1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

«Абадий зиё маскани» номли ҳужжатли фильм тақдимоти ўтказилди

23:00 / 13.01.2022 1751 pdf Ўқиш режими + -

2022 йил 13 январь куни «Hilol nashr» матбаа нашриётининг мажлислар залида юртимиз уламоларининг етишиб чиқишининг сир-асрорлари, Мовароуннаҳр мадрасаларининг шукуҳи ҳақида ҳикоя қилувчи «Абадий зиё маскани» номли кўп қисмли ҳужжатли фильм лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. «Абадий зиё маскани» номли кўп қисмли ҳужжатли фильм лойиҳасини «Muslimaat.uz» сайти, «Bintu Sodiq», «Muallim Media» каналлари раҳбари Одинахон Муҳаммад Содиқ ва «Arabic.uz», «Hadisislom.uz», «Madrasa.uz» сайти раҳбари, «Grand ta'lim» араб тили устози Анвар Аҳмад домла  ҳамда «Hilol studio» MЧЖ  томонидан ташкиллаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда тасвирга олинди. Ушбу лойиҳа алломаларимизнинг меросини ёритиш, ёш авлодга илмнинг қувватини англатиш ва шу аснода маданий меросимизни тарғиб этишга қаратилган.
Тақдимотга юртимизнинг кўзга кўринган уламолари, хусусан, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари Анвар Аҳмад домла, ҳазратнинг фарзандлари Исмоил домла Муҳаммад Содиқ ва Одинахон Муҳаммад Содиқ, шунингдек, Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид, Аброр Мухтор Алий домла, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, вазир ўринбосари Темур Мирзаев, Ислом цивилизацияси маркази вакили Саидкомил Муҳаммад Карим, фахрий илм устозлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ташриф буюришди.

Тақдимот Аброр Мухтор Алий домланинг қаламига мансуб:

«Қуёш ҳар кун чиқса ҳам,

Тунлар ой тўлишса ҳам.

Зулмат йўқолмас бирдам,

Чорасиз қолдик, эй воҳ,

Сиз йўқсиз, Расулуллоҳ!...», деб номланган шеърий салавот билан бошланди.

Кейин «Абадий зиё маскани» номли видеоролик намойиш этилди.

Дарҳақиқат, юртимизнинг миллий бой меросини тарғиб қилиш мамлакатимизда зиёрат туризмини янада ривожлантиришга таъсир қилувчи асосий омил ҳисобланади. Хусусан, Президентимиз томонидан 9 февраль куни имзоланган ПФ-6165 сонли фармон ҳам бевосита соҳани ривожлантириш, зиёрат туризми орқали юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини оширишга олиб келиши кутилмоқда. Бу ўз навбатида қадимий обидалар, муқаддас зиёратгоҳлар, тарихий ва маданий ёдгорликларни сайёҳларга тақдим этишда ижодий ёндашув талаб этади. Юртимизда уламолар етишиб чиқишининг сир-асрорлари, Мовароуннаҳр мадрасаларининг шукуҳи ҳақида ҳикоя қилувчи «Абадий зиё маскани» кўп қисмли ҳужжатли фильм ана ўша лойиҳаларнинг бир намунасидир.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда тасвирга олинган мазкур ҳужжатли фильм юртимизга келувчи сайёҳлар учун намунавий, батафсил маълумот берувчи дастур сифатида қўлланилади. Мазкур фильм инглиз, араб тилларига таржима қилинган.

Тадбирда  arabic.uz сайти, @hadisislomuz, @madrasauz каналлари раҳбари, @grandtalim араб тили устози Анвар Аҳмад домла сўзга чиқдилар. «Қаранг, бу мадрасалар оддий ҳолатда бунёд этилмаган. Бу мадрасаларнинг қурилиш тарихи ҳақида улуғ ёшли инсонлардан кўп эшитганмиз ва китобларда ҳам маълумотлар келяпти», дейди устоз Анвар домла. — Бу мадрасаларнинг қурилишидан аввал унга кетадиган маблағга жуда қаттиқ эътибор қаратилган. Сўнгра уста, меъморларга ҳам таҳоратсиз меҳнат қилмайсиз, Аллоҳни зикр қилиб ғишт қўясиз дея таълимотлар уқтирилган. Бунинг натижасини биз бугунги кунда Наманган вилоятидаги «Мулла Қирғиз» ҳозирги «Ҳидоя» мадрасасининг қурилиш жараёни қай ҳолда олиб борилгани ҳақида устозлардан эшитганмиз. Мулла Қирғиз ҳазратларининг набиралари бизга бир воқеани айтиб бердилар: «У киши мадраса битгандан сўнг шу кўчадан юрмай қўйдилар. Нега бу кўчадан юрмайсиз дея устозга савол берилганда: «Ўша қурилган мадрасага назарим тушиб, қалбимга ужуб деган бало кириб қолишидан қўрқаман. Оқибатда шунча қилган савобларимдан махрум бўлиб қоламан дея жавоб берган эканлар». Ихлос билан қурилган мадраса бугунги кунда ҳам илм чашмаларини мўмин мусулмонларга кенг тарқатиб келмоқда. Шу ўринда яна бир маълумотни қайд этиш керакки, шу мадрасанинг ён атрофида бошқа мадрасалар ҳам бўлган. Аммо бугун уларнинг кўпи бузилиб йўқ бўлиб кетган.

Бу улуғ ҳазратга: «Эй Мулла Қирғиз ҳазратлари, сиз билан Аллоҳ ўртасида қандай сир бор эдики, сиз қурган бинолар бугунги кунда ҳам ўз фаолиятини давом эттиряпти?», дея мурожаат қилади устоз Анвар домла.

Демак, биз мўмин мусулмонлар диний ва дунёвий илмларни шу мадрасаларда ўрганар эканмиз. Келгусида юртимиздаги барча мадрасаларни ўрганиб, улар ҳақидаги асосли маълумотларни тўплаб, китоб шаклида халқимизга тақдим этамиз, иншааллоҳ, дея қўшимча қилди Анвар Аҳмад домла.

Сўнгра ушбу лойиҳада хизмат қилиб келаётган ходимлар ташаккурномалар билан тақдирландилар.

Кейин «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди имом ноиби, islom.uz портали раҳбари Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид нутқ қилдилар. «Мадрасалар бизнинг юртимизда имом Бухорий замонидаёқ фаолият юрита бошлаган. Имом Бухорий ўзлари иккита мадрасада таълим олган эканлар», дейди Қуръон ходими Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид. — Бироқ илк мадраса Ҳижозда 19 асрнинг иккинчи ярмида очилган. Бу вақтгача одатда масжидларда илм олинган. Шунингдек, Маккаи Мукаррамада биринчи мадрасага ҳиндистонлик аёл киши асос солган. Шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, мадраса низомини уламолар Бухородан олишган экан. Жумладан, Девбанд уламоларининг қўлланмалари ва манҳажларининг аксари Бухородан олинган. Хусусан, фиқҳда Бухоро мадрасаларининг ўрни жуда катта. Ҳанафий фиқҳининг энг катта ўчоғи ҳам Бухорода. Бундан ташқари Хивадаги Ичан қалъада тўқсонга яқин қорихоналар ва жуда кўплаб мадрасалар ҳам бўлган. Аввалари вақф биринчи ташкил этилиб, сўнгра мадрасалар фаолияти йўлга қўйилган.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид домла суҳбатлари давомида мадрасалар ҳақида муҳим бўлган тарихий ва илмий маълумотларни тақдимотда айтиб ўтдилар.

Кейин Туризм ва спорт вазирлиги вакиллари Темур Мирзаев, Иброҳим Барнаев, Исломиддин Сирожиддинов, Турсунали Қўзиевлар эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Сўнгра «Қуръон тажвидини ўргатиш» бўлими мудири ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори Аброр Мухтор Алий домла суҳбат қилиб берди.

«Ислом уммати китоб ва илм билан танилган. Ислом — маърифат дини. Илмий меросни асраб қолиш учун хайрли лойиҳани ташкиллаштириб, амалга ошираётганлардан Аллоҳ рози бўлсин», дея эътироф этади ўз суҳбатида Аброр домла. — Булар бугунги замонамизнинг жадидлари ҳисобланади. Ушбу тақдимотда маълум қилинишича, бугунги кунгача ўттизга яқин ҳужжатли кўрсатувлар тайёр бўлди дейилмоқда. Бу ўз навбатида шунча мадрасалар ҳақида тадқиқот ишлари олиб борилди дегани. Ўзбекистон Ислом цивилизация маркази қошида «Алломалар мероси» ва бошқа диний таълим даргоҳларида ҳам шунга ўхшаш йўналишлар жорий қилинган.

Суҳбат давомида Аброр домла илм ва тарихга оид мавзуларда маълумотлар бериб ўтди.

Тадбир жараёнида Туризм ва спорт вазирлиги, маданий мерос агентлиги ўринбосари, профессор Турсунали Қўзиев сўзга чиқдилар ва меросимизга оид диний тарихий обидалар ва уларга тааллуқли манбалар ҳақида гапириб ўтдилар.

Сўнгра muslimaat.uz сайти ва bintu Sodiq ҳамда muallim media каналлари раҳбари Одинахон Муҳаммад Содиқ сўзга чиқдилар. «Биз масжид ва мадрасалар руҳиятига кўпроқ эътибор беришимиз керак. Чунки уларга мажозий маънода жон берадиган нарса бу — руҳиятдир», дея таъкидлайди Одинахон Муҳаммад Содиқ. Шу билан бир қаторда тарихий обидалар, илмий мерослар, мадраса ва масжидлар ҳақида ўзларининг маърифий фикрларини билдириб ўтдилар.

Бир неча кун аввал фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг муборак ҳаётлари ва ёрқин йўлларини давом эттириш мақсадида «Пешқадам» деб номланган карвон ташкиллаштирилди. Бу карвонга қўшилишнинг биргина шарти бор, у ҳам бўлса, «пешқадам» васфининг соҳиби ва карвонимиз сарбони қўйган шартдир. Бу шарт — ихлосдир.

Карвон эшиги барча учун очиқ ва аъзо бўлишга шошилинг деб қоламиз!

Тадбир жараёнида Ислом цивилизацияси маркази вакили Саидкомил Муҳаммад Карим сўзга чиқиб, онлайн мадраса ҳақида маълумот бериб ўтди.

Улуғ аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий мерос биз авлодларга нафақат маърифат манбаси бўлиб хизмат қилади, балки илм олиш йўлида амал қилиниши зарур бўлган фойдали ва бебаҳо ўгит ва кўрсатмаларни ўзида мужассам этади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда илм аҳлларини мартаба ва даражаларини кўтариб қўйишини очиқ-ойдин баён қилган.

Тақдимот сўнгида Қуръон тиловати ўқилди ва дуолар қилинди.

Эслатиб ўтамиз, «Абадий зиё маскани» номли кўп қисмли ҳужжатли фильм лойиҳаси  «muslimaat.uz» сайти, «Bintu Sodiq», «Muallim Media» каналлари раҳбари Одинахон Муҳаммад Содиқ ва «arabic.uz», «hadisislom.uz», «madrasa.uz» сайти раҳбари, «Grand ta'lim» араб тили устози Анвар Аҳмад домла  ҳамда «Hilol studio» MЧЖ томонидан ташкиллаштирилган.

Хуршид Маъруф

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саудия Арабистони Подшоҳлиги Авиация Бошқармаси GACArdquo Подшоҳликка келувчи йўловчилар учун Covid19rdquo билан боғлиқ баъзи чекловларга ўзгартириш киритди.Эндиликда, давоми...

1732 17:28 / 10.03.2022
Маълумки, Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг ҳар чоршанба ва жума кунлари .Ҳазрат Навоийни англаш сари, туркум суҳбатлари бўлиб ўтаётган эди. Баъзи сабабларга кўра, давоми...

1450 14:38 / 17.03.2021
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмийтадқиқот бўлими жорий йилда олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқишга кириш учун абитуриентлар давоми...

699 17:47 / 31 май
Президент Шавкат Мирзиёевга диниймаърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.Барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама давоми...

1189 23:23 / 19 июнь
Видеолар
Аудиолар

135327 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55577 14:35 / 11.08.2021