1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ҳожа Муҳаммад эшон Намангоний ким бўлган? (биринчи мақола)

10:00 / 06.11.2021 1740 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

19 асрнинг иккинчи ярми ва 20 аср бошларида яшаб, ўзидан ўчмас из қолдирган Ҳожа Муҳаммад эшон Намангоний нақшбандия-мажзубия тариқатининг 33 муршиди, олими, ва валийюллоҳи сифатида танилди.

Ҳожа Муҳаммад Ҳожа Саййид Аҳмад эшон ўғли 1835 йил Наманган вилояти, Чортоқ тумани Балиқкўл (Арбағиш қишлоғи)да дунёга келди. Отаси Ҳожа Аҳмад эшон (1800-1890) ва бобоси Ҳожа Донёл эшонлар ўз даврининг олими ва фозили, ҳамда нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси сифатида танилган. Бобоси Ҳожа Донёл эшон Наманган шаҳрида туғилиб, кейинчалик Балиқкўл қишлоғи атрофига кўчиб ўтган.

Ўғли Саййид Аҳмад эшон пири муршиди Мажзуб Намангонийни кўрсатмасига биноан тахминан 1842-1845 йиллар орасида Учқўрғонни обод қилиш, илм-маърифат ва маданиятни ривожлантириш мақсадида у ерга оиласи билан кўчиб ўтади. Шу тариқа ёш Ҳожа Муҳаммад эшон ҳам у ерда илм олиб, ўз фаолиятини давом эттиради.

Ҳожа Муҳаммад дастлабки таълимни отаси Ҳожа Саййид Аҳмаддан олади. Кейинчалик Наманганнинг машҳур мадрасаларидан бири «Айритом Азиз» мадрасасида таълимни давом эттиради. 16 ёшида мураттаб қори бўлиб етишади. У устозлари Абдулазиз Мажзуб, Абулқосим махзум, Атоуллохон тўра, Холмуҳаммад Чустий, Баҳодирхон эшонларда шариат ва тариқат илмларини ўрганиб илму ирфонда камол топади. Ҳожи Муҳаммад ўспиринлик давридаёқ устози Мажзуб Намангонийдан 4 сулукка, яъни нақшбандия, қодирия, суҳровардия, чиштия (ишқия, мавлавия) тариқатларига мураххас, яъни муршиди комил мақомини берувчи иршод ижоза олади.

Ҳожа Муҳаммад узун бўйли, виқорли ва салобатли киши бўлган. У тенгдошлари орасида новчалиги билан ажралиб турган. Ёшлигидан ғоят зийрак, билимга чанқоқ, ота-онаси ва устозларига доимо ҳурмат ва эҳтиромда бўлган.

1857 йили, 22 ёшидаёқ Ҳожа Муҳаммад эшон олим, фозил, нақшбандия тариқатининг пири муршиди, қутбуз-замони ва шайхул-исломи бўлиб танилди. Мажзуб Намангонийнинг вафотидан кейин Туркистонда Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбарасида қутбуз-замон сайлаш учун 114 та иршодли пири муршидлар тўпланади. Қутб кимлигини билиш учун бирма-бир зикр тушадилар. Зикр навбати Ҳожимат эшонга келади. Ул зот «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтганларидаёқ Баҳоуддин Нақшбанднинг кароматлари каби Ҳожа Муҳаммад эшонда ҳам каромат зоҳир бўлади. Шунда тўпланган пиру муршидлар қутб ёнимиздаги шу йигит экан дейишади. Ҳожа Муҳаммад эшон ташқарига чиқиб, ҳамроҳларига шуҳрат офати келмай, тез кетайлик деб, Наманганга қайтишади. Тез орада унинг довруғи бутун Қўқон хонлиги ҳудудларида маълум ва машҳур бўлади. Бу воқеа содир бўлган вақтда Ҳожимат эшоннинг ёши 25 га ҳам етмаган экан.

Ҳожимат эшон хонақоҳи Учқўрғон тумани, Яшиқ қишлоғи, Эшонтўпи маҳалласида жойлашган эди. Мазкур хонақоҳдан ўз даврининг бир қанча уламолари, қозилари ва шоху-амирлари Ҳожимат эшондан шариат кўрсатмалари ва тариқат одобларидан сабоқ олиб, иршод (йўлланма, йўриқнома) олишган. Ушбу иршодларни Ҳожимат эшоннинг котиблари битиб берган. Ҳожимат эшон эса остига муҳр урган. Ҳозирги кунда мазкур муҳр Ҳожимат эшон авлодлари хонадонида сақланади. Муҳрга — халифа хожи Муҳаммад зул ҳол ибн Саййид Аҳмад ибн Донёл деб ёзилган.

Аввалига хонақоҳ кичкинагина бўлган, кейинчалик Ҳожимат эшоннинг мурид ва мухлислари кўпайиши натижасида хонақоҳни кенгайтиришга мажбур бўлган. Хонақоҳда 40×40 масжид, чиллахона, катта кутубхона, улкан ҳовуз, катта боғ, минглаб кишиларга хизмат қиладиган қўноқхоналар ва карвонсарой бўлган. Қўқон хонлиги тугатилгач, хонликдаги мирзолар ва қўлёзмаларни тикловчи моҳир хаттотлар хонақоҳга кўчириб келтирилган. Хонақоҳ кутубхонаси ўша даврнинг энг катта кутубхоналаридан бири бўлган. Кутубхонада ноёб қўлёзма ва тошбосма китоблар, Қўқон хонлигига тааллуқли архив ҳужжатлар сақланган.

Маълумотларга кўра, Қўқон хонлиги Худоёрхон даврида (1835-1875) хон саройида юқори лавозимда фаолият кўрсатган Қосимбек мирзонинг набираси, Тўлаган Қосимбеков (1931-2011)нинг айтишича, шўролар босқини даврида хонақоҳ кутубхонасига Фрунзе буйруғи билан Куйбишев ўт қўйган. Шўролар кутубхонадаги тилла ва кумуш суви юритилган қимматбаҳо ва нодир китобларни вагонга ортиб олиб кетган. Маълум қисмини татар муллалари ҳам келиб олиб кетишган экан. Куйбишев қолган китобларни ва кутубхона қошидаги барча архив-ҳужжатларни ёқиб юборган, дея айтган экан, бобоси Мирзо Қосимбек.

(Давоми бор)

Акрам Шарипов, мустақил тадқиқотчи, 

Чиноз тумани Олмазор қўрғони. 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саудия Арабистони ўзбекларидан бўлган шайх Мансур Абдулбоқий Бухорий 1971 йил Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида туғилган. Унинг оиласи Андижондан 1927 йили давоми...

1818 13:30 / 19.08.2022
Ислом оламидаги буюк шахсиятлардан бири, Усмонийларнинг энг сўнги муфтийси, илм борасида, таҳқиқ майдонида замонасининг етук имоми бўлган Муҳаммад Зоҳид давоми...

2005 11:00 / 09.09.2022
5402. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У киши ўғлига.Эй ўғилчам То ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, ўзингни четлаб ўтган давоми...

5166 14:43 / 04.05.2017
Наманган шаҳрининг Ғунча мавзесида мўъжазгина бир масжид бор. Ушбу масжид фиқҳ илмининг билимдони Мулла Абдулқодир охунд шарафларига бунёд этилган. У зоти шариф давоми...

2102 19:48 / 12.12.2022
Аудиолар

137646 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57716 14:35 / 11.08.2021