1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Буюк алломага муносиб туҳфа

08:00 / 24.04.2021 1235 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аксарият буюк аждодларимиз ёзма манбаларда улуғвор номлар билан шарафланган. Масалан, Абу Наср Форобий «иккинчи муаллим», Маҳмуд Замахшарий «Аллоҳнинг қўшниси», Имом Мотуридий «барча мусулмонлар эътиқодини тузатувчи», Абу Муин Насафий «ҳақиқат қиличи»… Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Шунингдек, Имом Бухорий ҳам Ислом оламида «муҳаддислар имоми», «ҳадис илмининг султони» каби бир қатор шарафли номлар билан машҳур бўлган.

Унинг энг ишончли ҳадислар жамланган «Жоме ус-саҳиҳ» асари Ислом оламида муқаддас Қуръони каримдан кейин иккинчи ўринда турувчи манба сифатида эътироф этилади. Имом Бухорий ўз олдига қўйган ушбу масъулиятли вазифани амалга ошириш учун ўша даврдаги Балх, Басра, Бағдод, Миср, Мадина, Макка каби илмий-маънавий марказларга сафар қилган. Имом Бухорийнинг қисқа муддат ичида бундай улкан географик ҳудудни пиёда кезиб, илм ўрганиши, жумладан, олти юз мингта ҳадисни ёд олишини мўъжиза деб баҳолаш мумкин.

Бугунги кунда ҳадислар устида илмий изланиш олиб бораётган ҳар бир тадқиқотчи Имом Бухорийнинг номи юқорида зикр этилган асарига мурожаат қилади. Муҳаддиснинг ҳаёти ва илмий фаолиятини тадқиқ қилган олимлар инсон қисқа умри давомида бу қадар салмоқли ишларни амалга ошириши учун улкан истеъдод талаб этилишини таъкидлайди.

Шу билан бир қаторда, мана шундай буюк аллома ҳаётда оддий инсон, сертавозе ва гўзал ахлоққа эга бўлгани диққатга сазовор. Имом Бухорий бирор ҳадисда камчилик ёки иллат мавжуд эканини кўрса, уни дарров танқид қилмас, аксинча, «бу хусусда аввал ўтганлар ҳеч нарса демаганлар», «бу ҳақда бошқа мулоҳаза ҳам мавжуд», деган камтарона, юмшоқ ҳамда самимий ибораларни қўллаш билан кифояланган. Камдан-кам ҳолларда унинг энг қаттиқ айблови «мункир-ул ҳадис» (ҳадиси инкор қилинган) деган танқиддан иборат бўлган. Кейинчалик ушбу ибора ҳадис илмида махсус қоидага айланган. Натижада Имом Бухорий бирор ровий ҳақида «мункир ул-ҳадис» иборасини ишлатган бўлса, ундан ҳадис ривоят қилинмаган.

Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Имом Бухорий сиймосини ўрганиш ва тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муҳаддис дафн этилган мақбара ҳудудида ушбу мақсадга хизмат қиладиган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми олий мактаби фаолият олиб бормоқда. Муборак Рамазон ойининг илк кунларида давлатимиз раҳбарининг мазкур мажмуага ташрифини ҳам буюк аждодимизга кўрсатилаётган эҳтиромнинг мантиқий давоми деб баҳолаш ўринли.

Айни вақтда мажмуада амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари муҳаддиснинг номи ва савиясига муносиб бўлиш билан бир қаторда, замон талабларига монанд тарзда ҳам амалга оширилмоқда. Халқимиз азалдан хайрли ишлар баракали бўлиши учун уларни улуғ кунлар билан боғлаган. Моҳи Рамазон меҳр-муҳаббат, савоб ва эзгу амаллар қилиш вақтидир. Имом Бухорийнинг Бухородан Самарқандга ташриф буюриши ҳам Рамазон ва ундан олдинги шаъбон ойига тўғри келган.

Шу ўринда «бугунги кунда аждодларимиз меросига алоҳида эътибор қаратилаётганининг сабаби нима?» деган ҳақли савол туғилади. Бунинг сабаби сифатида учта омилни келтириш мумкин:

Биринчидан, Учинчи Ренессанс остонасида турган мамлакатимиз тарихда иккита оламшумул тамаддунни бошдан кечирган. Уларнинг юзага келишида мутафаккир алломаларимизнинг ўрни ва роли, илмий фаолияти муҳим ўрин тутган. Бир сўз билан айтганда, улар цивилизацияга — умумтараққиётга илм-фан орқали эришган. Бу эса ҳар қандай ривожланиш негизида илм ётишини кўрсатади. Аждодларимиз меросини ўрганиш орқали юксак тараққиётга эришишда илмнинг аҳамияти қанчалик муҳим эканини таҳлил қилиш имкони туғилади.

Иккинчидан, глобаллашув жараёнида ўсиб келаётган ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашнинг энг самарали усулларидан бири асрлар оша анъанага айланган тарбиявий қадриятларимизда намоён бўлади. Бир вақтлар дунё илм-фани бешигини тебратган аждодларимиздан ўрганишимиз керак бўлган жиҳатлар бир талай.

Учинчидан, улар бизнинг аждодларимиз, биз эса уларнинг авлодлари ҳамда давомчиларимиз. Бугунги кунда Имом Бухорий мероси нафақат Ислом оламида, балки Ғарбда ҳам кенг ўрганилмоқда. Унинг номидаги мактаблар, мадрасалар фаолияти йўлга қўйилган, стипендия ва илмий грантлар таъсис этилган. Жумладан, Англиянинг Оксфорд университети Исломшунослик тадқиқот институтида Имом Бухорий номидаги стипендия жорий қилинган. Араб мамлакатларида, Африка қитъасидаги давлатларда Бухорий номи билан аталадиган мавзелар мавжуд. Бу ерлардан етишиб чиққан олимлар ўзларига Бухорий нисбасини олишни шараф деб билади. Шунинг сабабидан исмлари охирига фахр билан «Бухорий» сўзини қўшиб айтади.

Аммо таъкидлаш лозимки, дунё эътироф этган, турли миллатлар эргашадиган, ибрат оладиган алломаларимизнинг ишларини давом эттиришга ҳаммадан кўра, биз ҳақлироқмиз.

Қурилиши бошланган маҳобатли бу иншоотнинг илмий, амалий, ҳаётий моҳиятини айни шу ишларнинг узвий давоми сифатида қабул қилиш ўринли бўлади. Ҳақиқатан, иншоот Президентимиз таъкидлаганидек, замонавий, шу билан бирга, буюк аждодимиз номига муносиб улуғвор бўлади. Бу эса ёш авлод учун ибрат намунаси, қолаверса, ички ва зиёрат туризмининг ривожланишига, алломаларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросида акс этган оламшумул кашфиётларни халқаро майдонда тарғиб қилишга имкон яратади.

Давронбек Махсудов,

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори

Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси

2021 йил 23 апрель, №81 (337)

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири эҳтикормонополиядир.Маъмар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким эҳтикор қилса, ўша давоми...

2723 06:01 / 06.11.2018
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ҳузайфа ибн Усайд алҒифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ўнта белгини давоми...

3016 15:30 / 16.06.2020
Абу Жуҳайфа Ваҳб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон билан Абу Дардо розияллоҳу анҳумоларни биродар давоми...

2954 08:00 / 04.01.2021
Ҳар бир қарздор тезроқ қарзини узиш пайида бўлиши керак. Қарзни узмай туриб вафот этиб қолиш жуда ҳам оғир вазиятни юзага келтиради. Ўлган бандадан Аллоҳ таоло Ўз давоми...

4018 16:11 / 22.10.2018