1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Имом ва Жамоат

05:00 / 04.01.2017 11505 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ИМОМГА ИҚТИДО ҚИЛИШ ҲАҚИДА


Иқтидо қилиш, дегани имомга намознинг аввалидан охиригача эргашиш, деганидир. Намозда иқтидо қилувчи ҳар бир нарсада имомга эргашиши, ҳар бир нарсани ундан кейин қилиши керак. Ундан олдин ёки у билан баробар қилиши мумкин эмас. Иқтидо қилувчи имомга эргашишликни ният қилиши вожибдир.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имом фақат унга эргашилмоғи учун қилинган. Бас, қачон у такбир айтса, сиз ҳам такбир айтинг. Қачон рукуъ қилса, сиз ҳам рукуъ қилинг. Қачон у тик туриб намоз ўқиса, сиз ҳам тик туриб намоз ўқинг. Қачон у ўтириб намоз ўқиса, сиз ҳам, барчангиз ўтириб намоз ўқинг», дедилар». Абу Довуд келтирган лафзда: «Имом фақат унга эришилмоғи учун қилинган. Бас, қачон у такбир айтса, сиз ҳам такбир айтинг. У такбир айтмагунча сиз такбир айтманглар. Қачон у рукуъ қилса, сиз ҳам рукуъ қилинг. Қачон у сажда қилса, сиз ҳам сажда қилинг. У сажда қилмагунча сиз сажда қилманг».


Ҳумайдий айтдики: «Қачон у ўтириб намоз ўқиса, сиз ҳам ўтириб намоз ўқинглар» деганлари қадимги беморликларида бўлган. Сўнгра, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан кейин ўтириб намоз ўқиганлар, одамлар у зотнинг ортларидан тик туриб ўқинглар. Уларни ўтиришга амр қилманглар. Охири амал олинади. Бу У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги амалларидир». Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, иқтидо қилувчи ҳар бир нарсани имомдан кейин қилиши керак. Имом такбир айтганидан кейин, такбир айтиши керак, рукуъ қилганидан кейин рукуъ қилиши керак, сажда қилганидан кейин сажда қилиши керак.

Биринчи ривоятдаги «Қачон у ўтириб намоз ўқиса, сиз ҳам барчангиз ўтириб намоз ўқинг», дейилган гап ҳақида бир- оз тушунтириш бериш лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни отдан йиқилиб тушиб, ўнг ёнбошлари жароҳатланганда, саҳобаи киромлар У зотни кўргани келишганда, намоз вақти бўлиб қолганда ўтириб имомлик қилаётиб айтганлар.

Лекин бунга амал қилиб ҳозирда ўтириб имомлик қилган кишига, ўтириб иқтидо қилинмайди. Агар имом ўтириб имомлик қилса ҳам қавм тик туриб иқтидо қилади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан олдинги беморликларида ўтириб имомлик қилганларида саҳобаи киромлар тик туриб иқтидо қилганлар.

Ислом шариатида шунга ўхшаш бир масалада икки хил кўрсатма келган бўлса, иккисидан охиргисига амал қилинади. Биринчиси мансух, иккинчиси носих бўлади.

Ушбу усулий қоидани Имом Бухорийнинг шайхлари Ҳумайдий иккинчи ривоятда баён қилиб бермоқдалар.

Шунинг учун жумҳур уламолар ўтириб намоз ўқийдиган имомга тик туриб иқтидо қилинади. Иқтидо қилувчи тик туришга қодир бўлиб туриб, имомига эргашаман, деб ўтириб намоз ўқиши жоиз эмас, дейдилар.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бошини имомдан олдин кўтарадиган одам Аллоҳ бошини эшакнинг бошига айлантириб қўйишидан қўрқмайдими?» дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Бу иқтидо қилувчи намоз амалларини, жумладан, бошини саждадан кўтаришни имомдан олдин қилиши ҳаром эканига далолат қилади. Ҳадисдаги таҳдид имомдан олдин бош кўтарадиган одамнинг бошини ҳақиқатдан ҳам эшакнинг бошига айлантириб қўйилиши ёки фаҳмсизликда эшак мия бўлиб қолиши ҳақида бўлиши мумкин.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бизга намозга ўтдилар. Намозни адо этиб бўлганларидан кейин бизга юзларини буриб: «Эй, одамлар, албатта, мен сизнинг имомингизман, мендан олдин рукуъ ҳам, сажда ҳам, қиём ҳам, чиқиш ҳам қилманг. Бас, албатта, мен сизларни олдимдан ҳам, ортимдан ҳам кўрурман», дедилар. Сўнгра:

«Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот билан қасамки, агар мен кўрган нарсани кўрсангиз, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз», дедилар.

«Нимани кўрдингиз, эй, Аллоҳнинг Расули?» дейишди.

«Жаннатни ва дўзахни кўрдим», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.

Шарҳ:


Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Намознинг амалларини имомдан олдин қилиб бўлмаслиги. Айниқса, рукуъ, сажда, ўриндан туриши ва салом бериб намоздан чиқишларни.

Ким имомдан олдин такбири таҳрима айтса ёки салом берса намози намоз бўлмайди.

Бошқа амалларни имомдан олдин қилганлар эса гуноҳкор бўлади, намозларининг савоби кетади, аммо намози ботил бўлмайди.

2. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ҳам, ортларидан ҳам баробар кўришлари. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хусусиятларидир.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннат ва дўзахни кўрганлари.


Демак, жаннат билан дўзах ҳозир ҳам бор. Уларни кўрган, билган киши оз кулиб, кўп йиғлайди. Шунинг учун, доимо жаннат ва дўзахни кўз олдига келтириб яшамоқ керак.

Ана шундоқ тасаввурга эга бўлган одам ўз ҳаётида доимо жаннатга олиб борувчи ишларни қилиб яшайди.

Ана шундоқ тасаввурга эга бўлган одам ўз ҳаётида доимо дўзахга олиб борувчи ишлардан узоқда бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифга ҳаётимизда тўлиқ амал қилишимиз керак. Хусусан, имомга иқтидо қилиб намоз ўқиган пайтимизда намоз амалларини ундан олдин қилмаслигимиз, ҳамма нарсани имомдан кейин қилишимиз керак.


Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят: «Эркак кишилар изорларининг озлигидан уларни бўйинларига тугиб олиб намоз ўқиётганларини кўрдим. Бас, бир киши: «Эй, аёллар жамоаси, эркаклар бошларини кўтармагунча бошларингизни кўтарманглар», деди». Учовлари ривоят қилган.

Шарҳ: «Изор» иссиқ ўлкаларда кишилар танасининг паст қисмига тутиб юрадиган лунги сифат кийим эканлиги олдин ҳам бир неча марта айтилган эди.

Кийим йўқ бўлганидан саҳобаи киромлар ўша изорларни бўйинларига тугиб олиб худди онаси иштонини бўйнига боғлаб қўйган ёш болага ўхшаб олиб намоз ўқир эканлар. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёки ҳазрати Билол жамоат намозига келган аёлларга, эркаклар саждадан бошларини кўтариб олгунларича сизлар бошингизни кўтарманглар, деган эканлар. Чунки аёллар бошларини олдин кўтарсалар, саждада турган калта кийимли эркакларнинг авратларини кўриб қолишлари мумкин. Бу амр ҳам кўпроқ ўша даврнинг ўзига мос бўлган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон намозга келсангиз биз сажда қилиб турган бўлсак, сиз ҳам сажда қилинг ва уни ҳеч нарса санаманг. Ким ракъатни топса, намозни топган бўлади», дедилар». Абу Довуд ва Дора Қутний ривоят қилган.

Шарҳ: Имомга иқтидо қилувчи кеч қолиб келса, қаердан етса ўша еридан иқтидо қилиб кетаверади. Мисол учун ушбу ҳадиси шарифда айтилганидек, сажда пайтида етиб келса, дарҳол ният қилиб саждага кетади. Аммо бу унинг намози бир ракъати ҳисобланмайди.

«Ким ракъатни топса, намозни топган бўлади».

Яъни, имом рукуъ қилмасдан олдин ёки рукуъда турганда намозга қўшилиб, тасбиҳ айтишга улгурса бир ракъат намозни топган бўлади.

Ушбу қоидани ҳар бир мусулмон одам яхшилаб ўрганиб олиши керак. Бўлмаса намозида нуқсонга йўл қўйиши мумкин бўлади.


БИРИНЧИ САФ ВА УНДАН КЕЙИНГИСИНИНГ ФАЗЛИ


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одам йўлда юриб кетаётиб тикан шохини кўриб қолибди ва уни йўлдан олиб ташлабди. Бас, Аллоҳ унга шукр айтибди ва уни мағфират қилибди», дедилар.

Сўнгра У зот: «Шаҳидлик бештадир: вабода ўлган, қорин касали билан ўлган, сувга ғарқ бўлиб ўлган, йиқилган нарсанинг остида қолиб ўлган ва Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганлар», дедилар. Яна:

«Агар одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида, сўнгра қуръа ташлашдан бошқа илож топа олмаганларида, албатта, қуръа ташлаган бўлур эдилар. Агар иссиқ вақтда намозга боришда нима борлигини билганларида, ким ўзарга боришар эдилар. Агар Хуфтон ва Бомдод намозларида нима борлигини билганларида уларга эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча фазилатли, серсавоб ишларга тарғиб қилмоқдалар:

1. Йўлдаги кўпчиликка озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Бу масалани иймоннинг шўъбаларини ўрганиш давомида батафсил кўриб чиққанмиз.

Бу ҳадиси шарифда ўтган умматлардан бир киши, йўлда ётган тикан шохини олиб ташлаб йўловчиларни озордан сақлагани учун Аллоҳ унга Ўз раҳматини юборгани ва унинг гуноҳларини мағфират қилгани айтилмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан, агар сиз ҳам шу нарсани қилсангиз ўша мазкур даражага эришасиз, демоқчилар.

2. Шаҳидлик бештадир;

а) «Вабода ўлган».

Бир юртга Вабо касали тарқалса-ю, Исломда Вабо тарқалган жойдан бошқа томонга чиқиб бўлмайди, деган таълимот бор, деб ўша ерда сабр қилиб туриб ўлган одам шаҳид ҳукмида бўлади. Чунки у одам динимиз ҳукмига амал қилди ва вабонинг бошқа томонларга тарқалмаслиги учун ҳисса қўшди.

б) «Қорин касали билан ўлган».

Бу ҳам кишининг афсус қиладиган даражада ўлишининг бир туридир. Хусусан, ўша вақтларда бу касалга нисбатан ўзига яраша бошқача назар билан қаралган бўлиши мумкин.

в) «Сувга ғарқ бўлиб ўлган».

Бу ўлим тўсатдан ва фожиали равишда бўлиши ҳаммага маълум. Шунинг учун ҳам, бундоқ ўлим топган одам шаҳид ҳукмида бўлади.

г) «Йиқилган нарсанинг остида қолиб ўлган».

Ўша вақтларда асосан йиқилган деворнинг остида қолиб ўлганлар тушунилган. Бунда ҳам ғарқ бўлиб ўлган каби ҳолатлар борлиги учун шаҳид ҳукми берилган.

д) «Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганлар»

Иймон-Ислом йўлида душманларга қарши жангда ҳалок бўлган кишилар. Ҳақиқий шаҳидлар шулар эканлиги ҳаммага маълум.

3. Азонга жавоб бериш ва жамоат намозида биринчи сафда туриш ўта фазилатли иш экани.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ва бундан кейин келадиган ишлар савобининг миқдори ва ҳажми ҳақида рақам ёки баъзи бир ўхшатишларни ишлатмаяптилар. Уларнинг қанчалик эканини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Лекин ҳадисда агар ўша нарсаларга бериладиган савоб ҳақиқатини бандалар билиб қолсалар, нима қилишлари васф қилинмоқда.

«Агар одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида, сўнгра қуръа ташлашдан бошқа илож топа олмаганларида, албатта, қуръа ташлаган бўлур эдилар».

Одатда одамлар ичида бирор нарсага ниҳоятда катта қизиқиш бўлганда, ҳамма ўзи ўша нарсага эришишини, бошқа бировга бўлишини хоҳламаганда иш қуръа ташлаш йўли билан ҳал қилинади.

Азон ва жамоат намозида биринчи сафда туриш ана шундоқ катта қизиқиш билан талпиниши лозим бўлган ишлардан экан.

Ҳар бир мусулмон шахс уларга бор имконини ишга солиб бўлса ҳам, ҳатто қуръа ташлаб бўлса ҳам эришишга ҳаракат қилмоғи лозим экан.

4. «Агар иссиқ вақтда намозга боришда нима борлигини билганларида, ким ўзарга боришар эдилар».

Бу намоздан мақсад Пешин намозидир. Чунки у энг иссиқ пайтда ўқилади. Демак, бу намозни жамоат билан ўқиш ҳам васфига тил ожиз улкан савобга сабаб бўлар экан.

Агар одамлар бу намозни жамоат билан ўқиган одам учун бериладиган савоб ҳақиқатини англаб етсалар, унга ким ўзишга шошилиб борар, бошқалардан кўра олдинроқ бориб, ўша савобга тезроқ эришишга тиришар эканлар.

5. «Агар Хуфтон ва Бомдод намозларида нима борлигини билганларида уларга эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар».

Бу васф ҳам мазкур икки намозни жамоат билан ўқиган кишиларга бериладиган савобнинг нақадар улканлигини кўрсатиб турибди.

Демак, намозларни жамоат билан ўқишга, жамоат намозида биринчи сафда туришга ҳаракат қилишимиз лозим.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркаклар сафининг энг яхшиси биринчисидир, энг ёмони охиргисидир. Аёлларнинг энг яхши сафи охиргисидир, энг ёмони аввалгисидир», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Эркакларнинг биринчи сафининг афзал бўлиши имомга яқин бўлгани учундир.

Биринчи сафда турган одам имомнинг ҳолини кўриб, овозини аниқ эшитиб туради. Илоҳий раҳматга ҳам бошқалардан олдин эришади.

Чунки мазкур раҳмат аввал имомга сўнгра биринчи сафга нозил бўлади. Аллоҳ таоло ва фаришталар ҳам олдин биринчи сафдагиларга салавот айтадилар.

Эркаклар сафининг охиргиси энг ёмони бўлиши, имомдан энг узоқ бўлгани учундир. Шунингдек, аёлларга энг яқин бўлгани учундир. Чунки аёлларни ҳис қилиб кўнгли мушавваш бўлади.

Аёллар сафининг энг ёмони аввалгиси бўлиши, эркакларга яқин бўлгани учундир.

Аёлларнинг энг яхши сафи, энг охиргиси бўлиши, эркаклардан узоқ бўлгани учундир.

Шунинг учун эркаклар биринчи сафга ҳаракат қилишлари керак.


Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз одамлардан уч нарсада афзал қилиндик: сафларимиз фаришталарнинг сафидек қилинди. Ернинг ҳаммаси бизга масжид қилинди ва унинг тупроғи қачон сув топа олмасак биз учун покловчи қилинди», дедилар ва яна бир хислатни айтдилар». Муслим ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло Ислом умматини бошқа умматлардан уч нарса ила афзал қилганининг хабарини бермоқдалар:

1. «Сафларимиз фаришталарнинг сафидек қилинди».

Яъни, жамоат намозларидаги сафларимиз даражада ва шарафда фаришталарнинг сафларидек қилинди. Бошқа миллатларда бу нарса йўқ. Сафларни биринчиси яна ҳам афзал бўлади. Шунинг учун, ҳам жамоат намозлари сафида, сафларнинг олдингисида бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.

2. «Ернинг ҳаммаси бизга масжид қилинди ва унинг тупроғи қачон сув топа олмасак биз учун покловчи қилинди».

Бу масала «Таяммум» бобида батафсил ўрганилган.

3. Учинчи хислат, ушбу ривоят эгаси эсидан чиқиб қолган экан.

Аммо имоми Насаий қилган бошқа бир ривоятда:

«Бақара» сурасининг охиридаги ушбу оятларни Аршнинг остидаги хазинадан менга берилди. Улар мендан олдин ҳеч кимга берилмаган, мендан кейин ҳам ҳеч кимга берилмайди», деганлар.


Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари биринчи сафларни тўлатувчиларга салавот айтадилар. Аллоҳ таоло учун банда сафнинг тўлғизиш учун босган қадамдан кўра маҳбуброқ қадам йўқдир», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Саловот Аллоҳ таоло томонидан бўлса раҳмат, фаришталар томонидан бўлса истиғфор бўлади.

Жамоат намозига, биринчи сафда намоз ўқишга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир мусулмон бу фазлга соҳиб бўлмоққа ҳаракат қилмоғи керак.


Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафга уч марта, иккинчи сафга бир марта салавот айтар эдилар». Насаий ривоят қилган. ал-Ҳоким, саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Саловот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлса дуо бўлади.

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи ва иккинчи сафда намоз ўқиганлар фойдасига дуо қилганлар. Кейинги сафда қолганлар эса у зотнинг дуоларидан маҳрум бўлганлар. Балки, доимо кеч қолиб, охирги сафларда бўладиганларни дуоибад қилганлар.

Шунинг учун ҳам, доимо биринчи ёки иккинчи сафда бўлишга ҳаракат қилиш зарур.


ЯХШИ ОДАМЛАР БИРИНЧИ САФГА ҲАҚЛИЛАР


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга сизлардан етуклик ва ақл эгалари яқин турсин. Сўнгра уларга яқин келадиганлар, деб уч марта айтдилар. «Бозорларнинг шовқинидан эҳтиёт бўлинг», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Демак, жамоат намозида имомга энг яқин турадиган кишилар, етук ва ақл эгаси бўлишлари керак. Бошқача қилиб айтганда, имом намозни адо этишда ёки қироатда адашиб қолса, уни тузатиб қўядиган ёки бирор сабабга кўра намозни тарк этадиган бўлса ўрнига ўтиб, келган жойидан намозга имомлик қилиб кета оладиган шахслар бўлишлари керак. Ҳар ким ўзини уриб имомнинг орқасига ёки унга яқин жойга сафга туриб олавериши ҳам дуруст эмас.

Шунингдек, мазкур етук ва ақл эгаси бўлмиш кишиларга яқин жойга етуклик ва ақлда уларга яқинлашадиган кишилар туришлари лозим экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Бозорларнинг шовқинидан эҳтиёт бўлинг» деганлари. Улардаги беҳуда шовқин-сурон, талашиб-тортишишга ўзингизни урманг, деганлари. Албатта, бу ишларга ўзини билган, обрў- эътиборини сақлашга ҳаракат қилган одамлар ўзини урмаслиги керак. Шу билан бирга бу ерда масжиднинг зикри келаётгани учун, масжидни бозор қилиб юборманглар, деган маъно ҳам келиб чиқади.


Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал сафга эркак кишиларни, сўнгра ўғил болаларни чизар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган Аҳмаднинг лафзида: «Эркакларни ўғил болалардан олдин, ўғил болаларни уларнинг ортига ва аёлларни ўғил болалар ортига қўяр эдилар», дейилган.

Шарҳ: Демак, жамоат намозида сафга аввал эркак кишилар, кейин ўғил болалар, сўнгра аёллар турадилар.


Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларида ортга тисарилиш, кўрдилар ва уларга: «Олдинга келинглар! Менга етишиб туринглар! Сиздан кейингилар сизга етишиб турсинлар, ҳадеб ортга тисарилаверганларни Аллоҳ ортга суриб қўяди», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, доимо жамоат намозида олдинга интилиб туриш, олдинги сарфлардаги бўш жойларни тўлдиришга ҳаракат қилиш керак. Олдинги сафларга ўтишдан тортиниб, ортга тисарилганларни эса Аллоҳ таоло Ўз раҳматидан, фазлу карами ва юқори даражалардан ортга суриб қўяди.

Мазкур уч ҳадисдан ҳар ким ўзини билган ҳолда, ҳақли кишиларга йўл берган ҳолда олдинги сафларга интилиб туриш яхши иш эканлигини тушуниб оламиз.


ИМОМГА ЛУҚМА БЕРИШ ЛОЗИМЛИГИ


Имомга луқма бериш, деганда намозда қироатда тўхтаб ёки адашиб қолган имомга иқтидо қилаётганлардан бири овоз чиқариб ўша ҳолатдан чиқиб олишга керак бўлган сўз ёки оятни ўқиш билан ёрдам бериш кўзда тутилади.

Арабчада бу иш «фатҳ» дейилади. Яъни, «очиш» дегани. Худди имом учун оятни қандоқ ўқиш қулфланиб қолгану луқма берган одам уни очиб юборади, дейилгани.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир намозда қироат қилаётиб илтибосга тушиб қолдилар. Ўқиб бўлганларидан кейин Убай ибн Каъбага: «Биз билан намоз ўқидингми?» деб сўрадилар.

«Ҳа», деди.

«Нима сени ман қилди?» дедилар.

Абу Довуд ривоят қилган. Ибн Ҳиббоннинг лафзида: «Сени менга луқма беришдан нима ман қилди?» дедилар» дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф имом илтибосга тушганда қавмнинг ичидан биладиган кишилар луқма бериши керак эканлигини кўрсатмоқда. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу энг яхши қори саҳобалардан эдилар. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан ўша кишидан нима учун луқма бермаганларини сўрамоқдалар.

Шунинг учун ҳам, доимо имомнинг ортида қироатни ва намоз аҳкомларини яхши биладиган кишилар туришлари лозим. Агар имом қироатда тўхтаб қолса, бирор сўз ёки оятни тушириб қўйса, бошқа оятга ўтиб кетса, хато ўқиб қўйса тузатади. Шунингдек, намознинг баъзи рукнини тарк қилса ёки зиёд қилса, «субҳаналлоҳ!» деб луқма берилади.


САФЛАРНИ ТЎҒРИЛАШ ВА ИМОМНИНГ У ҲАҚДАГИ ГАПИ ТЎҒРИСИДА


Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёки, албатта, сафларингизни тўғри қилурсиз, ёки Аллоҳ юзларингизни қарама-қарши қилиб қўюр», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ушбу ҳадиснинг ровийси билан яқиндан танишиб олайлик.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ансорийлардан бўлиб, Хазраж қабиласидандир. Кунялари Абу Абдуллоҳ.

Ҳижратнинг 2-йили Мадинада таваллуд топдилар. Ҳижратдан кейинги биринчи туғилган бола эдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўлдирилганда, хотинлари Ноила Усмонни кўйлакларини, Нўъмон ибн Баширга топшириб, Муовияга олиб боришни буюрадилар. Нўъмон ибн Башир Шомга бориб, кўйлакни Муовияга топширадилар, сўнгра Сиффин урушида Муовия билан қатнашадилар.

Димашқда қозилик қиладилар, кейинчалик Яман, Куфа, Ҳимс шаҳарларида амир бўладилар. Бу зот ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 124 та ҳадис ривоят қилдилар.

Бу зотдан икки ўғиллари Муҳаммад ва Башир, аш-Шаъбий, Ҳамид ибн Абдурраҳмон, Самок ибн Ҳарб, Солим ибн Абу ал-Жаъд ва бошқалар ривоят қилишди.

Нўъмон ибн Башир ҳижратнинг 65-йили «Маржураҳт» воқеъасида ўлдирилади.

Бу ҳадисда мусулмонлар жамоат намозига саф тортганларида уни тўғри тортишлари ўта лозим эканлиги таъкидланмоқда. Шу билан бирга сафни тўғриламаслик мусулмонлар ичида бир-бирларидан нафрат қилишлик, бир-бирини ёмон кўришликка сабаб бўлишлигига урғу берилмоқда.

Шунинг учун ҳам, доимо сафни тўғри олишга ҳаракат қилишимиз зарур. Ана ўшанда ўзаро келишмовчилик, нафратдан омонда бўламиз. Лекин, минг афсуслар бўлсинким кўпчилигимиз бунга унча эътибор бермаймиз. Энди, билиб олдик, эътибор бермасликка ҳаққимиз йўқ.


Имом Муслим қилган ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафларни худди камон ўқини тўғрилагандек тўғрилар эдилар», дейилган».

Шарҳ: Маълумки, камоннинг ўқи қанчалик тўғри бўлса, у билан нишонга олиш шунчалик осон ва бехато бўлади. Шунинг учун ҳам камончилар ўқнинг учига темир, кетига пат қадашдан олдин уни катта эҳтимом билан тўғрилайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам камончи ўқни қанчалик эҳтимом билан тўғриласа, намоздаги сафларни шунчалик эҳтимом ила тўғрилар эканлар.

Демак, имомлар намозни бошлашдан олдин катта эҳтимом билан сафларни тўғрилашлари лозим.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Намозга иқома айтилди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга юзлари ила қарадилар ва сафларингизни тўғриланглар, етишиб туринглар, мен сизларни ортимдан ҳам кўраман», дедилар». Учовлари ривоят қилган.

Бухорийнинг ривоятида: «Сафларингизни тўғриланглар. Мен сизларни ортимдан ҳам кўрурман», дедилар. Биздан биримиз елкасини соҳибининг елкасига, қадамини қадамига тегизиб турар эди», дейилган». Бошқа бир ривоятда:

«Сафларингизни тўғриланглар, албатта, сафни тўғрилаш намознинг батамомлигидандир», деганлар.

Яна бошқа бир ривоятда эса: «Намозда сафни тўғри қилинг. Албатта, сафни тўғри қилиш намознинг гўзаллигидандир», деганлар.

Шарҳ:


Ушбу ривоятлардан олинадиган фойдалар:


1. Намозга иқома айтилгандан сўнг имом юзини қавмга ўгириб, уларни сафни тўғрилашга чақириши.

2. Қавм сафни етиштириб туриши лозимлиги.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидаги нарсани ҳам кўриш хусусиятлари борлиги.

4. Сафда турганда елкани елкага текказиб туриш сафларни етиштиришнинг ниҳояси эканлиги.


Баъзилар сафда оёқни ёнидаги кишнинг оёғига текказиб турмаса бўлмайди, деб ҳам тушунганлар.

Лекин кўпчилик уламолар бу фикрни қабул қилмаганлар. Бу ривоятда қадамларни бир-бирига текказиб туриш ҳақида келган гап, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари эмас, ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг гаплари эканлиги маълум бўлди.

Унда саҳобаи киромларнинг сафда турганлари ровий томонидан васф қилинмоқда. Бу маъно фақат биргина ривоятда келгани учун машҳур тўрт фиқҳий мазҳабнинг барчаси амал учун олмаганлар. Яъни, намозда сафда турганлар оёқларини кериб бир – бирига теккизиб туриш керак демаганлар. Намоз маълум ва машҳур ибодат. Бу ибодат фарз қилингандан бошлаб кўп йиллар давомида ҳамманинг иштирокида ва кўз ўнгида адо этилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом кўпчиликка намозни ўргатганлар. Жумладан, сафда туришни ҳам. Ўша машҳур ривоятларнинг бирортасида сафда турган одам оёғини кериб ёнида турган кишининг оёғига теккизиши фарз, вожиб, суннат ёки мустаҳаб эканлиги айтилмаган. Усули фиқҳ қоидасига биноан, намозга ўхшаш машҳур нарсаларда бир дона саҳобийнинг гапи ҳужжат қилиб олинмайди. Худди шу қоидага биноан мўътабар тўрт мазъабдан бирортаси ҳам юқорида ўтган ривоятни қабул қилмаган. Балки ҳанафийлар икки оёқнинг орасини тўрт энлик миқдорда очиб туришни таъкидлаганлар.

Аммо бизда бу нарсани шу маънода тушуниш ўрнига баъзи келишмовчиликларга омил қилиб ишлатилиши афсусланарлидир.


5. Сафнинг тўғрилиги намознинг батамомлигидан эканлиги. Яъни, жамоат намозида саф қанчалик тўғри бўлса, ўша намоз шунчалик тўла-тўкис бўлади. Жамоат намозида саф қанчалик қинғир-қийшиқ бўлса, у шунчалик нуқсонли бўлади.

6. Сафнинг тўғрилиги намознинг гўзаллигидандир. Саф қанчалик тўғри бўлса, намоз шунчалик гўзал бўлади. Саф қанчалик қинғир-қийшиқ бўлса намоз ўз гўзаллигини шунчалик йўқотади.


Демак, мусулмонлар жамоат намозида сафларни тўғрилашга ушбу зикр қилинган маънолар юзасидан ҳам эътибор беришлари керак. Жамоат намозида сафларни жипс ва тўғри қилишда мусулмон уммат аъзолари ўртасидаги жипслик, ишларни батамом ва гўзал қилиш рамзи борлигига аҳамият беришлари керак.

Бу ишда нафақат қуруқ буйруқ ва амрни, балки, маънавий гўзаллик, завқий ҳис этишни ҳам кўра билиш керак. Бу ҳолат ғайри мусулмонларга ҳам таъсир қилишини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Бу ҳақиқатни бошқа динлардан ёки динсизликдан Исломга ўтган кишиларнинг гапларидан тушуниб олиш мумкин. Уларнинг баъзилари бу ҳақда ўз эсдаликлари ва китобларида ажойиб услуб ила ёзганлар.


Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафнинг у бошидан бу бошигача орасини тўғрилаб елкаларимиз ва кўкракларимизни силаб чиқар ва: «Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилоф қилиб қолмасин», дер эдилар. Яна:

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари биринчи сафларга салавот айтурлар», дер эдилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сафларнинг тўғри бўлишига нафақат оғзаки тарзда, балки, амалий йўл билан ҳам эътибор берганлари баён қилинмоқда. Сафнинг тўғрилигини кўзлари билан кўрганларига кифояланмай, қўллари билан ҳам ушлаб тўғрилаб чиқишлари шуни кўрсатади.

Имомларимиз ҳам шундоқ қилишлари керак бўлади.

Иккинчидан, сафдаги қинғир-қийшиқлик мусулмонларнинг қалбларидаги қинғир-қийшиқликка ҳам сабаб бўлиши баён қилинмоқда.

Демак, мусулмонлар жамоат намозида сафларини тўғри ва бир хил тутсалар, қалблари ҳам тўғри ва бир хил бўлади. Агар улар сафларини қинғир ва қийшиқ тутсалар, қалблари ҳам қинғир ва қийшиқ бўлади. Намоз ўқиб, жамоатда иштирок этганларнинг ҳоли шу бўлса, намоз ўқимай, жамоатга келмай юрганларнинг ҳоли қандоқ бўлишини билиб олаверса бўлади.

Учинчидан, ҳадисда Аллоҳ биринчи сафда турганларга Ўз раҳматини нозил қилиши, фаришталар уларнинг ҳаққига истиғфор айтиб дуо қилишлари ҳақида баён қилинмоқда.

Демак, биринчи сафларда турган намозхон ўзига Аллоҳнинг раҳмати ёғилаётганини ҳис қилиб, фаришталар ҳаққига дуо қилаётганини сезиб турмоғи лозим.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозга турсалар ўнг қўлларига бир чўпни олиб, (ўнгга) бурилиб: «Мўътадил бўлинглар, сафларингизни тўғриланглар», деб чиқар, сўнгра чап қўлларига олиб:

«Мўътадил бўлинглар, сафларингизни тўғриланглар», деб чиқар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга турганларида бир хурмо шохидан бўлган чўпни олиб аввало уни ўнг қўллари билан тутган ҳолларида сафнинг ўнг томонини чўп билан тўғрилаб чиқар эди.

Сўнгра чўпни чап қўллари билан тутиб сафнинг чап томонини тўғрилаб чиқар эдилар.

Бу ҳам сафнинг тўғри бўлиши қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатади.

Имом домлалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тасарруфларидан ўрнак олиб, намоз бошланишидан олдин сафни тўғрилашга аҳамият беришлари лозимлигини кўрсатади.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сафларингизнинг жипслаштиринглар, уларнинг орасини яқинлаштирингиз, бўйинларни баробарлаштиринг! Менинг жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, мен шайтонларнинг сафдаги очиқлардан қўзичоқлардай бўлиб кираётганларини кўрурман», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда сафларнинг тўғри бўлиши билан бирга, яна лозим бўлган бошқа нарсаларга ҳам эътибор берилмоқда.

Ўша нарсалардан бири сафларнинг жипс бўлиши. Сафда турган кишилар сафни тўғри тутиш билан бирга унда жипслашиб туришга ҳам эътибор беришлари зарур. Бир-бирларининг ораларида очиқ жой қўймасликлари керак. Агар ўшандоқ очиқ жой қолдирилса, ундан Шайтон кириб васваса қилиши мумкин.

Иккинчидан, аввалги саф билан кейинги саф орасида ҳам кенг жой қолмаслиги керак. Баъзи уламоларимиз, икки саф орасидаги масофа яна бир саф сиғиши даражасида бўлмаслиги керак, деганлар. Бошқа бир уламоларимиз, оралиқ масофа уч зироъ (1 зироъ – 42,5 см.) бўлиши керак, деганлар.

Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, кейинги сафдаги одам сажда қилганда олдинги сафдаги одамнинг оёғига боши тегмайдиган даражада бўлса яхши. Саҳобаи киромларнинг сафлари шундоқ бўлган.

Учинчидан, сафда турган одамлар қадди-қоматларини ҳам рост тутиб бўйинларини тўғри чизиқда тургандек тутишлари керак, Оёқларни тўғрилаб олиб, бири олдинга эгилиб, бошқаси орқага ташланиб, учинчиси яна бошқача турмаслиги керак.


Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сафларни тўғриланг! Елкаларингизни тенглаштиринг! Очиқ жойларни тўлдиринг! Биродарларингиз қўлига мулойим бўлинг! Шайтон учун очиқликлар қолдирманг! Ким сафни етказиб турса, Аллоҳ ҳам уни (муродига) етиштиради. Ким сафни узса, Аллоҳ ҳам уни узади», дедилар».

Икки ҳадисни Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда саф бўйича бир неча амри набавий келмоқда.

1. «Сафларни тўғриланг!»

Жамоат намозида нечта саф бўлса ҳаммасини тўғри тутиш керак. Одатда биринчи, нари борса иккинчи саф тўғирланади-да кейинги сафларда бу нарсага эътибор берилмайди. Саф имомдан қанча узоқлашса, унинг тўғрилиги шунчалик бузилиб бораверади. Аслида эса биринчи саф қанчалик тўғри бўлса, охирги саф ҳам шунчалик тўғри бўлиши керак.

2. «Елкаларингизни тенглаштиринг!»

Одатда сафни тўғрилаш деганда оёқлар тенглаштириладию, тананинг юқори қисмига эътибор берилмайди. Аслида эса оёқлар ва елкаларни ҳам тенглаштириб тўғрилаш керак. Оёқлар тўғри бўлиб, елкалар қинғир-қийшиқ турса ҳам бўлмайди.

3. «Очиқ жойларни тўлдиринг!»

Сафдаги очиқ қолган жойни тўлдириш орқадаги кишилардан бирининг ўша жойга кириши ёки очиқ жой кичик бўлса ўша жойдаги кишининг ёнига силжиб шеригига жипслашиши билан бўлади. Сафда турганлар бир-бирларига тегиб туришлари керак.

4. «Биродарларингиз қўлига мулойим бўлинг!»

Яъни, баъзи биродарларингиз сафни тўғрилаш ёки тўлдириш учун сизга қўлини теккизиб тўғрилашингиз ёки силжишингизга ишорат қилса, мулойим бўлинг. Тезда у ишора қилган ишни бажаринг.

Имом Абу Довуд ва Имом Таборонийлар қилган ривоятда:

«Сизларнинг энг яхшиларингиз намозда елкалари мулойимларингиздир», дейилган.

5. «Шайтон учун очиқликлар қолдирманг!»

Бу жумла олдинги маъноларни таъкиди учун келмоқда. Намоздаги сафда очиқлик қолдириш, шайтон кириши учун очиқлик қолдиришдир.

Сафларни етказиб туриш улкан савобга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло у бандани улуғ савобларга, мурод мақсадига етказади. Сафларни узиш эса аксинча яхшиликка олиб бормайди. Аллоҳ таоло томонидан яхшиликларнинг узилишига сабаб бўлади. Шунинг учун доимо сафга турганимизда мазкур ҳадисларга амал қилишимиз керак.


САФЛАРНИ ТЎЛАТИШ ЗАРУРЛИГИ ВА ЁЛҒИЗ ТУРИШНИНГ МАКРУҲЛИГИ


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сафларни тўлдирингиз! Албатта, мен сизларни ортимдан ҳам кўрурман», дедилар». Муслим ривоят қилган.

Абу Довуднинг лафзида: «Олдинги сафни тўлдиринг, сўнгра ундан кейингисини. Агар камлик бўладиган бўлса, охирги сафда бўлсин», дедилар».

Шарҳ: Одатда сафга туришда дангасалигимиздан ўзимиз турган жойга яқинроқ ерга туриб олишга ҳаракат қиламиз. Оқибатда олдинги сафлар тўлмай туриб, бошқа сафлар олинади. Бу эса ушбу ҳадиси шариф нуқтаи назаридан мутлақо нотўғридир.

Аввал ҳамма биринчи сафни тўлдиришга ҳаракат қилиши лозим. Саф қуришнинг бошланиш нуқтаси имомнинг ортидан бўлиши керак.

Чунки ҳар бир сафнинг энг афзал нуқтаси имомнинг орқасидаги жой, кейин эса ўнг томонидир.

Шунинг учун ҳар бир сафни имомнинг орқасидаги нуқтадан бошлаб аввал ўнг томонини, кейин чап томонини тўлдириш керак.

Аввал саф тўлганидан кейингина иккинчи сафга ўтиш керак. Шундоқ қилиб бориб-бориб камчилик бўлиб, саф тўлмайдиган бўлса, охирги сафда бўлиши лозим.


Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Худди фаришталар Роббилари ҳузурида саф тортганларидек, саф тортмайсизларми?!» дедилар. Биз: «Фаришталар қандоқ саф тортурлар?» дедик. У зот: «Олдинги сафларни тўлдирурлар ва сафда жипслашиб турурлар», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, намозда саф тортиб туриш, сиз билан биз ўйлагандек, оддий нарса эмас. Намоздаги сафларимиз фаришталарнинг Аллоҳ таоло ҳузурида саф тортишлари каби бир ишдир. Агар биз мусулмонлар ўз қадримизни биладиган бўлсак, Аллоҳга иймонимиз ва ибодатимиз ила фаришталардан юқори даражада бўла оламиз. Намозда сафда туриш эса ўша олий мақомнинг энг гўзал кўринишларидан биридир. Шунинг учун, бу олий мақомни тўла ҳис қилган ҳолда саф тортиш керак.

Чунки намозга саф тортаётган мусулмонлар жамоат бўлиб Аллоҳ ила роз айтишиш учун саф тортаётган бўладилар. Уларнинг сафлари тўғри, жипс ва гўзал бўлиши фаришталарнинг сафидек бўлиши керак.


Абдулҳамид ибн Маҳмуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Амирлардан бир амирнинг орқасида намоз ўқидик. Одамлар аралаш-қуралаш бўлиб кетдилар. Биз икки устуннинг орасида намоз ўқидик. Намозни ўқиб бўлганимиздан кейин Анас: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шундоқ бўлишидан қўрқар эдик», деди».

Шарҳ: Аввало ровий Абдулҳамид ибн Маҳмуд розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Абдулҳамид ибн Маҳмуд Миълавий ал-Басрий, ҳадисларни Анас ибн Молик ва Абдуллоҳ ибн Аббослардан ривоят қилдилар. У зотдан ўғиллари Ҳамза ва Сайфилар ривоят қилишди.

Имом Насаий, Абдулҳамид ибн Маҳмуд ишончли ҳадис ривоят қилган зотлардан эдилар, деб айтадилар.

Ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шундоқ бўлишидан қўрқар эдик, деганларидан, аралаш-қуралаш бўлиб сафга эътибор бермасликни ва икки устун орасида намоз ўқишни ҳам тушуниш мумкин.

Баъзи бир уламолар, жумладан, Имом Аҳмад икки устун орасида саф тортиш макруҳ, деганлар.

Аммо жумҳур уламолар бу ишда кароҳат йўқ, икки устун орасида намозга саф тортса бўлаверади, деганлар.

Бу хилма-хиллик ушбу ҳадисни турлича тушуниш ва бошқа ҳадиси шарифларга солиштиришдан келиб чиққан. Ҳар ким ўз мазҳабига амал қилиб, бошқани ҳурмат қилса, орада хилоф чиқмаса, яхши бўлади.


Вобиса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафнинг орқасида ёлғиз ўзи намоз ўқиётган одамни кўрдилар ва уни намозни қайтадан ўқишга амр қилдилар». Абу Довуд, Аҳмад ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Вобиса розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Вобиса ибн Маъднинг кунялари, Абу Солимдир. Куфада истиқомат қиладилар. Сўнгра «Раққа» деган жойга кўчиб ўтдилар ва ана шу ерда вафот этдилар. Бу зотдан икки ўғиллари Амр ва Солим, Зиёд ибн Абу ал-Жаъдлар ривоят қилишди.

Ушбу ҳадисда бир киши жамоат намозидаги сафда ёлғиз ўзи туриши яхши эмаслиги таъкидланмоқда. Агар бир киши сафга сиғмай қолса, яна одам келиши эҳтимоли узоқ бўлса, охирги сафдан бир кишини ушлаб секин тортса, у сафдан чиқиши ва икковлари саф бўлиб туришлари керак.

Жумҳур уламолар бу ҳадисдан агар бир одам сафдан ташқарида ёлғиз ўзи намоз ўқиса, намози қабул бўлмайди, деган гап келиб чиқмайди. Бу ердаги намозни қайта ўқиш ҳақидаги амр мажбурий эмас. Намознинг нуқсонли бўлишини таъкидлаш учун холос, деганлар.

Бу гапни қуйида келадиган ҳадис ҳам қувватлайди.


Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Масжидга кирсам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ қилиб турган эканлар сафга етмасдан мен ҳам рукуъ қилдим. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ҳирсингни зиёда қилсин, қайта бундоқ қилма», дедилар». Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Абу Бакра розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ракъат намозни топиб қолай, сафга турсам у зот рукуъдан бошларини кўтариб қолишлари мумкин, деб савобга ҳирс қўйиб, сафга турмай намозни ният қилган эдилар.

Аллоҳ таоло ортларидаги нарсани ҳам кўриш хусусиятини берган зот, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолни намозда туриб билдилар ва намоздан кейин Абу Бакра розияллоҳу анҳуга, Аллоҳ савобга ҳарислигингни зиёда қилсин, аммо сафга етмай туриб, намозга ният қилишни иккинчи бор такрорлама, дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Бакра розияллоҳу анҳуга намозни қайта ўқи, демаганлари сафдан ташқарида ёлғиз намоз ўқиган одамнинг намози нуқсонли бўлиб қабул қилинишини кўрсатади.


ИМОМНИНГ НАМОЗДАН БУРИЛИШИ ВА ОДАМЛАР ТОМОН ЮЗЛАНИШИ


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Сиздан бирортангиз фақат ўнг томонидан бошқа томони билан бурилиши ноҳақ, деб, ўйлаб ўзининг намозидан Шайтонга бир нарса бериб қўймасин. Батаҳқиқ, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чап томонлари билан ўгирилганларини кўп кўрганман», дедилар». Учовлари ривоят қилган.

Имом Муслим ривоятида: «Суддий: «Анасдан, намоз ўқиганимда, қандоқ ўгириламан, ўнг томоним илами, чап томоним илами?» деб сўрасам. «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпинча ўнг томонлари ила ўгирилганларини кўрганман», деди», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятлардан намозни тугатиб салом бергандан кейин бурилишда ўнг томон ила бўлиши кўпроқлиги маълум бўлади. Аммо доимо ўнг томонга бурилиш зарур, деган тасаввурда ҳам бўлмаслик кераклиги англанади.


Қобийса ибн Ҳалиб розияллоҳу анҳудан,у киши ўз отасидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга имомлик қилар, бурилганларида эса икки томонлари ила гоҳида ўнг томонлари, гоҳида чап томонлари ила бурилар эдилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам олдинги ривоятлардаги маънони таъкидламоқда. Намозни ўқиб бўлиб ортга қайрилишда гоҳ ўнг томон, гоҳ чап томон ила қайрилиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экан, имомларимиз ҳам, ҳар биримиз ҳам шундоқ қилмоғимиз марғубдир.


Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозни ўқиб бўлсалар, биз томон юзланар эдилар». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Намозни ўқиб бўлгандан кейин имомнинг қавмга юзланиб ўтириши шу ҳадисдан олинган. Олдинги ҳадислардаги ўнг ёки чап томонлар ила бурилиш ҳам ана ўша пайтда бўлган.


Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имом намоз ўқиган жойидан бошқа жойга ўтмай туриб намоз ўқимайди», дедилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.

Шарҳ: Яъни, имом фарз намозни ўқиган жойдан бошқа жойга ўтиб туриб, суннат намоз ўқийди. Шунингдек, бошқа намозхонлар ҳам жойларини ўзгартириб ўқигани афзал. Чунки ҳар бир намоз ўқиган жой, унинг тепасидаги осмон, қиёмат куни намозхон фойдасига гувоҳлик беради. Киши қанча кўп жойда намоз ўқиса, гувоҳи шунча кўпаяди. У ўлган куни ўша ер ва осмонлар йиғлайдилар.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирингиз намоз ўқиб бўлганида олдинга, орқага ёки ўнг ёки чапига қимирлашдан ожиз бўладими?» дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам олдингисини таъкидлаб, бу ҳукм фақат имомга эмас, балки ҳаммага тааллуқли эканини баён қилмоқда. Икки намоз орасини бирор нарса билан бўлиш керак, деган гап ҳам шундан келиб чиққан. Бир намозини ўқиб бўлиб иккинчисини бошлашдан олдин бирор ҳаракат, ҳеч бўлмаса гап билан бўлиниш ҳосил қилмоқ керак, дейдилар баъзи уламоларимиз.


НАМОЗНИ ЖАМОАТ ИЛА ҚАЙТА ЎҚИШ


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хуфтон намозини ўқир, сўнгра қавмига келиб уларга ўша намозни ўқиб берар эди». Тўртовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўта фазилатли ва илмли саҳобалардан эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ҳақларида:

«Муоз ибн Жабал ҳалол-ҳаромни энг яхши биладиганингиздир», деганлар. Шунинг учун қавми у кишини жуда ҳам ҳурмат қилар, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу келиб имом бўлмагунларича намозни ўқимай кутиб ўтирар эдилар.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида иқтидо қилиб намоз ўқишни ҳеч нарсага алмаштирмас эдилар. Шу сабабдан масала икки томонни ҳам рози қиладиган шаклда ҳал қилинган эди.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Хуфтонни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўқир, қавми эса кутиб турар эди.

Сўнгра Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу келиб имом бўлиб Хуфтон намозини ўқиб берар эдилар.

Демак, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Хуфтон намозини икки марта ўқир эдилар.

Воқеъликда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Хуфтоннинг фарзини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан адо этар эдилар. У киши қавмларига имом бўлганларида эса нафл намоз ўқир эдилар.

Ушбу фикрни қувватлаган имом Шофеъий ва баъзи уламолар фарз намоз ўқувчи нафл намоз ўқувчининг орқасидан иқтидо қилса бўлади, дейдилар.

Бошқа уламолар эса бу Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга хос нарса, бошқаларга бўлмаган ва бўлмайди ҳам, дейдилар.


Язид ибн ал-Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши ёш болалик чоғларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиганлар. У зот намозни ўқиб бўлиб, бирдан икки кишини намоз ўқимай масжиднинг бир томонида турганларини кўриб қолдилар. Бас, уларни чақирдилар. Уларни титраб-қалтираб турган ҳолларида олиб келишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни биз билан намоз ўқишдан нима ман қилди?» деб сўрадилар. Икковлари:

«Биз намозни ўз жойларимизда ўқидик», дедилар.

Бас, у зот: «Ундоқ қилманглар. Қачон бирингиз ўз жойида намоз ўқиса-ю, сўнгра имомни намоз ўқимаган ҳолда топса, у билан намоз ўқисин. Албатта, у(намоз) унинг учун нафлдир», дедилар».

Сунан эгалари ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Ёшликдан жамоат билан намоз ўқишга тарғиб.

2. Раҳбар кишиларнинг намоз ўқишини кузатиб туриши лозимлиги.

3. Намоз ўқимаганларнинг нима учун намоз ўқимаганлари ҳақида сўраб суриштириш кераклиги.

4. Одамларга намоз ўқимаганлик ҳақидаги сўровдан қўрқиш ҳисси бўлиши кераклиги.

5. Ўз жойида намоз ўқиб олган киши ўша намозни жамоат шаклда ўқилаётгани устидан чиқса, унга қўшилиб ўқишга ва бу намоз унинг учун нафл намоз бўлиши.


Ҳанафий мазҳабида ўзи ёлғиз намоз ўқиган одам жамоатга ҳозир бўлса, нафл нияти ила қўшилади. Жамоат билан намоз ўқиган одам яна бошқа бир жамоатга қўшилиши шарт эмас, дейилади.


ИМОМ ЎЗ ЎРНИГА БОШҚАНИ ҚЎЙСА ЖОИЗ


Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Амр ибн Авф(қабиласи)га уларнинг ораларини ислоҳ қилиш учун бордилар. Намоз вақти бўлиб қолди. Муаззин Абу Бакрнинг ҳузурига келиб: «Иқомат айтсам, одамларга намозга ўтиб берасанми?» деди.

«Ҳа», деди.

Бас, Абу Бакр намоз бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб намоз ўқиётганлар ичидан ўтиб сафга турдилар. Одамлар қарсак чалдилар. Абу Бакр намозда ҳеч нарсага назар солмас эди. Одамлар қарсакни кўпайтириб юборганларидан кейин назар солиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга, маконингда туравер, деб ишора қилдилар. Абу Бакр икки қўлини кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга амр қилган нарса учун Аллоҳга ҳамд айтди. Сўнгра орқасига тисарилиб сафга турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга ўтиб намозини ўқиб битирдилар ва намоздан чиққанларидан сўнг:

«Эй, Абу Бакр, мен амр қилганимда сени собит туришдан нима ман қилди?» дедилар.

Абу Бакр:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, Абу Қуҳофанинг ўғлига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида туриб намоз ўқишга йўл бўлсин», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Не бўлдиким, қарсакни кўпайтириб юбордингиз? Кимнинг намозида бир нарса ташвишга солса, тасбиҳ айтсин. Чунки қачон у тасбиҳ айтса унга эътибор берилади. Қарасак чалиш аёллар учундир», дедилар». Учовлари ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Бани Амр ибн Авф ансорийларнинг Авс қабилаларидан бўлиб, Қубо тарафда истиқомат қилар эдилар. Уларнинг орасида жанжал чиқиб, муштлашув бўлган, бир-бирларига тош отишган эдилар. Ана ўшандан келиб чиққан ўртадаги бузилишни ислоҳ қилиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига борган эдилар.

Аср намози бўлиб, ҳазрати Билол азон айтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига, агар намоз вақти бўлиб қолса-ю, мен келмасам, Абу Бакрга айтгин одамларга жамоат намозини ўқиб берсин, деб кетган эдилар. Ҳазрати Билол бориб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бу гапни айтиб, иқома айтаверайми, дедилар. У киши: «Ҳа», дедилар. Намоз бошланди.

Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом етиб келиб сафларни ёриб ўтиб биринчи сафга турдилар. Кейин ушбу ривоятда зикр қилинган ҳодисалар бўлиб ўтди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонлар орасини ислоҳ қилишга қаттиқ уринганликлари.

Уришиб қолганлар олдига шахсан ўзлари боришлари ва намоздан кеч қолиш эҳтимоли борлиги учун ҳазрати Билолга Абу Бакр имом бўлсин, деб тайинлаб кетишлари шуни кўрсатади.

2. Имом ўзи йўқ вақтида ўрнига ким ўтишни тайинлаб қўйиши яхши экани.

3. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазллари.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мен кеч қолсам, Абу Бакр намозга ўтсин, дейишлари жуда катта гап. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин у кишининг халифа бўлишларига ишорат бўлган нарсалардан бири ҳам шу.

4. Намозда имом алмашиниши мумкинлиги.

5. Кейин имом бўлган шахс намозга кеч қолиб келган бўлса ҳам бўлавериши.

6. Биринчи имом муқтадий бўлиб, намозни давом эттиравериши жоизлиги. Бу ҳолда у имомлик жойидан сафга қибладан ўгирилмаган ҳолда орқасига тисарилиб ўтади.

7. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бўлган юксак ҳурматлари.

8. Намозда бирор нарсага эътиборни жалб қилиш лозим бўлиб қолса эркак кишилар тасбиҳ айтиши, аёллар эса қарсак чалиши кераклиги. Чунки намозда аёл кишининг овози эркакларга бошқага таъсир қилиши мумкин.


Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, оғирлашиб қолдилар. Бас, у зот:

«Абу Бакрга амр қилинглар одамларга намозга ўтсин», дедилар. Оиша: «У юмшоқ одам, агар сизнинг мақомингизга турса одамларга намоз ўқиб бера олмайди», деди. У зот: «Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин»-дедилар. У(Оиша) яна гапини қайтарди. Бас, у зот (унга): «Абу Бакрга айт. Одамларга намоз ўқиб берсин. Албатта, сиз(аёл)лар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дедилар. Бас, у(Абу Бакр)га хабарчи келди ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида одамларга намозга ўтди».

Шарҳ: Ушбу ҳадисда ривоят қилинаётган ҳодисалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида бўлиб ўтган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам касаллари оғирлашиб, ўзлари намозга ўтишга қодир бўлмай қолганларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни ўринларига имом бўлишларини тайинлаганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эса кўнгли юмшоқ, намозда кўп йиғлайдиган киши эдилар. Бу ҳолни яхши билган қизлари Оиша онамиз, мазкур васф соҳиби бўлган оталари ҳазрати Абу Бакрнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақомларида туриб намозга ўтишлари мақсадга мувофиқ бўлармикан, деган мулоҳазага келдилар ва бу мулоҳазани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам худди Оиша онамизнинг гапларини эшитмагандек яна аввалги гапларини такрорладилар. Оиша онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик туфайли гапимни яхши эшитмадилар шекилли, деб ўйлаб, ўзларининг аввалги гапларини такрорладилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишни Оиша онамизнинг ўзларига топширдилар. Сен Абу Бакрга айт. Одамларга намоз ўқиб берсин, дедилар. Шу билан бирга аёлларда шунга ўхшаш тасарруф олдиндан борлигини эслатиб, «Албатта, сиз, аёллар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дедилар.

Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларида аёлларнинг турли тасарруфлари ҳақида сўз юритилган. Жумладан, Миср Азизининг хотини ва унинг тасарруфлари баён қилинган. Чунки ўша аёл зоҳирда бир ишни қилиб, ботинда бошқа нарсани кўзлаган эди. У зоҳирда уйига аёлларни чақириб меҳмон қилади. Аммо аслида уларга Юсуф алайҳиссаломни кўрсатиб ҳайрон қилмоқчи бўлади.

Оиша онамиз ҳам бу мақомда, Абу Бакр юмшоқ кўнгил, демоқдалар, аммо аслида у имом бўлса, одамлар тарқаб кетармикан, деган гап бор эди.

Ушбу Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Имом узри бўлиб намозга ўта олмаса, ўрнига бошқа кишини тайин қилиши.

2. Бир ишга қатъийлик бўлса уни икки, уч марта бўлса ҳам қайта-қайта буюриш.

3. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг улуғ мақом эгаси эканликлари.

4. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида, У зотнинг беморликлари туфайли одамларга имом бўлиб намоз ўқиганлари. Бу ҳол у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича давом этгани.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик чоғларида Абу Бакрга одамларга намозга ўтишга амр қилдилар. Бас, у уларга намозга ўтиб турди. Урва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларида енгиллик сезиб чиқдилар. У зот чиққанларида Абу Бакр имомлик қилаётган эди. Абу Бакр у зотни кўриб орқага тисарила бошлади. У зот унга, қандоқ бўлсанг, шундоқ туравер, деб ишора қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг ёнига, унга тенглашиб ўтирдилар. Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларига, одамлар, Абу Бакрнинг намозига эргашиб намоз ўқидилар», деди».

Икки ҳадисни икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ:


Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Имом узри бўлса, ўрнига лойиқ бир кишини намозга ўтишга амр қилиши.

2. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазилатлари.

3. Имомлик қилаётган имомлигини кейин келган одамга топшириши мумкинлиги.

4. Ўтириб намоз ўқиган кишига тик туриб иқтидо қилиш мумкинлиги.

5. Имомнинг намозини бошқаларга етказиб турувчи кишига эргашиб намоз ўқиш мумкинлиги.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беморликларида Абу Бакрнинг орқасидан, кийимга ўраниб олиб, ўтириб намоз ўқидилар». Термизий ривоят қилган.

Насаийнинг лафзида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавм ила ўқиган охирги намоз, Абу Бакрнинг ортида бир кийимга ўралиб олиб ўқиган намозларидир», дейилган.

Шарҳ: Демак, имом бемор бўлса, унинг амрига биноан бошқа киши имомликка ўтса бўлади.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Абу Бакр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида одамларга намоз ўқиб берар эди. Токи, душанба куни келиб, улар намоз сафида турганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужранинг пардасини очдилар ва тик турган ҳолларида бизга назар сола бошладилар. Юзлари худди мусҳафнинг варағига ўхшаш эди. Сўнгра табассум ила кулимсирадилар. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб хурсанд бўлганимиздан фитнага тушай, дедик. Абу Бакр сафга етиб олиш учун орқасига тисарилди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга чиқадилар, деб ўйлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан, намозингизни тугатаверинг, деб ишора қилдилар ва пардани туширдилар. У зот ўша куни вафот этдилар». Икки шайх ривоят қилган. Аллоҳ билувчидир.

Шарҳ: Ровийнинг «Юзлари худди мусҳафнинг варағига ўхшаш эди» дегани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини ҳуснда, мусаффоликда Қуръони Каримнинг саҳифасига ўхшатишдир.

«Фитнага тушай, дедик» дегани, хурсанд бўлганимиздан намозни бузиб чиқиб олдиларига борайлик, деганидир.

Бу ҳадисда ҳам имом узрли бўлса, намозга бошқа одам ўтиши баён қилинмоқда. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душанба куни вафот этганлари келмоқда.

Ушбу ҳадислардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдин у кишининг ўринларига Абу Бакр Сиддиқ намозга ўтганликлари, баъзан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у кишининг ортида намоз ўқиганлари таъкидланмоқда. Бу у кишининг халифа бўлишларига ишорат эди.

Бу шароитни биринчи бўлиб тушунган кишилардан бири ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эдилар. Ҳазрати Умар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин саҳобалар ўртасида ким халифа бўлиши ҳақида маслаҳатда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг номзодларини қўллаб:

«Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динимиз учун рози бўлдилар. Биз қандоқ қилиб унга дунёмиз учун рози бўлмайлик?!» дедилар.

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга намозимизнинг имомлигини ишониб топширдилар. Биз қандоқ қилиб унга давлат раҳбарлигини топширмайлик?! деганлари.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намоз мўъминмусулмон учун муҳим амалдир. Унга жиддий ёндашиш, мукаммал, тўлиқ адо қилишга ҳаракат қилиш, намозни шариатда тўлиқ қабул қилинадиган тарзда ўқиш давоми...

4118 05:00 / 09.01.2017
...Катта жамоатларга, жума, ийд намозлари ва шунга ўхшаш жойларга ғусл қилиб бориш таъкидланган...Аллоҳ таоло .Иброҳим ва Исмоилга Байтимни тавоф, ибодат, рукуъ ва давоми...

4391 05:00 / 04.01.2017
Тасаввуф аҳли ўқийдиган асарларда ва фиқҳий манбаларда кундалик ва муайян вақтларда ўқиладиган нафл намозларга кўпроқ эътибор қаратилгани ўзўзидан маълум. давоми...

23424 05:00 / 09.01.2017
Яъни, охирги вақти чиқмай туриб бир ракати ўқиб қолинган намоз, вақт чиқмай туриб ўқилган ҳисобига ўтади. Гарчи бир ракатдан бошқаси ўз вақтида ўқилмаса ҳам.Абу давоми...

3641 05:00 / 04.01.2017