1446 йил 9 жумадул аввал | 2024 йил 11 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

У зотга отилган ханжарларга жавобимиз

15:00 / 13.01.2022 2111 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яқинда бир олимнинг китоби билан танишишга тўғри келди. Миср православ насронийлар черковининг раҳбарларидан бири, Миср Шўро Кенгаши (парламенти)нинг ахборот, маданият ва сайёҳлик Қўмитаси раиси доктор Набил Луқо Бобовий «Насроний Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилади» деган каттагина китоб ёзди. Китоб муқовасида «Унинг номига қараб отилган ханжарларга жавобимиз» деган тагсарлавҳа ҳам қўйилган.

Муаллиф асарининг сўзбошисида бундай ёзади: «Шарқшунослар тарафидан Ислом ҳақида ёзилган китоблар билан танишар эканман, уларнинг кўпи Исломга, хоссатан, Аллоҳнинг Расули Муҳаммад алайҳиссаломга қора кўзойнак орқали қарашини тушуниб етдим. Ваҳоланки, у зот келтирган таълимотга ҳозир дунёда бир миллиард икки юз эллик миллион киши иймон келтирган. Шунинг учун биз ўзимизнинг илмий ва миллий бурчларимиздан келиб чиқиб, мусулмонлар тарафида ҳам турмаган, уларга қарши мутаассибларча курашмайдиган холис илмий тадқиқотчи сифатида шарқшуносларнинг туҳматларига жавоб бериш керак, деб ҳисоблаймиз. Шуни таъкидлаш лозимки, ушбу китобдаги барча маълумотлар ишончли манбалардан олинган. Шунинг учун муҳаббат ҳисси билан қуролланиб, мутаассиблик ҳиссидан халос бўлган ҳолда далилларни таҳлил қилиб чиқамиз. Насронийлар ҳам, мусулмонлар ҳам Ислом ва насронийлик ҳақида кўр-кўрона мутаассибликдан қочган ҳолда холис ва адолат билан ёзишсин, деган мақсадда бу ишни амалга оширдик.

Ҳар қандай дин тарафдори ўз динига қаттиқ эътиқод қилади, буни ўзгартириш жуда қийин. Иймон Аллоҳ томонидан берилади, ҳеч кимга бошқа диндаги кишини жазолаш ваколати берилмаган. Бундай ҳуқуққа фақат Қиёмат кунининг эгаси Аллоҳ ҳақлидир. Ҳар бир самовий дин тарафдорлари ўзга динга ҳурмат билан қарашлари, холис муносабатда бўлишлари лозим. Исломга, хоссатан, унинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши шиддатли ҳужумлар муносабати билан мен, мусулмон биродарлари ичида яшаб турган мисрлик насроний, шарқшуносларнинг барча ёлғон даъволари ва айбловларига жавоб қайтаришни ўзимнинг илмий ва миллий бурчим деб билдим. Бу ёлғонлар Пайғамбар номига отилган заҳарли ханжарлардир. Имкони борича бу туҳматларни аниқлаб-тўплаб, уларга батафсил жавоб қайтардим».

Муаллиф китобида Ислом ғанимларининг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, инсонларнинг энг комили бўлган зотга қарши беҳисоб туҳмат ва иғволарни сочишгани ва сочишаётганини ишонарли далил ва мисоллар билан фош этади. Унинг ёзишича, шарқшунос ва «диншунос»лар Аллоҳнинг элчисига ҳеч қандай асосга эга бўлмаган, мутлақо куракда турмайдиган, ҳатто ёш боланинг ҳам ишониши маҳол «айб»ларни тақаш билан одамларни алдамоқчи, Ислом дини ва унинг Пайғамбарини ёмонотлиқ қилмоқчи бўлишади. Китобда Пайғамбар алайҳиссаломга қарши тўқилган туҳматлардан бир нечаси келтирилиб, улар илмий жиҳатдан холис фош этилган.

Дин душманлари иддао қилиб келаётган туҳматларнинг биринчиси, гўё Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётларида насроний Буҳайро катта роль ўйнаган эмиш, у бутларни тарк этиб, Ийсо ибн Марям томон юзланишни ўргатган, Қуръон оятларини айтиб ёздирган эмиш. Бу афсона бора-бора яна янги тафсилотлар билан «бойитилади». Бошқа бир афсонага кўра, гўёки Пайғамбар алайҳиссалом насроний руҳонийи бўлган эмишлар, Папа у кишини шаккокликда айблаб, Арабистонга сургун қилган эмиш. У зот Арабистонда ўз таълимотини Кўҳна Аҳд ва Янги Аҳд (Инжил)дан кўчириб, ўзларини пайғамбар деб эълон қилган ва шу тариқа душманларидан ўч олган эмишлар. Яна бир туҳматга кўра, Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий нозил бўлаётганида у зотни тутқаноқ касали тутиб турган эмиш. Дин душманлари Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётларини ҳам иғво-бўҳтон мавзуига айлантириб олишган. Ҳазрати Оишага қилинган туҳмат (Ифк воқеаси) атрофидаги миш-мишларни қасддан бўрттириш, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча хотинга уйланишлари сабаби ва ҳикматини тушунмай, у зотни «хотинбозлик»да айблашлари ҳам уларнинг туҳматларидан бир кўринишдир. Ғарбдаги диншунос ва шарқшунослар ҳатто Ислом тарихида катта аҳамиятга эга бўлган ғазотларни ўлжани қўлга киритиш учун ўйлаб топилган талончилик урушлари деб аташдан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг турли ўлкаларнинг подшоҳ ва ҳукмдорлари Ҳирақл, Кисро, Муқавқас, Ғассоний, Нажоший ва бошқаларга юборган мактубларини инкор этишдан ҳам уялишмайди. Бундан ташқари, муаллиф китобда Монтгомери Ватт, Клейман Хувар, Мергелиюс, Бэндли Жузи, Тольстов, Арнольд каби Ғарбнинг таниқли шарқшунос ва тадқиқотчиларининг Ислом ва Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломни ёмонлаш, у зотнинг шахслари, қилган ишларини қоралаш мақсадида тинмай тарқатиб келган туҳмат ва бўҳтонларини далиллар асосида, илмий жиҳатдан холис фош этади. Доктор Набил Бобовий китобида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаънларига отилган туҳмат ўқларининг ўндан зиёдини келтириб, уларнинг ғирт асоссизлигини, туҳматдан бошқа нарса эмаслигини илмий далиллар билан исботлаб беради.

Мазкур китобни араб тилидан Алоуддин Фарахат Ҳасан ва Муҳаммад Алий Солиҳ русчага ўгиришган.

Маҳмуд Маҳкам

«Ҳилол» журналининг 12(33) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Барча мусулмонлар оммаси ўтганларга атаб, жумладан қабристонда Қуръон тиловат қилишга одатланганлар. Турли мазҳабларнинг уламолари бу ишга ўз фатволарини давоми...

250235 05:00 / 09.03.2017
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамизни дастлаб асранди ўғиллари бўлмиш Зайд розияллоҳу анҳуга никоҳлаб берганлари, кейин у киши Зайнаб онамизни давоми...

4263 05:00 / 09.03.2017
Аллоҳ азза ва жалла бу дунё ҳаётини яратиб, уни бизга берди ва зиммамизга юклаган вазифаларни ўргатгани каби бизларга унинг мазмунмоҳиятини ҳам ўргатди. Бу давоми...

4470 10:25 / 31.12.2017
Чала олим одамлар учун жоҳилдан ҳам зарарлироқдир. Жоҳил гапсўзида, ишида хатога йўл қўйиши мумкин. Унинг хатоси юзага чиқади. Аммо чала олимнинг хатари жуда катта давоми...

6539 11:04 / 12.12.2020
Аудиолар

134096 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54439 14:35 / 11.08.2021