1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Бу ҳам Қуръонми? (тўққизинчи мақола)

13:00 / 08.12.2021 3718 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шу ўринда айрим кишилар: Қуръони Карим бутун инсониятга юборилган бўлса, барча халқлар унинг таълимотларидан баҳраманд бўлишлари учун уни ўз алифболарида ёзиб ўргансалар, уларнинг Қуръон ўрганишдаги олдиларида турган катта бир тўсиқ олиб ташланган бўларди, дейишлари ҳам мумкин. Шунингдек, баъзилар ҳарф бу талаффузни ёзувда ифодаловчи шакл, унинг қайси суратда бўлишининг жиддий аҳамияти йўқ, деб ўйлашлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. Қуръони Каримни бошқа алифбода ёзиш фикрини олға сураётган кишилар кўпинча шунга ўхшаш сўзларни ўзларига далил қилиб олишлари ҳам сир эмас.

Аслида айни шу каби ҳолатлар ва муаммолар саодат замонасида ҳам бўлган. Шунга қарамай, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни ҳар ким ўзи билган ҳарфда ёзишини жорий қилмаганлар. У зотнинг тутган йўллари ва Аллоҳ таолонинг уни қарор топтириши юқоридагига ўхшаш оқловларни тамоман бекорга чиқариши турган гап. Шандай бўлса-да, ўқувчининг қалби таскин топиши учун унга қуйидаги жавобларни ҳам илова қилиш мумкин:

  • 1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари Исломнинг бутун башарият дини эканини, ораларида ўша вақтдаёқ ажамлар ҳам борлигини яхши билган ҳолларида Қуръони Каримни фақатгина араб алифбосида ёзганлар, бирорта оятни ҳам бошқа ҳарфда ёзмаганлар. Ҳолбуки, Исломни ер юзига асосан улар ёйганлар. Барча мусулмонлар Қуръонни улардан араб ҳарфлари асосида ўрганганлар. Зеро, улар Қуръони Каримни араб ҳарфлари воситасида ўрганиш ва имкон қадар тажвидга мувофиқ ўқиш фарзи айн эканини яхши билганлар. Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун бундан ишончли ва қулай восита бўлмаслигини тўғри англаганлар. Бинобарин, ҳар бир мусулмон киши ҳеч бўлмаганда маълум сураларни ана шундоқ ўқий олиши лозим. Қуръони Каримнинг таълимотларини ўзлаштириш учун эса маъноларининг таржимасини ўрганиш билан ҳам мақсад ҳосил бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам уламолар Қуръони Карим маъноларини барча тилларга таржима қилишга рухсат берганлар.
  • 2. Ҳарфларнинг аҳамиятига келсак, маълумки, Қуръони Каримнинг лафзлари махсус кайфиятда, маълум суратда ўқилиши лозим. Қуръон ёзиладиган ҳарф унинг ушбу хусусиятига ҳам жавоб бера олиши керак. Аслида бирор тилни ўша тилнинг муомаладаги ҳарфларидан бошқа ҳарфлар билан тўғри ва тўлиқ ифодалашнинг иложи йўқ, жумладан араб тилини ҳам. Бордию маълум шартли белгилар билан уни ифодалаш мумкин, деб фараз қилинганда ҳам, ўша истилоҳларни ўрганиш араб ҳарфларини ўрганишдан қийин бўлса бўладики, осон бўлмайди. Қолаверса, бу ишнинг қулайлиги ва фойдаси бўлган тақдирда ҳам, зарари ва хатари ундан кўплиги аниқ. Шариатимизда эса «Ёмонликни қайтариш яхшиликни жалб қилишдан муқаддам туради». Шу боис, Қуръони Каримни Ислом уммати асрлар оша ижмоъ билан сақлаб келаётган хатда ёзиш ҳар томонлама энг тўғри йўлдир. Қуръон таълимини оммавийлаштирмоқчи бўлган кишилар унинг ёзувини ўзгартиришнинг ўрнига Қуръон ҳарфларини ўргатадиган замонавий, қулай қўлланмаларни тузиш, ўқув курслари ташкил қилиш каби воситаларни ишга солишлари лозим.

Замонамизнинг жонкуяр олимларидан Франсиядаги «Исломий тарбия» уюшмасининг аъзоси доктор Солиҳ Али Авд жаноблари ушбу мавзуни кўтариб, «Қуръони Каримни араб ҳарфларидан бошқа алифбода ёзиш мумкинми?» деган савол билан Дунёдаги кўплаб илмий ташкилотлар ва уламолар ҳайъатларига мурожаат қилган. Улардан келган йигирмадан ортиқ нуфузли ташкилот ва ҳайъатларнинг жавобларини тўплаб, қисқартирган ҳолада «Қуръони Каримни лотин  ёки бошқа алифбода ёзишнинг ҳаромлиги» деб номланган рисоласида келтирган. Муаллиф улар ҳақида хулоса қилар экан: «Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, уларнинг барчаси бир сўзни – Қуръонни араб алифбосидан бошқа алифбода ёзиш қатъий ҳаром эканини, айтганлар», дейди. Биз қуйида улардан айримларини қисқартирган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Саудия Арабистони Мамлакатидаги йирик уламолар ҳайъатининг қарори 

«Мажлис аъзолари мавзуни чуқур ўрганиб, бу борада олиб борилган музокара ва муҳоқамалардан сўнг Қуръони Каримни лотин ёки бошқа алифбода ёзиш ҳаром эканига бир овоздан қарор қилдилар». 1399 ҳ. Шаввол.

Миср Араб Республикаси Ал-азҳар унверситети фатво қўмитаси қарори:

Ал-азҳар унверситети фатво қўмитаси Қуръонни лотин алифбосида ёзиш ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб беради: «Аллоҳ таолога ҳамду сано, Росулига салоту саломдан сўнг: Шабҳасиз ҳозирги лотин алифбосида бир нечта араб ҳарфларининг муқобили йўқ. Шу боис, у араб алибоси ифода этган нарсаларни тўла ифода эта олмайди. Агар Қуръоннинг арабча лафзи, саволдан тушунилганидек, лотин ҳарфларида ёзулгудек бўлса, унинг лафзида халал ва ўзгартириш рўй беради. Бунинг кетидан маънонинг ўзгариши ва бузилиши келиб чиқади. Батаҳқиқ, шариат насслари «Қуръони Карим унда ўзгартириш ва алмаштиришга олиб борадиган ҳар қандай нарсалардан сақланиши лозим» деб ҳукм қилган. Ислом уламоларининг аввалгилари ҳам, кейингилари ҳам Қуръоннинг лафзларини ўзгартиришга ёки маъноларини бўзишга олиб борадиган ҳар қандай тасарруф қатъиян ман қилинган ва узил-кесил ҳаром қилинган нарса эканига ижмоъ қилганлар. Зотан саҳобалар – уларга Аллоҳнинг розилиги бўлсин – ва бугунги кунгача ўтган улардан кейинги уламолар Қуръонни араб алифбосида ёзишга қатъий риоя қилганлар». «Ал-азҳар мажалласи», 7- жилд, 45- саҳифа.

Сурия араб Республикаси Олий табақали қорилар ва шайхлар ҳузуридаги Дамашқ Қуръон ўқитиш уюшмаси:

Уюшма мавзуни яхши ўрганиб кўриб чиққач, бир овоздан қуйидагича қарор қилди: Албатта Қуръони азимни лотин алифбосида ёзиш жуда ҳам хатарли иш бўлиб, мутлақо ножоиздир. Чунки араб ҳарфларининг аксари лотин алфбосида йўқдир. Бу – Қуръонни бўзиш ва уни нозил қилинган арабча ҳайъатидан ўзгартиришдир. Бу ўринда Исломга кирган ва кираётган араб бўлмаган кишиларни сабаб қилиш уни лотинчада ёзишни оқлай олмайди. Зеро буларнинг ҳолатлари улардан олидинги араб бўлмаган мусулмон халқларнинг ҳолатларининг айни ўзидир. Улар ҳеч қачон Қуръонни ўз алифболарида ёзишни ўйламаганлар, ҳолбуки, бугунги кунда дунёдаги мусулмонларнинг кўпчилигини туркийлар, форслар, Ҳиндистон, Покистон, Индонезия, Африка ва бошқа мусулмон диёрлардаги араб бўлмаган халқлар ташкил қилади. Уларнинг барчалари Ислом динида бўлишлари билан бирга, шу вақтгача Қуръонни араб ҳарфларидан бошқа ҳарфда ёзмаганлар. Агар уларнинг ҳар бири Қуръонни ўз тилида ёзиб, ўзларининг юртлари ва шаҳарларида тарқатганларида, Қуръон ёзувлари хилма-хил бўлар ва озгина вақт ўтиб, ҳиндча Қуръон, туркча Қуръон ва бошқа Қуръонлар вужудга келган бўларди. Кейин уларда нима бўлса бўларди. Ҳолбуки, биз бугунги кунда ажамларнинг ичида Қуръонни тартилу тажвид билан Қуръон ўз тилида нозил бўлган арабларнинг кўпидан яхшироқ ўқиётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Карим суралардан, суралар эса оятлардан иборатдир. Уларнинг ўзига яраша тартиби бор. Оят ва сураларнинг тартиби ҳақида батафсил сўз юритишдан аввал бу давоми...

5109 20:11 / 24.12.2019
Халаф уламолар мазҳабига кўраиккинчи мақола 2. Аллоҳнинг юзи ndash зоти.Юз жонзотлардаги маълум аъзо бўлиб, у оғиз, бурун ва икки кўзни ўз ичига олгандир. Албатта, давоми...

3978 13:04 / 03.11.2020
Ҳар замон, макон, халқ, миллат, элат, мазҳаб ва йўналишнинг ўз тафсири бор, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Бутун дунёнинг, айниқса мусулмон оламининг Қуръони давоми...

2547 15:27 / 27.04.2021
18. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар .Анавилар Роббилари шаънига ёлғон давоми...

3254 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

135084 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55361 14:35 / 11.08.2021