1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

«Осмон мусаффо эмас» ёхуд чанг-тўзонли кунлар

18:40 / 05.11.2021 5015 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Икки кундан бери Тошкентда чангли муҳит ҳукм сурмоқда. Кеча кечки пайт бундай ҳолат водий вилоятларига етиб борди. Чанг-тўзон ҳамма нарсада ўз изини қолдирмоқда. Либосимизда, машиналарда, дарахтларда ва уйларимизда. Уйларимиз ичида ҳам чангдан нафас оляпмиз. Нафас йўлида муаммоси борлар шифокорларга мурожаат қилишмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَالذَّارِيَاتِ ذَرْوًا

 

«Чанг тўзитувчи(шамол)лар билан қасам» (Зориёт сураси, 1-оят).

Роббимиз бу оятда чанг тўзитувчи шамол билан қасам ичмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда нима билан қасам ичган бўлса, бу қасам ичилган нарсанинг аҳамиятли нарса эканини билдиради ва қасамдан сўнг келадиган масалаларни таъкидлаб келтиради.

Барчамизга маълумки, қор, ёмғир, шамол, зилзила, яшин, момақалдироқ кабилар Аллоҳ таолонинг аскарларидир. Роббимиз уларни Ўзи истаган жойларга юборади. Икки кундан бери тоза ҳавонинг нақадар улкан неъматлигини ва ўзимизнинг нақадар ожизлигимизни ҳис этмоқдамиз.

Бошимиздаги об-ҳаво бизнинг гуноҳларимиз сабабли эмасмикин?!

Порахўрлик, халқ мулкини талон-тарож қилиш, бирор мансабга эгаси бўлмаган кимсани қўйиш, баъзи аёлларнинг очиқ-сочиқ юриши, тик-ток, инстаграм, ютуб ва бошқа жойларда беҳаёликнинг авж олаётгани, алдов, фирибгарлик, судхўрликнинг тарқалгани, ахлоқ-одоб тушунчасидан узоқлашиб борилаётгани, масъул лавозимдаги баъзиларнинг ўз ишига лоқайдлиги ва ҳоказолар сабабли икки кундан бери қийналиб нафас олмаётганмикинмиз?!

Шу ҳолда туриб ҳам кўзимиз очилмайди-я! Баъзилар ижтимоий тармоқларда чангли муҳитни кулги остига олиб, турли ҳазиллар қилиши, мавзуга алоқадор расм, видеоларни саҳифасига қўйишини қандоқ тушуниш мумкин?!

Аллоҳ таолога дуо қилиб, бошимиздан бундоқ об-ҳавони кўтаришини сўраб, йиғлаш ўрнига ҳазил қилиб ўтирсак, аҳволимиз нима бўлади?!

Бунинг ўрнига кўпроқ дуо қилайлик, намоз ўқийлик, саловот айтайлик!

Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобида қуйидаги ривоят келтирилган:

Оиша онамиз розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Агар қаттиқ шамол бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

اللهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ خَيْرَهَا وَخَيْرَ مَا فِيهَا وَخَيْرَ مَا أرْسِلَتْ بِهِ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّهَا وَشَرِّ مَا فِيهَا وَشَرِّ مَا أرْسِلَتْ بِهِ

«Аллоҳумма инний ас`алука хойроҳа ва хойро ма фийҳа ва хойро ма урсилат биҳи ва аъузу бика мин шарриҳа ва шарри ма фийҳа ва шарри ма урсилат биҳи», деб айтар эдилар.

Маъноси: Эй Раббим, Сендан унинг яхшисини, ундаги яхшиликни ва у билан юборилган нарсанинг яхшисини сўрайман. Эй Раббим, Сендан унинг ёмонидан, ундаги ёмонликдан ва у билан юборилган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман.

Имом Муслим ривоятлари

Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шамол бандаларга юборилган раҳматдир. Гоҳида у раҳмат билан келади, гоҳида азоб билан. Агар шамол эсса, уни сўкманглар. Аллоҳдан унинг яхшисини сўраб, ёмонидан паноҳ тиланглар», дедилар.

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоятлари

Ҳадисда келган дуони барчамиз айни пайтда кўпроқ қилиб, Аллоҳ таолога ёлворишимиз лозим ва лобуддир.

Ижтимоий тармоқларда «зато осмонимиз мусаффо» дея масхара қиладиганлар: «Осмон мусаффо бўлмаганда қандай аҳволга тушиб қолишимизни, қўлимиздан ҳеч нарса кела олмаётганини тан олайлик ва қилган гуноҳларимиз учун Аллоҳ таолога тавба қилишга шошилайлик»!

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, ўзимизни ибодатли, кўп дуо қиладиган бандаларидан қилсин! Гуноҳларимизни мағфират этсин ва бошимизга тушган аянчли муҳитни тезроқ аритиб, тоза ҳаводан нафас олишимизни насиб этсин!

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саид ибн Ос вафот этишидан олдин фарзандларини ҳузурига чақириб деди.Эй болаларим Мендан сўнг дўстларимдан ажралиб кетманглар. Уларга мен қиладиган яхшиликларни давоми...

1514 11:00 / 02.07.2023
Инсон ўз ҳаёти давомида турли рағбат ва шаҳватлар оқимига дучор бўлади. Бу нарсалар инсонни ўзгаларга зарар қилиб бўлса ҳам, фақат ўзи ҳақида ўйлашга ундайди. давоми...

5220 17:00 / 03.07.2022
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади .Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган давоми...

2514 11:03 / 04.06.2021
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида қўй сўйилди. Уни садақа қилиб юборишни буюрдилар. Сўнгра бир иш билан уйдан чиқиб кетдилар. Қайтиб келгач, Оиша давоми...

2035 09:01 / 06 октябрь