1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Ҳар бир дарднинг давоси бордир

19:30 / 11.05.2021 2680 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Буюк ватандошимиз Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ қайси бир дардни нозил қилган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир», дедилар».

Имом Муслим ривоят қилган. Лафзда:

«Ҳар бир дарднинг давоси бордир. Қачон даво дардни топса Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила тузаладир», деган кунларидан бошлаб бу маъно мусулмонларнинг ақийдасига айланиб бўлган эди.

Ҳар бир мусулмон табиб ҳар қандай дарднинг давосини Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда тинмай излар эди. Ҳар бир мусулмон бемор ҳам ноумид бўлмай дардига даво талабида бўлар эди.

Бу руҳият мусулмонларнинг дунё тарихида мисли кўрилмаган равишда тиббий кашфиётлар қилишларига олиб келди. Улар қилган кашфиётларини кўз-кўз қилишни, улар билан мақтанишни, бир-бирларига мукофотлар ва унвонлар таъсис қилишни ўзларига эп кўрмас эдилар. Бирор катта кашфиёт қилган чоғларида ҳам Аллоҳ таолонинг ёрдами ва инояти ила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида келган маъно рўёбга чиқди, деб қўйиб кетаверар эдилар.

Кейинчалик овруполиклар мусулмонлардан тибни ўрганиб уларнинг китобларини таҳлил ва шарҳ қилиш жараёнида кўп нарсаларни ўзлариники қилиб олдилар. Уларнинг баъзилари усталик билан иш тутар эди. Бу меники, бу фалончиники, деб ҳам айтмас, индамай китобига ёзиб қўяр эди. Кейинги ўқиганлар мазкур кашфиётни мусулмонлардан ўз китобига кўчириб ёзган шахс­га нисбат беришар эди. Баъзилар эса, мусулмонлар кашф қилган нарсани, меники, дер эди.

Аммо вақти-соати келиб парда очилди. Динларидан узоқлашиб ҳамма соҳада орқада қолган ҳозирги мусулмонларнинг баъзи вакиллари овруполиклар ҳузурида таълим ола бошладилар. Улар ўз устозларидан иш услубларини ҳам ўргандилар. Жумладан, қадимги қўлёзмаларни таҳлил қилишни ҳам ўргандилар. Ана ўшанда кўпгина сирлар очила бошлади.

1924 йилгача бутун дунёда Жолунуснинг қон айланиши ҳақидаги назариясини хато эканини исботлаб, кичик қон айланиш системасини испаниялик Сарветос ва англиялик Ҳарфи топган дейи­лар эди. Аммо худди ўша мелодий 1924 санада бу соҳада ғаройиб ўзгариш юз берди.

Ўша йили мисрлик ёш йигит Абдул Мунъим ат-Тантовий Олмониянинг Фрайнбург дорулфунунида немис тилида докторлик ишини ҳимоя қилди. Унинг бу илмий иши ҳаммани ҳайратга солди. Абдул Мунъим ат-Тантовий илмий ишида Жолунуснинг қон айланиши ҳақидаги назария­сини хато эканини исботлаб, кичик қон айланиш системасини топган олим Сарветос ва Ҳарфи эмас, Ибн Нафис исмли мусулмон олим эканини даъво қилди. Унинг даъвосича, Ибн Нафис бу кашфиётни Савритос ва Ҳарфидан тўрт юз йил олдин кашф қилган экан.

Илмий ишни муноқаша қилаётган олимлар бу журъатдан ёқаларини ушлаб қолишди. Наҳотки бутун дунё 1616 йилдан бери бу илмий ишни Сарвитос ва Ҳарфи кашф қилган, деган фикрда адашиб юрган бўлса! Ахир бу илмий омонатга хиёнат бўладику! Лекин ўзини айтгани илмий ҳужжат ва далилларга асосланган эканини маҳкам туриб ҳимоя қилаётган анави мисрликка ҳам бир нарса дейиш керак. Ҳамма илмий ишни муноқаша қилишни йиғиштириб қўйиб қўлёзмаларни ти­тишга киришиб кетди. Бу янгиликни эшитган бошқа олимлар ҳам ишга аралашдилар. Ҳамма қўлёзмаларнинг ичидан шу масалага тегишлисини ажратиб олиб қайта-қайта ўрганиб чиқишди. Охири Абдул Мунъим ат-Тантовийнинг даъвоси тўғри эканига, Жолунуснинг қон айланиши ҳақидаги назариясини хато эканини исботлаб, кичик қон айланиш системасини топган олим Ибн Нафис эканига иқрор бўлишди.

Энди мусулмон олимларнинг тиббий кашфиётлари ҳақидаги маълумотлар уммонидан бир томчи зикр қилиб ўтишга ижозат бергайсиз.

Мусулмонлар жарроҳлик соҳасида ҳам ҳеч ким қила олмаган ишларни қилдилар. Бу соҳада улар инсониятга мисли кўрилмаган хизмат қилдилар.

1113 йилда вафот қилган андалуслик машҳур жарроҳ Абул Қосим аз-Заҳровий нафақат жарроҳлик соҳасига, балки жароҳатларни даволаш, ички аъзолардаги тошларни майдалаш ва жарроҳлик амалиётларига янгиликлар киритди.

Инглиз олими Персивал Потдан етти юз йил илгари мазкур мусулмон жарроҳ бўғинлар шамоллаши ва умуртқа поғанаси силини яхши билган. Аммо бу хасталик кейинчалик Потнинг номи билан аталиб қолган, холос.

Аз-Заҳровий бола туғдириш бўйича ҳам кўплаб янгиликлар кашф этган. Хусусан, бола кўндаланг келиб қолганда нима қилиш кераклигини биринчи бўлиб тўғри ҳал қилган табиб ҳам шу одам. Ҳозирда ўша услублардан бир штутгартлик олим Фолшер (1856-1935) номи билан аталади.

Мусулмонлар кўз хасталиклари соҳасида ҳам улкан ютуқларга эришганлар. Уларнинг илмий изланишлари бутун бошли бир «Басариётлар илми» номли илмини юзага келтирди. Бу соҳада ёзилган биринчи китоб Исҳоқ ибн Ҳунайннинг қаламига мансубдир. Мусулмон олимларнинг бу соҳадаги китоблари 18 асргача овруполиклар учун биринчи қўлланмалар бўлиб келди.

Шунингдек, мусулмон уламолар бўғинлар ва суякларни даволашда ҳам ғоят маҳорат кўрсатишган. Хусусан, курак чиққанини даволаш бўйича улар топган услуб ҳозиргача қўлланиб келинмоқда.

Ибн Сино қадимгилардан қолган иссиқ ва совуқ ҳаммом билан даволаш услубига икковини қўшиб бир-бирини орасида бир оз вақт ўтказиб даволашни жорий қилди.

Ўрта асрларда жарроҳлик амалиётларида тикиш учун сочни ишлатишни Розий ўйлаб топди.

Мусулмоннинг тиб илмига қилган улкан хизматларидан бири жарроҳлик амалиётларидан олдин беморларни ухлатадиган нарсани ўйлаб топганларидир. Буни италиялик ёки бошқаларнинг иши демоқ хатодир.

Мусулмонларнинг тиб соҳасидаги оламшумул ютуқлардан бири ақлий ва асабий хасталикларни даволаш услубларини топганлари бўлган.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Роҳман инсонни йўқдан бор қилди. Яратганда ҳам, чиройли, бекаму кўст қилиб яратди. Унга ақл, ҳистуйғу, тафаккур ва бошқа кўплаб қобилиятларни берди. Инсоннинг давоми...

4681 09:10 / 19.07.2019
Салб юришларида йиқилиб, майиб бўлиб мусулмонлар шифохонасида даволанган француз беморининг отасига мусулмонлар шифохонаси ҳақида ёзган мактуби ҳозиргача давоми...

2900 08:30 / 11.04.2021
Профессор Чарльз Барнет шундай дейди .Қўлимиздаги рисоланинг лотинча номи .Де тем корум рационе,. Уни .Вақтни ҳисоблаш ҳақида, деб таржима қилиш мумкин. Бу рисолада давоми...

2018 09:14 / 30.12.2023
Инглиз профессори С. Э. М. Жоуд шундай деган эди .Албатта, табиий фанлар бизга олиҳаларга муносиб бўлган қудратни бериб қўйган. Биз эса улардан ёш болалар ва давоми...

1262 14:34 / 15 август