1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Тасуф»нинг таассуфлари (иккинчи мақола)

14:30 / 27.12.2021 1237 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мана шу аканинг зиёратидан сўнг, каминада ҳам «тасуф»га қизиқиш ортиб, бу ҳақда вақтли матбуотдан маълумотларни излаш кал одамнинг бошидан тук қидиришдек беҳудалигини пайқаб, хонаси келиб қолганда тенгқурларимдан сўраб-суриштириб қўярдим. Кўпчилик бу ҳақида билмаса-да, қулоғига чалинган «миш-мишизм»ларига асосланган ҳолда «Ў-ў-ў, тасавву-у-уф! Сўфизи-и-им! Бу жуда буюк нарса!» дейишдан нари ўтмасди.

Мана шунақа олди-қочди гаплардан бу таълимоту тариқатга уйғонган озгина ихлосим вақтинча «катта танаффус» эълон қилди. Мана муҳтарам шайхимиз бу хусусида нималарни ёзган экан: «...Энг ачинарлиси, шаръий илмлардан хабардор кишиларимиз ичида тасаввуфни тузукроқ тушунадиганлари кам. Баъзи бирлари эса бошқаларга ёмон ўрнак бўлиб, шариат илмини билмайдиган шайхларга мурид бўлиб олишган. Улардан: «Бу нима савдо?» дея сўралса, «Йўқдан кўра юпунчиқ», дейишади» (Ўша китоб, 16-бет). Бу гапларни муҳтарам шайхимиз янги учинчи минг йилликда ёзмоқдалар: «...Мусулмонлар орасидаги ички низолардан эса кимлар манфаатдорлиги беш қўлдай аён».

...Искандар Мақдунийнинг Шарққа, Ўрта Осиёга юришлари доктринасида забт этилган ўлкаларда ўз дини ва маданиятини тарғиб қилиш кўзда тутилмаганди. Зеро, уларда бу борада ҳавас қиладиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Бесоқолбозлик меъёрий ҳолат, уларнинг худолари ерлик аёллар билан алоқа қилиб кетаверар ва фарзандли бўлишарди (масалан, Херакл – Зевс ва ерлик аёлнинг фарзанди, Ахилл ҳам ва яна «ярим худо», ярим башар бошқа афсонавий қаҳрамонлар). Македонскийдан икки юз йилдан кейин яшаган Рим императори ўзини худонинг ердаги сояси каби мақомига қаноат қилмай, Миср фиръавнларига тақлид қилиб, ўзини биратўла худо дея эълон қилди. Буни пичоқ ёрдамида текшириб кўришга уринган сафдош сенаторлар қарашса, у ҳам худойимнинг қону этдан иборат бошқалар қатори бир махлуқи экан. Ҳай, афсус... Орадан беш юз йиллар ўтиб, Муҳаммад алайҳиссаломга илоҳий ваҳий кела бошлаганида оддий авом, бошқа дин вакиллари «...у зотда ҳам башарий (инсоний) эҳтиёжлар борлигини айб деб билишарди.. «Улар дедилар: «Бу не Расулки, таом еб, бозорда юрадир?!» (Фурқон сураси, 7-оят). Мазкур китобнинг 213-бети).

Уларнинг сиғинадиган худолари ҳам жуда серуруғ бўлиб, ўзлари ҳам чалкашиб кетишарди. Қайтага улар забт этган ўлкалар яккахудоликка яқинроқ бўлмиш – қўшхудолик: Яхшилик ва Ёмонликка сиғиниш билан банд эдилар. Бундан ташқари, Қуёш ёки оловга сиғиниш ҳам бирхудоликка анча яқин эди. Ислом бу заминга кириб келгач, Мовароуннаҳр Ислом оламида илк реннесанс – тўққизинчи-ўнинчи асрларда Биринчи уйғониш даврига асос солиши халифа Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу бошчилигида икки юз йилча аввал бошланган ислоҳотларнинг меваси эди. Ислоҳотлар шундай дарахтки, мевасини тезда бермайди, мевага кирганидан сўнг эса ҳосилини ҳеч қаерга сиғдириб бўлмайди...

Том маънодаги бу илк реннесансга нуқта қўйган мўғуллар истилоси на маданият, на тақво бобида Ислом оламига ибрат бўларли эди. Шомонлик кўринишидаги табиатга сажда қилгучи бу кўчманчи халқларнинг бири ўз уруғини итдан, бошқаси кийикдан, учинчиси – кўк бўридан, тўртинчиси – бургутдан тарқаган, деган эътиқодда бўлиб, лотинча кўпхудоликнинг бошқача бир кўриниши эди (Ҳозир ҳам бунинг қолдиқлари мавжуд бўлиб, насабини бўридан, бургутдан тарқалган, дея ошкора ғурурланадиган, «Сени уруғинг итдан тарқалган», деган одам билан ётиб ёқалашадиганлар топилади. Бу тоифа ҳамма бани башар, Одам Атою Момо Ҳаввонинг зурриёди экани муқаддас китобимизда очиқ-ойдин ёзиб қўйилгани ҳолда, хурофотга маҳлиёликдан қутила олмайди). Мана шу истило йилларида кўз кўриб-қулоқ эшитмаган ҳодиса юз берди. Муғулзода Туғлуқ Темирхон шайх Жамолуддин даъватига кўра Ислом динига вобаста бўлди.

Пири-муршиди Нажмиддин Кубро мўғул қиличидан ўлим топган шайх Сайфиддин Бохарзий қандайдир ўттиз йил ичида устози ўчини олиб, шайхнинг шуҳратига шоиста бўлган Олтин Ўрда хони Беркахон унинг этагини тутгани Бухорога келганида, Исломни марҳамат қилди ва унинг номини Баракахонга ўзгартирди. Мана шу ҳолда, жаҳолатга қарши маърифат кўргазилди. «Ўн учинчи аср ўрталарида Сайфиддин Бохарзийга Шайх ул-олам – Олам шайхи унвони, Бухоро шаҳрига эса – Бухорои шариф унвони берилди» (Ражабов Қ. Сайфиддин Бохарзий.//ЎМЭ. 7-жилд. Тошкент, 2004-й., 434-бет).

«Шундай қилиб, дунё тарихида биринчи марта ғолиб халқ ўзи мағлуб этган халқнинг динига кирди. Тасаввуфнинг бунга ўхшаш хизматлари жуда ҳам кўп. Ҳозирда ҳам Ислом ва унинг тарбия қисми бўлган тасаввуф улкан хизматлар қилиши турган гап. Фақат биз ўзимиз бу нарсани тўғри йўлга хқўйишимиз лозим», деб ёзади муҳтарам шайхимиз китобининг 283-саҳифасида.

Дарҳақиқат, Ҳазратнинг бу китобларни ўқиб чиқиш асносида ҳатто бугунги кунда ҳам тасаввуф билан тасуфнинг фарқига бормаса-да, иддаолари осмон инсонлар борлигини ўйлаб таассуф қилдим. Аллоҳ ҳеч кимни Ўзининг ҳидоятидан адаштириб қўймасин.

(Тамом)

Оллоёр Бегалиев,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

«Ҳилол» журналининг 11(32) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Исҳоқ айтади .Абдурраҳмон ибн Асвад Нахаъий ҳаж қилиб, қайтиб келди. Сўнг унинг бир оёғи ишламай қолди. Нахаъий тонггача бир оёқда намоз ўқиб чиқди,.Аллоҳ мени давоми...

1484 08:51 / 08.04.2020
Ўқувчилик пайтимда иккинчи имтиҳонда муваффақиятга эришар эдим. Биринчи имтиҳондан йиқилар эдим. Санавийя коллеж босқичга етганимда, бир куни тарих ўқитувчим давоми...

3489 12:30 / 11.12.2021
Мунзир айтади .Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир гуруҳ деҳқонлар келишди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ёнида ўтирганлар давоми...

1981 07:13 / 18.06.2019
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асламлик бир кишига одамлар ичида .Ким бирон нарса еган бўлса, куннинг давоми...

3974 18:30 / 14 июль