Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
WBA (Халқаро бокс федерацияси) президенти Эд Лассман бундай деган эди: «Клэй бокс оламига катта зиён етказди... ва болаларга ёмон намуна бўлди». У Алини чемпионлик унвонидан маҳрум қилмоқчи бўлди. Аммо Муҳаммад Алига ҳаммаси барибир эди: «Мен энг муҳтож бўлган нарса шуки, ўзимга «Аллоҳ мендан розими?» деб берган саволимга ижобий жавоб бера олишимдир. Жаҳон чемпионати менга чинакам бахтни бера олмайди, ҳақиқий бахт Аллоҳдандир. Ўлимдан кейин қанча пул топганим, қанчалик чуқур билим олганимнинг нима кераги бор? Энг муҳими, ибодатлар ва солиҳ амаллардир, ахир ер юзида яшаш абадий ҳаёт олдидан бир машқ, холос», деган эди у.
Америка жамоатчилиги унинг мусулмон бўлганини анча вақтгача қабул қила олмай юрди. Журналистлар ҳатто унинг янги қабул қилган исломий исмини тан олишни истамай, унинг исмини ҳамон Кассиус Клэй деб ёзишарди.
1973 йилнинг 31 мартида Муҳаммад Али Кен Нортон билан учрашди. Рақиби бунгача биронта жиддий жангда қатнашмаган, охирги жангида бор-йўғи 300 доллар пул ишлаганди. Кутилмаганда иккинчи роундда Кен Муҳаммаднинг жағига аниқ зарба берди ва уни синдириб юборди. Али турган бурчакдаги доктор жангни тўхтатмоқчи бўлди, аммо боксчи бундай қилишни тақиқлади. Жанг ўн икки роундгача давом этди ва ҳакамларнинг ихтилофли қарорига кўра Али мағлуб деб топилди.
Муҳаммад Али тўрт марта уйланди ва жами етти қиз, икки ўғил фарзанд кўрди. Алининг хотинлари билан ажрашиб кетишининг асосий сабаби уларнинг Исломни қабул қилишга рози бўлмаганлари эди, боксчи никоҳ билан динни танлашда ҳамиша динни афзал кўрарди.
Муҳаммад Али 1978 йили Совет Иттифоқида меҳмон бўлади, уни мамлакатнинг энг олий раҳбари Леонид Брежнев қабул қилиб, унга ҳадялар беради. Совет раҳбарларининг машҳур мусулмон спортчини юртларига таклиф этишларидан мақсадлари 1980 йилда Москвада бўладиган Олимпиада ўйинлари мавқеини ошириш эди: чунки жуда кўп давлатлар уни бойкот қилмоқчи эди. Сафарининг учинчи куни боксчи Ислом тарихи ва маданиятининг қадимий ўчоқларидан бўлган Ўзбекистонни зиёрат этишга қарор қилади.
Қашқадарё масжидларидан бирида имом бўлиб ишлаётган Нуриддин махдум Усмонов бундай ҳикоя қилади: «Алининг юртимизга келиши ҳақида телевизор орқали эшитиб қолдим. Ўшанда мен Ўзбекистондаги ягона диний ўқув юрти бўлмиш Бухородаги мадрасада ўқирдим. Бизни боксчининг Муҳаммад Али исми ҳайратга солган эди. Ислом дини таъқиб остида бўлган совет даврида машҳур мусулмон кишининг келиши ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли эди. Шундан кейин мен ва бошқа талабалар Муҳаммад Али иштирокидаги жангларни томоша қила бошладик. У мусулмон ва жаҳон чемпиони эди, мана шу нарса фахр-ифтихор уйғотарди».
Сафари чоғида Муҳаммад Алининг Ўзбекистонга уни мафтун қилган нарса Самарқанд зиёрати бўлди. Буюк Ислом олими, атоқли муҳаддис Имом Бухорий мақбараси ва Мирзо Улуғбек ўн бешинчи асрда қурдирган расадхонани кўриш атоқли боксчи саёҳатининг гултожи бўлди, десак хато қилмаган бўламиз.
Аммо совет қўшинларининг Афғонистонга бостириб кирганидан сўнг Муҳаммад Алининг Иттифоққа бўлган муносабати кескин ўзгарди ва Москвадаги 1980 йилги Олимпиада ўйинларини бойкот қилиш кампаниясида фаол қатнашди. Оқибатда АҚШ бошчилигидаги бир қатор давлатлар бу олимпиадада қатнашишдан бош тортишди.
Муҳаммад Али Американинг Исломни қабул қилган биринчи машҳур кишиси эди. Шунинг учун у мухлисларини ҳамиша охирги динга тарғиб қилар, Ислом динини ёйиш йўлида қўлидан келган ҳамма ишни қилишга интилар эди. Умрининг кейинги йилларида у бедаво Паркинсон касалига чалинганига қарамай, дунё бўйлаб мусулмонларнинг муаммоларини ҳал этиш ишларида фаол иштирок этди. У Чикаго шаҳрида ўз маблағи ҳисобидан «Фотир» масжидини қурди, БМТнинг элчиси сифатида уруш бўлаётган минтақаларга ташриф буюриб, уларни сулҳга чақирди. Унинг бир гапи жуда машҳур бўлиб кетганди: «Хўроз ёруғликни кўриб қичқиришни бошлайди, агар уни зулматда қолдиринг-чи, бирор товуш чиқарармикин? Мен ҳам нурни, ёруғликни кўрганим учун одамларни Исломга чақираман!»
(Тамом)
Маҳмуд Маъмуржон ўғли.
«Ҳилол» журналининг 3(24) сонидан