1447 йил 2 шаъбон | 2026 йил 21 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Суннатлардаги ўнта илмий ҳақиқат (биринчи мақола)

15:21 / 17.12.2021 4669 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кундан кунга Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарадаги илмий мўъжизалар, ҳақиқатлар илмий томондан ҳам аниқланмоқда. Ушбу мақолада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида баён қилинган ва яқин йиллар ичида аниқланган илмий ҳақиқатлар зикр этилади.

1. Чироқларни ўчириш

Яқинда ўтказилган илмий тадқиқот шуни таъкидлаяптики, ухлаш вақтида чироқларни ёниқ ҳолда қолдириш инсон мияси ичидаги ҳаётий жараёнларга таъсир қилар экан. Бу ҳол инсоннинг семириб кетишига сабаб бўладиган бузилишларни келтириб чиқарар экан. Шу боис олимлар жисм ва мия саломатлигини сақлаш учун кечқурун ухлаш олдидан чироқларни ўчиришни тавсия қилмоқдалар. Буни қарангки, олимлар 21 асрда айтаётган тавсияни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ўн тўрт аср аввал айтган эдилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:

إِذَا جَنَحَ اللَّيْلُ أَوْ أَمْسَيْتُمْ فَكُفُّوا صِبْيَانَكُمْ فَإِنَّ الشَّيَاطِينَ تَنْتَشِرُ حِينَئِذٍ ، فَإِذَا ذَهَبَ سَاعَةٌ مِنَ اللَّيْلِ فَخَلُّوهُمْ ، وَأَغْلِقُوا الأَبْوَابَ وَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فَإِنَّ الشَّيْطَانَ لا يَفْتَحُ بَابًا مُغْلَقًا ، وَأَوْكُوا قِرَبَكُمْ وَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ ، وَخَمِّرُوا آنِيَتَكُمْ وَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ ، وَلَوْ أَنْ تَعَرِضُوا عَلَيْهَا شَيْئًا ، وَأَطْفِئُوا مَصَابِيحَكُمْ

«Кеч киргач, болаларингизни (уйда) ушлаб туринг. Чунки бу пайтда шайтон (жин)лар изғийди. Бир соат ўтгач, болаларингизни эркин қўйинг. Аллоҳнинг номини зикр этиб эшикларингизни ёпинг. Зеро, шайтон беркитилган эшикни очмайди. Аллоҳнинг номини зикр этиб мешларингиз (оғзи)ни боғлангиз. Аллоҳнинг номини зикр этиб идишларингиз устига бирон нарса бўлса-да, ташлаб қўйинг. Чироқларингизни ўчириб (ётинг)».

Муттафақун алайҳ.

Бу ҳадисда кеч киргач, кўчада ўйнаб юрган болаларимизни уйга чақириб олишимиз лозимлиги, чунки бу пайтда шайтону жинлар изғиши, эшикни беркитиш лозимлиги, уни беркитаётганда Аллоҳ таолонинг исмини айтиш кераклиги, идишларнинг оғзини ҳам Аллоҳ таолонинг исмини айтиб беркитиб қўйиш лозимлиги, ухлаш олдидан чироқларни ўчириш кераклиги баён қилиняпти.

Жинлар изғиб юрган пайтда болалар уйга чақириб олинмаса, жину шайтонлар болаларга бирор зарар етказиб қўйиши мумкин. Аллоҳ таолонинг исми зикр қилиб беркитилган эшикни шайтон очолмайди, Аллоҳ таолонинг исми зикр қилиб боғланган мешлар ва Аллоҳ таолонинг исми зикр қилиб усти ёпилган идишларга вабо, зарарли ҳашарот ва ҳайвонлар тушмайди. Шунингдек, чироқларни ўчириб ётиш юқорида зикр қилинган касалликлардан сақланишга сабаб бўлади.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Кечаси Мадинада бир уй ёниб аҳли зарар кўрди. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилди. У зот:

ان النار عدو لكم فإذا نمتم فأطفئوها عنكم

«Албатта, олов сизга душмандир. Қачон ухласангиз, уни ўчиринг», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Ўша пайтларда уйлар пилик солиб ёқиладиган чироқлар воситасида ёритилган. Ҳозир ҳам чироқ кўп ўчадиган ва газ ёнмайдиган жойларда пиликли чироқлар, шамлар, ўтин солиб уй иситишда ишлатиладиган иситгичлардан фойдаланилади. Ухлаш пайтида ўшаларни ўчириб қўймаслик ёнғин каби талофатларга сабаб бўлар экан.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

جَاءَتْ فَأْرَةٌ فَأَخَذَتْ تَجُرُّ الْفَتِيلَةَ، فَذَهَبَتِ الْجَارِيَةُ تَزْجُرُهَا، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: دَعِيهَا، فَجَاءَتْ بِهَا فَأَلْقَتْهَا عَلَى الْخُمْرَةِ الَّتِي كَانَ قَاعِدًا عَلَيْهَا فَأَحْرَقَتْ مِنْهَا مِثْلَ مَوْضِعِ الدِّرْهَمِ، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: إِذَا نِمْتُمْ فَأَطْفِئُوا سُرُجَكُمْ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ يَدُلُّ مِثْلَ هَذِهِ عَلَى هَذَا فَيُحْرِقُكُمْ

«Сичқон келиб, пиликни судрай бошлади. Ходима уни ҳайдади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўявер уни», дедилар. Сичқон пиликни у зот ўтирган хамра (жойнамозча) устига ташлади. Унинг дирҳамдек жойи куйди. Шунда у зот: «Қачон ухласангиз, чироқларингизни ўчиринг. Чунки шайтон мана бунга (сичқонга) ўхшаганга амр қилса, сизларни куйдиради», дедилар.

Имом Байҳақий ривояти.

Бу ҳадисда ҳам чироқларни ўчириш кераклиги айтиляпти. Шунингдек, ухлаш олдидан телевизор, планшет ва телефонларни ҳам ўчириш лозим. Қоронғу хонада бирор нарса кўраётиб ухлаб қолишдан сақланиш керак.

Бундан ўн тўрт аср олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаш олдидан чироқларни ўчириш кераклиги, агар ўчирмаса, зарар бўлишини қаердан билиб айтдилар экан?! Албатта, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақиқатларни Аллоҳ таолонинг Ўзи билдиргандир!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида чироқлар ёниқ ҳолда ухлаш ёнғин каби талофатларга сабаб бўлган бўлса, ўтган асрнинг охирларида олимлар уйқу пайтида чироқларнинг ёниқ ҳолда қолиши кўз, мия, юрак, иммунитет тизими, томирлар, ўсмалар ва қон босими билан боғлиқ касалликларга сабаб бўлишини аниқладилар.

Бундан ўн тўрт аср олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан юқоридаги ҳадисларнинг айтилиши у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳақ Пайғамбари эканликларига далиллардандир.

(Давоми бор)

Иккинчи мақола: https://islom.uz/maqola/21834

Абдуддоим Каҳел мақоласи ва Islom.uz маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз истиқомат қиладиган галактиканинг номи quotСомон йўлиquot. Бу башарият томонидан кўп эътибор қаратилган галактика бўлиб, спирал галактика турига мансуб.Кечқурун давоми...

5280 11:10 / 01.06.2021
Маълумки, асалари инсон ва бошқа сут эмизувчиларни чаққанидан сўнг қочишга уринади. Инсон териси қалин бўлгани учун игнаси терига ёпишиб қолади ва қочаётганда давоми...

6554 09:30 / 09.09.2021
Буйрак ҳар йигирма сонияда сийдик томчиси ажратади ва бу томчилар сийдик қопчаси қовуқ да тўпланади. Шу қопча тўлса, инсон қазои ҳожатга боради. Агар инсон давоми...

5660 11:00 / 03.12.2023
Муҳтарам, islom.uz сайти кузатувчилари, бир неча кун олдин сайтимизда .Машҳурликка сабаб бўлган мушук воқеаси, номи остида мақола эълон қилган эдик. Мушук билан боғлиқ давоми...

4988 15:07 / 14.04.2023