1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Иймон халовати

05:00 / 07.03.2017 4367 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уфқни алвон рангга бўяб, қуёш ботди. Ибодатга интизор табиат сукут сақлаб турди. Қалбларни ғафлатдан уйғотувчи шом азони янгради. Кун бўйи ҳовлининг эни-ю бўйини қадам-бақадам ўлчаб чарчаган биттагина товуқ, олдин супага, кейин ёғоч тирговучга, ундан дарахт шохига сакраб чиқди ва ҳар кунги одатига биноан, қибла томонга юзланиб, ўтириб олди. Ақлсиз санаганмиз беозор жонивор, худди тушунаётгандек, жимгина ўтириб, азонга қулоқ берди. Сукунатнинг бағрини тилиб, бир муддат борлиқни бедор қилган азон товуши тинди.

Солиҳа жойнамоз узра қиблага юзланди. Қайноқ кўзёшлар юзларни ювиб, жойнамозга тўкилди…
Кун бўйи болаларга хос тиниб-тинчимаслик билан югуриб-елиб чарчаган етти ёшли Шукрона, бир бурчакда ўтирганча онасининг ҳаракатларини кузатарди. Онанинг кўзларидан томаётган ёшларнинг сабабини мурғак шуури билан ҳис қилаётгандек эди…
Кўча дарвозаси тарақлаб очилиб, ичкарига кирган ширакайф киши бўғиқғ овозда бақира кетди. Йўлида учраган нарсаларни тепиб, уй томон яқинлашди.
Шукронанинг отаси чайқалиб уй ичига кирди ва оғзидан қўланса ҳид аралаш ҳақоратли сўкинишларни ёғдира бошлади: «Ўвв хотин! Нимага дарвозадан кирганимни билатуриб, кутиб олишга чиқмадинг?!»
—…
—Гапир! Нега қачон қарасам, жойнамоз устида ўтирганинг-ўтирган? Мен келадиган вақтни кутиб туриб намоз бошлайсанми? Шундай қилсам, уролмайди деб ўйлаяпсанми? Менга хотин бўлиб, нима қилиб бердинг? Биттагина ўғил туғиб беролмадинг-ку?»
Бошини қуйи солганча юм-юм йиғлаётган Солиҳа бемажолгина: «Шукр қилинг!.. Қиз фарзанд эмасми?.. Биттагина бўлса ҳам Парвардигор бизга фарзанд неъматини берди-ку!.. Тирноққа зорлар йўқми?..» деди.
Худди шуни кутиб турган эр аёлнинг устига бюостириб келди ва аямасдан ура кетди: «Сенга гапиришни ким қўйибди? Менга, эрингга гап қайтаряпсанми?..»
Онасига қўшилиб, Шукрона ҳам дод солиб йиғлар, орага тушиб қолганидан отасининг беаёв зарбаларига гоҳ-гоҳ нишон бўларди…
Бу каби тўполонлар, деярли ҳар куни, ярим тунгача—ичкиликка буткул мубтало бўлган эр йиқилиб, ғафлат уйқусига чўмгунича давом этарди.
Кун бўйи рўзғор юмушларидан ҳориган аёл эрини ётоққа ўткизмоқ тараддудида Шукронага: «Қизим, кела қол, отангни амаллаб жойига ётқизайлик, яна буерда шамоллаб қолмасин», деди. Қизалоқ кўзларини катта-катта очиб: «Онажон, отам сизни ҳозиргина аямасдан калтаклади-ку! Сиз йиқилиб қолганингизда ҳам раҳми келмади. Шундай бўлсаям, сиз нега отамга меҳрибонлик қилаверасиз? Мен отамдан хафа бўлдим… Шу ерда ётаверсинлар, шамоллаб қолсалар, қайтанга яхши—сизни бошқа уролмайдилар!» деди.
Онаизор қизчасини бағрига босиб, ич-ичидан йиғлади. Қизалоғининг бошнии силаб, кўзларидан ўпди ва: «Қизим, отанг ҳам Худонинг бандаси. Аслида отанг яхши одам… Фақат ичкилик уни шу кўйга солиб қўйган… Отанг ҳозир маст, ҳеч нарсани билмайди. Уни агар шу аҳволда қолдирсак, ёмон иш қилган бўламиз. Биз мусулмонмиз, мусулмон ҳамиша яхши ишлар қилиши керак», деди.
Она-бола отани жойига ётқизишди. Сўнгра аёл хуфтон намозида қоим бўлди. Намоздан сўнг узоқ дуо қилди. Яратгандан эрига тавфиқ, ўзига сабрп, қизига икки дунё саодатини тилади…
Солиҳа алламаҳалгача ухлаёлмай ётди… Турмушга чиққанига ҳам бир зумда ўн икки йил бўлибди. Лекин мана шу «бир зумдек» туюлган ҳаётининг ҳар бир куни қанча-қанча кўзёшлар, изтироблар, тоат-ибодат ва дуо илтижоларга йўғрилган…
У ота-онасидан эрта айрилган етим қисматлилардан бири эди. Яратганнинг тақдири билан улар бирин-кетин бандаликни бажо келтирган пайтда Солиҳа анча ёш эди. Ота-онасини эслаганида, фақат биргина ёрқин хотира кўз олдида яққол намоён бўлар, ҳовлидаги супа устида азон чақираётган отаси ҳамда, жойнамоз узра намоз ўқиётган онаси… Қолган нарсаларни ғира-шира хотирлайди.
Солиҳа вояга етгач, қариндош уруғлари уни турмушга узатишди. Куёвнинг таг-туги, дину диёнати, хулқ-атвори сўраб суриштирилмади. Улар беш йилгача фарзанд кўришмади. Эри бўлар-бўлмасга жанжал чиқарадиган, аямай урадиган одат чиқарди. Эридан қанчалик азият етмасин, бирон марта бировга зорланмади. Бир куни ичиб келган эр қаттиқ калтаклаб, уни туғмасликда айблади, бунинг асл сабабини ўйлаб ҳам ўтирмади. Ҳақорат, зулмлардан тўйган, чарчаган аёл анҳор бўйига бориб, маъюсгина сувнинг оқишини кузатиб ўтирди. Дардини кимга айтишни билмас, чорасизсезарди ўзини…
«Болажоним, сув бўйида нима қилиб йиғлаб ўтирибсиз?» деган ёқимли товушдан сергакланди. Бошини кўтариб, ўзидан икки-уч қадам нарида унга меҳр аралаш ачиниш ва хавотир билан қараб турган нуроний аёлни кўрди. Кўз ёшларини артаркан, секингина салом берди ва бир муддат жим қолди.
«Майли, нима бўлганини айтишингиз шарт эмас. Чунки мен ҳам Худонинг сиздайин ожиз бир бандасиман. Фақат йиғламанг, онам! Сабр қилинг, Яратганга дуо илтижо қилинг! Дуоларингиз жавобсиз қолмайди, жон болам, ўзинигиз ҳам жуда оқила,сабрли жувонга ўхшайсиз…» деди аёл.
Солиҳа бу сўзларга маҳлиё бўлиб, беихтиёр: «Онахон, мени фақат бир нарса қийнайди. Беш йилдирки, бефарзандман…» деди. Шунда аёл: «Холиқдан ҳеч сўрадингизми?» деди. Солиҳа: «Кимдан?» дея сўради ҳайратланиб. «Шу улкан еру осмонни яратиб, унда сизу биздек беҳисоб инсонларни, ҳисобсиз мавжудотларни
Яратган Зотни айтяпман. Бошимизга бирор мусибат тушса ёки озгина қийналсак дарров: «Эй, Худо! Мен сенга нима ёмонлик қилувдим? Гуноҳим нима!» дея исён қиламиз. Гуноҳимиз нима деймизу, бенамозлигимизнинг ўзи кечирилмас гуноҳ эканлигини ақлимизга ҳам келтирмаймиз. Эй қизим, шунчалик ношукрмизки, агар Раббимиз шу қадар меҳрибон бўлмаганида, ҳолимизга вой бўларди!» деди аёл.
Солиҳа бу донишманд аёлни яна узоқ эшитишни истарди, сўзлари, чексиз меҳри уни ром этиб қўйганди. Аёл қўлларини очди ва: «Аллоҳим! Сен ҳар нарсага қодирсан! Шу ожиз бандангнинг дуоларини қабул қил! Йўлингда юришни насиб қил ва Ўзингга итоат қилгувчи зурриётлар бер!.. Омин!» деди. Сўнгра: «Она қизим, сизни Аллоҳга омонат қилдим, Парвардигор Ўз паноҳида асрасин!» деганича, салобатли одимлар билан илгарилаб кетди…
Солиҳа ёқимли туйғу, таърифлаб бўлмас ҳолатнинг оғушида хаёл суриб қолди. Ўзига келганида эса, бардошли, итоаткор оёқлари уйи томон одимлаётган эди… Ношуд эр эса ғафлатга ғарқ бўлиб хуррак отарди…
Солиҳа шу кундан бошлаб намоз ўқишни ўҳргана бошлади. Қисқа муддат ичида беш вақт намозни канда қилмасдан адо этишга ўтди. Илк саждага бош қўяркан, ўзини Парвардигор ҳузурида эканини ҳис қилди. Қалбининг туб-тубида кўп йиллар чўкиб ётган армон, алам, изтироб отлиғ туйғулардан бир муддат халос бўлгандек бўлди. Намозларидан сўнг қўлларини дуога очиб, яратган Раббига илтижолар қилди…
Меҳрибон ва раҳмлиларнинг энг раҳмлиси бўлган Парвардигор унингн дуоларини зое этмади… Қизчаси дунёга келгач, унинг отини Шукрона қўйишларини илтимос қилди… Шукрона кўзининг оқу қораси, Аллоҳнинг неъмати, дуоларининг ижобати эди…
Лекин, Худони билмайдиган гумроҳ кишининг иши қийин экан… Унинг эри олдин «болам йўқ!» деса, энди «ўғлим йўқ!» дея тўполон қилишни бошлади…
Кунлар, йиллар шу зайл ўтаверди. Шукрона ҳам онасининг тарбиясида вояга етди. Солиҳанинг ўн етти йиллик меҳнати маҳсули ўлароқ Шукрона ибодатда улғайди.
Бир куни Шукрона ҳовли супураркан, кимдир: «Мурод!» дея чақирди. Шукрона чиқиб қараса, отасининг энг яқин улфати, ароқ, ичкилик деса, ўзини томдан ташлайдиган Тўхта ака турибди. Қиз уйга кириб, онасига: «Онажон, отамни сўрашяпти», деди.
Нарироқда ёнбошлаб ётган Мурод туриб, дарвоза томон юрди. Улфатини кўриб, яйраб кетди. Уйга киришди. Она-бола меҳмонга дастурхон ёзишди. Меҳмоннни кузатгач, Мурод хотинини чақирди:
—Солиҳа!
—Лаббай,—дея аёл эрининг қаршисига борди.
—Қизингга совчиликка келибди, биласан, қадрдон ўртоғим. Ўғлиям келишган йигит. Розимиз, дедим, нима дейсан?!
Солиҳадан садо чиқмади… Сабаби, қулоқларига гап кирмасди… Худди бошидан қаттиқ зарба еган кишидек, карахт ҳолатга тушиб қолди. Чунки, тўхта аканинг ўғли ҳам ичкиликнинг мубталоси эди… Онаизор ўзига армон бўлган бахт—исломий оиланинг бекаси бўлишдек гўзал тақдирни қизига беришини Яратгандан неча йиллар илтижо қилар эди. Шу сабаб бирор сўз айтишга мажолсиз қолди… Мурод овозини баландлатди:
—Нимага товушинг чиқмайди?! Гапир!
—…
—Демак, ҳеч нарса демайсан! Жуда соз! Нима қилишини ўзим билмана. Отаси кимсан, Тўхтабой! Ўғлиям чакки йигит эмас! Ким бўлгандаям, Тўхта менинг яқин ўртоғим, бор-йўғи битта қизимни сўрабди, бераман! Ўнта қизим бўлганда, ўнтасини сўраса ҳам берардим! Гап тамом!
Ошхонада куймаланаётган Шукрона онасининг кўзларида ёш кўриб, юрагида бир ғашлик туйди. Онаизор: «Қизим, болажоним!.. Отангнинг улфати сени ўғлига сўраб келибди. Мен рози бўлмадим, лекин… отанг «Хўп» деб юборибди…» деди. Қизгинанинг вужуди титради… Наҳотки, онасининг қаро қисмати қизига ҳам мерос қолса?.. Қизнинг юраги норозилик ўтида ёнарди…
Мурод ичиб келиб, зуғумда давом этди. Йиғлаб ўтирган хотинини яна урди. Такрор-такрор сўради:
—Розимасмисан?
—Йўқ, асло…
Солиҳа калтаклар ёмғири остида қолди. Қутуриб кетган эр бу сафар аёлни жуда қаттиқ тепкилади. Аёл инграб юборди… ва ҳушини йўқотди…
Қўни-қўшниларнинг ёрдамида Солиҳа касалхонага ётқизилди. Шукрона тонгга яқин ҳушига келиб, сўзламоқчи бўлган онаизорнинг лабларига қулоғини тутди. Онаси: «Сени Аллоҳга топширдим, қизим!..» деди. Сўнгги нафасдаги охирги сўзи эса: «Ла илаҳа иллаллоҳ…» бўлди. Солиҳанинг лаблари қимирлашдан мангу тўхтади.
Солиҳа бир умрли хўрлик, азоб ва изтироблардан охират, роҳат сари кўчди… Сўнгги калимаси ила жаннат эшиклари унга очилди, бу дунёдаги биргина илинжи Шукронасини Аллоҳ Ўзи ҳифзу ҳимоясига олди, иншаоллоҳ… Аллоҳ раҳмли Зот!
Кунлар ўтаверди. Бир ҳовлида ичкиликни канда қилмайдиган ота ва оғир айрилиқ, мусибат туфайли хаёли паришон бўлиб қолган қиз яшайверди. Шундай кунларнинг бирида бўлажак қуда ташриф буюрди. Не кўз билан кўрсинки, илк бора совчиликка келганида бежирим кийимда, бошида рўмол билан нигоҳидан ҳаё барқ уриб турган бу қизни бугун бошяланг, сочлари тўзғиган, кийимлари бир аҳволда учратди. Қиз унинг кўзига телбасифат бўлиб кўринди…
Тўхтабой улфатининг олдига кириб, тўйни бекор қилиб кетди. Ҳа, бу ароқхўр одамга бундай носоғлом келин керак эмасди.
Шукрона ётиб ухлади дегунча, тушида онасини кўрарди. Ҳар гал онаизор қизига ачиниб қараб турар ва қизи яқинлашиши билан ғойиб бўларди. Бундай тушлардан эзилиб уйғонган қиз, қабристон томон йўл олар, онасининг қабри ёнида ўтириб, ўксиб-ўксиб йиғлар, бу ердан асло кетгиси келмасди… Бу зиёрат кунлик одатга айланган эди.
Ана шундай зиёрат кунларининг бирида бу бошяланг, сочлари тўзғиган қизга нарироқдаги қабр ёнида ўтирган йигитнинг кўзи тушди. Авалига жаҳли чиқди, унинг бу алфозда юриши, қабристонга келиши ёқмади. Бироз вақт ўтгач, диққат қилиб қаради ва уч синф қуйида ўқиган мактабдошини таниди. Қиз ўксиб-ўксиб йиғларди. Йигитнинг юраги эзилди, қизга нисбатан қалбида раҳм туйғуси уйғонди. Қандай қилиб таскин беришни билолмай қолди… Ва… сукунатга чўккан қабристон ичра гўзал бир овоз, ёқимли бир сас, муборак «Ёсин» тарала бошлади. Бошига дўппи кийиб олган бу хушсурат йигит қалбларни тўлқинлантириб, гўзал бир қироат билан Қуръон тиловат қиларди.
Шукрона тиловатга маҳлиё бўлиб қолди. Бир муддат марҳума онаси тунлар қўйнида намоз ўқиб, дуога қўл очганида қизнинг мурғак қалбида пайдо бўладиган ажиб бир ҳис яна пайдо бўлди. Неча кунлардир соғинч оташида куйиб кул бўлаёзган юрагига ҳаёт нафаси шу тиловат билан оқиб киргандек, дил яраларига малҳам етгандек бўлди. Бошини кўтариб, йигитга қаради, кўзларидан сел қуйилар эди.
Йигит тиловатни тугатиб, қўлларини дуога очди, қабристон аҳлининг ҳаққига дуо қилди. Туриб, қизнинг ёнига келди ва: «ортимдан юринг», дегандек имо билан қабристондан секин юриб чиқди. Шукрона беихтиёр унинг ортидан эргашди.
Йўл давомида йигит ундан кимнинг зиёратига келганини сўради. Қизнинг сўзларини диққат билан эшитгач: «Синглим, ҳамдардман… Сизга Аллоҳдан сабр тилайман. Изтиробларингизни ҳис қила оламан, негаки, мен ҳам онамни, онажонимни тупроққа қўйганимга кўп бўлмади… Лекин сизнинг қабристонга келишингиз, исён қилиб йиғлашингиз тўғри эмас. Бир ўйлаб кўринг, қабрда ётган яқинларимиз нимага кўпроқ муҳтож? Биздан уларга қандай ёрдам етиши мумкин? Оналаримизга биздан борадиган Қуръон тиловати-ю, хайрли дуолар зарур. Бу тақдири Илоҳий. Аллоҳга тоатда тоатда, ибодатда қоим бўлсак, қоронғу қабрларига нур етиб туради…» дея насиҳат қилди.
Йигит сўзларини якунлаб, хайрлашар экан: «Шукрона, Аллоҳнинг паноҳида бўлинг!..» деганча ўз йўлига кетди.
Ҳаяжонли, дилдан чиққан бу сўзлардан Шукрона узоқ бир уйқудан уйғонгандек бўлди. Дадил қадамлар билан уйига етиб келган қиз онасининг рўмолини, жойнамозини қўлларига олиб, бир муддат бағрига босиб турди. Энди у нима қилиш кераклигини биларди…
…Қалбининг тўғонларини бузган ҳислар кўзёшга айланиб, жойнамозга тўкилди. Яқин орада у бунчалик таскинни, ҳузурни туймаганди. Дуога қўл очди. Онасидек узоқ дуо қилди. Онасининг ҳаққига дуо қилди…
Одатдагидек, шом вақти ширакайф ҳолда уйга қайтган Мурод жойнамоз узра ўтирган «Солиҳа»ни кўрди. Матлиги туфайли хотинининг вафотини унутган, жойнамоз устида қизи Шукрона эканлигини англамасди. Ўазаб отига миниб, унга томон ташланмоқчи бўлди. Бошидан рўмолини юлқиб олмоқ учун узатган қўллари бўлак овоздан, зорланиб қилинаётган дуолардан бир муддат муаллақ қолди…
«Аллоҳим!.. Бу ғафлатдаги бандангнинг гуноҳларини кечир! Руҳимни, жисмимни ибодатга қоим айла!.. Бутун умримни Сенинг ризолигинг учун сарфлашни насиб қил!.. Сўнгги сўзимни «Ла илаҳа иллаллоҳ» қилгин!..
Онажонимни ҳақиқий дунёда бахтиёр айла!.. Жаннатингга дохил айла!.. Отамга ҳам ҳидоят бер!.. Билмасдан қилган гуноҳларини авф эт!.. Отажонимни икки дунёда азиз қил!..»
Ота ҳушёр тортди. Балки нечоғлик худбин эканини англаб етди. Хотини ўлимидан сўнг илк бор чуқур маъно билан қараётган қизининг ёшли кўзларидан кўзларини аранг олиб қочди-ю, юзтубан йиқилди. Юрагини неча йиллардир қоплаб ётган жаҳолат музлари кўчгандир… Музлар эриб, кўзларидан қайнаб тошгандир… Ўкириб-ўкириб йиғлай бошлади.
Шу кеча Шукрона туш кўрди. Тушида онаси оппоқ рўмолда, оппоқ либосда, нур тўла чеҳрасида табассум билан қизига юзланиб турарди…
Кунлардан бир кун бу ҳовлига яна совчилар ташриф буюришди. Бу гал совчилар бир эркак билан икки аёлдан иборат эди. Шукрона уй ичида ёлғиз хаёл суриб ўтираркан, совчи аёллардан бири кириб келди ва қизнинг пешонасидан ўпганча, қўлига бир ихчам қоғозни тутқазди-ю, чиқиб кетди. Шукрона секингина қоғозни очди:
«Жами чечакларнинг сарвари—ШУКРОНАхонга!
Бахтни ҳар ким ҳар турли талқин қилади. Ва аксарият одамлар орзуга эришмакни «бахт» деб ҳисоблайдилар. Инсон фитратан шундай яралганки, у бир орзусига эришгани сайин, унга навбатдаги орзу армон бўлаверади. Орзу-армон билан жулдурпора кўнгил асло саодатмандликка далолат эмас. Бу борлиқда ёлғиз Имон Ҳаловатигина айни БАХТдир…»
Бу қабристондаги йигит эди…

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ қизи

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳидоят томини кўтариб турғонЧўнг аркон қулади ndash айвон қулади.Йўқ, аркон демангиз, демангиз айвон,Улкан тоғ қулади ndash осмон қулади.Наҳотки Аллоҳим нафас давоми...

3358 05:00 / 07.03.2017
Qahramon marash Kabi silkinar yuragim to`kilar mevalar shahidlar Allohning shahidlar menim och yerga ozuq gida hali shahid bo`lmagan shahidlar fig`onin Allohdan emas to`sar olamdan qaqshayman alamdan sevgida faryod bor olamni kar qilgulik sassiz ko`zlar yumuq hayqirurlar давоми...

1955 14:13 / 20.02.2023
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ ҳақидаШайх Абдулфаттоҳ ибн Муҳаммад ибн Башир ибн Ҳасан Абу Ғудда Суриянинг шимолидаги Ҳалаб шаҳрида, 1335 ҳижрий сана 17 ражаб, 1917 мелодий давоми...

5509 05:00 / 11.03.2017
УЧИНЧИ БОБ ЎЗИМГА НАЗАРРивоятга ўч менинг халқим,Ўтмишида куч менинг халқимЎз ҳолидан тамом қонибди,Тарқатишга одат қилибдиМен ҳақимда турли ривоят,Рости анда давоми...

7901 05:00 / 07.03.2017