1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Аллоҳ барча ишда мулойимликни севади (биринчи мақола)

12:00 / 26.07.2021 2809 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулойимлик набавий ахлоқлардан, мўминнинг хислатларидандир. Мулойим бўлиш осон иш эмас. Айниқса бошга иш тушганда, бировдан ноҳақ гап эшитганда, зулм етганда ва шу каби кўнгилсизликлар юз берганда – хуллас, танглик чоғида инсон мулойим бўлишга янада қийналади ҳамда қўполлик, қўрслик қилиш орқали юрагини бўшатиб олишга шошилади. Бироқ Ислом мусулмонларнинг сулукини тўғрилар экан, ҳар қандай вазиятда ҳам мулойимлик қила олишга ўргатади, чиниқтиради.

Исломда тарғиб қилинган мулойимлик ҳақ-ҳуқуқлар поймол этилганда ҳам томошабин бўлиб туравериш, адолатсизликка қарсак чалиш, оёқости бўлишга розилик дегани эмас, балки мазкур нохушликларга қарши муносабат билдирганда ҳам мулойимлик, босиқлик билан йўл тутиш деганидир.

Анчадан бери ижтимоий тармоқларда айрим воқеа-ҳодисаларга муносабат билдиришда баъзи бир кишилардан қўполлик содир бўлаётгани, чегарадан чиқиш ҳолатлари урчиётганини кузатиб келаман. Бундан бир неча ой олдин шу мавзудаги ҳадиси шарифлар асосида бир мақола бошлаган эдим, тугалланмай тўхтаб қолган эди. Шу кунларда ўша мақолага кўзим тушиб, якунлаб, эътиборингизга ҳавола қилгим келди. Аллоҳ Ўзи манфаатли айласин!

Очиғини айтганда, бу мавзуни эслатиш айни пайтда кимларгадир ёқмаслиги ҳам мумкин. «Ўзи мусулмонлар шунақа ювошлигидан, мулойимлигидан уларни ҳамма хўрлайверадиган бўлиб кетди. Нима, биров ҳақорат қилиб, тепкилаб ташласа ҳам ёки мусулмонларни азоблаб, ўлдирса ҳам мулойим бўлиб туравериш керакми? Унинг ўрнига бундай қилиш керак, ундай қилиш керак», деган маънода эътирозлар бўлиши мумкин. Аммо яхшироқ тафаккур қилинса, айни вазиятда мазкур муаммоларнинг ҳақиқий ечими ҳам аслида  мулойимликда. Шу боис, бу мавзуни кўп ва хўб ўрганиш ҳозир ҳар доимгидан ҳам зарур. Қуйидаги сатрларни ўқиш асносида бунга яна бир бор амин бўлсак, ажаб эмас.

Эътирозга шошилмаслик керак, бунга ҳар доим ҳам улгурамиз, аввал набавий сийрат билан танишиб олайлик, кейин хулоса қиламиз.

Аллоҳ барча ишда мулойимликни хуш кўради

 

 عن عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا زَوْجَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَتْ: دَخَلَ رَهْطٌ مِنَ الْيَهُودِ عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالُوا: السَّامُ عَلَيْكُمْ. قَالَتْ عَائِشَةُ: فَفَهِمْتُهَا فَقُلْتُ: وَعَلَيْكُمُ السَّامُ وَاللَّعْنَةُ. قَالَتْ: فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «مَهْلًا يَا عَائِشَةُ، إِنَّ اللهَ يُحِبُّ الرِّفْقَ فِي الْأَمْرِ كُلِّهِ». فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، وَلَمْ تَسْمَعْ مَا قَالُوا؟ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «قَدْ قُلْتُ: وَعَلَيْكُمْ».

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир тўда яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб, «Ас-сааму ъалайкум», дейишди. Мен буни фаҳмлаб қолиб, «Ва ъалайкумус-сааму вал-лаънату», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳай-ҳай, Оиша! Аллоҳ барча ишда мулойимликни севади», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, уларнинг нима деганини эшитмадингиз чоғи?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен уларга: «Ва ъалайкум», дедим-ку», дедилар».

Имом Бухорий ривояти. 

«Ас-сааму ъалайкум» – «Сенга ўлим бўлсин», дегани. «Ва ъалайкумус-сааму вал-лаънату» – «Сизларга ҳам ўлим ва лаънат бўлсин», дегани. «Ва ъалайкум» – «Сизларга ҳам», деганидир.

Аллоҳ таоло ҳар бир ишда – у қандай иш бўлишидан қатъий назар –мулойимлик устувор бўлишини яхши кўрар экан. Фақат намозда, яхшилик қилганда, яхши кайфиятда бўлганда ёки одамлар орасида мулойим бўлиш кифоя эмас экан, балки ҳар қандай вазиятда, ҳар қандай ишда мулойим бўла олиш керак экан. Ҳатто биров сизни қарғаб, ўлим тилаганда ҳам мулойимлик билан жавоб қайтариш даркор экан. Ҳадиси шарифдаги воқелик шуни кўрсатяпти.

Оиша розияллоҳу анҳо яҳудийлар салом бергандек кўриниб, аслида шу ишда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришга, у зотга зарар етказишга ҳаракат қилаётганидан дарғазаб бўлиб, уларнинг қарғишига қарғиш билан жавоб қайтарди. У киши қасос сифатида бундай қилиш жоиз деб ўйлаган эди, аммо жавобда лаънатни ҳам қўшимча қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бундай йўл тутиш мусулмон ахлоқига муносиб бўлмагани учун уни маъқулламадилар. Ўзлари эса жуда ҳам лўнда қилиб жавоб бердилар: ўлим тилашни ўзларига эп кўрмай, «тилакларинг ўзларингга сийлов» қабилида «сизларга ҳам» дейиш билан кифояландилар. Бу набавий ахлоқ барчамизга ибрат бўлиши лозим.

Мулойимликка буюрилган ҳадисларни ўқиб, «Бу ердаги гаплар оддий вазиятлар учун айтилган-да, аммо озор етказганда, душманлик қилганда мулойимлик кетмайди-да», дейиш ҳам мумкин. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг ашаддий душманларига ҳам мулойимлик билан ҳам етарли жавоб қайтарган эканлар.

Кимдир: «Жуда ошиб кетмадими? Ўлим тилаган кимсага ҳам мулойимлик қилинадими?» деб қолиши мумкин. Ҳа, шундай қилинади, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай душманларга ҳам мулойимлик билан етарли жавоб қилганлар. У зот бежизга бундай йўл тутмаганлар. Зеро, мулойимликнинг биз билмаган жуда кўп фойдалари, ютуқлари борки, буни англаган одам мулойимликни ҳеч қачон малол олмайди.

 

Аллоҳнинг Ўзи мулойимдир, шунинг учун мулойимликни яхши кўради ва бунинг эвазига ҳеч бир нарсага бермаганини беради

 

عن عبد الله بن مُغَفَّل رضي الله عنه، أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: إنَّ الله رفيقٌ يحبُّ الرِّفْقَ، ويُعْطِي على الرِّفْقِ ما لا يُعْطِي على العُنْفِ، وما لا يُعْطِي على ما سِواه. رواه مسلم

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг Ўзи мулойимдир, шунинг учун мулойимликни яхши кўради ва мулойимлик эвазига қўполлик учун бермаганини, мулойимликдан бошқа учун бермаганини беради», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Ҳа, Аллоҳ мулойимдир, шунинг учун ҳатто ширк келтираётган, куфр келтираётган бандаларидан ҳам раҳматини аямайди, уларга умр, ризқ, ноз-неъматлар бераверади, ҳатто баъзан уларни ер юзида подшоҳ қилиб қўяди. Аллоҳ мулойим бўлгани учун У Зотга қарши юрган нобакор бандаларга ҳам имкониятлар ато этаверади, тавба қилишларига имкон, муҳлат беради. Зеро, Аллоҳ мулойимликни яхши кўради ва бандаларида ҳам шу хислат бўлишини хуш кўради. Зеро, У Зот Ҳалиму Каримдир.

Аллоҳнинг қонуниятларидан бири шуки, У Зот бу оламда мулойимлик хислати учун берган мукофот ва самараларни бошқа ҳеч бир амал учун бермайди. Айниқса, мулойимликнинг зидди бўлган қўполлик, қўрслик каби салбий ҳолатларда мулойимлик учун берилган яхшиликлар берилмайди. Биз мана шу ҳақиқатни унутмаслигимиз керак.

Имом Нававий мазкур ҳадисни «Яъни бошқасига бермаган савобни беради», деб шарҳлаган.

Қози Иёз эса: «Бунинг маъноси ‒ мулойимлик сабабли ундан бошқа омил туфайли ҳосил бўлмайдиган мақсадларни беради ва осон қилади», деган.

Азимободий мазкур икки маънони жамлаб, шундай дейди: «Яъни, дунёда гўзал мақтов, истакларга етишишини ва мақсадлар осон муяссар бўлишини насиб қилади, охиратда эса мўл-кўл мукофотларни беради».

 

Аллоҳ мулойимлик учун қўполлик эвазига бермаган ёрдамини беради ва бундан рози бўлади

 

عن أبي أمامة قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «إنّ الله عز وجل رَفِيقٌ يُحِبُ الرِّفْقَ ويَرْضاهُ ويُعِينُ عليه ما لا يُعِينُ على العُنْفِ». رواه الطبراني.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ азза ва жалла Ўзи мулойимдир, шунинг учун мулойимликни хуш кўради, ундан рози бўлади ва қўполлик учун бермаган ёрдамини беради», дедилар».

Имом Табароний ривояти.

 

Аллоҳ Ўзи мулойим бўлгани учун, бандаларига мулойим муносабатда бўлгани учун бошқаларнинг ҳам Унинг махлуқотларига мулойимлик қилишини хуш кўради ва шундай қилган кишиларга Ўзи кўмакчи бўлади. Агар Аллоҳнинг розилигини истасангиз, мулойим бўлинг. Аллоҳнинг ёрдамини истайсизми, мулойим бўлинг.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Бахиллик, луғатда карамлилик ва сахийликнинг зиддидир. Уламолар истилоҳида бахилликка бир неча хил таъриф берилган бўлиб, улар бирбирларини тўлдириб давоми...

1985 09:00 / 21.08.2023
Аллоҳ таоло биз бандаларни отаоналаримизга яхшилик қилишга буюрган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган .Роббинг фақат Унинг давоми...

3700 17:04 / 16.06.2022
Ижтимоий тармоқларда ушбу қисқагина сарлавҳага кўзимиз тушиб қолди. Ушбу гап қисқа бўлсада, чуқур маъноларни ўзида ифода этар, ўқувчини жалб қиларди. Ушбу саволга давоми...

2072 09:00 / 23.02.2023
174. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз ходимини урадиган бўлса, юзига уришдан четлансин,, дедилар,.Шарҳ Аслида Исломда давоми...

2455 11:07 / 27.07.2020
Аудиолар

135123 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55399 14:35 / 11.08.2021