1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

“99 қоидаси”

11:28 / 22.01.2022 4568 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни подшоҳ вазирдан:

«Нега хизматчим, ҳеч нарсаси йўқ бўлса ҳам, мендан кўра ҳаётида бахтлироқ, мен эса ҳамма нарсаси бор подшоҳ бўлсам ҳам, таъбим хира?» деб сўради.

Вазир унга «Ўша хизматчи билан «99 қоидаси»ни тажриба қилиб кўринг» деди.

Подшоҳ ҳайрон бўлиб, «99 қоидаси нима?”, деб сўради. Вазир тушунтира бошлади:

«Бир халтага 99 динорни солинг-да, халта устига «Ушбу 100 динор сизга ҳадя» деб ёзиб қўйинг. Қоронғу тушганда, халтани ўша ходимнинг эшиги олдига қўйиб, эшикни таққиллатиб, у ердан узоқлашинг, сўнг нима юз беришини кузатиб туринг».

Подшоҳ вазир айтганидек қилди. Эшиги олдидаги халтани олган ходим уйига кириб, пулни санаб кўрди. Қараса, бир динор кам экан. «Бир динор ташқарига тушиб қолган бўлса керак» деди. Ўзи ва оила аъзолари кўчага чиқиб бир динорни ахтара бошлашди. Тун ҳам ўтиб бўлди, улар эса ҳамон пулни қидиришарди. Динорни топиша олмагани учун отанинг ғазаби тошди. Бироз олдин тинч турган одам энди оила аъзоларига ғазаб қилаётган эди. Чунки бир динор топилмаган эди. Эртаси куни ходим фикри тарқоқ, таъби хира, қовоғи солиқ, хўмрайган бир аҳволда подшоҳнинг ҳузурига борди. Шунда подшоҳ «99 қоида»нинг моҳиятини тушунди. Бу моҳият «Биз ўзимиздаги 99 та неъматни унутамиз» деган хулосадир.

Ҳа, Аллоҳ таоло бизга қанчадан қанча неъматларини берган ва бермоқда. Биз эса бошқаларнинг пулига, кийимига, машинасига, уйига қараб, ўзимиздаги неъматларни унутамиз. Қўлимизда турган неъматни санаш, қадрига етиш ва унинг учун Роббимизга ҳамду сано айтиш ўрнига, ҳали берилмаган неъматни қидириб, кутиб ҳаётимизни шукрсиз ўтказиб юборамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ۖ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ 

«Ва Роббингизнинг «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», - деб эълон қилганини ҳам эсланг» (Иброҳим сураси, 7-оят).

Аллоҳ таолонинг берган неъматига шукр қилиш ва ўша неъматни Унинг тоатига ишлатиш давомли бўлса, Аллоҳ таолонинг фазли ила неъмат ҳам давомли ва зиёда бўлади. Агар Аллоҳ таолонинг берган неъматига шукр қилинмаса, устига-устак, ўша неъмат Аллоҳ таолога маъсият бўладиган ишларга ишлатилса, бу нонкўрлик, куфрони неъмат бўлади. Бунда энди бор неъмат ҳам қўлдан кетиб, унинг ўрнига ўша нонкўрлик учун Аллоҳ таолонинг азоби келади.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббим менга Макканинг Батҳосини олтин қилиб беришини таклиф қилди. Мен: «Йўқ, эй Роббим! Лекин бир кун тўйиб, бир кун оч бўлганим яхши, - деб уч ёки шунга ўхшаш айтдилар ва давомида: – Оч қолсам, Сенга тазарру қилиб, Сени зикр қилурман. Тўйган чоғимда Сенга шукр қилиб, ҳамд айтурман», дедим», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан бойлик, молу дунё сўрамаяптилар. Балки фақирона ҳаётни ихтиёр этяптилар. Оч қолганларида, Аллоҳ таолога тазарру қилиб, У Зотни зикр қилишлари, тўйганларида эса, У Зотга шукр қилиб, ҳамд айтишларини баён этмоқдалар.

Биз умматлар севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқларини, шукрларини, зикрларини, бутун ҳаётларини яхшилаб ўрганиб, амал қилишимиз лозим.

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Аллоҳ азза ва жалланинг неъматларини Аллоҳ таолога шукр қилиш билан боғлаб қўйинглар!».

Аллоҳ таоло бизга қандай неъмат ато этган бўлса, раҳмати сабабли ато этгандир. Аллоҳ таоло бизга қайсидир неъматни бермаган бўлса, Ўзига маълум ҳикмати туфайли бермагандир.

Шундай экан, қўлимиздаги 99 та неъмат учун Аллоҳ таолога шукр қилайлик ва У Зотдан неъматларини зиёда этишини сўрайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни неъматга тўғри шукр қиладиган бандаларидан қилсин ва нонкўрлик, ношукрликдан асрасин!

У Зот барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Европаликлар ўзларини диндан мосуво қилдилар. Ахлоқ деган монеълик қилгувчи ёки дин деган тийиб тургувчи ҳам, илоҳий илмдан иборат уларни тўғриликка бошлагувчи давоми...

1682 11:23 / 31.07.2024
Халифа Маъмуннинг вақтига келиб мусулмон оламида юнон китобларини, хусусан, мантиқ, фалсафа ва фалакиётга оид китобларни таржима қилиш авж олди. Бу ҳаракат давлат давоми...

2742 09:53 / 13.02.2024
Черковнинг айби билан Оврўпа халқларнинг маъишат ва озодалик борасидаги вазиятлари ачинарли ҳолга тушиб қолган эди. Бу борада ёзилган айтилган гапсўзлар, давоми...

4289 15:00 / 26.12.2018
1228ndash1229 Папалар Гонорий III ва Григорий IX 1227ndash1241 босими остида Германия императори, Қудус тахти ворисаси Иолантанинг эри Фридрих II 1220ndash1250 1228 йилнинг ёзида давоми...

2490 13:52 / 30.10.2023