِي صَلَاتِهِ، فَلَمَّا أَكْثَرَ النَّاسُ التَّصْفِيقَ الْتَفَتَ، فَرَأَى رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَأَشَارَ إِلَيْهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنِ امْكُثْ مَكَانَكَ فَرَفَعَ أَبُو بَكْرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ يَدَيْهِ فَحَمِدَ اللهَ عَلَى مَا أَمَرَهُ بِهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِنْ ذَلِكَ، ثُمَّ اسْتَأْخَرَ أَبُو بَكْرٍ حَتَّى اسْتَوَى فِي الصَّفِّ، وَتَقَدَّمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَصَلَّى، فَلَمَّا انْصَرَفَ قَالَ: يَا أَبَا بَكْرٍ، مَا مَنَعَكَ أَنْ تَثْبُتَ إِذْ أَمَرْتُكَ؟ فَقَالَ أَبُو بَكْرٍ: مَا كَانَ لِابْنِ أَبِي قُحَافَةَ أَنْ يُصَلِّيَ بَيْنَ يَدَيْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا لِي رَأَيْتُكُمْ أَكْثَرْتُمُ التَّصْفِيقَ، مَنْ نَابَهُ شَيْءٌ فِي صَلَاتِهِ فَلْيُسَبِّحْ، فَإِنَّهُ إِذَا سَبَّحَ الْتُفِتَ إِلَيْهِ، وَإِنَّمَا التَّصْفِيقُ لِلنِّسَاءِ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ وَالنَّسَائِيُّ.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Амр ибн Авф(қабиласи)га уларнинг ўрталарини ислоҳ қилиш учун бордилар. Намоз вақти бўлиб қолди. Муаззин Абу Бакрнинг ҳузурига келиб:

«Иқомат айтсам, одамларга намозга ўтиб берасанми?» деди.

«Ҳа», деди.

Бас, Абу Бакр намоз бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, намоз ўқиётганлар орасидан ўтиб, сафга турдилар. Одамлар қарсак чалдилар. Абу Бакр намозда ҳеч нарсага назар солмас эди. Одамлар қарсакни кўпайтириб юборганларидан кейин назар солиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «маконингда туравер», деб ишора қилдилар. Абу Бакр икки қўлини кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга амр қилган нарса учун Аллоҳга ҳамд айтди. Сўнгра орқасига тисарилиб, сафга турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга ўтиб, намозни ўқиб битирдилар ва намоздан чиққанларидан сўнг:

«Эй Абу Бакр, мен амр қилганимда сени собит туришдан нима ман қилди?» дедилар.

Абу Бакр:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Қуҳофанинг ўғлига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида туриб намоз ўқишга йўл бўлсин», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Не бўлдики, қарсакни кўпайтириб юбордингиз? Кимга намозда бир нарса етса, тасбеҳ айтсин. Чунки у тасбеҳ айтса, унга эътибор берилади. Қарсак чалиш аёллар учундир», дедилар».

Учовлари ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бани Амр ибн Авф қавми ансорийларнинг Авс қабиласидан бўлиб, Қубо тарафда истиқомат қилар эдилар. Уларнинг орасида жанжал чиқиб, муштлашиш, бир-бирларига тош отишга айланиб кетган. Ана шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ўрталарини ислоҳ қилиш учун борган эдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам у ердан қайтиб келгунларича Аср вақти кириб, ҳазрати Билол азон айтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига «Агар намоз вақти бўлиб қолса-ю, мен келмасам, Абу Бакрга айтгин, одамларга жамоат намозини ўқиб берсин», деб кетган эдилар. Ҳазрати Билол бориб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ўша гапни айтиб, «Иқомат айтаверайми?» дедилар. У киши «Ҳа», дедилар. Намоз бошланди.

Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом етиб келиб, сафларни ёриб ўтиб, биринчи сафга турдилар. Кейин ривоятда зикр қилинган ҳодисалар бўлиб ўтди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонлар ўртасини ислоҳ қилишга қаттиқ уринганликлари.

Уришиб қолганларнинг олдига шахсан ўзлари боришлари ва намоздан кеч қолиш эҳтимоли борлиги учун ҳазрати Билолга Абу Бакр имом бўлсин, деб тайинлаб кетишлари шуни кўрсатади.

2. Имом ўзи бўлмаган вақтда ўрнига намозга ким ўтишини тайинлаб қўйиши яхши эканлиги.

3. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазллари.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мен кеч қолсам, Абу Бакр намозга ўтсин», дейишлари жуда катта гап. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин у кишининг халифа бўлишларига қилинган ишоралардан бири ҳам шу.

4. Намозда имом алмашиниши мумкинлиги.

5. Кейин имомликка ўтган киши намозга кеч қолиб келган бўлса ҳам жоизлиги.

6. Биринчи имом муқтадий бўлиб, намозни давом эттиравериши жоизлиги. Бу ҳолда у жойидан қибладан юз ўгирмаган ҳолда ортга тисарилиб, сафга ўтади.

7. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бўлган юксак ҳурматлари.

8. Намозда имомнинг эътиборини бирор нарсага жалб қилиш лозим бўлиб қолса, эркаклар тасбеҳ айтиб, аёллар  қарсак чалиши кераклиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . .Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни беш ракат ўқидилир. Бас, у зотга.Намозда давоми...

2759 14:00 / 21.02.2021
. . Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни етти нарсага амр қилдилар, етти нарсадан давоми...

1336 15:18 / 08 октябрь
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб намоз ўқисалар, давоми...

3850 10:07 / 20.11.2023
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сотганда, сотиб олганда ва ҳаққини талаб қилганда карамли бўлган давоми...

4766 16:10 / 15.01.2019