1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Масжидга отланганда…

05:00 / 04.03.2017 3081 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонлар ибодат учун масжидларга тўпланишади. Намозларни масжидларда жамоат билан адо этиш динимиз талабларидан биридир.  Зотан, жамоат намозининг савоби ёлғиз ўқилган намоз савобидан йигирма етти марта ортиқдир.

Масжид Ислом оламида катта аҳамият касб этади. Унинг динимиз тарихида тутган ўрни беқиёс. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом замонларидан буён масжидларда жамоат бўлиб намоз ўқилади, ваъз-иршодлар қилинади, илм ва дин аҳкомлари ўрганилади, ҳидоятга, ахлоқ-одобга чақирилади, икки дунё саодатини сўраб дуолар қилинади.  Шу боис, масжидга қадам босган ҳар бир киши масжид одоби ва тартибларига риоя қилмоғи, Аллоҳнинг уйида унинг меҳмони эканини ҳис этиб, фақат Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлиши, барча номаъқул ишлардан четланиши лозим бўлади. Ушбу сондан бошлаб масжид одобларига доир бир неча мақолалар беришни режаладик, Қуйида буларнинг биринчиси билан танишасиз.


Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Аллоҳнинг масжидларини фақат тақводор зотларгина обод қилурлар» (Тавба сураси, 18-оят), дейди. Муфассирлар масжидни обод этишни унинг нураган жойларини тузатиш, супуриб-сидириш, пок тутиш, ёритиш, ибодатларни унда адо этиш ва уни нолойиқ нарсалардан асраш, деб тушунтирадилар.

Масжидлар пок ва муборак макондир. Бинобарин, унинг қадрини пасайтирувчи ва поклигига путур етказувчи ҳар қандай иш ва ҳаракат макруҳдир. Масжидга ёқимсиз, ҳидли нарсаларни истеъмол қилиб кириш, ичкарида дунёвий сўзларни сўзлаш, овоз кўтариш, савдо-сотиқ қилиш, йўқолган нарсаларни суриштириб жар солиш, заруратсиз масжид ҳовлисидан ўтиш, масжид ичида тиланчилик қилиш ёки тиланчига пул бериш каби ҳатти-ҳаракатлардан сақланиш лозим.

Масжидга отланаётган намозхон суннатга мувофиқ кийиниб, ўзини ҳар томонлама поклаб – тозаланиб, таҳоратли ҳолда  бориши керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Либоснинг оқини ихтиёр қилинглар, уни тирикларингиз кийишсин ва у билан ўликларингизни кафанланглар, чунки оқ либос либосларингизнинг афзалидир», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Самурадан (розияллоҳу анҳу) ривоят этилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Либоснинг оқини кийинглар, чунки оқлари покизароқ ва яхшироқ бўлур», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Умму Салама розийаллоҳу анҳо айтадилар: «Кийимлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёқимлироғи кўйлак эди» (Абу Довуд ривояти).

Асмоъ бинти Язид айтадилар: «Расулуллоҳ алайҳиссалом кўйлакларининг енги билаклари тўпиғигача эди» (Абу Довуд ривояти).

Бурайда розийаллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда елкадан ошириб кийилмайдиган (адёлга ўхшаш) матолар билан намоз ўқишдан, эгнида тўни йўқ кишининг шалвар билан намоз ўқишидан қайтарганлар», дедилар.

Эркак кишининг кўйлак, лозим, салла билан намоз ўқиши мустаҳаб ҳисобланади. Фақат бир узун кўйлак билан ўқиса ҳам, макруҳ эмас. Лекин бир шим (шалвар)нинг ўзи билан ўқиши макруҳдир («Фатовои Оламгирия»).

Жобирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Салла билан ўқилган икки ракат намоз салласиз ўқилган етмиш ракат намоздан яхшидир», дедилар (Дайламий ривояти).

Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Салла ўранглар, ҳилмларинг зиёда бўлади» («Фатҳул-Борий»); «Салла ўраб юринглар, чунки салла Исломнинг аломатидир, мусулмон билан кофирни ажратувчидир» («Айний»); Абдуллоҳ ибн Умардан бир киши: «Салла ўраш суннатми?» деб сўраганида, у киши: «Ҳа, салла ўраш суннатдир», дедилар (Имом Термизий, «Шамоили Набавийя»).

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят этилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда албатта уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрар эдим», деганлар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом намоз ўқиш учун мисвок ишлатмасдан уйларидан чиққан эмаслар (Табароний ривояти).

Ҳазрати Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак ҳадиси шарифлари масжидга борувчи ҳар бир намозхонни таҳоратли бўлиш билан бирга оғиз ва тишларини ҳамиша тоза тутишга чорлайди. Зеро, оғиз Қуръони каримни тиловат қилишда, Аллоҳни зикр этишда, дуолар ўқишда бевосита қатнашади. Шунинг учун намозхонлар масжидга бориш олдидан тиш-оғизларини мисвок ёки тиш ювиш воситалари ёрдамида тозалашлари уларнинг шахсий озодалиги асоси бўлиб қолмай, жамоатда ҳозир бўлган бошқа намозхонларга ноқулайлик туғдирадиган кўнгилсизлик ва нохушликларнинг олдини ҳам олади. Замонавий тиббиёт ҳам мисвок қилишнинг ўттиздан ортиқ фойдаси борлигини аниқлади ва тиш чириши (кариес), оғиз ҳидланиши, оғиз бўшлиғи касалликлари, милк қонаши каби кўплаб хасталиклар давоси эканини исботлаб берди.  

Юқоридагиларга мувофиқ либос кийиб масжидга бориш инсон учун зийнатдир. Аллоҳ таоло: «Ҳар бир намоз олдидан зийнатланиб олинглар!» деган. Аллоҳ азза ва жалланинг бу амрига жавобан Имом Абу Ҳанифа  кечасидаги намозлари учун алоҳида кўйлак, салла, тўн ва шалвар тайёрлаб қўйган эканлар.

«Хулосатал фатво», «Ҳалаби сағир» ва бошқа фиқҳий китобларда намоз ўқувчининг суннатга мувофиқ либоси учта – кўйлак, тўн ва киндикдан тўпиғигача тўсувчи кийим экани таъкидланади. 

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эрта тонгми ва кечқурунми, масжидга борган кишининг ҳар бир қадами миқдорича Аллоҳ таоло жаннатда манзил тайёрлаб қўяди», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйлари (масжидлар)дан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси билан даражаси кўтарилади» (Имом Муслим, Термизий ва Насаий ривояти). 

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Масжиддан қанча узоқ бўлганнинг ажри шунча улуғ бўлур», дедилар (Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти). 

Бурайдадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тун зулматида масжидга юриб борувчиларга қиёмат кунидаги порлоқ нурнинг хушхабарини беринглар», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Мусо ал-Ашъарийдан (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намоздан энг кўп савоб оладиган киши масжиддан энг олисда турадиган одамдир, чунки у кўп юриб, кўпроқ азият чекиб масжидга келади», дедилар».

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг юқоридаги ҳадиси шарифлари хабар беряптики, кишининг уйи масжиддан қанча узоқ бўлса, унга бериладиган савоб ва мукофотлар даражаси шунча кўп бўлади. Зеро, у узоқ масофа босиб масжидга келгунича тўхтовсиз зикр-тасбеҳ айтади, Аллоҳга хуш келадиган амаллар билан банд бўлади. Шу туфайли масжидга келгунга қадар босган ҳар бир қадами учун ажр-мукофотга сазовор бўлади. 

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар намозга эртароқ боришнинг бўлардилар, хуфтон ва бомдод намозининг савобини билганларида масжидга эмаклаб бўлса ҳам борардилар», дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозга такбири иқомат айтилаётган бўлса, югуриб-ҳовлиқиб келманглар, балки вазминлик билан оҳиста юриб келинглар. Етган жойингиздан (жамоатга қўшилиб) ўқийверинг, етолмаганингизни тўлдириб ўқиб олинг», дедилар (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Агар бирор киши масжидга кетаётган бўлса, ҳатто муаззин такбир айтаётган бўлса қандай савоби борлигини билганларида масжидга қараб кимўзарга югурган ҳам, тез юриб бормасин. Масжидга кетаётганда оҳиста, қадамни кичик босиб бориш керак, чунки ҳар қадамга беҳисоб савоблар ёзилади («Тарғибус-солат»).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Мусулмонлар йўлидан азият берувчи ва зарарли нарсаларни четлатинг» (Имом Муслим ва Ибн Можа ривояти).


Абдулҳай АБДУЛҲАФИЗ ўғли



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Араб тилида .етим, деб отаси вафот этган вояга етмаган болага айтилади. Вояга етиб, балоғат ёшига кирса, етимликдан чиқади.Етим одатда ожиз ва заиф шахс бўлади. давоми...

9375 05:00 / 03.03.2017
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У Каъбнинг кўзи ожиз бўлиб қолганда еталайдиган ўғли эди. Каъб ибн Моликнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3136 05:00 / 03.03.2017
408. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирбирингизни ёмон кўрманг Бирбирингизга ҳасад қилманг Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар давоми...

5207 17:57 / 05.04.2017
Ҳайдовчининг ўзига яраша одоблари бўлгани каби, нақлиёт воситаларидан фойдаланувчи йўловчининг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Улар, жумладан, қуйидагилардан давоми...

3703 20:56 / 30.06.2017
Аудиолар

135375 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55620 14:35 / 11.08.2021