1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Набий алайҳиссалом масжидларининг сифати

20:00 / 25.07.2021 2107 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْن عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ الْمَسْجِدَ كَانَ عَلَى عَهْدِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَبْنِيًّا بِاللَّبِنِ وَسَقْفُهُ الْجَرِيدُ وَعُمُدُهُ خَشَبُ النَّخْلِ، فَلَمْ يَزِدْ فِيهِ أَبُو بَكْرٍ شَيْئًا، وَزَادَ فِيهِ عُمَرُ، وَبَنَاهُ عَلَى بُنْيَانِهِ فِي عَهْدِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِاللَّبِنِ وَالْجَرِيدِ، وَأَعَادَ عُمُدَهُ مِنْ خَشَبِ النَّخْلِ، ثُمَّ غَيَّرَهُ عُثْمَانُ، فَزَادَ فِيهِ زِيَادَةً كَثِيرَةً، وَبَنَى جِدَارَهُ بِالْحِجَارَةِ الْمَنْقُوشَةِ وَالْقَصَّةِ، وَجَعَلَ عُمُدَهُ مِنْ حِجَارَةٍ مَنْقُوشَةٍ وَسَقَفَهُ بِالسَّاجِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масжид хом ғиштдан бино қилинган эди. Унинг шифти хурмо шохлардан, устунлари эса хурмо ёғочидан эди. Абу Бакр унга ҳеч нарсани зиёда қилмади. Умар унга зиёда қилди. У масжидни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги асосга қайтадан хом ғишт ва хурмо шохидан қурди. Устунларини қайтадан хурмо ёғочидан қилди. Сўнгра уни Усмон ўзгартирди. Кўпгина зиёдалар қилди. Деворларини нақшланган тош ва ганчдан қилди. Устунларини нақшланган тошдан, шифтини саж ёғочидан қилди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларининг у зотнинг ўзлари ва уч халифалари даврларидаги васфини қисқача сўзлаб бермоқдалар.

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврлари.

Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохидан, устунлари хурмо ёғочидан эди. Масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шахсан иштирок этган эдилар.

Масжиднинг ҳажми ҳам кичик эди. Ёмғир ёғса, хурмо шохларидан қилинган шифтдан ўтиб, ерга тушар, сажда қилган одамнинг пешонасига лой ёпишар эди. Масжиднинг ерига ҳеч нарса тўшалмаган эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг             даврларида у ана шундай содда ва кичик эди.

2. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврлари.

Масжиди Набавий бу даврда ўзгаришсиз қолди. Чунки ҳазрати Абу Бакр оз муддат халифа бўлиб, сўнгра вафот этдилар. Ўша муддат ҳам Ридда урушлари билан ўтди. Бунинг устига, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу табиатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги нарсанинг ҳеч бирини ўзгартиришни хоҳламас эдилар. Шу билан бирга, у кишининг даврларида Масжиди Набавийга ўзгартириш киритишга эҳтиёж ҳам йўқ эди.

3. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврлари.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин халифа бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўн икки ярим йил халифалик қилдилар. Табиийки, хом ғиштдан қилинган, шифти фақат хурмо шохи билан тўсилган масжид ислоҳга муҳтож бўлиб қолди. Ана шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини айни ўшандай қурилиш ашёлари – хом ғишт, хурмо шохи ва ёғочидан худди ўзига ўхшатиб, қайта қурдилар. У киши масжиднинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги кўринишини сақлаб қолишга эътибор бердилар.

4. Ҳазрати Усмон ибн Аффон даврлари.

Маълумки, ҳазрати Усмон узоқ вақт халифалик қилдилар. Бу давр ичида Ислом давлати мислсиз равишда кенгайди. Турли халқлар Исломга кирди. Мусулмонлар сони жуда ҳам кўпайди. Саҳобаи киромлар ҳам турли юртларга тарқаб кетдилар. Бундан бошқа яна кўпгина ўзгаришлар бўлди.

Ана шу давр ичида ҳазрати Усмон ҳам анчагина ишлар қилдилар. Бу ишларнинг аксарияти янгилик ҳисобланар, бу янгиликлар асосан давр тақозоси ила юзага чиққан эди. Ўша янгиликлар ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини қайтадан кенгайтириб қуриш ҳам бор эди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилинаётган ривоятда айтилганидек, ҳазрати Усмон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кўплаб зиёдалар қилдилар. Аввало уни анчагина кенг ва катта қилдилар. Қолаверса, тамоман бошқача қурилиш ашёларидан фойдаландилар. Хом ғишт ўрнига нақш солинган тош ва пишиқ ғишт ишлатдилар. Устунларини ҳам нақшиндор тошлардан қилдилар. Шифтини эса Ҳиндистондан келтирилган саж ёғочлари билан ёптирдилар.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг бу ишлари ўз тарафдорлари томонидан маъқулланган бўлса ҳам, у кишига қарши турганлар томонидан қаттиқ танқид қилинди. Одамлар ўртасида турли гап-сўзлар кўпайиб кетгач, ҳазрати Усмон ўзлари баёнот бериб, «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатдан бир уй бино қилади, деганларини эшитганман, шунинг учун қилдим», дедилар. Аммо шунда ҳам гап-сўзлар тўхтамади.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга қарши қўзғолон кўтариб, у зот Қуръон ўқиб ўтирган жойларига кириб, жонларига суиқасд қилишга журъат этган тоифа у кишига қарши қўйган айблар ичида ушбу масжидни ўзгартириш ҳам бор эди.

Кейинчалик замон ўтиши билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кўплаб ўзгартиришлар киритилди. Улар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битилган. Бизнинг давримизда қилинган ўзгартиришлар эса бир эмас, бир неча китоб бўладиган даражада кўпдир.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Менга умматимнинг ажрлари, ҳаттоки кишининг масжиддан давоми...

2318 09:00 / 06.06.2021
Бир мусулмон вафот этса, қолган мусулмонлардан унинг вафотини билганларга тўрт нарса кифоя тарзида фарз бўлади. Яъни, ўша нарсаларни улардан баъзилари адо этса, давоми...

1266 11:58 / 03 сентябрь
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кеча жинлардан бири Ифрийт менга намозимни давоми...

2896 16:00 / 13.06.2021
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиш учун ташкил этиладиган интернет дарсларига ҳафтада уч кун устозимиз марҳум Шайх Муҳаммад давоми...

7767 14:09 / 21.11.2018