1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Ота-онага уч йил синов

12:31 / 09.09.2021 4387 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ سَبْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مُرُوا الصَّبِيَّ بِالصَّلَاةِ إِذَا بَلَغَ سَبْعَ سِنِينَ، وَإِذَا بَلَغَ عَشْرَ سِنِينَ فَاضْرِبُوهُ عَلَيْهَا. زَادَ فِي رِوَايَةٍ: وَفَرِّقُوهَا بَيْنَهُمْ فِي الْمَضَاجَعِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ

Сабра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бола етти ёшга етганда уни намозга буюринглар. Ўн ёшга етса, унинг учун уринглар», дедилар».

Бошқа ривоятда:

«Ётар жойларини ажратинглар», деб зиёда қилинган.

Абу Довуд, Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилганлар.

Бу ҳадисдан биз фарзандларимизни етти ёшни тамомлаб, сўнг саккиз ёшининг биринчи кунидан бошлаб, унга гўзал муомала билан намоз ўқишга буюрар эканмиз. Сўнгра ўн ёшни тамомлаб ўн бир ёшини биринчи кунидан агар дангасалик қилса, гапимизга қулоқ солмаса уни урушга рухсат берганлари айтилмоқда.

Эй тарбия берувчи, сиз уч йил давомида фарзандингизни урмасдан намоз ўқишга буюрар экансиз. Шу уч йил сизга синов муддати ҳисобланиб, у сизга иккита катта мақсадларни аниқлаб беради:

Биринчи мақсад: Шу уч йил мобайнида фарзандингизга чиройли муомала, меҳр муҳаббат ва гўзал такрор орқали ибодат лаззатини буюрар экансиз. Шу гўзал муомала ва уни руҳлантирганингиз сабабли, фарзандингиз намозини доим биринчи ўринга қўяди.

Иккинчи мақсад: Ота-она ўз фарзандига намоз ўқишни урмасдан уқтира олишига ишониши керак. Бу уч йил уларга урмасдан ўргатиш даври ҳисобланади. Бу вақт давомида ота-оналар фарзандлари билан ҳар намозида турли хил машқлар бажаришади. Негаки, фарзанд бошида баҳоналар тўқийди, дангасалик қилади, балки ёлғон ҳам гапиради. Мана шу вақт давомида фарзандни урмасдан ўргатиш лозим. Сиздан талаб қилинаётган нарса фарзандингизни шижоатлантириб, вақти келганда ўз ғазаб ва жаҳлингизни яширишингиздир. Урушдан ташқари жазолашни бошқа усулларини қўллашингиздир. Масалан, бирор бир нарсадан маҳрум қилиш. Уч йилдан сўнг тарбия берувчи ўз фарзандига гўзал муомала қилишга эришади. Негаки, исломда фарзанд ўн ёшга тўлганидан сўнг намозини ташлаб қўядиган бўлса, уни урушга рухсат берилган. Бироқ тарбия берувчи шу вақт мобайнида фарзандини намозга шижоатлантира олган бўлса, бундан кейин ўз фарзандини урушга ҳам эҳтиёжи қолмайди. Фарзандни бундай бўлишига тарбия берувчи сабаб бўлади. Унга чиройли тарбия берилса катта муваффақиятларга эришади. Шундан сўнг қўполлик ва урушга ҳам эҳтиёж қолмайди. Бу уч йил Пайғамбаримизнинг ҳикматлари хисобланади. Пайғамбаримиз биринчи бўлиб, чиройли гап, чиройли гап деб буюрганлар ва ўзлари ҳам шу қоидага амал қилганлар. Демак, биз ота-оналарнинг энг устувор вазифамиз шундан иборат экан.

Баъзи ота-оналар фарзандларини намозга чақираётганларида чиройли сўзларни ишлатишади. Афсуски, яна баъзилар фарзандини намозга чақираётганда қўпол муомалада бўлишади. Фарзандингизни намозга бўлган муҳаббатини уйғотишингиз ёки сўндиришингиз сизнинг қўлингизда ва тавсия сифатида айтиш керакки, қайси йўлни танлаш эса ўзингизга боғлиқдир.

Баъзи оналар азон айтилгандан сўнг ўз фарзандига: «Эй менинг яхши кўрганим, эй менинг севгилим, тур намозингни ўқи!» деб айтар экан. Агар фарзанди дангасалик қилса, бошидан ўпиб: «Намозга тур, эй, кўзимнинг қувончи Аллоҳ сени ҳидоятга бошласин!» деб намозга чорлар экан.

Яна баъзи оналар ўз фарзандини намозга чақираётганида: «Эй ҳайвон, тур намозингни ўқи! Азонни эшитмадингми? Қулоғинг карми? Аллоҳ мени сендан узоқ қилсин!», деб салбий гапларни айтар экан.

Фарзандимиз юқорида айтиб ўтилган ҳолатлардан бирига тушиб қолганида ўзини қандай тутган бўлар эди?

Агар сиз биринчи ҳолатга тушиб қолганингизда, яъни онангиз сизга ижобий томондан яхши сўзларни айтганида, ҳар намоз учун айтиладиган азонни эшитганингизда нимани тасаввур қиласиз? Бу ҳолатда онангиз билан қандай муомала қиласиз? Намозга бўлган муҳаббатингиз уйғонадими?

Аксинча, энди иккинчи ҳолатга тушиб қолганингда-чи? Онангиз сизга салбий муносабатда бўлиб, сизни ҳақоратлаганда сизни ҳолатингиз қандай бўлар эди? Сиз ўша вақтда нимани ҳис қиласиз? Намозга бўлган муҳаббатингизчи? Онангиз сизни намозга чақирганида қандай ҳолатда бўласиз?

Эй тарбия берувчи, сен фарзандинга намоз ўқишни қўпол йўл билан буюрадиган бўлсанг, у намозга ғазаб билан туради, Аллоҳ билан бўладиган суҳбатига ғазаб билан, балки махзун ва ғамгин ҳолатда юзланади. Сени бундай салбий муносабатинг натижасида фарзандинг Аллоҳни ёмон кўришига сабабчи бўлишинг мумкин. Азон айтилган вақтда, эшитишни хоҳламайдиган бўлиб қолиши мумкин. Негаки, у ўша вақтда онаси унга қўпол муносабатда бўлишини билади. Агар сен намоз ўқишни чиройли йўл билан меҳр кўрсатиб буюрадиган бўлсанг, у азонни эшитиши биланоқ тинглайди. Намоз вақти киришини ва намоз учун азон айтилишини кутади. Негаки, ҳар намоз вақти кирганда, унга кўпроқ меҳр беришингни билгани учун у сенга ва намозга бўлган муҳаббати ошиб боради.

Бир она шундай сўзлайди: «Мен ва менинг ука-сингилларим, фарзандларим намоз вақтида баҳслашар эди. Ҳар азон айтилганда гўё жанг майдонига ўхшаб қолар эди. Биз катталар намоз ўқи деб таъкидлар эдик, фарзандларимиз эса дангаса эди. Сўнгра улардан ғазабланиб, фарзандларимизга қўл кўтариб, уларга қаттиқ гапларни гапирар эдик. Бир куни бу ҳолатга падари бузрукворимиз гувоҳи бўлдилар. Сўнг барчамизни тўпладилар ва бир муҳим гаплари борлигини айтиб бизга юзландилар:

«Эй азиз фарзандларим! Намоз ўқийсизми?», дедилар ва биз: «Ҳа Алҳамдулиллаҳ», деб жавоб қайтардик. Яна сўрадилар: «Сизлар намозга муҳаббатли бўлишингиз учун нима сабаб бўлган ва ибодатни нима учун бажарасизлар? Ёдингиздами мен сизларни намоз ўқишга қандай чақирар эдим ва қандай муҳаббат билан намозни ўқир эдик», дедилар.

Шу пайт барчамиз ўз ёшлигимизни эсладик. Уларнинг бизга қандай гўзал муносабатда намозга чақирганлари ва биргаликда намозни муҳаббат билан ўқиган вақтларимиз ёдимизга тушди. Отамиз бизга: «Фарзандингизга ҳеч қачон қўпол муносабатда намоз ўқишни буюрманг. У Аллоҳга ғамгин ва ғазабли ҳолатида юзланмасин!», деб насиҳат қилдилар. Бизни тутаётган бу йўлимиз хато эканлигини айтиб, бизга тўғри маслаҳат бердилар. Биз отамиз айтган маслаҳатларини ўз фарзандларимизда синаб кўрдик. Орадан бир қанча вақт ўтганидан сўнг фарзандларимизда ўзгаришлар сездик ва хатоларимизни тушуниб етдик!».

Яна оталардан бири айтади: «Фарзандим учун муҳим бўлган қандайдир кўрсатув ёки бошқа нарсаларни ташлаб, намозга ғамгин ҳолатда тураётганини сезиб қолдим. Сўнгра, унинг ёнига бориб: «Эй ўғлим, ҳеч қачон қовоғинг солиқ ҳолатда Аллоҳ билан учрашмагин! Сен Аллоҳ билан кўришгани кетяпсан! Бу ҳолатга хурсанд бўлиб юзлангин. Негаки, сендан бошқа инсонлар бундай учрашувлардан маҳрумдир. Қани, менга чиройли табассумингни кўрсатчи? Эй, ўзимни суюклигим! Намоз вақтида шундай очиқ чеҳра билан муҳаббатингни кўрсатиб адо қилгинки, ҳатто, бу ҳолатингда шайтонни ғазабини келтиргин! Қани, намозингни бошла!», деб айтдим. У намозини ўқиб бўлганидан сўнг яна олдимга чақириб: «Мана энди сен ўз шайтонингни ўзинг енгиб ўтиб, ҳақиқий мард йигит бўлдинг! Намоз вақтида сен учун муҳим бўлган нарсалардан воз кечиб намозни улардан устун қўйдинг. Негаки, ҳақиқий муҳаббатни намоз вақтида топа олишни тушуниб етдинг. Мен сендан хурсандман баракалла», деб айтдим.

Болам бундан кейин намозини хурсанд ҳолатда ўқийдиган бўлди. Доимо намозини устун қўйиб, бошқа ишларини кейин қиладиган бўлди».

Бир она гапириб беради: «Бир куни мен қизимни қўпол гаплар билан намозга чорладим ва қизим менга: «Эй, онажон Аллоҳ номи билан қасамки, агар мен намозни ташлайдиган бўлсам, сиз сабабли бўлади», деди. Мени жаҳлим чиқиб: «Қандай қилиб?» дедим. Сўнгра қизим: «Ҳозирги сизни қўпол муомалангиз сабабли азон овозини ёмон кўриб қолдим. Негаки, мен биламанки, сиз менинг олдимга қовоғингиз солиқ, қўпол муносабат билан келасиз ва мени намоз ўқишга чақирасиз. Бу ҳолат такрорланганидан кейин яқинда намоз ўқишни ҳам ёмон кўриб қоламан» деди.

Иккинчи она айтади: «Мен фарзандларимга салбий сўзлар билан «Намоз ўқигин» деб айтар эдим. Шу муносабатим сабабли улар намоз ўқишни ҳам ёмон кўриб қолишди. Сўнгра, мен бироз тўхтадим ва ўйга ботдим. Бу қилаётган ишимни нотўғри эканлигини тушуниб етдим. Азон айтилгандан сўнг, мен уларга намоз ҳақидаги қиссалар, унинг ажрлари ва унга тегишли барча ҳикояларни гапириб берадиган бўлдим. Шундан сўнг, мен улардаги намозга бўлган муҳаббатни қайта уйғотдим».

Учинчи она айтади: «Менинг акам, ўн олти ёшли фарзандини намоз ўқишига жуда аҳамият берар эди. Бир куни ўғли бомдод намози учун масжидга кеч қолиб чиқди ва эшикларини берк ҳолатда кўрди. Шунда отаси уни мажбурлаб масжид ташқарисида намозини адо эттирди. Акамни бу қилган ишидан тўғри ёки нотўғри эканлигига ўйланиб қолдим. Бироз муддатдан сўнг ўғли намоз ўқишни ёмон кўрадиган бўлиб қолди. Шунда мен ўзимга хулоса қилдим. Ўз фарзандларимни намозга гўзал муомала билан чақиришни ният қилиб қўйдим».

Хулоса, фарзандингизни намозга чақираётганингизда аҳамиятли бўлинг! Аллоҳ билан юзма-юз турганда қовоғи солиқ ҳолатда туришига сабабчи бўлиб қолманг! Сиз бу қўпол муомалангиз билан фарзандингизни намозга бўлган меҳрини, ихлосини сўндириб қўйманг!

Ҳабибуллоҳ Ахмадовнинг «Намоз» китоби асосида тайёрланди


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозни такбир ила очганларини, такбир айтаётганларида икки қўлларини давоми...

7413 05:00 / 04.01.2017
1. Ғусл қилиш. 2. Энг яхши кийимларни кийиш. 3. Намозга чиқишдан олдин тоқ ададда хурмо ейиш. 4. Ҳайитни намозгоҳда ёки масжидда адо этиш. 5. Намозга юри6 бориш ва давоми...

1396 14:59 / 09 апрель
Бир йигит айтади .Менинг онам ёшлигимда барчага таом тайёрлар эдилар, аммо чой эса фақат намозхонлар учун эди. Онам .Ким намозини ўқиса, бир пиёла чой бераман, лекин давоми...

2479 15:00 / 06.12.2021
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тепалик ёки довонга чиқа бошладилар. Унинг устига чиқилганда бир киши давоми...

93892 05:00 / 04.01.2017