1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Нафснинг ўзгариб туришини нега ҳисобга олмаймиз?!

16:40 / 31.01.2022 3243 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Макка торлик қилиб қолди. У зотни ҳимоя қилиб, ғамхўрлик қилиб турган амакилари Абу Толиб вафот қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ички томонлари ва қалқонлари бўлмиш Ҳадича онамиз ҳам вафот қилдилар. Маккада ҳеч нарса ўзгармаган эди. У ҳамон залолат ботқоғига ботган ҳолда эди. Макка ўз пайғамбарини ёлғончига чиқарар, у зотнинг асҳобларига анвойи азобларни беришни тўхтатмас эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Тоифга боришга қарор қилдилар. Шояд у ерда Маккаликларда топилмаган меҳрибон қалбларни топсалар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифнинг амири ибн Абди Ёлилни исломга даъват қилдилар. Ибн Абди Ёлил жаҳолатда Абу Жаҳл сингари, ёлғончига чиқаришда Абу Лаҳаб сингари, азият беришда Убай ибн Халаф сингари ифлос эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан Тоифнинг аҳмоқларини ва ёш болаларини юборди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тошбўрон қилишди. Муборак оёқларини қонга белашди!

Бу ҳодисадан бир неча йил ўтиб Араб ярим оролида ислом ҳукм сура бошлади. Аллоҳнинг нусрати ва фатҳи келди. Кишилар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кира бошлашди. Бир куни Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:

-Сизда Уҳуд кунидан ҳам оғирроқ кун бўлганми?

Зеро Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Уҳуд кунини нечоғли оғир ва аламли бўлганини билар эдилар. У кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли амакилари Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳуни, етмишта буюк саҳобаларини йўқотган эдилар. Ўзларининг бошларини ёришди, олд тишларини синдиришди.

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга Тоиф куни ҳақида гапирдилар. Тоиф куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Уҳуддан ҳам оғирроқ бўлган эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тошбўрон қилиб шаҳардан ҳайдаб чиқаришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кунни эслаб ундай дедилар:

-Тоифдан мен жуда ҳам ғамга ботган ҳолда чиқдим. Фақатгина «Қарнус саъолиб»га етиб келганимда ўзимга келдим. Бошимни кўтарсам булутлар орасида Жаброил турибди. У менга деди: «Аллоҳ таоло қавмингизни сизга айтган гапини, сизни ҳайдашганини эшитди ва билди. Сизга тоғларнинг фариштасини юборди. Унга истаганингизни амр қилинг, бажаради!». Тоғлар фариштаси менга деди: «Агар истасангиз уларнинг устига Маккадаги икки тоғни ташлайман!». Мен унга дедим: «Йўқ! Мен уларнинг наслидан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмасдан ибодат қиладиган авлодлар чиқишини умид қиламан!».

Бу ҳикоядаги биз эътибор берадиган томон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Фақатгина «Қарнус саъолиб»га етиб келганимда ўзимга келдим», деган гапларидир.

У зот ўзларининг пайғамбар эканликларини билар, динлари куни келиб ғолиб бўлишини ҳам билар, Аллоҳ ўзлари билан бирга эканлигини, у зотни ташлаб қўймаслигини ҳам билар эдилар. Аммо инсон барибир инсон эканда. У киши ҳам хафа бўладилар, қалблари сиқилади, ғамга қоладилар. Ҳатто Тоифдан хаёллари паришон ҳолатда чиқиб «Қарнус саъолиб» деган жойга етиб келгунларича ўзларига келмаганлар. Тоифдан «Қарнус саъолиб» деган жой 46 км лар узоқда жойлашган. Тоифдан чиққанларида қадамлари қаёққа олиб кетаётганини ҳам билмаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иймонлари билан бизнинг баримизнинг иймонимиз тарозуга солиштирилганида у зотнинг иймонлари босиб кетар эди. У зотнинг ишончлари бизнинг ишончимиздан салмоқли эди. У зотнинг сабрлари бизнинг сабримиздан оғир эди. Энди бизнинг баъзида синиб қолишга ҳаққимиз йўқми?! Мувозанатдан чиқиб кетишга ҳақсизмизми?!

Инсонни баъзан инсонлик табиатидан чиқариб юборадиган, биз билган мувозанатидан чиқариб юборадиган, биз ўрганиб қолган рожиҳ ақлидан ажратиб юборадиган лаҳзалар ҳақида ўйлаб кўрганмисиз ҳеч?

Инсоннинг баъзида бир сўз айтишга ҳам тоқати етмай қолади, насиҳат эшита олмай қолади, бирор-бир инсонни кўргиси келмай қолади. Нега энди ишларни шахсийга айлантириб олиб бир-биримизнинг ташвишимизни зиёда қиламиз?! Нафснинг ўзгариб туришини нега ҳисобга олмаймиз?! Руҳ ҳам тана каби баъзан бемор бўлади ахир!

Дўстимизни ғам устида кўрганимизда унинг ғами устига ғам бўлмаслигимиз лозим. Дўстимиз учун  ғамлар ниҳоясига етадиган «Қарнус саъолиб» каби бўлайик. Бизни кўриб дўстимиз очилсин. Унинг маҳзунлигини эҳтиром қилайлик. Ёлғиз қолишга муҳтож бўлса уни ёлғиз қолдирайлик. Тинчланганидан сўнг елкасини силайлик, қалбини силайлик, қалбига ҳамдард бўлайлик. У билан қалб орқали сўзлашайлик. Руҳимиз руҳи орқали гаплашсин. Мантиқни бироз чеккага қўйиб турайлик. Нафс синган пайтида дардга эмас, қайноқ қучоққа эҳтиёж сезади. Руҳ адашган пайтида лекцияга эмас, қучоқлашга муҳтож бўлади!

Биз иймоннинг озлигидан эмас, ҳаётнинг бешафқатлигидан заифлашамиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иймонлари Тоиф кунида кучсиз эмас эди. Аммо ўшанда ҳаёт бешафқат эди. Аллоҳ таоло у зотнинг оғриқлари ҳажмини, синганларини билди. Маҳзун бўлганлари учун итоб қилмади. «Менга бўлган иймонинг қани?!», демади. Балки у зотни ҳимоя қилиши ва ёрдам бериши учун фаришталарини юборди. Аллоҳ таоло Ўз Расулининг ҳам инсон эканлигини билар эди. Аллоҳ таоло инсонга заифлик лаҳзалари етганида у файласуфнинг ақлига ёки хатибнинг тилига эмас, мушфиқ қалбга эҳтиёжли эканини билар эди!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Россия киноусталари томонидан ишланган .Текинхўрлар, .Паразиты, ҳужжатли илмийоммабоп фильмни кўргач, сиз азиз ўқувчиларимиз билан ушбу фильмдан олган давоми...

5058 12:30 / 08.07.2021
Инсон табиатан жуда қизиқ, ажабтовур хилқат. Унга на иссиқ ёқади, на совуқ, на тўқлигу, на очлик. Сал машаққатга чидамай, дарров .оҳвоҳ,ни бошлайди. Қаттиқ давоми...

2377 15:00 / 11.02.2021
Қурайш мушриклари Бадр ғазотидан синган ҳолда чиқди. Ислом уларнинг кибриёсини тупроққа белади. Унда кофирларнинг энг кўзга кўринган бошлиқларидан бир қанчаси давоми...

2240 14:30 / 03.06.2024
Сўнгги пайтларда Селфиrdquo деган қилиқ роса оммалашди. Селфи selfie аслида инглизча сўз бўлиб мен ўзимrdquo, ўзим ўзимниrdquo деган маъноларни билдиради. Яъни, давоми...

3618 08:05 / 07.10.2018