1446 йил 23 жумадис сони | 2024 йил 25 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Иброҳим алайҳиссаломнинг Шомга кўчишлари

16:20 / 03.02.2019 3988 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шунча қилинган жидду жаҳдлардан сўнг ҳам Иброҳим алайҳиссаломга у зотнинг жуфти ҳалоллари Сора онамиз ва акалари Ҳороннинг ўғли Лутдан бошқа ҳеч ким иймон келтирмади. Ана шунда Иброҳим алайҳиссалом: «Албатта, мен Роббимга борувчиман. У мени ҳидоят қилур» (Соффот сураси, 99-оят), деб дину диёнат учун ҳижратга кетишни афзал кўрдилар.

У зот соф ниятларини тушунмаган нобакор қавмдан, эски одатларни тарк этишни хоҳламаётган золимлардан воз кечишни хоҳладилар. Фақат Аллоҳ таоло билан қолишни, Ўзидангина ёрдам сўраб, фақат Аллоҳ таоло буюрганидек яшашни ихтиёр қилдилар. Шунинг учун ҳам ишонч билан «У мени ҳидоят қилур», дедилар.

«Аллоҳ таоло Ўзи мени тўғри йўлга ҳидоят қилади. Икки дунё саодатига элтувчи йўлга бошлайди».

Қатода розияллоҳу анҳунинг айтишларича, Иброҳим алайҳиссалом инсонлардан биринчи бўлиб (Биби Сора билан) Шом ерларига кўчиб ўтган зотдирлар. Шундай қилиб ҳижрат амалга ошди. Бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ажраб чиқилди.

Шу пайтгача Иброҳим алайҳиссалом фарзанд кўрмаган эдилар. Ҳижрат ёлғизлигида Аллоҳ таолодан фарзанд сўрадилар.

«Роббим, менга солиҳлардан ато эт». Унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик» (Соффот сураси, 100–101-оятлар).

Ёши бир жойга бориб қолган, бегона юртларда муҳожир бўлиб юрган бефарзанд одам учун бу жуда буюк хушхабар эди. Узоқ давом этган бефарзандликдан кейин фарзандли бўлиш нақадар бахт! Узоқ давом этган бу бефарзандликдан сўнг айниқса ўғиллик бўлиш қанчалик бахт! У ўғилнинг ҳалим бўлиши янада улуғ бахт! Ана шу фарзанд Исмоил эди!

Аммо ўша ҳалим ўғил дунёга келгунгача ҳали олдинда анчагина воқеалар бор эди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Набий Иброҳим алайҳиссалом учта ёлғондан бошқа ҳеч ёлғон гапирмаган. Иккитаси Аллоҳнинг зотида (Китобида) «Мен беморман», деган гапи ва «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган гапи. Биттаси Сора ҳақида. У киши бир жабборнинг (золим подшоҳнинг) ерига борди. У зот билан Сора ҳам бор эди. У (Сора) одамларнинг гўзали эди. У зот унга: «Мана бу жаббор сенинг хотиним эканингни билса, сен(га етишиш) учун менга куч ишлатади. (Шунинг учун) агар сендан сўраб қолса, менинг синглим эканингни айтгин. Сен менинг Исломдаги синглимсан. Мен ер юзида мен ва сендан бошқа мусулмон борлигини билмайман», деди.

Улар унинг ерига кирганларида уни жабборнинг аҳлидан баъзилари кўриб қолиб, унинг олдига бориб: «Сенинг ерингга бир аёл келди. У сендан ўзгага муносиб эмас», дейишди.

У одам юборди. Уни олиб келишди.

Иброҳим алайҳиссалом намозга турди.

(Сора) унинг (золим подшоҳнинг) олдига кирганида ўзини тута олмай, қўлини унга узатган эди, кўли қаттиқ тиришиб қолди. Шунда унга: «Аллоҳга дуо қил. Қўлимни қўйиб юборсин. Сенга зарар етказмайман», деди. У унинг айтганини қилди, лекин жаббор яна ёмонликка қайтди. Қўли аввалгидан ҳам қаттиқроқ тиришиб қолди. Унга яна аввалги гапини қайтарди. У унинг айтганини қилди, лекин жаббор яна ёмонликка қайтди. Қўли аввалги иккисидан ҳам қаттиқроқ тиришиб қолди. Шунда унга: «Аллоҳга дуо қил. Қўлимни қўйиб юборсин. Аллоҳга қасам, сенга зарар етказмайман», деди. У унинг айтганини қилган эди, қўли бўшади. Уни олиб келган одамни чақириб: «Сен менга одам эмас, шайтонни олиб келибсан! Уни менинг еримдан чиқариб юбор! Унга Ҳожарни ҳам бер!» деди.

У жўнаб кетди. Иброҳим алайҳиссалом уни кўриб, намозини тугатди ва: «Нима гап?!» деди.

«Яхшилик! Аллоҳ фожирнинг қўлини тийди! Хизматчи ҳам берди», деди».

Абу Ҳурайра: «Ана ўша сизнинг онангиз бўлади, эй осмон суви фарзандлари!» деди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги «жаббор»дан мурод золим подшоҳ, «жабборнинг ери»дан мурод Мисрдир. Иброҳим алайҳиссалом Сора онамиз билан Мисрга ҳижрат қилган вақтларида у ерда бир золим одам подшоҳлик қилар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Набий Иброҳим алайҳиссалом учта ёлғондан бошқа ҳеч ёлғон гапирмаган. Иккитаси Аллоҳнинг зотида (Китобида) «Мен беморман», деган гапи ва «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган гапи. Биттаси Сора ҳақида» деган гапларидан зинҳор-базинҳор «Иброҳим алайҳиссалом умрларида уч марта ёлғон гапирган эканлар» деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Бу ердаги «ёлғон»дан сиртидан ёлғон бўлиб кўринган, аслида бошқа тарафга буриб юборса бўладиган гаплар кўзда тутилган.

Қиссанинг давоми шуки, Сора онамиз золим подшоҳ ўзларига совға қилган Ҳожар исмли аёлни эрлари Иброҳим алайҳиссаломга совға қилдилар. Эҳтимол, ўзлари бефарзанд бўлганлари учун эрларининг бошқа аёл билан ҳам турмуш қилиб кўришини ўйлаган бўлсалар, ажаб эмас.

Ҳожар онамиз ҳомиладор бўлиб, Исмоилни дунёга келтирдилар. Ўша вақтда Иброҳим алайҳиссалом 86 ёшда эдилар.

Аллоҳ таоло ирода қилган ҳикматга биноан Сора онамизнинг рашклари қўзиди. Охири бориб Ҳожар онамизни гўдаклари билан бошқа бир жойга олиб бориб қўйишга келишилди.

Зурриётни гиёҳсиз водийга жойлаштириш

Иброҳим алайҳиссалом жуда узоқ йўл юргандан сўнг ҳозирги Каъбаи муаззаманинг ўрнига Ҳожар онамиз билан гўдак Исмоилни қолдириб, ортларига қайтдилар. Маълум бир жойга етиб, у зот она-болани кўрадиган, улар эса у зотни кўрмайдиган жойда туриб, Аллоҳ таолога илтижо ила қуйидаги дуони қилдилар:

«Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимни Байтул ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд, шукр қилсалар» (Иброҳим сураси, 37-оят).

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Мазкур юртни, Ҳарами шарифни омонлик юрти қилиб қўйди. Унинг омонлигига таҳдид соладиганларни ҳалокатга гирифтор қилди. У ердагилар Аллоҳга ибодатни тўғри қилиб, намозни тўкис адо этганларида, омонликка қўшиб тўқчиликни ҳам берди. Мусулмон бўлган одамлар қалбини ўша томонга талпиниб турадиган қилди. Ерларида ҳеч нарса ўсмаслигига қарамай, у жойнинг аҳолисини турли мевалар билан ризқлантириб қўйди.

Иброҳим алайҳиссалом ҳар замонда келиб, оилаларидан хабар олиб турдилар. Исмоил ҳам ўсиб-улғайиб борди.

Кейин нима бўлганини Соффот сурасининг қуйидаги оятларидан билиб оламиз.

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умавий амирларидан Валид ибн Абдулмалик ҳукмдорлиги 705715 даврида Испания ва Португалия Мусо Нусайя ва унинг мавлоси Ториқ ибн Зиёд томонидан ҳижрий 92 милодий 711 давоми...

3190 08:55 / 21.07.2019
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ташқи жабҳаларда олиб борилган ишлар жуда ҳам кўп. Фатҳлар ҳақидаги китобларда улар хусусидаги маълумотлар тўлиб давоми...

1469 15:02 / 28 сентябрь
Пайғамбарларнинг машҳурларидан бўлмиш Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг акалари Ҳороннинг ўғли эдилар. Яъни Иброҳим алайҳиссалом Лут алайҳиссаломга давоми...

6169 18:00 / 14.02.2019
Абдуллоҳ ибн Абду Наҳм Музаний исломга киришни ниҳоятда истар эди. Аммо унинг қавми унга босим ўтказиб исломга киришдан ман қилишди. Унинг бу йўлда қаттиқ давоми...

2436 14:00 / 18.06.2022
Аудиолар

137873 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57921 14:35 / 11.08.2021