1446 йил 6 зулқаъда | 2025 йил 03 май, шанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ҳазрат Аллоҳнинг мухлис бандаларидан эдилар...

08:00 / 10.03.2021 2533 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг вафотларига эртага олти йил тўлар экан. Шу кунларда у зот раҳимаҳуллоҳ кўп эсланмоқдалар. Халқимиз томонидан, оила аъзолари, яқинлари, шогирдлари ва мухлислари буюк олимни ҳақларига дуои фотиҳалар қилиб, хатми Қуръонлар савобини йўллашмоқда. Аллоҳ жойларини жаннати наъиймларда қилсин. Ортларидан қолдирган садақаи жориялари, манфаатли илмлари то қиёматгача мусулмон умматини баҳраманд этиб турсин.

Ҳазратни илк марта 2003 йил кўрганман. Қорақамишдаги уйларига зиёратга бориб, бир соатга яқин суҳбатларидан баҳраманд бўлиш насиб этган. Улуғворлик ва салобат билан бирга оддийлик ва самимийлик жам бўлган инсон эдилар. Суҳбатлари ўта жиддий мавзуларда бўлсада, энг оддий сўзлар ишлатганлари учун тушунарли ва қаноатланарли эди.

Кейин у зотни ўша йили шогирдлари, масжид имоми Абдулазим домла билан Чирчиқдаги янги жоме масжидига илк жума намозига таклиф этганимизда бажонидил рози бўлиб ташриф буюрганлар ва жуда мазмунли ваъз қилиб бергандилар.

Буларни эслаётганим, мана 18 йил бўлибди ўша воқеага... Худди кечагидек ёдимда турибди, Ҳазратнинг сиймолари, теран нигоҳлари, салмоқли овозлари қулоғим остида жаранглаб турибди. Армонлиси, менга қайта насиб бўлмаган кўришиш, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш. Фақат бир марта тушимда кўрдим, уйимизда меҳмон бўлдилар...

Аллоҳнинг фазли марҳамати ила 2018 йилнинг апрель ойидан бери GRAND TA’LIM таълим муассасасида фаолият юритаман. Бир мажмуада эканимиз боис, у зотнинг фарзандлари, шогирдларидан ташкил топган катта жамоанинг устознинг илмий меросларини тарқатиш, халқимизга хизмат қилиш борасида олиб бораётган улкан хайрли ишларга гувоҳ бўлиш насиб этмоқда.

Бир бинода жойлашганимиз «Hilol» нашриёт-матбааси томонидан йилига минглаб нусхаларда диний маърифий нашрлар чоп этилиб, халқимизга тақдим этилмоқда.

Шунингдек, нашриёт томонидан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг янги асарлари нашр этилиб, тақдимотлари ўтказилмоқда, ёзилган асарлари қайта-қайта нашр этилмоқда, турли тилларга ўгирилмоқда.

Яна бир улкан воқеа, «Ҳилол нашр» нашриётида чоп этилган Қуръони Карим - Мусҳафи шариф 2018 йил 28 март, чоршанба куни илк марта 10.000 ададда сотувга чиқарилди. Мана уч йилдан бери Мусҳафи шариф қайта-қайта нашр этилиб халқимизга тақдим этилмоқда.

Алҳамдулиллаҳ, 2019 йилнинг 11 май кунидан «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди ўз фаолиятини бошлади. Айни дамда минглаб мўмин мусулмонлар масжидда намозларини адо этиб келишмоқда. Муҳташам жоме шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди, хатми Қуръонлар ўтказилмоқда, кўплаб анжуман ва тадбирлар илмий кечалар ташкил этилмоқда.

«Islom.uz», «savollar.islom.uz», «Муслимаат.уз» сайтлари ва «Бинту Содиқ» телеграм канали ҳамда «Ҳилол медиа», «Муаллим медиа» студиялари диний-маърифий соҳада баракали фаолият олиб бориб, ҳазратнинг дин йўлидаги илмий меросларини давом эттириб келмоқда.

Таълим муассасамиз томонидан ҳам 2019 йилнинг 5 декабридан 22 декабргача шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асарлари билан янада яқинроқ танишиш мақсадида танлов ўтказилган эди.

Унда ҳазратнинг қаламларига мансуб китоблар асосида тест-савол жавоблар ва «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг ҳаётимда тутган ўрни» мавзусида иншолар танлови бўлиб, танловга жами 97 та иншо йўлланган эди. Ўша иншоларни ҳали ҳануз чоп этиб келмоқдамиз. Юртдошларимиз қалбидан ҳазрат бу қадар чуқур жой олганларидан ҳалигача таъсирланиб келамиз.

Сўзимни танловга юборилган бир иншодаги жумлалар билан якунламоқчиман:

«Бир инсон ўзига берилган умри давомида асрга татигулик асарларни ёзиб, уларни халққа тақдим этиб, кўпчилик инсонларнинг ҳидоятга юришига сабабчи бўлиш, китобхонларнинг қалбидан чуқур жой олиши, мен каби минглаб китобхон ва толиби илмларнинг ғойибона устозига айланиш, бошлаган хайрли ишларини давом эттиргувчи муносиб фарзандлар ва шогирдларни тарбиялаш ҳар бир олимга хам насиб этавермайдиган неъматдир.

Бунинг учун Аллоҳ таолога бўлган мустаҳкам иймон, фақатгина Ўзининг розилиги учун қилинган эзгу ишлар, покиза қалб, илм тарқатиш йўлидаги жидду жаҳд сабаб бўлган бўлса ажаб эмас. Ҳазратимиз умр дея аталмиш неъматдан имкон қадар мазмунли ва барокатли фойдаланган Аллоҳнинг мухлис бандаларидан бири бўлганлар, десам муболаға бўлмайди». (https://t.me/grandtalim/4883)

 

Бобур Аҳмад. 

GRAND TA’LIM муҳаррири.

Манба
GRAND TA'LIM
Мавзуга оид мақолалар
У дунёга келганида миттигина вужудни ҳамширалар чақалоқлар тортиб кўриладиган тарозига солишган эди. Бундан 44 йил олдин 1 кг 300 гр бўлиб туғилган Бахтиёр бугун 70 давоми...

8937 09:00 / 02.05.2023
Қуёшнинг диаметри Ерникидан 109 марта, ҳажми эса 1 300 000 марта катта. Яъни Қуёшнинг ичига Ердан бир миллион уч юз мингта сиғади. Стивенсон 218 юлдузининг ҳажми Қуёшнинг давоми...

2813 09:00 / 17.12.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Эй иймон келтирганлар Сизларга аёлларни мажбурлаб меросга олиш ҳалол эмас. Очиқ фаҳш давоми...

2568 11:00 / 14.02.2021
Ҳақиқий бахтсаодатни инсон Аллоҳга итоат, Унга таслимият ва муҳаббат билангина топади, чунки Аллоҳ бандасини Ўзига муҳтож қилиб яратган. Бу муҳтожлигимизни давоми...

2450 14:00 / 26.01.2023