1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Ота-онага оқ бўлиш ҳақида ҳаётий воқеалар

05:00 / 06.03.2017 5664 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир кекса аёл уйланган ўғли билан бир уйда яшарди. Бир куни ўғил ишдан келиб, хотинининг олдига кирганда, хотини унга кекса онаси ҳақида кўп ёмон гапларни гапирди. Ўғил ғазабланган ва юзлари қизарган ҳолда дарҳол онанинг олдига тушиб, унга деди: “Туринг ўрнингиздан, сиз билан бир жойга борамиз”. Она ўғлининг ниятини билмади. Ўғил онасини тоғ сари бошлаб борди. Тоғнинг тепасига чиққач, онасига: “Сабрим тугади. Агар хотинимга қилаётган муомалангизни бас қилмасангиз, сизни шу тоғдан ташлаб юбораман” деди. Шунда она бечора сокинлик ва виқор билан: “Истаган ишингни қилавер, ўғлим. Лекин бундан олдин менга рухсат берсанг, икки ракат намоз ўқиб олай” деди. Она намозни ўқиб бўлиши биланоқ ер ёрилиб, ўғилни бўйнигача ер ютди. Бу ҳолни кўрган она ўзини йўқотиб қўйди ва бор овози билан қичқирди. Унинг қичқириғини пастдан ўтиб кетаётганлар эшитиб, болани ердан чиқариб олиш учун дарҳол ёрдамга келишди. Лекин барча уринишлари бефойда бўлди. Охири улар бир олимни воқеа жойига чақириб келишди. Олим ҳолатни кўргач, онага: “Бу оқ бўлишнинг жазосидир. Сиз Аллоҳга ўғлингизни бу азобдан қутқаришини сўраб дуо қилсангизгина, у бу балодан қутилиши мумкин” деди. Она дарҳол қўлларини дуога очиб, ўғлини бу азобдан қутқаришини сўраб дуо қилди. Аллоҳнинг изни билан ер юмшаб, ўғил ташқарига чиқди, ҳаётга қайтди. Чиқишга чиқдию, аммо оёқ-қўллари ишламайдиган бўлиб чиқди. Бировнинг кўмагисиз ҳеч нарса еёлмас ва ичолмас эди. Бошқаларнинг қўлидан ичимлик ичса, ҳеч қонмас эди. Фақат онаси ичириб қўйсагина қонарди. Шунинг учун унга яна ўша меҳрибон она ўз қўллари билан едириб-ичириб қўярди. Онаси ичириб қўйсагина чанқоғи босиларди. Ўз ўғлининг қилмишларига қарамай, онасининг унга меҳр кўрсатишини қаранг!


Ўғлим келади...


Бир куни денгиз соҳили бўйлаб машинамда оилам билан кетаётган эдим. Тўсатдан соҳил бўйида ўтирган бир кекса аёлга кўзим тушиб қолди. Кечаси соат 12 дан ошган бир пайтда бу аёл нима қилиб ўтирибди, деб ҳайрон бўлдим. Аста унга яқинлашиб, машинамдан тушдим. Олдига бориб: “Эй онажон, кимни кутиб ўтирибсиз?” деб сўрадим. У аёл: “Ўғлимни кутяпман. Тезда келаман деб кетди” деб жавоб берди. Мен иккиланиб қолдим. Бирор киши келишига ҳам ҳеч кўзим етмасди. Четроққа ўтиб, бир соат кутиб турдим. Ҳеч ким келмагач, яна у аёлнинг олдига бориб: “Эй онажон!” десам, у киши яна: “Ўғлим ҳозир келади. Тезда келаман деб кетди” деди. Тўсатдан онахоннинг ёнидаги бир қоғозга кўзим тушиб қолди. Рухсат берсангиз, шу қоғозни ўқиб кўрсам дедим. Шунда у аёл: “Бу қоғозни ўғлим бериб кетти. Бирор киши келса, буни унга беринг деб кетти” деди. Қоғозни ўқидим. Унга нима ёзилганини биласизми? Унга шундай деб ёзилган эди: “Шу аёлни топган одамдан илтимос, у кишини қариялар уйига олиб бориб қўйинг!”

Нуҳ алайҳиссаломнинг ота-оналарига қилган дуолари: “Эй, Раббим! Мени, ота-онамни, уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират этгин!”

Иброҳим алайҳиссалом мушрик оталарига ҳам “Эй отажон!” деб мурожаат қилганлар. 

Исмоил алайҳиссаломга оталари Иброҳим алайҳиссалом кўрган тушларини айтиб берганларида, у киши “Эй отажон! Сизга буюрилган ишни қилинг. Иншааллоҳ, менинг сабрли эканимни топасиз” деганлар. Бу итоатнинг натижасида Аллоҳ таоло уларга қўчқорни насиб этди.   

Яҳё алайҳиссалом ҳақларида Аллоҳ таоло шундай дейди: “У ота-онасига меҳрибон бўлди, жабр қилувчи, итоатсиз бўлмади”. 

Исо алайҳиссалом эса: “Шунингдек, (мени) онамга меҳрибон (қилди) ва мени такаббурли, бадбахт қилмади” деганлар. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу уйга кирсалар оналарига: “Менга кичиклигимда тарбия берганингиздек, Аллоҳ сизга ҳам раҳм қилсин!” дердилар. Шунда оналари: “Менга кексайганимда ғамхўрлик қилганингдек, Аллоҳ сенга ҳам раҳм қилсин!” дердилар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу оналарига сув келтирдилар. Келсалар, оналари ухлаб қолибдилар. У киши оналарининг ёнида то уйғонгунларича турдилар. Оналари уйғонгач, сувни бердилар. Мен кетсам, онам уйғониб, сувни тополмай қолмасинлар деб шундай қилдилар. 

Ибн Авн раҳимаҳуллоҳни оналари чақирдилар. Шунда у кишининг “Лаббай” деган овозлари оналариникидан баландроқ чиқди. Бу ишларига пушаймон бўлиб, истиғфор айтдилар ва иккита қулни озод қилиб юбордилар. 

Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ оналарига гапирсалар, ерга кириб кетаётгандек тазарруъ билан гапирардилар. Агар оналари у кишининг олдиларига кирса, юзларининг ранги ўзгарар эди. 

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ оналари билан бир товоқдан овқат емасдилар. Бунга сабаб оналарининг егиси келган нарсага қўл чўзиб, оқ бўлиб қолишдан қўрқардилар. 

Ибн Шурайҳ раҳимаҳуллоҳ масжидда дарс берар эдилар. Оналари келиб: “Тур ўрнингдан! Товуқларга дон бер!” дердилар. У киши оналарига итоат қилиб, дарҳол турар ва дарсни тарк қилар эдилар. Ҳеч қачон оналарини итоб қилиб, у кишига: “Мен дарсдаман”, “Мен лексиядаман”, “Мен зикр мажлисидаман” демаганлар. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳу Макка йўлида бир аъробийга дуч келдилар. Дарҳол уни уловларига миндириб, бошларидаги саллаларини ҳам унга бердилар. Шунда ёнларидаги кишилар: “Эй Ибн Умар! Бу бир аъробий бўлса, унга оддийроқ нарсани берсангиз ҳам олаверарди” дейишди. Шунда Ибн Умар: “Бу одам Умарнинг, яъни отамнинг дўсти эди” деб жавоб бердилар. 

Ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳ юзларини ерга қўяр ва оналарига: “Туринг, онажон! Оёғингизни юзимга қўйинг!” дердилар. 

Ота-онасига овозини кўтараётганлар қани? Ота-онасини ураётганлар қани? 

Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ оналарига яхшилик қилиб, илм талабига бормадилар. Оналари вафот этгунларига қадар ўз шаҳарларида турдилар. Оналари вафот этгач, сафарга чиқдилар. Ўзлари шундай дейдилар: “Илм учун сафарга чиқмоқчи бўлдим. Онам “Чиқма!” дедилар. Онамга итоат қилдим ва чиқмадим. Аллоҳ таоло шу ишим учун менга илмда барака берди”. 

Баъзи тобеинлар икки қаватли уйнинг биринчи қаватида оналари ўтирган бўлса, иккинчи қаватига чиқмас эдилар. Баъзилар эса, оталари уйда ўтирган бўлса, ўша уйнинг томига чиқмас эдилар. 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қайси амал Аллоҳга маҳбуброқ?” деб сўрадим. У зот: “Вақтида ўқилган намоз” дедилар. Мен: “Кейинчи?” дедим. У зот: “Ота-онага яхшилик қилиш” дедилар. Мен: “Кейинчи?” дедим. У зот: “Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш” дедилар”. 


Нозимжон Ҳошимжон


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
болалар учун кичик барнома Мен кимманМенинг Роббим Аллоҳдир,Бунга қалбим гувоҳдир.Пайғамбарим Муҳаммад,Умматиман тоабад.Китобимдир Қуръоним,Унга фидодир давоми...

3579 05:00 / 16.02.2017
Қадим замонда бир ҳукмдор юртини айлангани чиқибди. Одамлар таниб қолмаслиги учун юз кўринишини ўзгартириб ёнига бир ходимини ҳам оливолибди. Ҳукмдор унинг халқи давоми...

3348 05:00 / 16.02.2017
Дарс улуғ АЛЛОҲга ҳамду сано ва Набиййимиз Муҳаммад с.а.в.га саловоту саломлар айтиш ила бошланди.Ота деди .Бугун, фарзандларим, аҳамияти катта ҳадислардан бирини давоми...

4313 11:06 / 25.12.2017
Холид кучли, жуда қўрқмас бола. Стулни бир қўли билан уни букмасдан туриб кўтара оладиган кучи бор эди. Мактабда спортнинг кураш тури билан шуғулланарди. Ҳеч ким давоми...

3103 05:00 / 16.02.2017
Аудиолар

135330 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55580 14:35 / 11.08.2021