1446 йил 22 жумадис сони | 2024 йил 24 декабрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Қабристон зиёрати одоблари

14:00 / 12.01.2023 36751 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қайси биримиз яхшироқ амал қилишимизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Роббимиз Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин! «Лаззатларни парчаловчи ўлимни ёдга олинглар», дея бизни огоҳликка даъват этган севикли Расулимиз Муҳаммад Мустафога дуруду саловатларимиз бўлсин!

 

Ислом дини Аллоҳнинг сўнги ва мукаммал динидир. Шунинг у ҳаётнинг барча жабҳаларини – каттасию кичигини, эскию янгисини қамраб олган. Инсон ҳаётининг бирор тарафи йўқки, динимизда у ҳақда кўрсатма бўлмаса. Ҳатто кишилар одатда эътибор ҳам бермай, билганича иш юритиб кетадиган соҳа ва мавзуларда ҳам бир қанча оят ва ҳадислар безавол маъноларни ўзи ичига олган қатор кўрсатмалар берганини кўриш мумкин. Ислом таълимотининг буюклиги шундаки, унинг кўрсатмалари бирор замон ё маконга чекланиб қолмай, барча замон ва маконларга мос тушаверади, инсон зоти борки, унинг жонига малҳам бўлади. Мана, унинг инсониятга юборилганига қарийб бир ярим минг бўлганига қарамай, у худди бугун туширилгандек ҳаётбахш ва тароватлидир. Инсоният минг хил йўл йўриқлар, фалсафалар, низомлар ўйлаб топиб, бор будини сарфлаб, қўлидан келган ишни қилиб юриб уларни ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилиб келмоқда. Аммо бирортаси ҳам Ислом динидек оламий ва барҳаёт эмас, ўта ўткинчи ва торлигича қолиб, вақт ўтиши билан ҳаёт ўзи уни сиқиб чиқариб юбормоқда. Улар худди танага кирган ёт унсурдек инсон табиатига қориша олмаётир. Аммо Ислом дини асрлар оша бутун инсониятни ўзига маҳлиё этиб, кўзларни қамаштириб, дилларни забт этишдан тўхтагани йўқ. Буларнинг барчаси бу диннинг ҳақиқий дин экани, чиндан ҳам инсониятнинг Яратувчиси тарафидан юборилганини тасдиқловчи сўзсиз далиллардир. 

Ислом дининг улуғворлиги яна шундаки, унинг йўриқлари барча соҳаларда энг юксак чўққини забт этган. Унинг таълимотидан юқори, олижаноб йўсинни ҳеч ким тополмайди. У ўта юксаклиги, айни вақтда мўътадиллиги, ҳаётийлиги, оммавийлиги, ўлмаслиги билан ажралиб туради ва шунинг учун ҳам ҳамиша ҳамма элга манзур бўлади. Унинг бу хислатлари биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу – қабристон зиёрати борасида ҳам ўз ифодасини топган. Бунга қуйироқда ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз.

Очиғини айтганда, қабристонни зиёрат қилиш одоблари ҳақида ҳали бошқалар тузукроқ ўйлаб ҳам кўрмаган бўлса керак. Шунинг учун уларда ҳар ким билганича, ўзи истаганича, пойма пой ишларни қилиб, хурофотлар ботқғида юраверади. На ўликка, на тирикка заррача ҳам манфаати бўлмаган ишларни қилиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнайди. Аммо Исломда бу борада ҳам асрлар оша ўзини оқлаб келаётган бетакрор кўрсатмалар, одоблар баён қилинганки, уларни бажариш ҳар бир инсон учун фақат шараф ва хайру барака бўлади, тирикка ҳам, ўликка ҳам манфаат бўлади. 

Қабристон зиёратига доир одобларни қоралаш хаёли аҳёнда бўй кўрсатиб турар эди. Аммо қатъий бир ҳаракат бўлмаганди. Яқинда юртимиздаги айрим мутасадди кишилар қабристон зиёрати одоблари ва ушбу мавзуга доир оят ҳадисларни тўплаб беришимни илтимос қилиб қолдилар. Улар ушбу битикларни қабристонда махсус лавҳаларда намойиш этиб, кишиларни динимиз одобларидан, кўрсатмаларидан бохабар қилишни ният қилибди эканлар. Мен бундан жуда ҳам мамнун бўлиб, қўлдан келганича, билганимча уларнинг таклифларини бажаришга ҳаракат қилдим. Тайёр бўлган битикларни уларга топширар эканман, бу маълумотлар бошқалар учун ҳам керак ва манфаатли эканини мулоҳаза қилиб ҳамда яна бошқа қабристонларга мутасадди бўлган кишилар ҳам бундан фойдаланишларини таъминлаш мақсадида мазкур битикларни оммавий саҳифаларда беришни маъқул топдим ва шу боис битикларни лавҳага қайдлашга мўлжалланган суратида кўпчиликка тақдим этишга қарор қилдим. Яхшилик бўлса, Аллоҳдан, камчиликларим учун Ўзидан мағфират сўрайман. Ўйламанки, бу иш ҳаммамиз учун ҳам фойдадан холи бўлмайди.

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

21.04.15

 

 

ҚАБРИСТОН БИТИКЛАРИ

 

1. Оят.

«Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз. Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, батаҳқиқ, у зафар қучибди. Бу дунё ҳаёти алдамчи матоҳдан ўзга нарса эмас» (Оли Имрон сураси, 185-оят).

 

2. Оят:

«У Зот қай бирингизнинг амали яхшироқ бўлишини синаш учун ўлим ва ҳаётни яратди» (Мулк сураси, 2-оят).

 

3. Оят:

«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, Унга қайтгувчимиз» (Бақара сураси, 156 оят). 

 

4. Қабристон шиори:

Боқийлик Аллоҳга хос. Ундан ўзгаси ҳалок бўлгувчидир.

 

5. Оят:

«Улардан (мусулмонларнинг) кейин келганлари: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нисбатан ғилли ғаш қўймагин, эй Роббимиз, албатта, Сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар» (Ҳашр сураси, 10-оят).

 

6. Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки улар охиратни эслатади», дедилар».

Имом Термизий ривояти.

 

7. Ният. 

Қабр зиёртидан икки нарса мақсад қилинади:

1. Охиратни эслаш, дунёнинг ўткинчилигини ҳис этиш;

2. Қабр аҳли ҳаққига дуо қилиш, уларга мағфират сўраш, тиловат етказиш.

 

8. Қабр зиёратига борган одам аввало ниятини тўғриламоғи, бу иши билан Аллоҳнинг розилигини кўзламоғи лозим. Зеро, ҳар бир амал ниятга боғлиқдир. 

 

9. Қабр аҳлидан мадад сўраш, уларга дуо қилиш, сиғиниш жоиз эмас, ширк амал, балки уларнинг ҳаққига дуо қилиш лозим. 

 

10. Қабр аҳлига назр қилиш, жонлиқ сўйиш, шам ёқиш, латта боғлаш каби ишлар оғир гуноҳдир, иймонга хатардир.

 

11. Қабристонга имкон қадар таҳоратли, пок ҳолда кирган афзал. Бу ҳам зиёрат одобидандир.

 

12. Қабристонга дабдаба билан, ясан тусан қилиб кириш макруҳ, чунки бу жой охиратни эслаш, хоксорлик изҳор этиш ўрнидир.

 

13. Қабрстонга шариатда тўсиш талаб қилинган жойларини тўсиб турадиган кийим билан кириш керак. Аврат очиқ ҳолда кириш мумкин эмас. 

 

14. Қабристонга киришда ўқиладиган дуо:

Ассалому алайкум, мўмин мусулмонлар диёри аҳли! Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз. Сизлар бизниннг ўтмишдошимизсиз, биз эса сизларнинг ўринбосарингизмиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз.

Дуодаги маъноларни тўла ҳис этишга интилинг!

 

15. Қабрларни босманг, йўлакдан юринг! 

Уқба ибн Омирдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бирор чўғ ё қилич устида юришим мен учун бир мусулмонинг қабри устидан юришимдан яхшироқдир».

Ибн Можа ривояти.

 

16.  Қабр устига ўтириш дуруст эмас! 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бирингизнинг бир чўғ устига ўтириб, кийими титилиб, терисигача етиб бориши унинг учун қабрга ўтирганидан яхшидир».

Имом Муслим ривояти.

 

17. Зиёратчи ўзи зиёрт қилмоқчи бўлган қабрга оёқ тарафидан келиб, қабрнинг ўнг тарафига туради ва қабрга юзланиб, қиблага орқа қилган ҳолда қабр эгасига салом беради ва тиловат қилади. 

 

18. Ота она, устоз шогирдлар ва шу каби яқинлар бир жойга қўйилган бўлиб, уларнинг ҳаммаларини зиёрат қилиш ният қилинса, аввал катталаридан бошлаб зиёрат қилиб, салом бериш ҳам одобдандир.

 

19. Қабр зиёратида ўқиш тавсия этилган суралар:

Қабр зиёратига келган киши билса, «Мулк» сурасини ўқиса, яхши бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У (Мулк сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. У қабр азобидан нажот беради», деганлар. 

 

20. Қабр зиёритига келган кишига Ихлос сурасини 3 ёки 11 марта ўқиши ҳам тавсия этилган. Имконияти бўлса, Ёсин сурасини ва Оятул Курсийни ўқиса, савоби кўп бўлади. 

 

21. Қабр одида Қуръон ўқиганда тиловатни овоз чиқариб ўқиган афзал, чунки қабр аҳли ундан баҳра олади. 

 

22. Зиёратчи дуо қилганда, Қуръон савобини ўз марҳумига бағишлаганда қабристон аҳлини ҳам унутмаслиги керак.

 

23. Зиёратчи қабр аҳлига Аллоҳдан мағфират сўрайди, хайрли дуо қилади. Дуо қилганда қабр эгасига эмас, балки қабр эгасининг ҳаққига дуо қилаётгани намоён бўлиши керак. 

 

24. Қабр устидаги кўкариб турган ўсимлик, дов дарахт ва майсаларга тегилмайди, чунки уларнинг тасбеҳидан маййитга манфаат бор. Қуриганларини йиғиштириш мумкин.

 

25. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр олдидан ўтдилар ва: «Бу иккови азобланмоқда, бироқ катта гуноҳ сабабли азобланишаётгани йўқ. Уларнинг бири пешобдан эҳтиётланмас эди, бошқаси эса чақимчилик қилиб юрар эди», дедилар. Сўнгра ҳўл хурмо новдасини олиб, иккига бўлдилар ва ҳар қабрга биттадан суқиб қўйдилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, буни нима учун қилдингиз?» дейишди. «Шояд, булар қуригунича улардан (азоб) енгиллатиб турилса», дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

 

26. Қабрга белги қўйиш ҳақида:

Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкин. Исроф, дабдаба жоиз эмас. Бундан мақсад – қабрни йўқотиб қўймаслик бўлиши керак, холос. 

 

27. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эмикдош биродарлари Усмон ибн Мазъуннинг бош томонига бир тош қўйиб: «Бу билан акамнинг қабрини белгилайман ва аҳлимдан ўлганларни унинг ёнига дафн қиламан», деганлар.

 

28. Маййитни қабрга қўйишда ўқиладиган дуо:

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитни қабрга қўйсалар: «Бисмиллааҳи ва ъалаа миллати Росуулиллааҳи» (Аллоҳнинг номи билан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динларида), дер эдилар».

Сунан эгалари ривоят қилган.

 

29. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Воизликка ўлимнинг ўзи етарлидир», дер эдилар». 

Байҳақий ва Табароний ривоят қилишган.

 

30. 

Воизинг бас ато-ано ўлуми, 

Ким аларча эрур санга носиҳ?! 

Воизе кимки айтуру қилмас, 

Эрур ул воизинг мунга рожиҳ.

Алишер Навоий

 

31. Қабристонда кулиш, ҳазил ҳузул қилиш, дунёвий гапларни гаплашиш одобдан эмас. Шунингдек, заруратсиз югуриш, ортиқча ҳаракатлар қилиш ҳам беодобликдир.

 

32. Аёлларнинг қабристонга бориши ҳақида:

Аҳмад Иззуддин Байёнуний «Қабрларни зиёрат қилиш» бобида айтади: «Қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса (мастура ҳолатда), охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун аёллар ҳам зиёратга борсалар жоиз».

 

33. Қабристонда босиқ, сокин юринг. Оёғингиз остида кимлар ётибди, бир мулоҳаза қилинг!

 

34. Баро ибн Озибдан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Унга (мўминга қабрда) икки фаришта келиб: «Роббим ким?» дейишади. У: «Роббим Аллоҳ», дейди. Улар унга: «Дининг нима?» дейишади. У: «Диним Ислом», дейди.  Улар унга: «Сизларга юборилган мана киши ким?» дейишади. У: «У киши Аллоҳнинг Расулидир», дейди. Улар: «Қаёқдан биласан?» дейишади. У: «Аллоҳнинг китобини ўқидим, унга иймон келтирдим ва уни тасдиқладим», дейди.

 

35. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қабр олдидан ўта туриб: «Бу қабр эгаси ким?» дедилар. «Фалончи», дейишди. У зот: «Икки ракат намоз бунинг учун дунёйиннгизнинг бошқа барча нарсасидан суюклироқдир», дедилар».

 

36. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўзи таниган қабр олдидан ўтганда унга салом берса, унга алик олади ва уни танийди. Агар ўзи танимаган қабр олдидан ўтганда унга салом берса, у танимаса да, унга алик олади», дедилар». 

 

37. Қабр зиёрати учун маълум бир кунни тайинлаб олиш жоиз эмас, бидъат ҳисобланади. Балки имкон топганда қабристонни зиёрат қилиш керак.

 

38. Қабр зиёрати кўнгилни юмшатади, виждонни уйғотади, қалбдаги ёмонликларни бартараф этади. 

 

39. Қабристон олдидан ўтганда қабр аҳлига салом бериб ўтиш суннат амаллардандир. Уловда ўтиб кетаётган одам тўхтай олмаса ҳам салом бериб ўтсин!

 

40. Қабрлардан шумланманг!

«Ўлик тортади», деган нотўғри эътиқод билан қабрни очиш, ўликни уриш, жасаднинг бирор жойига шикаст етказиш асло мумкин эмас, ҳаром ишлар сарасидандир. 

 

41. Қабрларни безашга берилманг!

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларнинг бўр билан сувалишидан, уларнинг устига ёзилишидан ва уларнинг устига бино қурилишидан ва босилишидан қайтарганлар». Термизий ривояти. 

 

42. Қабрларни фақат лой билан суваш ва уларга белги учун кичикроқ тош қўйиш мумкин. Аммо қимматбаҳо буюмлар қўйиш исроф. Унга кетадиган мол пулни тирик муҳтожларга сарфлаш керак ва шуниси ўлганга ҳам, қолганга ҳам савоблидир.

 

43. Қабр зиёрати учун йилнинг махсус бир кунини белгилаб олиш дуруст эмас, чунки охиратни эслаш инсон учун ҳар дам зарур.

 

44. Қабр зиёратининг одоблари: 

– Дунё машғулотларини тарк этиб, охиратни ўйлаш;

– Қабр аҳлларига салом бериш;

– Қабристонда виқор билан, сокин юриш;

– Қабрларни босмаслик, уларнинг устига ўтирмаслик;

– Зиёрат қилмоқчи бўлган кимса қабрга оёқ тарафдан келиб, ўнг тарафига туриш ва унга юзланиб, қиблага орқа қилган ҳолда салом бериш;

– Тик туриб дуо қилиш (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бақиъ» қабристонига чиққанларида шундай қилганлар);

– Марҳумларнинг яхши сифатларини эсга олиш;

– Ўзини сарҳисоб қилиш, қабрга қанчалар тайёр эканини ўйлаш;

– Зиёратдан қайтишда вазмин, тафаккур ва тадаббурда қайтиш;

 

45. Қабристонда қуйидаги ишлар мумкин эмас: 

– Қабрга чироқ, шам, олов ёқиш; 

– Қабрдаги маййитдан шифо, ҳожат сўраш; 

– Бола кокилини аташ ширкка яқин гуноҳдир. Зеро, бундай ишлар Аллоҳ таолодан бошқадан ҳожат сўраш демакдир. 

– Қабр тоши ва темирларини ўпиш;

– Латта боғлаш;

– Қабрни айланиб тавоф қилиш;

– Қабр ёнида суратга тушиш;

– Баланд-баланд овозда, хушчақчақ гаплашиш;

– Қабр бошида таом қолдириб кетиш;

– Еб-ичиш;

– Уввос солиб, айтиб йиғлаш жоиз эмас, чунки бу билан маййитга озор бериб қўйиш мумкин.

 

 

Индамаслар оламидан (Чустий):

1. 

Жим ётур ман-ман деган боз-бозлар,

Бетида туфроқ эрур пардозлар.

 

2. 

Оғзида туфроқ хасис, очкўз, бахил,

Ҳаммасин ер ебди қўймай йилма-йил.

 

3.

Индамаслар оламига сол назар,

Сен ўзингдан қил уларни баҳравар.

 

4. 

Ота-она руҳин эсла, шод қил,

Яъни ётган масканин обод қил.

 

5.

Тўғри бўл, қилғил ёмонликдан ҳазар,

Эл мозоринг лавҳига раҳмат ёзар.

 

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кеча Республикамизнинг барча масжидларида хатм Қуръонлар тугади. ...Лекин таровеҳлар давом этяпти. ...Рамазон давом этяпти. ...Қиёмуллайллар давом этяпти.Хатм давоми...

1342 23:13 / 18.04.2023
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ дедилар .Динингда турли қарамақаршилик ва баҳслар тўлқинига тушиб қолсанг, динда собит турганларни ўта қаттиқ давоми...

1250 09:00 / 21.02.2023
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли давоми...

1671 09:00 / 25.07.2023
Бир киши Ҳотам Тоийдан сўради.Ўзингдан ҳам сахийроқ инсонни кўрганмисанҲотам деди Ҳа Той қабиласидаги бир йигит мени саховатда мағлуб қилган эди. Бир куни унинг давоми...

1839 00:18 / 08.12.2022